Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Мирко Йеличич: “Локомотив”нинг муваффақиятларида оз бўлса-да ҳиссам борлигидан мамнунман

Баҳо:
+ | -

“Локомотив” жамоаси айни дамда янги мавсумга ҳозирликни давом эттирмоқда. “Темирйўлчилар” жамоаси яқиндагина БААнинг Дубай шаҳрида ўтган илк хориж йиғинини якунлаб юртимизга қайтди ва эндиликда машғулотлар пойтахтимизда олиб борилмоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, жамоамизнинг янги мавсумга муносиб тарзда ҳозирлик кўришига масъул бўлган мураббийлардан бири – австралиялик мутахассис Мирко Йеличич саналади. Ўзининг анча хушмуомалалиги ва меҳнатсеварлиги билан кўпчиликнинг меҳрини қозонган 51 ёшли мураббий ўтган йили “Локо”нинг узоқ кутилган чемпионликка эришишига ҳам катта хисса қўшди. У эндиликда Андрей Микляев билан бирга жамоани янги мавсумда ҳам ўтган йилгидан-да залворлироқ муваффақиятларга эришиши учун меҳнат қилмоқда.

Шу боисдан “LOKOMANIA” лойиҳаси доирасида Мирко Йеличичнинг “Локомотив”нинг янги мавсум тайёргарликлари қандай кетаётгани ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик. Интервью давомида тажрибали мутахассис бир қатор мавзуларда мухлислар учун қизиқарли бўлган фикрларни билдириб ўтди.

— Жаноб Йеличич, “Локомотив”нинг бу йилги мавсумга тайёргарлиги қандай кечмоқда?

— “Локомотив” ўтган йилни ажойиб тарзда ўтказди ва чиройли ғалабалар билан ўз мухлисларини хурсанд этди. Жамоамиз янги мавсумда ҳам ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган. Шу боис тайёргарликни жиддий тарзда олиб боряпмиз. Яқинда икки ҳафта мобайнида Дубайда йиғин ташкил этиб қайтдик. Ҳозирча футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш устида иш олиб боряпмиз. Секин-аста тўп билан ишлашни ҳам кўпайтириб борамиз.

— Дубай йиғинидан мураббийлар штабининг кўнгли тўлдими? Йиғин давомида кўзланган мақсадга эришилдими?

— Ҳа, десак бўлади. У ерда кунига икки маҳал машғулот олиб бордик. Қолаверса, иккита ўртоқлик ўйини ўтказдик. Дастлаб “Ал Қодисия” билан, кейинроқ “Зенит” билан дуранг қайд этилди. Бу учрашувлар синов-назорат баҳси сифатида ташкил этилгани сабаб натижани асосий ўринга қўймадик. Биз кўпроқ футболчиларнинг таътилдан сўнг тикланиши ва ўйин жараёнига қайтишини кўзлаган эдик. Якунда шундай бўлди ҳам.

— Бир жиҳатга эътиборингизни қаратсак. Олий лиганинг кўплаб клублари янги мавсум олдидан имкон қадар кўп ўртоқлик ўйинлари ўтказишга ҳаракат қилишади. Лекин “Локомотив” бу борада бошқачароқ йўл тутади…

— Нимани назарда тутаётганингизни тушундим. Биласизми, Олий лиганинг кўпгина жамоалари мавсум давомида фақат иккита мусобақада иштирок этишади. “Локомотив” эса ички чемпионат ва Кубок баҳсларидан ташқари Осиё чемпионлар лигасида ҳам қатнашади. Бизнинг жамоа шундоқ ҳам мавсум давомида кўп ўйинлар ўтказади. Тахминан 6 ой давомида ҳар 4-5 кунда ўйин ўтказгандан сўнг ҳар қандай футболчининг организми толиқади. Шуни инобатга олиб, футболчиларни кўпроқ машғулотда ишлатишга ва ўртоқлик мақомидаги ўйинларни меъёрни сақлаган ҳолда ўтказишга ҳаракат қиламиз.

— Янги мавсум олдидан жамоани 6 нафар футболчи тарк этди. Бу “Локомотив”нинг кучсизланишига олиб келмасмикан?

— Биласизми, бунга бироз бошқачароқ ёндошиш лозим. Масалан, Сервер Жепаров ҳам, Санжар Шоаҳмедов ҳам, Темурхўжа Абдухолиқов, Артур Геворкян ва Неманья Яничич ҳам жамоамизнинг ўтган мавсумдаги муваффақиятларига катта ҳисса қўшишди. Бунинг учун улардан миннатдормиз. Лекин биз ҳар бир футболчининг қизиқиш ва манфаатларини хурмат қиламиз. Яъни, агар кимдир ўз кучини хориж чемпионатида синаб кўришни истаса, бунга қаршилик қилмаймиз. Энди яна бир жиҳат: “Локомотив” кучсизландими? Йўқ! Таркибимизда истеъдодли ёшлар бор. Қолаверса, уларга қўшимча равишда таркибни кучайтириш ишларини ҳам олиб боряпмиз. Шу сабабли сафимизга бир нечта маҳоратли ўйинчиларни қўшиб олдик. Менимча, кетганларнинг ўрнини билдирмайдиган футболчиларни топа олдик.

Жамоамизни тарк этганлардан Темурхўжа Абдухолиқовни сезиларли йўқотиш бўлганини айта оламан. У ўтган йил анча сермаҳсул ўйин намойиш этганди. Умид қиламизки, унинг ўрнига таклиф этилган ҳужумчилар Темурхўжадек сермаҳсуллик кўрсата олишади.

