Кириш Регистрация

Андреа Пирло: «Ўзимга зарурини АҚШда топдим»

Баҳо:
+ | -

«Маэстро» - бу таъриф футбол оламида асосан ақлга таяниб ўйнаганча юксакликка кўтарилган италиялик фахрий - Андреа Пирлога нисбатан қўлланилади. У яқинда La Repubblica нашрига махсус интервью беришга кўнди ва Италия футболи истиқболи хусусида фикр билдиришдан ташқари, келажак режаларини ошкор қилди. Умуман, «Маэстро» суҳбат давомида кўплаб мавзуларга «тегинди».

-  «Маэстро»,  MLSнинг янги мавсуми март ойида старт олади. Ёшингиз 37га етганини ҳисобга олсак, буниси сиз учун охиргисими?

- Ҳали кўрамиз. Ҳозирча футболдан чинакамига роҳатланишни истайман. Умид қиламанки, бўлажак мавсумни муносиб ўтказаман. Қолгани вақтнинг ҳукмидаги масала. Ўзимни яхши ҳис қилсам, балки яна ўйнарман...

- Олдинроқ фаолиятингизни қачон тугатишингиздан қатъий назар, футболда қолишингиз ҳақида гапиргандингиз...

- Буни ҳозир ҳам тасдиқлашим мумкин. Чунончи, ҳамон иштиёқим баланд, ҳис-туйғу, эҳтиросларга тўламан. Муҳими - футбол жону дилим. Бу спорт тури ҳақида гапириш ёки ўйинларни томоша қилишдан сира зерикмайман. Оддий айтганда, футболдан ҳали тўйганимча йўқ. Қолаверса, ҳаётда мен энг яхши уддалайдиган иш ҳам шу футбол. Аммо айни пайт айнан қайси ролда қолишимни ўзим ҳам билмайман. Эҳтимол, функционер бўларман, балки мураббий... Ахир воқеалар ривожини олдиндан кўриш иложсиз. Тўғри, кўплаб собиқ жамоадошларим мураббийликка қўл уриб бўлишди.

- Дейлик, қадрдон дўстингиз Алессандро Неста.

- Ҳа, у «Майами»ни шуғуллантирмоқда ва биз тез-тез кўришиб турибмиз. Аслида Неста ҳеч қачон мураббийлик қилмаслигини айтганди, энди эса шу иш билан банд. Женнаро Гаттузони айтинг, у «Пиза»да ниҳоят бахтиёр.

- Собиқ жаҳон чемпионлари Италия  футболига алоҳида нимадир беришга қодирмилар?

- Паоло Мальдини Америкага келганида, ўзаро учрашиб, роса чақчақлашдик. Унинг мияси турли-туман янги ғояларга тўла эканлигини яхши биламан. Тўғри, Паоло каби чемпионлар саноқли. Шахсан мен «Милан» унинг бой тажрибасидан тўлақонли фойдаланишини хоҳлардим.

- Фассоне сиз билан ҳам «Милан»га қайтишингиз масаласида гаплашибди...

- Эшитдим, бироқ барчаси миш-миш, холос. Умуман, футболчилик фаолиятимни давом эттиряпман ва таклиф тушган тақдирда ҳам, уни қабул қилолмасдим. Қайси клуб - «Милан» ёки «Интер», «Ювентус» ёки «Брешия»дан чорлов бўлиши ҳам аҳамиятсиз. Бу масала келажак иши...

- Италия футбол федерациясида ҳам 2006 йилги жаҳон чемпионларига жой топилмади ҳануз...

- Мамлакат терма жамоаларига қарасак, барчасида ўз мураббийи бор, биз эса 23 нафармиз. Агар кимдир Италия термасида ишлашни хоҳласа, аввалига ўзини ёшлар жамоасида синаб кўриши керак, менимча. Ўйлайманки, унинг олдига катта тўсиқлар қўйилмайди. Бироқ инсоннинг реал салоҳиятига таяниб, иш кўриш мақсадга мувофиқ. Демоқчиманки, қайсидир биримизга ЖЧ-2006да ғолиб чиққанимиз юзасидангина ҳурмат кўрсатиб, ишонч билдиришлари шарт эмас.

- Андреа, АҚШга кўчиб ўтиб, нималарни ўргандингиз, кашф этдингиз?

- Эҳ, жуда кўп нарсани. Бу ерда мутлақо бошқача ҳаёт тарзи ҳукмрон. Инглизча ёндашув. Хусусан, футболга нисбатан анча шафқатсиз муносабат шаклланган. Менга айнан шу нарса керак эди. Асосийси, майдонда ҳаммаси ўта жиддий. Қисқаси, кимдир агар MLSни енгил сайр жойи сифатида кўраётган бўлса, қаттиқ адашади.

- Нью-Йорк ҳақида нима дейсиз?

- О, Нью-Йорк! Жаҳон маркази. Шаҳар хоҳлаган кишини улкан қувват билан туйинтиради, ташаббускорликка ундайди. Яъни бу ерда сен учун янги-янги имкониятлар очилади. Нью-Йорк ўзгача ғоялар манбаи, гўё.

- Сиз истиқомат қилаётган райончи?

- Челси - қиёси йўқ муҳит макони. Дейлик, арт-галереялар беҳисоб. Миланда Арьедо Браида таъсирида санъат асарларига ошуфта бўлиб қолгандим. Хай-Лайн — осма хиёбон. Хадсон соҳили. Бу ерда US Open ва МБА ўйинларини томоша қилдим. Яна Madison Square Gardenга ҳам бордим, албатта. Спортга америкача қараш нисбатан енгилроқ. Дейлик, мудом ортингдан қувиб юрадиган газета ва телевидение вакиллари йўқ. Ўйин тугадими, тамом, сен бутун ҳафта хотиржам юрасан.

