Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Самвел Бабаян: «Танқид қилишяптими, демак биз ишлаяпмиз»

Баҳо:
+ | -

Тез орада Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун масъулиятли давр бошланади. Самвел Бабаян шогирдлари ЖЧ-2018 3-саралаш босқичи доирасидаги гуруҳнинг ҳал қилувчи иккинчи давра учрашувларига киришадилар.

2017 йил ҳисобидан дастлабки расмий ўйин 23 мартга белгиланган. Шу куни терма жамоамиз Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида энг яқин таъқибчимиз Сурия меҳмони бўлади. Мазкур ўйин гуруҳ босқичининг 6-тури доирасида ўтказилади. Ҳозирча гуруҳда Самвел Бабаян шогирдлари 9 очко билан 3-ўринни эгаллаб туришибди.

Пешқадам Эронда 11, 2-ўриндаги Жанубий Кореяда 10 очко мавжуд. Терма жамоамиз бўлажак учрашувга тайёргарлик кўряпти. Дастлабки йиғин 21-24 январь кунлари Дубай шаҳрида ташкил этилди. Йиғин доирасида Дания ёшлари ҳамда Грузия миллий жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказилди. 9-14 февраль кунлари эса иккинчи хориж йиғини Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтади.

Биз ўтказилган ва кутилаётган йиғинлар, тайёргарлик, таркибдаги муаммолар, умуман, миллий термамизга боғлиқ муҳим масалалар юзасидан бош мураббий Самвел Бабаяндан интервью олдик.

- Самвел Вячеславович, аввало, сиз билан учрашиб турганимиздан хурсандмиз. Очиғи, бу суҳбатнинг уюштирилишини анчадан бери кутаётгандик. Йўқ демаганингиз учун раҳмат. Албатта, мухлислар ва мутахассисларда ҳам саволлар йиғилиб қолганди.

- Ҳа, ҳақиқатан ҳам матбуот ва мухлислар билан кам мулоқотга киришамиз. Тан оламан, бу менинг айбим. Терма жамоа ҳақида кўп ёзишяпти, танқид қилишяпти. Лекин деярли ҳеч бир фикр чуқур таҳлил натижасида айтилмаяпти. Шу ҳолат мени бироз ранжитмоқда. Балки журналистлар билан кам мулоқот қилишим ҳам бунга сабабдир. Бошқа томондан бунинг ўзига яраша сабаблари ҳам бор. Ёрдамчиларим билан ўйинларни, футболчиларнинг хатти-ҳаракатларини доимий равишда таҳлил қиламиз. Бевосита сафарларга кўп бораман. Шу сабабли ҳам бўш вақт деярли қолмайди. Эътибор берсангиз, бугунга келиб ЖЧ саралаш баҳсларида ўткинчи ўйиннинг ўзи қолмади. Аутсайдер деб қаралган жамоалар ҳам кучли рақибларидан очко тортиб олишяпти. Ҳар бир ўйин - бу алоҳида тарих ва яшаб ўтилган умр. Энди ана шу шиддатли замон футболида бизнинг ўзимизга яраша танлаган йўлимиз, футбол фалсафамиз бор. У нималарни ўз ичига олади? Биз танлаган футболнинг биринчи тамойили - агрессив, яъни тажовузкор, шунингдек, тезкор, вертикал, ҳужумкор ҳамда прессингга асосланган футбол намойишидан иборат. Иккинчи тамойил - юқори интеллектуал футбол. Унинг ичига ўйинни ташкил қилиш, футболчиларнинг бир-бирини юқори даражада тушуниши, ўйиннинг боришига қараб тактикаларни ўзгартириш киради. Учинчи тамойил - миллий терма жамоа манфаати. Яъни, футболчи ўз клуби билан ҳар қандай катта шартномага эга бўлмасин, терма жамоа йиғини ва ўйинига келганда унинг манфаатларини устун қўйиши шарт. Клуб манфаати ҳеч қачон термадан устун бўлмаслиги керак. Ва ниҳоят, тўртинчи тамойил, яъни талаб бу - инсоний сифатлар. Бу фақат футболчиларга тааллуқли талаб эмас. Терма жамоа лагерига қадам босган ҳар бир инсон бу талаб ва мажбуриятларга қатъий тарзда амал қилиши шарт. Терма жамоа - бу бир оила. Ҳа, футболчилар ва ёрдамчиларимга кези келганда жиддий тарзда танбеҳ бераман. Лекин бу сўзлар ҳеч ким ранжимайди. Юқоридаги дастлабки учта талабга жавоб берса-ю, сўнггисига мос келмаса, биз ундай футболчидан воз кечамиз. Бу оиланинг талаблари шундай жиддий. Кейин мен футболчиларнинг айни пайтдаги ҳолати билан ҳисоблашаман. Биласизми, шундай вазиятлар ҳам бўладики, футболчи ўз клубида яхши ўйин намойиш этмаслиги мумкин. Лекин терма жамоада аксинча. Бунга Марат Бикмаевни мисол тариқасида келтиришим мумкин. У терманинг илгари сурилган барча талабларига жавоб беради. Иккита ўйинда термамизнинг ўта муҳим голларини урди. Аксинча ҳолат ҳам бўлди. Аниқроғи, футболчи клуб манфаатини термадан юқори қўйган. Биз 3та муҳим қадамни ташладик. Афсуски, икки учрашувда мағлубият аламини тотиб кўрдик. Эрон ва Ж.Кореяга қарши кечган учрашувларда дуранг адолатли натижа бўларди. Лекин бу ўйинларда омадимиз келмади. Рақиб жамоанинг маҳорати ва тажрибаси ижобий натижа кўрсатишимизга тўсқинлик қилди. Кучлилар кичик хатони ҳам кечирмайди. Ж.Корея термаси билан ўйинни бир неча маротаба таҳлил қилдим. Умумий ўйин бўйича йигитларга жиддий эътироз йўқ. Фақат айрим вазиятларда концентрацияни йўқотиб қўйишди. Мақсадимиз тўхтаб қолмай, олдинга интилиш. Бизни Сурияга қарши муҳим ўйин кутиб турибди. Рақиб жуда ҳам кучли. Ўз майдонида Эрон ва Кореядан очко тортиб олди. Сурияни саралаш босқичида ўтказган ўйинлари орқали ўрганяпмиз.

