Кириш Регистрация

Рейнадан кейин иккинчи ёки Виктор Вальдеснинг ажабтовур тақдири

Баҳо:
+ | -

Яқинда таниқли дарвозабон Виктор Вальдес 35 ёшини қаршилади. Унга ҳеч қачон катта истеъдод эгаси сифатида қарашмаган. «Барселона»нинг собиқ аъзоси фаолияти давомида турли хил кечинмаларни бошидан ўтказди. Уникига ўхшаган тақдир ҳаттоки кинотасмалар сюжетида ҳам кам учрайди. Биргина мисол, ким ҳам «Барса»ни айни гуллаган даврида тарк этиб, бошқа иш жойи қидиришга тушади.. Хуллас, Вальдеснинг турлича кечган фаолиятига бир назар ташлаб ўтамиз.

10 ёшида Вальдес «Барселона» академиясига қабул қилинади, аммо орадан бир неча ой ўтиб у ерни тарк этади. Боиси унинг оиласи Тенерифега кўчиб ўтади. У ерда ёш посбон вақти-вақти билан маҳаллий клуб академиясида ўйнаб турарди. Уч йилдан кейин Вальдеслар сулоласи Каталонияга қайтади. Виктор яна Ла Масияда шуғуллана бошлайди-ю, лекин доим Пепе Рейнанинг соясида қолиб кетади. Айнан Рейна «Барса»нинг барча ёшдаги жамоалари зинасидан ўтиб, келажакда клубнинг биринчи рақамли дарвозабони бўлиши ҳақида дарак бериб келарди. Шундай бўлди ҳам. 18 ёшда Пепе кутилганидек асосий дарвозабон даражасига чиқди, 19 ёшли Вальдес эса бу пайтда «Барселона Б»да «санғиб» юрарди. Бироқ Рейна бу ердаги босимга дош беролмади. «Вмльярреал»га сотилганидан сўнг у ҳақиқийсига етилди ва топ-даражадаги дарвозабонга айланди. «Барселона»дагилар мана шу йўл қўйилган хатодан ҳали ҳам афсус қилишаётган бўлсалар ажаб эмас. Бу ҳолат ўз-ўзидан Вальдесга қўл келди, дейиш мумкин. У ўзининг эсда қоладиган узун сочлари, билан тез-тез «Камп Ноу»да кўзга ташланиб турди. Тўғриси, асосан заҳира дарвозабони сифатида. «Ҳа, у ёш ва эхтимол истеъдодлидир, лекин унда мақташга арзийдиган алоҳида жиҳатлар йўқ» - дейишганди у ҳақда ишқибозлар ва мураббийлар.

Кейинроқ Рейна ўрнига Роберто Бонано харид қилинди, бироз ўтиб ўша пайтдаги энг зўр дарвозабонлардан бири Рюшту Речбер «Барса» аъзосига айланади. Бироқ уларнинг бирортаси «Барселона»га керакли одам эканини исботлай олмади. Натижада, клубга бош мураббий бўлган Франк Райкард Вальдесни танлади. Бу билан Вальдес каромат кўрсатиб, фахрийларни таркибдан чиқариб юборди, демоқчи эмасмиз. У дарвозадаги касбдошлари қатори ўйин кўрсатар, бунинг сабаби эса бошқа жойда. Бошқалардан фарқли улароқ унинг хатоларини кечиришарди. Ахир нима бўлган тақдирда ҳам ўз тарбияланувчилари-ку. Айнан «ўзимизнинг йигит» деган мавқе туфайли Вальдес узоқ вақт «Барселона»нинг асосий дарвозабони бўлиб келди. Устига устак ўша замонларда Европа бозори маҳоратли дарвозабонлар шодаси билан мақтана олмасди. Саноқли зўрларга эса даъвогарлар етарли эди.

Бироқ фаолияти бошида ҳаттоки Вальдеснинг ўзи ҳам хамма ишни уддалай олишига унчалик ишонмасди. 2006 йил Париж «май оқшоми» Чемпионлар Лигаси финали. «Майдонга тушар эканман, эртага  «Барселона»га дарвозабон бўлолмаслигим мумкинлигига амин эдим. Ўшанда мен томон танқидлар ёмғири ёғарди. Ҳеч ким кўзларимга қараб гап айтмасди, лекин кетишга тўғри келишини олдиндан сезиб турардим. Ўйиндан роҳат олиш кераклигини тушундим, негаки у мен учун охиргиси эди»,- деганди Вальдес ўша май оқшомида. Ўша оқшомда Виктор биринчи марта тақдирдан қарздор бўлиб қолди - иккита қойилмақом сейв, қўлга киритилган кубок, хиссиётлар жилоси. Вальдес жамоа билан бирга ғалабани тантана қилиб, ўша эркинлик хиссиётини жиловлашни ўрганди. Кўпчилик янги мавсумда «Барса»да янги дарвозабон пайдо бўлишини кутди. Шундай бўлди ҳам. Вальдес ўрнига «Сельта»дан Пинто фамилияли бақувват дарвозабон келди. У ростдан ҳам Вальдес ўрнини эгаллади. Фақат саккиз йилдан сўнг.

