Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«Сергеев синдроми» ёхуд ўйиндан кейинги ўйлар...

Баҳо:
+ | -

Умуман, қуйида қораламоқчи бўлган гапларимни, жа унақа ўйлар, мулоҳазалар деб ҳам бўлмайди. Шунчаки, ичимдагиларни айтиб, бироз енгил тортмоқчиман. Улар ҳам йиғилиб қолган экан, шартта қисмларга ажратиб, бўлиб-бўлиб ташладим. Демак, бошладик!

“Ярим ҳаводаги тўп...”
Ким билади, Ўзбекистон футбол федерацияда иш вақти қачон тугайди? Бу савол менда бундан бир ойча аввал, ЎФФ мажлисида Ўзбекистон терма жамоасининг Эрон ва Хитойга қарши ўйинлари санаси эълон қилинганда пайдо бўлганди. Одатда, давлат идораларида ходимлар — кеч соат 18:00 гача меҳнат қилади. Ундан кейин эса тўрт томони қибла. Ишхонаси стадион ёки уйига яқин бўлса-ку, хўп-хўп, агар... Иссиқ-иссиқ чой ҳўплаб, юрагининг ҳовурини босиб ўтираверади.

Хуллас, Ўзбекистон-Хитой баҳсининг биринчи бўлими шарҳини “Ўзбекистон” радио тўлқинлари орқали тингладим. Ўзиям “қийқириқ” шарҳ бўлди-да! Ўйин ҳароратига “узукка кўз қўйгандек” мос тушадиган “бетакрор” овоз оҳангига ошуфта бўлдим-қолдим. Радиочи боланинг футболни ҳис қилиши, тушуниши, сўз гавҳарларини бир-бирига “уйғунлаштириши”, уларни маржондек тизишини айтмайсизми?

Айниқса, футболчиларимизнинг бурчак зарбаларига берган “пурмаъно” таърифига тил ожиз: “Тўп ярим ҳаво бўйлаб узатилди!”. Ярим ҳаводаги тўп...Тасаввур қилинг-а! Қисқаси, ўзбек тилшунослиги, миллий футбол журналистикаси саҳифасига яна бир ибора “зарҳал” ҳарфлар билан битиладиган бўлди. Дарвоқе, бунда “бурчак зарбалари қироли” — Сервер Жепаровнинг ҳам ҳиссаси беқиёс...

Шу тариқа радиочи боланинг шарҳини “катта ҳаяжон” билан тинглаб, уйга етиб келдим. Ўзи радиодан “узилганим” учунми, кўнглим тўлиб турган эди. Мурод Ризаевнинг иккинчи голни нишонловчи, тўғрироғи, футболчиларни “руҳлантирувчи” ҳайқириғини эшитганимдан кейин эса “вапше” йиғлавордим. Баракалла, йўғе, “молодец” Мурод ака!

“Ўз-ўзимни II даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирлайман”
Криштиану — Португалиянинг юраги бўлса, Одил Аҳмедов —Ўзбекистон терма жамоасининг ҳамма нарсаси — борлиғи. Бунга кеча яна бир бор амин бўлдик. Фарқи шундаки, пиринейликлар битта, аммо энг муҳим ўйинда Усиз “сочилиб” кетмади. Довдирамади. Аксинча, бош мураббий — Сантуш жамоа керакли паллада усиз ҳам бир муштга айлана олишини, айлантира олишини, бу иш унинг қўлидан келишини исботлади.

Тан олайлик, Ўзбекистон терма жамоасининг ушбу саралаш босқичида энг асосий ва принципиал рақиби бу — Эрон. Мазкур терма жамоа билан Тошкентда кечадиган баҳс мақомини, биз учун бемалол Осиё чемпионати финали даражаси билан тенглаштириш мумкин эди. Афсуски, Бабаян “ҳамма нарсасиз қолган” жамоани “финал”га руҳлантира олмади. Бабаян мураббий — Сантуш бўла олмади...