- Дубайда ўтказилган йиғиндан кўнглингиз тўлдими?

- Биринчи навбатда, ушбу йиғинни ташкил этиб берган ЎФФга раҳмат. Шунингдек, параллель равишда ўз йиғинларини ўтказаётган клубларга ўз футболчиларини терма жамоа ихтиёрига қўйиб юборганликлари учун миннатдорчилик билдираман. Ўз ўрнида биз ҳам клублар манфаатини ҳимоя қилишга интиляпмиз. Мисол учун, ОЧЛ ўйинига тайёргарлик кўраётган «Локомотив»га ёрдам бериш мақсадида терма жамоа режаларига ўзгартириш киритдик. Туркиядаги йиғинимиз чоғида асосий ўйин ҳисобланган «Амкар»га қарши учрашувни 12 февралдан 10-санага кўчирдик. Кўрпани ҳамма ўз томонига тортаверса, яхши эмас. Ўзбек футболи учун ОЧЛ ҳам муҳим.

- Туркиядаги йиғин ҳақида маълумот берсангиз. Иккинчи рақиб номига ҳали ойдинлик киритилмадими?

- Россиянинг «Амкар» клубига қарши 10 февраль куни ўтказиладиган ўртоқлик ўйинимизда асосий таркиб футболчилари ҳаракат қилишади. Иккинчи ўйинимиз 11 февралга мўлжалланмоқда. Шу кунларда рақиб номига ойдинлик киритилади. Мазкур баҳсда «Локомотив» футболчилари иштирок этишмайди.

- Ўртоқлик ўйини учун терма жамоанинг танланмагани муаммо эмасми?

- Йўқ. Уч кунлик йиғин учун бу нормал ҳолат. Ҳали мазкур йиғиндан ташқари қиладиган ишларимиз ҳам кўп. Грузия ва Дания ёшлари билан ўтказилган учрашувларни таҳлил қилишимиз керак. «Амкар» ҳам кучсиз рақиб эмас. Россия премьер-лигасида 6-ўринни эгаллаб турибди.

- Терма жамоамизнинг клублар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказаётгани турлича талқин қилинмоқда. Бу борада сизга руҳий томондан осон бўлмайди. Шундай эмасми?

