Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Қаҳрамон Асланов мақоласи: "Нўъмон Ҳасанов - халоскор"

Баҳо:
+ | -

Футболчилик даврида қўқонлик эканига кўп урғу берилган бўлса-да, Нўъмон Ҳасанов аслида Қўқонда кўп ўйнамаган. Собиқ иттифоқ чемпионатининг 2-лига шарқий минтақасида тўп сурадиган маҳаллий «Автомобилчи» таркибида пайдо бўлган ёш, бўйчан, ўзига хос техникага ва майдонни кўра билиш қобилиятига эга бўлган Нўмоннинг қўқонликларнинг ёқимтойига айланиши кўп вақт талаб қилмади.

Аслида ўша 1990 йилдаёқ Ҳасановнинг келажаги фақат шаҳар футболи билан чегараланиб қолмаслигини кўпчилик фаҳмлаб улгурганди. Болалигидан Баҳром Ҳакимов қўл остида футбол сирларини ўрганиб, иқтидори туфайли Тошкентдаги машҳур футбол мактабида таҳсилини давом эттирган ва ўшандаёқ мамлакатимизнинг бош жамоаси «Пахтакор» селекционерларининг назарига тушган.

19 ёшли Нўъмон Ҳасанов «Автомобилчи»даги илк ўйинларидаёқ йўқолиб қолмади, жамоа етакчиларидан бирига айланди ва «Пахтакор»да юксакроқ марраларни забт этишга тайёрлигини исботлади.

Ўша мавсумнинг иккинчи даврасидан у Тошкентга чақирилди ва «Пахтакор» таркибида майдонга тушди. Миржалол Қосимов, Абдуқаҳҳор Маъруфалиев, Илҳом Шарипов, Рифат Галиев каби ёш футболчилар, тажрибали шериклари билан бирга «Пахтакор»ни олти йиллик танаффусдан сўнг олий лигага қайтаргандилар. Бу футболчилар олий лигада ҳам йўқолиб қолмадилар, хусусан Нўъмон Ҳасанов ҳам бир неча ўйинларда асосий таркибда ҳаракат қилиб, ҳатто 2 гол муаллифига ҳам айланганди.

Мустақиллик йилларида ўз чемпионатимизга эга бўлдик, Ҳасанов аввал «Пахтакор»да, кейин пойтахтнинг бошқа бир жамоаси МҲСК сафида, кейин эса, «Дўстлик», «Насаф» каби кучли жамоаларда тўп сурди. Бир неча бор мамлакат чемпионига айланди. Осиё чемпионлар кубоги совриндори бўлди. Шунингдек, Нўъмон миллий терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларидаги тарихий — илк голи муаллифи ҳисобланади.

Аммо шу даврлар мобайнида у доим Қўқон футболига бефарқ эмаслигини намойиш қилган, доим ўзи туғилиб ўсган шаҳар ишқибозлари қаршисида тўп суриш, уларнинг олқишларига сазовор бўлиш орзусида эканини яширмаган. Аммо Нўъмон Ҳасановнинг савияси ва амбициялари Қўқондаги клубнинг молиявий ҳолатига мос келмасди, ишқибозлар буни тўғри қабул қилардилар.

Кўпчилик нопрофессионалликка йўйиши мумкин, аммо шу фактки, Ҳасанов ўзи тўп сурадиган клублар билан Қўқонда меҳмон бўлганида, ўйин жамоаси учун ҳар қанча муҳим бўлмасин, майдонга тушмасди. Қўқонлик мухлислар қаршисида, улар мухлислик қиладиган жамоага қарши тўп суришга ботина олмасди кўпинча.

Вақт ўтди. «Қўқон» клубининг Нуъмон Ҳасанов ёрдамига мухтож бўлиб қолди. Йўқ, мен ушбу мавсумни назарда тутмаяпман. 2004 йил эди. Жамоа олий лигада биринчи даврадан сўнг атиги 7 очко тўплаб, сўнгги поғонани эгаллаб турар, мавсумни қутқариб, олий лигадаги ўрини сақлаб қолиш имконсиз эди гўё.

Ҳали ҳам Ўзбекистондаги етакчи футболчилардан бири бўлишига қарамасдан, у аутсайдер жамоада ўйнашга ошиқди. Ўйновчи мураббий сифатида Қўқонга келган Ҳасанов ўзи билан бирга Маҳмудов, Қамбаралиев, Намозов, Раҳмонқулов каби кучли футболчиларни олиб келди. Иккинчи даврада жамоа таркиб жиҳатидан ҳам, ўйин жиҳатидан ҳам олий лиганинг кучли жамоаларидан бирига айланди ва мавсумни қутқариш учун ишга киришди. Жамоа иккинчи даврада 25 очко жамғариб, 13-ўринга кўтарилишнинг уддасидан чиқди.

Афсуски молиявий сабаблар туфайли барибир Қўқон кейинги мавсумда олий лигада ўйнолмади. Ҳасанов ва «Қўқон» иккинчи марта узоқ муддатга хайрлашдилар.

