Украиналик афсонавий боксчи Владимир Кличко янги йил арафасида энг кекса мухлиси – 111 ёшли гамбурглик Лидие Смуда билан учрашди. Бу ҳақда «Klitschko-brothers.com» хабар бермоқда.
«Бизнинг учрашув ҳар иккимизнинг янги йил байрами учун ниятимиз эди. Энг кекса мухлисим Смуда хоним муваффақиятга ўрганиш мумкинлигини айтди!», – деди Владимир Кличко.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг ноябрь ойида Владимир Кличко британиялик Тайсон Фьюрига қарши 12 раундлик жангда ҳакамларнинг якдил қарори билан имкониятни бой бериб, IBF, WBA ва WBO чемпионлик камарларидан маҳрум бўлганди. Маълум муддатдан сўнг, британиялик боксчи мажбурий жанг ўтказишдан бош тортгани учун IBF камаридан маҳрум этилган эди.
Фьюрининг украиналик Владимир Кличко билан реваш жанги аввал 9 июлдан 29 октябрга, кейинроқ эса 29 октябрдан номаълум муддатга қолдирилган эди. Жанг қолдирилишининг сабаби сифатида аввал Фьюрининг жароҳати, кейин эса унинг руҳий тушкунликка тушгани кўрсатилган.
Кейинроқ британиялик спортчининг допинг намунасида кокаин моддаси топилди. Боксчи гиёҳванд моддаларни руҳий тушкунликка тушгани учун қабул қилганини тан олди. Орада Тайсон Фьюри карьерасини якунлагани ҳақида маълум қилиб, бир неча соатдан кейин бунинг ҳазил эканини айтишга ҳам улгурди. 13 октябрга ўтар кечаси эса Фьюри барча чемпионлик камарларидан воз кечиб, тушкунлик ҳолатидан тикланиш ва соғлиғига эътибор қаратишини маълум қилганди.
Вакант бўлиб турган WBA, WBO ва IBF камарлари учун Владимир Кличко АҚШ вакили Энтони Жошуа билан жанг қилади. Мазкур жанг 2017 йилнинг 29 апрелида, Лондондаги 90 минг мухлисга мўлжалланган «Уэмбли» стадионида бўлиб ўтади.
Маълумот ўрнида, 40 ёшли Владимир Кличко профессионал рингда 68 жанг ўтказиб, 64 тасида (53 тасида нокаут билан) ғалаба қозонган ва 4 тасида мағлубиятга учраган. 27 ёшли Энтони Жошуа профессионал рингдаги 18 та жангининг барчасида нокаут билан ғалаба қозонган.