Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Диего Симеоне: «Муваффақият калити эдим, бироқ…» (интервью)

Баҳо:
+ | -

Мадрид «Атлетико»сида чинакамига муваффақиятли иш олиб борган Диего Симеоне амалдаги шартномаси муддати якунланмасидан аввал жамоа билан хайрлашишини маълум қилди. Marca нашри ва аргентиналик мутахассис ўртасидаги суҳбатда гап асосан унинг Испания пойтахтидаги самарали фаолияти ва айнан эртароқ кетиш ҳақидаги қарори хусусида борди.

- Мадридга келган пайтда «Атлетико»га бунчалик узоқ вақт устозлик қилишни ўйлаганмидингиз?

- Ростини айтсам, бу хусусда умуман бош қотирган эмасман. Чунки табиатан замон билан ҳамнафас яшашга одатланганман. Ўйлашимча, қандайдир вазифани мукаммал даражада адо этиш учун бор эътиборни шу мақсадга йўналтириш даркор. Яъни доимо қандайдир янгилик яратиш йўлида изланиш талаб этилади. Бошқа масалаларга ўралашиб қолсангиз, асосий вазифани уддалолмайсиз. Изланиш - бу нафақат мураббийлар, балки футболчилар учун ҳам энг муҳим жиҳат. Мадриддаги илк беллашувдан ҳозиргача бўлган давр орасида кўплаб ажойиб инсонлар билан танишдим. Габи, Филипе Луис, Хуанфран, Годин, Коке ва Сауль каби шогирдларим ҳамон ёнимдалар. Уларнинг ҳеч бирини унутмайман. Ваҳоланки, бундайлар жуда кўп. Қандайдир кашфиётлар ишқида меҳнат қилиш, кучли рақобат муҳитида ишлашни ёқтираман. Чунки доимо шогирдларим олдига юксак мақсадларни қўйишга одатланганман.

- Диего Симеоне «Атлетико»да нечоғли ўзгарди?

- Ўз ҳақимда фикр билдиришим осон эмас. Шахс сифатида сезиларли ўзгаришга юз тутганим тайин. Четдагиларга ўзгачароқ кўринишим мумкиндир, лекин яқинларим учун ҳамон аввалги Диегоман. Касб юзасидан гапирсак, тажрибам анча ошди. Бунга аввало, жамоам сабабчидир. Чунончи, ўз ғояларим уруғини унумдор ерга сепиш имкониятига эга бўлдим. Бунақаси яна юзага келиши жуда қийин.

- Жамоа сардори Габининг фикрича, мухлислар армияси доимо бир гуруҳ футболчиларни кўришдан зериккан эмиш...

- Юқорида таъкидлаганимдек, мунтазам равишда янги-янги ечимларни ўйлаб топиш муҳим. Лекин бир қатор йигитлар жамоада анчадан буён тўп сураётган бўлсаларда, улар мухлислар кўнглидан қолган эмаслар. Менимча, 1-2 мавсум порлашдан кўра, мунтазам равишда юксак савияни намойиш этиш мушкулроқ. Мана, «Реал» ва «Барселона»дек грандларга қарши курашиб, кубок ва суперкубокни қўлга киритдик, чемпионликка эришдик. Бундай ҳолатда кучли иштиёқни сақлаб қолиш жуда қийин.

- Сизнингча, «Атлетико»ни бошқа жамоаларга ўрнак сифатида кўрсатиш мумкинми?

- Менимча, кўплаб клублар дадил курашишни ўрганиб олишди. Яқин ўтмишга қарасак, Ла-лигани ғолибликка фақат 2та жамоа даъвогарлик қиладиган зерикарли мусобақа сифатида тилга олишарди. Ҳозирчи? «Атлетико»дан ташқари, «Вильярреал», «Реал Сосьедад» ва «Севилья» каби клублар грандлар билан тенгма-тенг беллаша олишларини кўрсатмоқдалар. Ишончим комил, тез орада «Валенсия» ҳам ўзини тиклаб олади. Кучли рақобат шакллангани яхши, албатта. Шунда футбол чинакамига жадал ривожланади.

- Очиғи, амалдаги шартномангиз муддатини қисқартириб, кўпчиликни ҳайрон қолдирдингиз?

- Қайтараман: бу қароримни ўринли, деб ҳисоблайман. Мен учун ҳам, клуб учун ҳам. Хўп, дейлик, яна 5 йил ишласам, нима бўлади? Шунда «Атлетико»ни 10 йил бошқарган мураббийга айланаман. Бошқа ҳеч нарса. Шартнома 1 ёки 2 йилга мўлжаллансачи? У ҳолда, муддатни узайтириш мақсадида янада кучлироқ иштиёқ билан изланаман. Бордию, клуб кўмагимга муҳтожлик сезса, мени ортга қайтариш чорасини топиши керак. Шунда ўзаро ҳамкорликни яна давом эттирамиз.