Париждаги финалдан уч йил ўтиб, Виктор яна Чемпионлар Лигаси кубогини боши узра кўтарди. «Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониб, мен «Барселона»да фаолият юритишни ҳам ютдим. Финал хуштагидан сўнг менда келажакка боқиш имконияти пайдо бўлди» - деганди у. Вақт ўтган сайин у ўртамиёна дарвозабон деган мақомини аста-секин йўқ қила бошлади. Бошқалардан бироз орқада бўлсада, жамоа билан бирга юксалиб келди. Тўғри, унинг бесўнақай ўйини ва кулгили хатолари ҳеч қаерга кетмади, бироқ буларнинг эвазига у янгидан янги совринларни қўлга киритаверди. Асабий ва ўзига унчалик ишонмаган болакайдан бақувват ҳамда тартибли дарвозабонга айланди. Шу тариқа, Вальдес айрим камчиликларига қарамай бир неча мавсум тенгсиз жамоа бўлиб келган ўша буюк «Барселона» тарихининг бир қисми бўлиб қолаверади. Унинг даражаси борасида узоқ тортишиш мумкин. Статистика ҳам уни ҳеч қачон топ-савияли дарвозабон бўлмагани ҳақида дарак бериб турибди. 2012Ғ13 йиллардаги мавсумда ўйнаган энг зўр дарвозабонлар орасида унинг кўрсаткичлари паст. Деярли ҳар жабҳада «Барселона» дарвозабони касбдошларидан анча орқада қолиб кетган.

Вальдес ҳар қандай ҳолат юз берганида ҳам «Барселона»да ўйнашни давом эттириши мумкин эди. Ўз навбатида «Кўк-анорли»лар унга шундай имконият яратиб берадиган ягона топ клуб ҳисобланишарди. Хаттоки истеъдодли дарвозабонларнинг янги авлоди пайдо бўлганида ҳам клубга бошқаси керак бўлмасди. Бироқ унинг ўзи бошқа йўлни танлаб, 2013 йилда шартномани узайтирмоқчи эмаслигини маълум қилди. На ишқибозлар, на раҳбарият, на жамоадошлари уни кўндира олишмади. Бу қарори билан Виктор биттагина клуб дарвозабони эмаслигини ва омадли тақдир тақозоси туфайли ўйнамаётганини ўзиги ўзи исботламоқчи бўлди. 2014 йилнинг 26 март куни у «Барселона» дарвозабони сифатида охирги учрашувини ўтказди. Ўша ўйиндаги жарима тўпини қайтарган Вальдес майдонга ноқулай йиқилди ва қўлини кўтариб беллашувни давом эттира олмаслигини маълум қилди. Лекин ҳаммасини тушуниш учун врачлар ташхиси ва тиббий кўрикдан ўтиш унга керак эмасди. Чунки, бу унинг «Барселона» футболкасидаги охирги сейви эди.

Пайларнинг узулиши уни «Монако»га ўтишига тўсқинлик қилди. Фаолиятини Испания ёки Европадан ташқарида давом эттириш ҳақида Виктор эшитишни ҳам хохламасди. Унинг мақсади Икер Касильяснинг ўйинида кузатилган пасайишдан фойдаланиб миллий терма жамоа дарвозасини эгаллаш бўлган. Бу пайтда унга даъвогарлар руйхати қисқариб борарди, токи биргина «Манчестер Юнайтед» қолгунга қадар. Маошнинг икки баробарга камайиши ҳам, Де Хеа билан рақобат қилолмаслиги ҳам Вальдесни тўхтата олмади. У хаммага бирор нарсага арзишини кўрсатмоқчи бўлди. Бироқ бундай бўлмади. «У бизнинг фалсафамизга қўшилмаяпти» - деган ҳукм чиққанди ўшанда ван Галь оғзидан. Испаниялик легионер заҳира ўриндиғида қолиб кетди, ўринбосарлар таркибига ўтказилди, Льежнинг «Стандарт»ига ижарага берилди, кейин эса АПЛнинг янги қатнашчиси «Мидлсбро»га арзон-гаровга бериб юборилди. Унинг ўтишига биринчи навбатда бир пайтлар Моуриньо билан «Реал»да «Барселона»ни тўхтатиш ғоясини топишга уринган Айтор Каранка қизиқиб қолганди. Испаниядаги ўтмиш улар бир-бирларига яқинлашлари учун ҳалақит бермади. Мураббий дарвозабон билан бир неча марта шахсан суҳбат ўтказиб, унга ишонч бағишлади ҳамда асосий таркибдаги жойни топширди. Ҳозир 20 турдан кейин у 22та тўп ўтказиб юборди (Бундан ками «МЮ», «Челси» ва «Тоттенхэм»да). Агар «боро» ҳужумда бўш ўйнамаганида 16-ўриндан юқорироқда бўларди.

Вальдесга келсак, у яна ўзи учун қулай бўлган муҳитда ўйнаяпти. Энг асосийси, бу ерда унга ишонишаяпти. Гап фақат «ўзларининг одами» эканида эмас. Вальдес «Барселона»да қолганида унинг тақдири қандай кечарди, айтиш қийин. Тўғри, у жаҳон миқёсидаги юлдузга айлана олмади, бироқ ўз фаолиятидан энг зарур нарсани олди - эркинлик ҳиссиётини.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 22:38, 29.01.2017.
Ўқилди: 8260 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.