Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Қўқонликлар ишончини қозонган Нўъмон Ҳасановнинг мавсум ҳақидаги таассуротлари ва режалари

Баҳо:
+ | -

27 декабрь куни “Қўқон-1912” жамоаси учун байрам дастурхони ёзилди. Биз эса анчадан бери бош мураббий Нўъмон Ҳасанов билан суҳбатлашиш ниятида юргандик. Аммо мавсум тугаганидан кейин у соғлигида бироз муаммолар борлиги сабабли даволанаётганди. Шу боис бундай пайтда Ҳасановни безовта қилишни хоҳламадик. Биз учун қулай фурсат эса байрам тадбири эди. Негаки, у ерга бизни ҳам таклиф қилишганди.

Нўъмон Ҳасанов қийин вазиятда қолган жамоани қабул қилиб олди ва иккинчи даврада деярли ўзи истаган ўзгаришларни амалга оширди. Натижада клуб унинг бошчилигида олий лигада қолиш вазифасини бажарди. Шу орқали у ишқибозларнинг ҳам меҳрини қозонди дейиш мумкин. Қолаверса, унинг ўзида ҳам мураббий сифатида янада яхши ном қолдириш истаги бор. Шу сабабли “Қўқон-1912”да астойдил ишга киришган. Умуман айтганда, у билан суҳбатлашиш учун сабаблар кўп эди. Бунинг устига кейинги режа ва мақсадлари ҳам биз учун қизиқ эди. Шу сабабли тадбир давомида унинг бўш пайтини пойладик ва фурсатдан фойдаланиб у билан суҳбатлашиш ниятимиз борлигини айтдик. Ҳасанов эса таркибга кимлар келади, кимлар кетади, умуман, янги мавсум хусусидаги саволларни бермаслик шарти билан гаплашишга рози бўлди. (Суҳбат 27 декабрь куни бўлиб ўтган) У кўп нарса янги йилдан кейин ҳал бўлишини таъкидлади.

Нўъмон ака, соғлигингиз яхшими? Аслида нима бўлганди?
Соғлигим борасида муаммолар пайдо бўлиб қолганди. Мавсум тугаши биланоқ операция столига ётдим. Тошкентда 15 кун даволандим. Дастлабки операция яхши ўтди. Энди иккинчи операция бўлади. Ҳозир тикланиш жараёни давом этмоқда. Оғир нарсалар кўтариш менга мумкин эмас. Иккинчи операцияни ҳам қилдирсам бўларди. Аммо бу ерда жамоамизнинг дастлабки йиғини ҳам бошланиб қолганди ва ўзим иштирок этмасам бўлмасди.

Операциядан сўнг машғулотларда қатнашиб қийналиб қолмадингизми?
Йўқ, ёрдамчиларим бор. Кўрсатмаларимни улар майдонда бажариб туришди. Ўзим эса кузатиб турдим. Қисқаси, қийналиб қолганим йўқ, ҳаммаси яхши ўтди.