- Бу қарор ЧЛнинг Миландаги финал ўйинидан сўнг қабул қилингани ростми?

- Ҳа, масала юзасидан штаб аъзолари билан узоқ маслаҳатлашдим. Табиийки, пенальтилар сериясига кўра, нуфузли совринни бой берганимиз кучли алам уйғотди. Кейин ички чемпионатда «Леганес»ни енга туриб, якунда дурангга рози бўлдик. Буниси навбатдаги зарба эди. Аммо жамоа шундай оғриқли дамлардан кейин ҳам тезда ўзини ўнглади - бу кўплаб клублар уддалай оладиган иш эмас.

- Умуман, етакчи футболчилар билан ўзаро муносабатларингиз қандай?

- Жойида. Муҳими, клуб ўз ўйинчиларини таркибда олиб қолиш салоҳиятига эга. Тўғри, вақтида Радамель Фалькаони олиб қололмагандик. Айни пайт асосий эътиборни спорт кўрсаткичларига қаратаётганимиз ўз самарасини бермоқда. Факт шуки, «Атлетико» сўнгги 5-7 йил ичида мутлақо ўзгарди - ижобий ўзгаришлар салмоғи катта.

- Кўплаб футболчилар билан шартнома муддати узайтирилди. Бу ҳол уларнинг хотиржамликка берилишларига олиб келмайдими?

- Барча футболчилар клубга ўзгача меҳр қўйишган. Дейлик, навбатдаги беллашув арафасида ҳеч ким аввалги ғалабаларни эсламайди. Мураббийлар, мутасаддилар, хизматчилар - барчамиз футболчиларда кучлироқ иштиёқ уйғотиш пайида бўламиз. Хуллас, янги шартнома футболчиларни хотиржамликка ундаши хусусидаги фикрларга қўшилмайман.

- Жамоа услуби хусусидаги доимий баҳслар жонингизга тегиб кетгандир...

- Йўқ, бундай тортишувлар бошидаёқ менга ёққанди. «Расинг»да 4-3-1-2 схемаси анъанавий услуб саналарди. Мен уни 4-3-2-1га ўзгартирдим. Тўғри, танқидлар етарлича янгради. Бундай пайт ғазабланишдан маъно йўқ. Шунчаки, бошлаган ишингизни хотиржам давом эттиришингиз маъқул.

- Жамоангизнинг жорий мавсум якунида ЧЛ йўлланмасидан бенасиб қолиши мумкинлиги сизни ташвишлантирмаяптими?

- «Атлетико»да иш бошлаганимда, клуб президенти шундай деганди: «Биз мавсумни 3-4-ўринларда якунлашимиз шарт. Ҳозир етакчилардан 15 очко ортда қоляпмиз. Лекин ишонаманки, сен бу ишни уддалайсан». Айни ҳолатга қарасак, жамоа ЧЛда ўйнаш имконини берадиган поғоналардан унча узоқда эмас. Муҳими, «Атлетико» яхши ишламоқда, таркиб ҳам бинойидек. Демак, хавотирга ўрин йўқ.

- Сиз учун энг катта муаммо масофа бўлса керак. Чунончи, оилангиз жуда олисда...

- Бу мавзу кимни қизиқтиради? 5 йил аввал шу масалани кўтарганимда, қуйидагича жавоб олгандим: «Хўп, болаларинг ва оила аъзоларингдан узоқлашолмасанг, Аргентинада мураббийлик қилавер. Бу бизнинг муаммо эмас». Ҳаммаси рисоладагидек, ҳеч қандай эътирозим йўқ. Лекин ўшанда ўз ҳиссиётларимни очиқ-ойдин изҳор этгандим: «Бу ерга келганимнинг асосий сабаби шуки, айнан «Атлетико» билан ишламоқчиман».

- «Матрасчилар»га боғлиқ энг ёрқин хотирангиз...?

- ...Ла-лигада зафар қучганимиз. Бир неча йиллардан кейин китобларда шундай ёзувлар битилади: «Ўша 10 йил давомида «Барселона» деярли барча совринларни қўлга киритаётган, яна «Реал»дек гранд қаршилигини синдириш талаб этиларди. Шу боис, қандайдир учинчи жамоанинг ғолиб чиқиши жуда қийин саналарди». Хуллас, ўша ғалаба «Атлетико» учун тарихий аҳамиятга эга.

- Милан финалидаги мағлубият эса энг нохуш хотира саналса керак, тўғрими?

- Ҳа. Доимо ўзимни мухлислар олдида қарздор, деб ҳисоблайман. Аламли мағлубиятдан сўнг масъулият янада кучайди. Кўпчиликнинг фикрича, ўша беллашувда «Атлетико» ғалаба қозонадигандек эди. Чунки мухлислар мени муваффақият калити, деб тан олишганди. Аммо афсуски, сўнгги маррада зиммамдаги вазифани уддалай олмадим...

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:48, 30.01.2017.
Ўқилди: 7247 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.