Осиё Чемпионлар Лигаси–2017 турнири ўтиш босқичида “Насаф” жамоаси Баҳрайннинг “Ал-Ҳидд” клубига қарши баҳс олиб боради. Бўлажак ўйин олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев ва ҳимоячи Шерзод Аъзамов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Масумнинг биринчи ўйини барчада қизиқиш уйғотиши аниқ. Асосий вазифамиз ғалаба қозониб, мухлисларни хурсанд қилишдан иборат. Тайёргарлик яхши ўтди ва ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқишга ҳаракат қиламиз. “Ал-Ҳидд” кучсиз жамоа эмас, улар Баҳрайн чемпиони ва Кубоги соҳиби саналади. Жамоа янги бош мураббийга эга бўлди. Улар тартибли ва сифатли ўйин кўрсатади. Ўйин осон бўлмаслиги аниқ. Рақиб ўйинини таҳлил қилганимизда, улар ҳимояда яхши ўйнашини кўрдик. Таркиб борасида тўхталадиган бўлсам, посбонимиз Элдор Суюнов эртанги ўйинга тайёр эмас. У йиғин доирасида жароҳат олди. Кеча машғулотларда қатнашганига қарамай, у “Ал-Ҳидд”га қарши ўйинни ўтказиб юборади”, – деди Рўзиқул Бердиев.
“Эртанги ўйинга тайёргарлик яхши ўтди. Ўртоқлик ўйинларида яхши натижа кўрсатдик, лекин бўлажак ўйин бундан фарқ қилади. Майдонда бор кучимизни бериб, кейинги босқичга йўл олишга интиламиз. Мухлислар далдасига умид қилиб қоламиз”, – деди Шерзод Аъзамов.
Эслатиб ўтамиз, “Насаф” – “Ал-Ҳидд” учрашуви эртага, 31 январь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида соат 16:00 да бошланади.