“Қўқон-1912” жамоасининг биринчи ва иккинчи даврадаги натижаларини солиштирганда фарқи яққол сезилди. Айниқса, бош мураббийликда иш бошлаганингиздан кейин жамоани олий лигада сақлаб қолишни уддаладингиз.
Тўғри, мен келганимдан кейин қандайдир ўзгаришлар қилинди. Таркиб масаласида ҳам нимадир қилишимиз керак эди. Шу боис янги ўйинчиларни олиб келдик. Айримлари билан эса хайрлашдик. Футбол – бу жамоавий ўйин ҳисобланади. Футбол ҳам бир оиладир. Менинг биринчи мақсадим ўйинчиларни жипслаштириш эди. Шу сабабли машғулот ва ўйинлар пайтида барчамиз бутун жамоа сифатида бир жойга йиғилиб, ўз ўйинимизни кўрсатдик. Мен барча футболчиларга миннатдорчилик билдираман. Улар менинг истакларимни ва кўрсатмаларимни тўғри тушунишиб, машғулотларда астойдил ишлашди. Шунинг натижаси ўлароқ улар ўйинларда режаларимизни амалга ошира олишди. Тўғри, менга вақт керак эди. Эътибор берган бўлсангиз, охирги бешта учрашувда ютқазганимиз йўқ. Футболчиларимиз ҳам бу пайтда ўз спорт формасига кириб қолишганди. Нима бўлганда ҳам жамоани сақлаб қолдик ва қолганини кейинги мавсумга қолдирдик. Насиб қилса, ҳомийларимизнинг ёрдами билан 2017 йилда янада яхши жамоа тузмоқчимиз. Мақсадимиз мухлисларни хурсанд қиладиган чиройли ўйинларни намойиш этиб, юқори ўринларни қўлга киритиш. Шундай экан, биз ҳар бир учрашувга фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Футболчиларимиз ҳам ҳозирдан бу нарсани яхши ҳис қилишяпти. Бу ерда иш бошлаганимдан сўнг машғулотларга ўзгартиришлар киритдим. Рости, жамоадаги ўйинчилар бунгача янги машқлар устида ишлашмаганди. Шунинг учун йигитларга бизнинг усулларимиз янгилик бўлди. Клубдаги ҳар бир ўйинчи катта иштиёқ билан ишлади. Ўйлайманки, жамоамиз томонидан намойиш этилган ўйин мухлисларга манзур бўлди.

Айтинг-чи, қайси ўйиндан кейин жамоангизнинг олий лигада қолганини аниқ ҳис қилдингиз?
Ўзингиз ҳам кузатган бўлсангиз, биз охиригача кураш олиб бордик. Олдимизда турган масъулият ҳамда вазифани тўлиқ тушунгандик. Жамоанинг ўтган йилги натижасини ҳам яхшилашимиз керак эди. Албатта, доим футболда ўзингиз ўйлаган нарса амалга ошавермайди. Шуни инобатга олганда, айрим учрашувларда аламли тарзда очколарни йўқотдик, айниқса, охирги дақиқаларда гол ўтказиб ғалабадан маҳрум бўлган пайтларимиз ҳам бир нечта бўлди. Агарда мана шундай йўқотишларга дуч келмаганимизда биз бундан-да, юқори ўринларга кўтарилган бўлардик. Барибир шуни унутмаслик керакки, жамоамиз нисбатан ёш ва бу йил шаклланишни бошлади. Табиийки, бундай пайтда ҳамма нарса ўз вақти соати билан келади. Умид қиламанки, янги мавсумда бу йилги айрим ўйинларда йўл қўйган хатоларимизни такрорламаймиз.

Яна бир гап: бир йил давомида “Қўқон-1912” дарвозасини беш нафар посбон қўриқлади. Олий лига жамоалари ичида энг кўп дарвозабондан фойдаланган жамоа айнан сизники бўлди. Бу нимадан далолат? Ёки дарвозабонлар масаласида ишончингиз у қадар бўлмадими? Балки бунинг бошқа сабаблари бордир?
Сиз ҳам биласиз, ҳозирги кунда Ўзбекистонда яхши савиядаги дарвозабонларимиз кўп эмас. Ҳозирги пайтда ҳам бизни бу муаммо қийнаб келмоқда. Майдонда дарвозабоннинг бажариши керак бўлган ишлари кўп. Оддий мисол, бурчакдан тўп тепилаётган пайтда у аввало тўғри жой танлай олиши ва шерикларини жойлаштира олишни ҳам билиши керак. Шунингдек, у оёқлари билан ҳам яхши ўйнай олиши даркор. Доим уларга мана шундай жиҳатлар бўйича гапириб келяпмиз. Шунинг учун Азиз Ашуровни яна қайтардик.