Хитой устидан қозонилган ғалабанинг бош омили ҳам Аҳмедов эди. Тинглаганлар бордир, биринчи таймда ҳалиги “радиочи бола” фақат Одилнинг исмини тилга олди. Гўёки, майдонда бошқа футболчи йўқдек. Ҳимояда, ярим ҳимоя, ҳужумда, қанотда, тўқнашувларда...У. Бир сўз билан айтганда, Бабаяннинг ўйиндаги “имзоси” Одил Аҳмедов бўлди.

Бироқ, баҳсдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Бабаян мазкур муваффақиятнинг замирида Одилнинг ҳаракатлари эмас, балки “ерни янада чуқурроқ қазигани”, яъни “режалаштирилган тезкор ҳужумкорлик”, “ҳар бир ўйин учун алоҳида тактика танлангани” (Шошма, унинг тактикаси “10 киши ҳимояда, 10 киши ҳужумда” эмасмиди?!), “Шукуровга гол уруш учун алоҳида кўрсатма берилгани” ва ҳ.к. лар ётганини эътироф этди.

Дарвоқе, сарлавҳа ҳақида. Шляпасини тескари кийса, ҳаво бирданига совиб кетадиган йигит ҳақидаги фильм ёдингиздами? Ўша кинода бир қизиқ лавҳа бор. Қиролнинг суюкли қизи, яъни малика югуришда тенги йўқ чопағон бўлади. Мусобақаларнинг бирида айнан “чопқир-малика” маррага биринчи бўлиб етиб келади. Шунда ҳалиги қирол яккаю ягона қизининг ғалабаси шарафига ...ўзини II даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирлайди.

Орттирилган Ҳужумчи Танқислиги Вируси (ОҲТВ)
Нима демоқчи эканлигимни тушундингиз. Анчадан бери Ўзбекистон футболи “ОҲТВ” вирусидан азият чекиб келаяпти. Ҳозирча, ЎФФ, ПФЛ, ТМЖ каби “Бутунўзбек футболга қарши курашиш” ташкилотлари мазкур вирусга қарши муайян чора, “вакцина” топа олмаяпти. Афсуски, бу ҳолат соҳа мутасаддилари, мураббийлар орасида турли “касалликлар” авж олишига сабаб бўляпти.

Хусусан, Ўзбекистон терма жамоасининг охирги 4 та ўйинини кузатган “мутахассислар”нинг қайд этишича, кейинги пайтларда миллий жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаянда “Сергеев синдроми” кузатилаётган экан...

Яна Европа чемпионатига қайтамиз. “Канонир” — Оливье Жиру Франция терма жамоасининг Евродаги асосий форварди вазифасини бажарди. Жамоанинг турнирдаги биринчи голини урди, тўпурар бўлди, умуман — яхши ўйин намойиш этди. Аммо ҳеч қайси учрашувда майдонда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурмади. Дешам вақти-вақти билан Жиньяк, Марсьялни унинг ўрнига алмаштириб турди. Бу билан, аввало Жируга — унинг рақобатдан ҳоли эмаслигини эслатиб турган бўлса, қолганларга: “Марҳамат, асосийга кирмоқчи бўлсанг ўзингни кўрсат”, қабилида иш тутди. Оқилона қарор!

Назаримда, “Сергеев синдроми”дан биринчи навбатда Игорнинг ўзи қийналаяпти. У ҳали ёш. Босимни кўтариши қийин. Кеча унинг кўзида иштиёқ-олов эмас хавотир, умидсизлик кўринди, “Яна гол уролмасам, одамларнинг кўзига қандай қарайман?”, деган истиҳола яққол сезилиб турди. У ҳали ўзини кўрсатади. Шунчаки, футболчига ҳозир бироз ҳордиқ, “тоза ҳаво” керак! Ишонинг, у яна аввалги Сергеев бўлиб қайтади!

Начора, Дешамнинг қарашлари Бабаяннинг “принципларига” тўғри келмас экан...

Ўткир Қаламтебратар

Манба: stadion.uz
Киритилди: 10:17, 13.10.2016.
Ўқилди: 16409 марта.
Фикрлар: 20 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.