Мираброр ака, янги йил байрами сабаб, Сизга тилаклар билдиришда давом этмоқдаман. Сўзни қаранг: тилак билдирмоқ, тиламоқ, тиланмоқ. Тангрига юзланиб илтижо қиламиз. Бандасига юзланиб тилаклар билдирамиз. Яратган Эгамдан ўзимизда йўқ нарсани, орзу қилган нарсани илтижо қилиб сўраймиз. Бандасидан тиловчи ўзи қадрлаган нарсани ўзгалар учун тиламчилик қилади. Футбол ишқибози суйган жамоаси, туғилган юрти, Ватани учун Яратгандан илтижо қилиб сўрайди, бандасидан бир нимани тиланади. Ватанпарварлик билан адолатпарварлик эгиз тушунчалар эмасми, адолатни деб, ҳақиқатни деб бирор кимса олдида тиламчилик қиласиз, Оллоҳга илтижо қиласиз. Бу билан хўрланмайсиз, улуғланасиз. Мираброр ака, футболимиз йўлида олдингизда туриб мен бир нимани тиланмоқчиман. Шундай қилиб, мен Сизга янги йил муносабати билан тилакларимни йўллашда давом этаман.
1. Сиз ЎФФ раҳбарисиз. Бу иморат бир томондан муассаса, ё ташкилот, ё идора саналса-да, бутун ўзбек аҳолисининг диққатини ўзида жам қилган кошонадир. Бу ташкилотнинг ишлаш услубини, фаолиятини ФИФА олдиндан белгилаб қўйган. ФИФА назоратидаги футбол федерациялари қаторидан жой олган оддий бир ташкилотдир. Унинг олдида АФА билан бир типдаги ташкилот саналади. Лекин, Англия футбол чемпионати қайда-ю, бизники қайда? Шунинг учун АФА билан ЎФФ турли хил масалаларни турли йўл билан ҳал қилмоқдалар. Бир хиллик йўқ. Бу тушунарли.
Футболда ўз ишингиз учун ҳеч қаердан андоза ололмайсиз. АФАдан ҳам, УЕФАдан ҳам. Масалан, машинасозликда хўроз ҳамма ерда бир хил қичқиради. Малибу ҳамма ерда малибу. Фудболда бошқача ҳолат. Футболда ҳар ерда хўроз ҳар хил қичқиради. Ҳамма ерда майдон, тўп бир хил бўлса-да, бир хил футболни, бир хил вазифани ҳеч қаердан тополмайсиз. Даврон Файзиев Мирко Еличичдан устун бўлиши ҳам мумкин, аслида. Мирко билан Даврон бошқа-бошқа масалаларни, турли муҳитда, турли йўл билан ҳал қилиб, турли футболларни кўрсатишмоқда. Сколари бизда бошқа масалани ҳал қилиб бошқа футболни кўрсатган эди, Хитойда бутунлай бошқа футболни кўрсатмоқда. Лекин, Сколари ҳамон ўша Сколари.
2. Маълумотларга кўра, Сиз сенаторсиз. Бундан ташқари Сиз катта концернга раҳбар экансиз. Бу гапни тўғри маълумот деб қабул қилайлик. Саноатга раҳбарлик вазифангиз билан футболдаги раҳбарлик вазифангиз бир-бирига мутлоқ ўхшамайди. Ишлаб чиқаришга раҳбарлик қилиш учун бошқарув тизимини яратиб, функционерларни жой-жойига қўйиб чиқсангиз, бошқарув жараёни муаммоларсиз силлиқ давом этади. Футболда бундай эмас. Кечаги қарор бугун эскиради. Кечаги таркиб эртага эскиради. Футбол тараққиётга юз бурган бўлса, унда ҳамма нарса янгиланиб туриши керак. Чамамда, Сиз иккала бошқарувингизга бир хил ёндошмоқдасиз. ЎФФда йиллар оша таркиб янгиланмаяпти. Унинг ишида янгилик йўқ. Шунинг учун футболимизда тараққиёт йўқ.
Асосий фаолиятингиздан андоза олиб, ўзбек футболида ҳам, аввало моддий базани яхшиладингиз. Сиз 2006 йили бу лавозимга келганингизда ЎФФ Фурқат кўчасидаги 9 қаватли уйнинг биринчи қаватида ноқулай шароитда иш олиб борар эди. Сиз аввало, ЎФФ учун муносиб жойда янги муҳташам иморатни қуриб бердингиз. Иш бошлаган йилларингизда юртимизга келган Ривалдо Ғузорларнинг чанги чиққан майдонларида футбол ўйнар эди. Қанча янги футбол майдонларини яратишда хизмат кўрсатдингиз. Футболнинг инфратузилмасини яхшилашда катта ишлар қилдингиз. Ҳар қандай ишнинг натижаси учун аввало, моддий база керак. Саноатда ҳам, футболда ҳам. Бу тўғри.
Давоми Ҳасанали Қодиров блогида.