Сиз билан иккинчи давра бошида суҳбатлашганимда, энди бошқача “Қўқон-1912”ни кўрасизлар деб айтгандингиз. Чиндан ҳам сизнинг бошчилигингизда бу жамоа ўйин сифати бўйича анча ўсишга эришди. Масалан, бу нарса “Андижон” билан учрашувда яққол кўзга ташланганди. Умуман айтганда, бош мураббий сифатида шогирдларингизнинг ўйинидан ҳар жиҳатдан қониқдим дея оласизми?
Тўғри айтасиз, ростдан ҳам ўйин тарафидан қараганда футболчиларимизнинг ҳатти-ҳаракатлари менга ёқди. Лекин бу ўйинимизда камчилик қолмади дегани эмас. Барибир яна ишлашимиз керак. Чунки ўйинимизда ҳали ечимини топиши керак бўлган муаммоларимиз бор. Ҳеч қачон бир ёки икки ойда жамоани шакллантиришнинг иложи йўқ. Ҳар доим ҳар қандай мураббийга вақт керак, буни унутмаслик керак. Лекин жамоамизда яхши йигитларни тўплаганмиз. Улар бизнинг кўрсатмаларимизни тўғри бажаришга ҳаракат қилишди. Машғулотларда ҳам зўр иштиёқ билан ишладилар. Барибир ўйиннинг яхши чиқиши аввало машғулотга боғлиқ. Футболчиларимизнинг ишга бўлган муносабати ҳам менга маъқул келди.

Демак, катта эътирозларингиз йўқ-а?
Ҳа, тўғри. Боя охирги дақиқаларда ўз дарвозамиздан гол ўтказиб ғабалардан маҳрум бўлган ўйинларимиз бўлгани ҳақида гапирдим. Шунингдек, ўта қийин кечган баҳсларда ҳам бир очкодан ишладик. Бунга мисол қилиб, Навоийда “Қизилқум”га қарши ўйинни айтган бўлардим. Лекин яна бир тан олишимиз керак бўлган ҳақиқат шуки, жамоамиз барқарор равишда бир маромда ўйнай олмади. Нима бўлганда ҳам жамоага вақт кераклиги билиниб қолди. Шунинг учун охирги бешта ўйинда футболчиларимиз яхши ўйнай олишларини ўзлари ҳам ҳис қила олишди деб ўйлайман. Албатта, шуларни ҳисобга олганда, ўзим ҳам кўрсатган ўйинимиздан қониқиш ҳосил қилдим.

Ўтган ҳафтада ПФЛ бош директори Фарҳод Магомедов янги мавсумдан эътиборан барча жамоа бош мураббийларида “Про” лицензияси бўлиши шартлиги ҳақида гапирди. Сизда эса “А” бор. Энди қандай йўл тутмоқчисиз?
“Про” лицензиси учун ўқув-курслари ташкил этилганида албатта мен ҳам қатнашаман. Қарор чиққанидан кейин ҳамма ҳаракатга тушиб қолади. Жамоамизда эса ҳеч кимда бундай лицензия йўқ. Бундай вазиятда эса бошқа мутахассисни олиб келиш ҳам нотўғри бўларди. Шу сабабли яқин орада “Про” учун ўқишлар бошланса мен ҳам бориб ўқийман.

Умуман олганда, бунга сизнинг муносабатингиз қанақа? Сиз ҳам ушбу қарорни қўллаб-қувватлайсизми?
“Про” лицензияси асосан хорижда ишлаш учун жорий этилган. Ўзимизнинг мураббийларга эса “А” лицензия ҳам бўлаверади. Лекин мураббий учун яна қўшимча ўқишлар зарар қилмайди.

Энди жамоангизнинг тайёргарлик режалари ҳақида ҳам ўртоқлашсангиз. Мана, дастлабки йиғин ҳам якунланди. Қолгани қандай кўринишда ташкиллаштирилади?
Янги йил байрамини ўтказганимиздан сўнг январнинг дастлабки кунларида Тошкентда тўпланамиз ҳамда 23-санагача шуғулланамиз. У ерда кўпроқ назорат учрашувларини уюштирмоқчимиз. Асосий эътиборни шу нарсага қаратишни ўйлаб турибмиз. Пойтахтдаги йиғинни якунлаганимиздан кейин Қўқонга қайтамиз. Режамиз бўйича Фарғона вилоят ҳокими Кубогида қатнашмоқчимиз. Балки ушбу турнирда охиригача қатнашмасмиз. Нимага деганда 5 февралда Туркияга кетмоқчимиз. Агарда бу режамиз “ўхшаб” қолса ажойиб иш бўларди. Хорижда йиғин ўтказишимиз “Қўқон-1912” учун жуда фойдалидир. У ерда кучли жамоалар билан назорат ўйинларини ўтказиш футболчиларимизнинг ўйин савиясини ҳам оширади.