Ўтган мавсум бошида, «Қўқон 1912» жамоаси яна ўша 13 йил олдингидек ҳолатга тушиб қолганди. Сўнгги йиллардаги кетма-кет мураббий алмаштиришлар, футболчиларнинг келиб кетишлари натижасида, жамоа ўз ўйин услубига эга бўлмай, бир қатор салбий натижаларга ўралашиб қолди. Биринчи давра якунида «Қўқон» атиги 9 очко тўплаб, охирги ўринлардан бирига мустаҳкам жойлашиб қолганди.

Мураббий сифатида ишлашни бошлаб улгурган, «Пахтакор»дан истеъфога чиқарилган Нўъмон Ҳасанов яна қўқонликлар жонига оро кирди.

Ўйинларни кўрмаган мухлислар орадаги фарқни балки фақат очколарда кўрар, аммо эътироф этиш жоизки, Нўъмон Ҳасанов қўл остида жамоа нафақат очко қўлга киритишни бошлади, балки ўйинни ташкил қилиш, ҳужумкорлик, тўпни назорат қилиш ва мухлисларга ёқадиган футбол ўйнаш борасида ҳам бир неча қадам олдинга ташлай олди.

Энг аввало, Нўъмоннинг селекция борасидаги ижобий ишларини, яъни, у томонидан таркибга жалб қилинган футболчиларнинг хоҳ ёш, ҳоҳ легионер бўлмасин, қисқа вақтда жамоанинг муҳим бўлагига айлана олганликлари мақтовга лойиқ. Жумладан, Жавоҳир Сиддиқов, Суҳроб Бердиев, Никита Рибкин каби ёш футболчилар, Дарко Гожкович ва Никола Валентич каби легионерларни алоҳида тилга олинишга арзийдилар. Шунингдек, Ойбек Рустамов, Иқбол Маликжонов, Маъруф Зокиржонов, Аваз Маматхўжаев каби маҳаллий футболчилар ҳам айнан Нўъмон Ҳасанов қўл остида асосий таркибда майдонга тушиб, мухлисларнинг ёқимтойларига айланиб улгурдилар.

Ушбу футболчилар ёрдамида жамоа иккинчи даврада 20 очко (лигада 9-натижа) жамғарди, охирги 5 ўйинни мағлубиятсиз ўтказди. «Қўқон» нафақат олий лигадаги ўрнини сақлаб қолди, балки анча кучлироқ таркибга эга бўлган тажрибали «Олмалиқ», «Навбаҳор» каби жамоаларни ҳам ортда қолдириб, мавсумни 12-ўринда якунлади. Маҳаллий мухлислар жамоанинг келажагига ва потенциалига катта ишонч ва қизиқиш билан боқмоқдалар.

Нўъмон Ҳасанов футболимизда ўз номига эга бўлиб, фаолияти давомида бир қатор совринларни ютган бўлса-да, икки сабаб туфайли мен уни омадсиз деб билардим.

Биринчиси, катта иқтидорга эга бўлган футболчининг шаклланиш даври бироз нотўғри вақтга тўғри келиб қолганлиги. Яъни унинг ўз иқтидорини сайқаллаб, футболчи сифатида кейинги босқичга қадам қўядиган пайти ўтиш даврига тўғри келди. Собиқ иттифоқ чемпионати тўхтатилди, футболчилар турли жамоаларга тарқаб кетдилар, Нўъмонда бир неча йил юқори савияда тўп суриб, янада ривожланиб бориш имконияти бўлмади.

Иккинчиси, у бир неча бор терма жамоамиз сафига чақирилиб, муҳим ўйинларда майдонга тушган бўлса-да, бир жиҳатдан омади келмаган. У Миржалол Қосимовдек футболчи билан бир даврда туғилиб, бир даврда ўйнади ва майдондаги амплуа, вазифа, ўйин услуби борасида Миржалол билан деярли бир хил эди. Натижада мураббийлар улардан бирини танлашга мажбур бўлиб қолардилар. Миллий чемпионатимиз тарихида Ҳасанов савиясидаги футболчилар бармоқ билан саноқли бўлса-да, айнан мана шу сабаб туфайли кўпинча у терма жамоадан четда қолди. Ҳеч қачон терма жамоанинг муҳим футболчиси бўла олмади.

Аммо энди Нўъмон Ҳасанов янги амплуада футболимизга кириб келмоқда. Унинг мураббийлик фаолиятида «Пахтакор» тажрибаси ҳам бор, тўғри, аммо айнан «Қўқон»даги ишлари орқали у яна ўзига ном қозониши, мураббий сифатида ўз услубларини намойиш қилиши мумкин.

Гарчи у Қўқонда у қадар кўп ўйнамаган бўлса-да, унинг футболчилик даври тилга олинганда, «Пахтакор» ёки «Дўстлик»дан кўра, Қўқон кўпроқ эсланганидек.

Манба: kokand1912.uz
Киритилди: 10:57, 09.01.2017.
Ўқилди: 6846 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.