Мадриднинг “Реал” жамоаси Ла Лигада “Севилья”га имкониятни бой бергач, чемпионлик учун кураш қайтадан қизғин тус ола бошлади. Андалусияликлар бир ўйин кам ўтказган “Қироллик” клубидан бир очкога ортда боришмоқда. Каталонияликлар эса яқин таъқибчиларини қувишда давом этган ҳолда, уларнинг хатосини пойламоқда. Goal.cом сайти чемпионат етакчиларининг феврал ойидаги тақвимини сарҳисоб қилган ҳолда, жамоаларнинг имкониятларини таҳлил қилди.
Феврал ойи мадридликлар, андалусияликлар ва каталонияликлар учун чемпионлик учун курашда ҳал қилувчи бўлади. Боиси, жамоалар Ла Лига доирасида энг камида 6 учрашув ўтказадилар. “Реал” ва «Барселона» жамоалари назарий жиҳатдан Испания кубогининг ярим финалида қатнаша олиши эҳтимолини ҳам ҳисоблаганда яна қўшимча иккита баҳс ўтказишларига тўғри келади.
“Севилья”, 42 очко (2-ўрин), Сампаоли босимда эмас
Мавсум бошидан бери Хорхе Сампаоли шогирдлари барчани ҳайратлантиришда давом этмоқда. Жамоа ҳам Ла Лигада, ҳам Чемпионлар Лигасида юқори натижалар кўрсатмоқда. Ла Лигада биринчи даврада 42 очко тўплаб, андалусияликлар клуб рекордини қайд этишди. Бунга икки асосий сабаб – Чили термасининг собиқ бош мураббийи Сампаолининг келиши ва ёзда амалга оширилган фойдали трансферлардир. Ёзда жамоа ўз етакчилари Криховяк, Коноплянка ва Банегалар билан хайрлашган бўлса, жамоага Самир Насри, Ветто ва Васкеслар олиб келинди. Улар жамоанинг муваффақиятларига салмоқли ҳиссаларини қўшмоқда. «Севилья» учун феврал ойида рақибларига қараганда босим анча камроқ бўлади. Клуб Испания кубоги билан эрта хайрлашганини инобатга олсак, жамоани Ла Лига доирасида «Эспаньол», “Лас Палмас”, “Бетис”га қарши кечадиган баҳслар кутиб турибди. Чемпионлар Лигасида эса Англия чемпиони “Лестер”га қарши кечадиган учрашувлар ўрин олган. Ла Лига доирасида қийин рақиблар дуч келмаслиги боис, Сампаоли шогирдлари мадридликлардан ўзиб кетишда ажойиб имкониятга эга бўлишлари мумкин. Бу мавсумда “Севилья” уй учрашувларида енгилмас жамоа бўлиб қолмоқда. 9 уй учрашувдан 8тасида ғалаба! Бироқ, андалусияликларнинг меҳмондаги баҳслари кўнгилдагидек эмас. Жамоа 30 очколик имкониятдан бор-йўғи 15 очко жамғаришган.
“Барселона”, 41 очко (3-ўрин), қайта бошланган кураш
Каталонияликлар бу мавсумда уй учрашувларини кўтаринки рухда ўтказа олмаяпти. Клуб 9 учрашувда 3 дуранг ва бир мағлубият аламини татиб кўрган. Аммо Луис Энрике шогирдлари меҳмонда анча самарали ўйин кўрсатмоқда. Жамоа 10 учрашувда 23 очко тўплай олган. Бу мавсумда жамоа ҳужум учлиги – МСН анча самарадорлик қайд этаётганига қарамай, заҳира ўйинчилари асосий таркиб ўйинчилари кўрсатаётган юқори савияни кўрсата олмаяпти. Жамоанинг бу мавсумдаги бошқа муаммоларидан бири – жамоа етакчиси Инестанинг радардан тушиб қолиши бўлди. Октябр – декабр ойлари оралиғида орттириб олган жароҳати сабабли майдондан ташқарида қолиб кетган Инеста ҳозиргача барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда бор-йўғи 18 учрашув ўтказган. Унинг йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қилган Андре Гомеш барибир Инеста эмаслиги билиниб қолди. Гарчи сўнгги учрашувларда португалиялик ярим ҳимоячи ўйинида бироз жонланиш кўзга ташланмоқда. «Реал Сосьедад» устидан меҳмонда қозонилган кичик ғалаба каталонияликларни Испания кубоги ярм финалига яқинлаштирган бўлса, Ла Лигада «Атлетик» ва «Атлетико»га қарши кечадиган баҳслар Луис Энрике шогирдлари учун осон бўлмаслиги аниқ. Чемпионлар Лигасида эса клуб Францийа чемпиони «ПСЖ«ни синовдан ўтказади. «Барселона»нинг феврал ойидаги тақвими тиғиз, жамоа бу синовлардан қандай ўтишини эса вақт кўрсатади.
“Реал”, 43 очко (1-ўрин), жароҳатлар гирдобида қолган Мадрид
Мағлубиятсиз ўйинлари сонини 40 тага етказган Зидан шогирдлари “Севилья”да қоқилди. “Севилья” ва “Барселона”га қараганда “қироллик” клубининг феврал ойидаги тақвими қийинроқ кўринмоқда. Испания кубоги доирасида “Селта”га қарши жавоб учрашувини ўтказадиган “Реал”ни феврал ойида Ла Лигада 7 учрашув кутиб турибди. Ла Лига доирасида, “Реал Сосьедад”, “Валенсия”, “Вильярреал” ва “Сельта”га қарши қийин баҳсларда мадридликлар бор имкониятларини кўрсатиши талаб этилади. Чемпионлар Лигасида эса А Церийада 3-ўринда бораётган “Наполи”га қарши учрашувлар ҳам Зидан шогирдларига осон бўлмаслиги аниқ. “Наполи” ҳозирда ажойиб ўйин кўрсатмоқда. “Реал”нинг феврал ойида барча учрашувларни юқори савияда ўтказа олмаслиги эҳтимоли бор. Асосий сабаби жамоа лазаретининг тўлиб бораётганидир. Яқинда Карвахал, Марсело ва Модричлар Бейл ва Пепеларга қўшилишди. Бу футболчилар камида 3-4 ҳафтани ўтказиб юборади. Модрични ўрнини тўлдира оладиган ярим ҳимоячилар жамоада етарли бўлса, қанот ҳимоячиларнинг йўқлиги билиниши турган гап. Данило ва Начолар асосий таркиб футболчиларининг ўрнини тўлдиришлари ва юқори савиядаги ўйинларини кўрсатишлари керак бўлади. Зидан шогирдлари ўта тиғиз тақвимдан қай даражада ўта олишини эса вақт кўрсатади. Бироқ, айнан мадридликларнинг кўрсатадиган натижалари Ла Лига чемпионлиги учун курашда ҳал қилувчи бўлади.