Шу ўринда легионерлар мавзуси ҳақида ҳам тўхталмоқчимиз. Иккинчи даврада “Қўқон-1912”га қўшилган Никола Валентич билан Дарко Гожкович хусусида кўпчилик жуда илиқ фикрларни билдиришди. Дарҳақиқат, бу нарса ўзаро натижа ва рақамларда ҳам акс этди. Масалан, жамоа биринчи даврага нисбатан иккинчи даврада камроқ голлар ўтказди. Табиийки, бу ўша ҳимоячиларнинг хизматидир. Менимча, уларни ортга қайтариш олдингизда турган асосий вазифалардан бири бўлса керак? Бу каби легионерларни яна олиб келиш сизга муаммо бўлмасмикин?
Умид қиламанки, муаммо бўлмайди. Сербияда менинг бир қатор дўстларим бор. Футболчининг фамилиясига эътибор бермайман. Аввало улар билан кўришиб, ўйинларини кузатаман. Қўқонга келиб иш бошлаганимда биринчи навбатда ҳимоя чизиғини жиддий кучайтирмасак бўлмаслигини сезгандим. Шунинг учун икки нафар сербияликни олиб келдик. Энди эса уларнинг сафига яна бир легионерни қўшиб олиш ниятимиз бор. Тўғриси, Валентич билан Гожкович ҳаммамизда жуда яхши таассурот қолдирди. Улар нафақат ўйинда ёки машғулотда, балки майдондан ташқарида ҳам йигитларда ажойиб таассурот қолдиришди. Ўйинчиларимиз улардан кўп нарсани ўрганишди. Айтмоқчиманки, сербияликлар жамоамизга ҳар томонлама ёрдам беришяпти. Қувонарлиси, футболчиларимиз уларга қараб ўсишга эришишяпти. Хуллас, легионерларнинг профессионал тарзда ишлаши менга ёқди. 5 январь куни Валентич билан Гожкович Тошкентга етиб келишади.

Адашмасам, сиз яна бир легионер ўйинчи қидиряпсиз ва бу ҳужумчи бўлиши керак, шундайми?
Ҳа, тўғри.

Чунки олдин айтгандингиз, бизга ҳужумчи керак деб…
Албатта, шундай. Яқин кунларда унинг кимлигини айтаман. Музокараларимиз натижасига кўра ҳозирча менга икки нафар ҳужумчи ёқмоқда. Яқин кунлар ичида улардан бирини танлаб олишим керак.

Охирги савол: режангиз бўйича таркибни неча фоизга алмаштирмоқчисиз?
(бироз ўйланиб) Таркибимизда ўйнаган футболчиларни у қадар кўп алмаштирмасам-да, барибир қисман ўзгариш бўлади. Бир-иккита янгиликлар юз беради. Менга кўпроқ захирадан майдонга тушиб ўйинни кучайтира оладиган ўйинчилар керак.

Бундан чиқди, захира ўриндиғини кенгайтирмоқчисиз…
Ҳа, тўғри айтдингиз. Бизга ўйинни кучайтира оладиган футболчилар керак. Бу йил анча қийналдик. Яъни, ўша захирамиздан майдонга тушиб ўйинни кучайтира оладиган футболчилар борасида қийналдик. Энди эса менга ҳар бир чизиққа иккитадан тенг кучли ўйинчи керак.

Манба: kokand1912.uz
Киритилди: 15:56, 04.01.2017.
Ўқилди: 5954 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.