— Жамоанинг янги ўйинчилари хусусида нима дея оласиз?

— “Локомотив” ўз сафига яхши савиядаги футболчиларни қўшиб олди, дея оламан. Чунки шартнома имзоланган маҳаллий футболчилар ҳам, хорижлик легионерлар ҳам ўзларидан ёмон таассурот қолдиришаётган йўқ. Шартнома тузишдан олдин уларнинг ўйини ўрганиб чиқилган. Умид қиламиз, янгилар ўзларига билдирилган ишончни оқлай олишади ва кутилган ўйинни намойиш этишади. Балки сафимизни яна тўлдиришда давом этармиз. Чунки 3+1 кўринишидаги легионерлар учун ўриннинг осиёлик футболчи учун бўлган қисми ҳали очиқ турибди.

— “Локомотив” – Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ва Кубок соҳиби. Жамоа сўнгги йилларда фақат ва фақат юксак совринлар учун курашиб келмоқда. Ниятимиз – янги бошланадиган мавсумда ҳам мухлисларимизни улкан ютуқ ва зафарлар билан хушнуд этиш. Бу борада клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби керакли ишларни олиб бормоқда. Насиб этса, тайёргарликни юқори даражада ўтказиб, янги мавсумда ҳам кўплаб ғалабаларни қўлга киритмоқчимиз. Осиё майдонларида ҳам муваффақият қозонишга уринамиз.

— Сизда мураббийлар учун мўлжалланган “PRO” лицензиясига ўқиш нияти борми?

— Тўғрисини айтсам, бундай ниятим йўқ эмас. Аммо жамоамизнинг тайёргарлик жараёнига менинг ўқиш вақтим ҳалал беришини истамайман. Агар ўқув-курслари менда бўш вақт бўлган пайтда ўтказилса, балки мен ҳам “PRO” лицензиясига ўқирман. Аммо буни вақт кўрсатади. Ҳозирча аниқ бир нима дея оламайман.

— Ўзбекистондаги энг катта ўқувчилар аудиториясига эга сайтлардан бири “Championat.asia” сизни ўтган йил якунларига кўра “Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи” дея эътироф этди. Бундан қувонган бўлсангиз керак…

— Ростини айтсам, ҳа! Зеро ўзга юртда сен қилаётган меҳнатни қадрлашса ва меҳнатингга катта баҳо беришса, бу кишини беҳад хурсанд қилади. Мен ҳам “Локомотив”нинг муваффақиятларига қўшаётган кичик ҳиссамнинг бундай юқори баҳоланганидан жуда севиндим. Бунинг учун ушбу сайт, унинг ўқувчилари ва умуман, ўзбекистонлик футбол мухлислари ва футбол жамоатчилиги аҳлидан миннатдорман.

Биласизми, яқинда таътил пайти уйга борганимда мени австралиялик мураббийлар учун ташкил этилган конференцияга таклиф этишди. У ерда асли австралиялик бўлган ва ҳозирда хорижда фаолият олиб бораётган деярли барча мутахассислар тўпланди. Конференция давомида австралиялик хорижда ишлаётган 10 нафар энг салоҳиятли мутахассислар ичида Харри Кьюэлл қатори мени ҳам санаб ўтишди. Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Чунки Австралияда ҳам Осиё футболини, хусусан, Чемпионлар лигасини катта қизиқиш билан кузатиб боришади. Шу сабабли бир қанча мутахассислар “Локомотив”нинг қитъа миқёсдаги муваффақияти билан ҳам қизиқишди. Бундан анча фахрландим!..

— Осиё Чемпионлар лигаси ҳақида гап очдингиз. Ушбу турнирнинг гуруҳ босқичида бизга рақиблик қиладиган жамоалар борасида қандай фикрдасиз?

— Бизга гуруҳда рақиблик қиладиган жамоаларнинг савияси ёмон эмас. Умуман олганда, Чемпионлар лигасида оддий жамоалар иштирок этмайди. Кўплаб араб жамоаларида асосий ишни хорижлик легионерлар бажариб беришади. Маҳаллий ўйинчилар орасида легионерлар каби ўйин намойиш этадиганлари унча кўп эмас. Шу сабабли ҳам рақиблар ўйинини ўрганганда уларнинг асосий футболчиларига алоҳида эътибор қаратамиз. Ҳозирда аллақачон рақиб жамоалар ўйинларини кузатиш, ўрганиш ва таҳлил қилишни бошлаб юборганмиз.

— Сўнгги саволимиз: Анча йиллардан буён Ўзбекистонда фаолият олиб бориб келасиз. Сизни юртимиз билан нималар боғлаб туради?

— Менга Ўзбекистон ёқади ва бу ерда ўзимни анча яхши ҳис этаман. Қолаверса, турмуш ўртоғим ҳам ўзбекистонлик. Шу ерлик аёл билан оила қурганман. Ҳозир эса оилам Австралияда яшамоқда. Чунки фарзандларим у ерда таҳсил олишяпти. Тўнғич ўғлим яқинда коллежга ўқишга кирди. Оилам Австралияда бўлса-да, мен Ўзбекистонда ишлаяпман. Менга Тошкент ҳам, бу ернинг одамлари ҳам, мен меҳнат қилаётган клуб ҳам жуда ёқади.

Манба: lokomotiv.uz
Киритилди: 12:41, 28.01.2017.
Ўқилди: 7281 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.