Кеча “Локомотив” Ўзбекистон кубоги ярим финал дастлабки ўйинлари доирасида “Бунёдкор”га қарши баҳс юритди ва ўз уйида кичик ҳисобда зафар қучди.
“Темирйўлчилар” жамоаси етакчиларидан бири Марат Бикмаев ўзининг ўйин борасидаги фикрларини билдириб ўтди.
- “Бунёдкор” асосан ҳимояга таянган ҳолда ўйин намойиш этди. Биз эса кўпроқ олдинга боришга интилдик. Бундай зич ҳимояни ёриб ўтиш осон эмас. Лекин ўйин охирига яқинлашган вазиятда бир марта бўлса ҳам рақиб ҳимоясини ёриб ўтишни уддаладик ва ғалабани ўз томонимизга оғдира олдик.
Охирги учрашувларда бироз муваффақиятсизликка учраётган эдик. Ундай ўйинлар натижасини тезроқ унутиш ва олдиндаги баҳсларга тайёргарлик кўриш лозим. Мана ҳозир “Бунёдкор” билан ўйинни унутган ҳолда олдиндаги “Насаф” билан тўқнашувга бор эътиборимизни қаратамиз. “Насаф” билан ҳам бизни жуда қийин ўйин кутиб тургани бор гап. Лекин биз ушбу матчга ҳам жиддий тайёргарлик кўрамиз ва ғалаба қилишга уринамиз.
Менга баъзан илк дақиқалардан, баъзида эса захирадан ўйинга қўшилиш имконини беришяпти. Бу борада мураббийларимиз қарорини хурмат қиламан. Мен учун энг муҳими – захирадан майдонга тушсам ҳам, гол киритиб, жамоам муваффақиятига хисса қўшишдир, - дейди тажрибали футболчи.