- Эҳтимол, шунинг учун футбол биринчи рақамли спорт тури эмасдир?

- Йўқ. Миллионлар ўйинининг жадал суръатда ривожланаётганини кўриб турибман ва оммавийлик масаласида баскетбол ҳамда американча футболдан кейин 3-ўринга кўтирилишга улгурди. Айни пайт мамлакатда футбол билан шуғулланаётганлар жуда кўп, хусусан, болалар ва қизлар орасида ҳам.

- Бироқ охирги вақтларда энг катта «силкиниш» Хитойда кузатилмоқда.

- Мен Хитой футболи билан таниш эмасман. Айтишим мумкинки, АҚШда футболчиларга бунчалик катта маблағ сарфламайдилар. Америкача профессионаллик харажат баробарида даромадни таъминлашга қаратилган. Мисол учун, миллий лигада маошнинг маълум меъёри мавжуд. Умуман, барчаси футболни ривожлантириш йўлида амалга татбиқ этилган.

- «Сити»да сиздан ташқари, Давид Вилья бор. Клуб эса «Ювентус» вакили Сами Хедирани ҳам ўз томонига оғдиришни ўйлаяпти.

- Трансферлар бозоридаги ҳолат хусусида тушунчам йўқ - футболчиман-ку ахир. Аслида таркибимизда рақобат анча кучли. Мана, клубга асос солинганидан 2 йил ўтиб, «плей-офф» босқичига чиқдик. Табиийки, олдимизга энг юқори мақсадлар қўйилган ва уларни бажариш учун яхшигина ишлаш талаб этилади.

- Антонио Конте эса MLS кучига ишонмади. Ҳарқалай, Евро-2016га на сиз ва на Себастьян Жовинкони чақирди...

- Футбол ҳамма жойда бир хил ўйналади, шунчаки, MLS бироз олисда. Айтишим жоиз, Конте билан ўртамизда ҳеч қандай сир йўқ эди. Яъни у Евро-2016га бориш мен учун асосий мақсад эмаслигини яхши биларди. Акс ҳолда, «Ювентус»дан кетмасдим-ку. Жовинкога келсак, у «Торонто»да чиндан ҳам, зўр ўйнади. Ҳа, Конте Хитой ва Бельгия чемпионатларида ўйнайдиган футболчиларни ҳам Италия термаси сафига чорлади. Лекин шахсий фикримча, бу лигалар MLSдан кучли эмас.

- Жампьеро Вентура қўл остидаги «Скуадра Адзурра» жаҳон чемпионатига чиқа оладими?

- Ўйлашимча, ҳа. Зеро, итальян футболи охирги йилларда сезиларли даражада ўсди. Дейлик, клубларда ёш соҳиблар иш бошлашди. Футболимизни юқори савияга қайтаётганига шубҳа йўқ. Қаранг, «А» сериясидаги кучли клублар сони 6-7тадан ошди. Айримлар Италия термасининг «плей-офф»да ўйнашига тўғри келишини айтяптилар, бироқ олдинда етарлича ўйинлар борлигини унутмаслик керак. Яхшиси, испанлар биздан чўчишсин...

- Бироқ итальянлардан фақат мураббийлар соврин ютишяпти.

- Италияда азалдан тактикага эътибор баланд. Итальянлар болалик чоғиёқ бу борада билимга эга бўлишади. Шахсан мен ёш футболчиларимиз ҳам яқин келажакда муваффақият қозонишларига ишонаман.

- Дейлик, сиздан кейин бирор ҳамюртингиз «Олтин тўп»га лоақал чинакамига даъвогарлик қилмади.

- Мен сўровнинг финал раундига 30 йиллик танаффусдан кейин жамоавий натижалар туфайли қўшилгандим. Айни пайт кўплаб салоҳиятли футболчиларни кўряпман - Верратти, Белотти, Бернардески, «Аталанта»даги йигитлар.

- «Ювентус» батамом тикландими?

- Клуб ихтиёрида чинакам чемпионлар кўп. Ҳозир Италияда ундан кучли жамоа йўқ. Туринликлар шунчаки, ўз маромларида ўйнасалар, бас, евроаренада ҳам анча узоққа боришлари мумкин. Ҳаттоки, ЧЛда ғалаба қозониш имкониятига эгалар.

- «Интер»чи?

- У ҳам аввалги мавқеини тиклаш ҳаракатида. Таркибида ажойиб ўйинчилар етарли.

- «Милан» ҳақида ҳам шундай фикр билдира оласизми?

- Яқин ойларда жиддий музокаралар бўлиши керак. Ўйин бўйича гапирсам, «россонерлар»нинг  келажаги порлоқ кўринмоқда. Тан олиш жоиз, Винченцо Монтелла катта кўламда иш бажарди. Қувонарлиси, «Милан» сафида маҳаллий йигитлар кўп.

- Энди «Брешиа»га тўхталсангиз...

- Умид қиламанки, дўстим Кристиан Брокки жамоани тўғри йўлга бошлайди.

- «Инстаграм» тармоғидаги саҳифангизда Клинтон ва Трамп ўртасидаги дебат жараёнидан олинган суратни кўриш мумкин...

- Нима бўлишини билмайману, аммо Трампга ишонч билдириш ва ишлашига имкон бериш зарур.

- Яна битта фото: Пирло денгиз соҳилида қуёшни енгилгина тепки билан  уфққа кузатмоқда...

- Омадли сурат. Одатда жарима зарбаларини шундай ижро этаман. Футбол эса ҳаётим мазмуни.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:38, 03.02.2017.
Ўқилди: 6230 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.