Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Чипта савдосидан ким манфаатдор?

Баҳо:
+ | -

Пайшанба куни Ўзбекистон – Эрон учрашуви ва унинг атрофидаги воқеаларни нашримизда ёритиш учун эрталаб «Улуғбек» автошоҳбекатидан Самарқанддан Тошкентга йўл оларканман, у ерда пойтахт сари отланаётган бир гуруҳ футбол ишқибозларини учратдим. Мамлакатимиз байроғини қўлтиқлаб олган ишқибозлар билан суҳбатга киришарканман, уларни икки нарса қизиқтирарди: «Кассада чипта бормикан? Ишқилиб ютамизми?»

Чинданам, ушбу саволлар биргина самарқандлик мухлислар эмас, шу куни вилоятлардан пойтахтга Ўзбекистон миллий терма жамоасини қўллаб-қувватлаш мақсадида йўл олаётган минглаб ишқибозларни ўйлантираётган ва қизиқтираётган масала эди.

Мухлисларнинг иккинчи саволига жавоб бериш учун ўйин якунланишини кутиш керак бўлса, биринчи саволга жавобни излаш учун 18:00 да бошланадиган ўйинга қоқ пешиндаёқ етиб бордим.

ЧИПТА БОЗОРИ

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон Чемпионати учинчи саралаш босқичи доирасидаги ўйинлари куни «Бунёдкор» стадиони олдида чипта бозори пайдо бўлиши бугуннинг ёки кечанинг гапи эмас, 2013 йилда пайдо бўлган муаммодир. Эрон билан баҳс олдидан ҳам одатдагидек, 6-7 соат олдин стадионинг «Мирзо Улуғбек» метро бекати ёнида тумонат одам йиғилган, 20-30 нафарга яқин чайқовчилар тобора кўпаяётган харидорларга чипталарни ўз нархидан 2-3 марта қиммат нархларда пуллаш билан овора эди. Узоқ вилоятдан катта харажат қилиб, нархи осмон чипталарни четлаб, ўйингоҳ кассаси олдига борган мухлис қаршисида «Касса ёпиқ, чипта йўқ» ёзувига кўзи тушарди.

«КАССАДА ЧИПТА ЙЎҚ, ЧАЙҚОВЧИЛАРДА ДАСТАЛАБ ЧИПТА БОР»

Воқеани зимдан кузатарканман, стадион атрофидаги терма жамоамиз мухлисларининг бу борадаги фикрлари билан қизиқдим.

«Терма жамоамизнинг муҳим учрашувини томоша қилиш баҳонасида душанба кунидан Тошкентда меҳмонман» — дейди фарғоналик отахон Абдулла ҳожи Пўлатов.

«Стадион кассаларида чипта сотуви 3 октябрь, душанба куни бошланди. Касса 3-4 соат давомида фаолият юритиб, ҳар бир кишига 3-4 тадан ортиқ чипта сотилмади. Узоқ навбатда кутиб ҳам чиптани ўз нархи 25 мингдан сотиб ололмадик. Кассага борганимизда эса, чипта умуман қолмаганлигини айтишди. Чайқовчиларни қўлида эса, дасталаб чипталар бор. Мана бугун кўриб турганингиздек, чиптани 65 мингдан сотиб олишга мажбур бўлдик» — дейди терма жамоамизнинг фахрий мухлиси.

chipta1

ЖАВОБИ ЙЎҚ САВОЛЛАР

Шу куни микрафонни қайси мухлисга йўналтирманг, барчасидан чипта муаммосига боғлиқ жавобни эшитишимиз аниқ эди. Беихтиёр савол туғилади, бир неча йилдан буён ҳал бўлмаётган муаммодан ким манфаатдор? Чипталар масаласи билан шуғулланадиган ЎФФ қошидаги «Терма жамоалар маркази»ми ёки уларни сотиш билан шуғулланадиган «Бунёдкор» стадиони кассасидагиларми? Нега стадион атрофида чипталар сотуви учун расмий кассалар ташкил этилган-у, улар фақат бир кун ва ўшанда ҳам 4-5 соат фаолият олиб бориши керак? Ахир, муҳташам стадионимиз ва кассалар халққа хизмат қилиши учун барпо этилмаганмиди?

Дейлик, 34 минг томошабинни ўз бағрига сиғдира оладиган стадиондаги ўйин учун чиқарилган чипталарнинг 4 мингтаси ҳомий ва ташкилотлар учун ажратилсин, майли стадион кассалари ярим кун ичида 10-15 минг дона чиптани ўз нархида сотган деб ҳисоблаймиз. Қолган чипталар қандай қилиб «олиб-сотар»лар қўлига тушмоқда? Нега мухлислар 25 минг сўмлик чиптани 60 минг сўмга сотиб олиши керак? Ўйингоҳ атрофида ўзи пишириб келган сомсани минг сўмдан сотиш илинжидаги сомсапазни қувишни биламиз-у, қўлидаги «пачкалаб» чипталарга қўшиб, виждонни ҳам пуллаётган ноқонуний чиптафурушлар билан ишимиз йўқ. Минглаб мухлисларни қийнаётган ва ечимини кутаётган бу муаммони ким ўз назоратига олади?

ЭСКИ МУАММОНИНГ ЯНГИ ЕЧИМИ

Аслида ушбу масалага жиддий ёндашилса, муаммонинг ечими учун Американи кашф этиш шарт эмас. Чипта савдосига жавобгар шахслар ташқарида XXI-аср ҳукм сураётганлигини тушуниб олишса, кифоя. Чиптани «ур-тўпалон»да сотишдан кўра, замонавий усул — интернет орқали эркин савдога чиқариш энг қулай ва осон йўл. Бугунги кунда Европа ва Осиёнинг бир қатор федерациялари, ФИФА ва ОФК ҳам катта турнирларга чипталарни айнан шу йўл орқали сотишга ўтган. Харидор ҳам уйдан чиқмай, чипта эгасига айланиши мумкин. Яна бир йўли, чиптани «Клик» онлайн-тўлови орқали сотиш. «Uzcard» тизимига уланган пластик карточка эгалари чиптани муаммосиз харид қилиш имкониятига эга бўлардилар. Шунингдек, ҳар бир вилоятимизда ЎФФнинг ҳудудий федерациялари мунтазам фаолият олиб боради. Чипталарни ЎФФнинг ушбу «филиал»лари орқали ҳам ўз нархида мухлисларга сотиш, ўша ерлик мухлис учун яратилган олий хизмат бўларди.

Аслида, асосий мақсад Ўзбекистон – Эрон учрашуви ҳақида таҳлилий мақола ёзиш, ўйиндан кейин футболчилардан интервью олиш эди. Ўша куни ўйинимизда ҳар қанча муаммо кўрган бўлсамда, аслида ўйин атрофи ва ташқарисидаги «ўйин» унданда каттароқ муаммо эди. Жавобгар мутасаддилар буни танқид ўрнида эмас, уларга тутилган кўзгу сифатида қабул қилсалар, бас. Ойнада ўзларини кўргач, камчиликларни бартараф этишларидан умидвормиз, холос. Истагимиз шу.

Усмон ИБОДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

Манба: www.erudit-sport.uz
Киритилди: 11:33, 14.10.2016.
Ўқилди: 15716 марта.
Фикрлар: 15 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.