- ФИФА кунларидан ташқарида терма жамоалар билан ўйинлар ўтказишимиз қийин. Буни мухлислар тўғри тушунишлари керак. Грузия ва «Амкар»га қарши ўйинларни шахсий муносабатларим туфайли ташкил этишга эришдик. Вайс билан жуда яхши алоқадамиз. У билан шахсан ўзим телефон орқали гаплашдим. Грузияни ҳам бежизга танламадик. Улар ўйин услублари бўйича Сурия терма жамоасига ўхшаб кетишади. Хабарингиз бор, Арманистон билан ўйинимиз бекор қилинди. Арманлар режаларини ўзгартириб, Туркиядаги йиғинларини Кипрга кўчиришди. Бизнинг ҳам Кипрга боришимиз ва ўша ерда ўйин ўтказишимизни сўрашди. Аммо бу бизнинг режаларга тўғри келмади.

- БАА йиғинида иштирок этган янги футболчилар қандай таассурот қолдиришди?

- Ҳар бир футболчининг хатти-ҳаракатлари ҳақидаги тўлиқ маълумотлар бор. Ҳали буни таҳлил қиламиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам терма жамоа йиғинида энг истеъдодли футболчилар иштирок этишди. Айрим ўйинчиларимиз бўйича клубларга тегишли кўрсатмаларни бердик. Кўпроқ нималар устида ишлашини айтдик. Улардан айримларини Туркия йиғинига ҳам жалб қиламиз.

- Кучли чемпионат негизида кучли терма жамоа шаклланади, дейишади. Шу маънода, бизнинг олий лигага қандай таъриф берган бўлардингиз?

- Рақобатбардош клублар бор, лекин етарли даражада эмас. Асосийси, терма жамоага номзод футболчилар яхши клубларда ўйнашяпти. Ўтган йили ўтказилган «Локомотив»-«Пахтакор», «Пахтакор»-«Бунёдкор» ўйинларини мен бемалол ОЧЛ даражасидаги учрашувлар қаторига қўшаман. Аммо бу кам.

- Сурияга қарши ўтказиладиган ўйин олдидан ташкил этиладиган йиғин режаси тасдиқландими?

- 14 ёки 15 март куни Тошкентга йиғиламиз. Бу ерда терма жамоамиз икки таркибга бўлинган ҳолда ўйин ўтказади. 18 март куни эса Малайзияга жўнаб кетамиз.

- Терма жамоага у ёки бу футболчининг таклиф этилишини бош мураббий ҳал қилади. Лекин баъзан футболчи ўз шартини қўйган ҳолатлар ҳам учраб турар экан. Бунга муносабатингиз қандай?

- Юқорида мен терма жамоани оилага қиёсладим. Оила - бу ёпиқ ҳудуд. Мухлисларнинг унга киришга ҳаққи йўқ. Улар терма жамоага мухлислик қилишлари ва муваффақиятларидан хушнуд бўлишлари лозим. Ҳар бир оиланинг ўзига яраша муаммолари бор. Уларни кўчага олиб чиқиб, достон қилиш шарт эмас. Мен танқиддан қўрқмайман. Танқид қилишяптими, демак биз ишлаяпмиз.

- Энг катта муаммолардан бири ҳужум чизиғи бўлиб қоляпти. Асосий ҳужумчимиз Игорь Сергеевнинг гол урмаётгани барчамизни ташвишга соляпти. Бу муаммони қандай ҳал қилмоқчисиз?

- Ҳужум чизиғида тажрибали футболчиларга эгамиз. Сергеевдан ташқари, Александр Гейнрих, Марат Бикмаев ва Элдор Шомуродовни айтишим мумкин. Шу боис, ҳужумда катта муаммолар бор, демаган бўлардим. Игорга келсак, у менинг илтимосимга биноан «Пахтакор»га қайтди. Сабаби, уни олдинги ҳолатига қайтаришимиз лозим. Сергеевга ҳозир ҳам хориж клубларидан яхшигина таклифлар бўлганди. Шунга қарамай, у «Пахтакор»га қайтишга қарор қилди. Сергеев ўз устида тинмай ишлаяпти. Ишончим комил, Игорь аввалги спорт формасини тиклаб, яна гол ура бошлайди. Унинг ўсаётганини кўряпман. Хитойда ўйнаб юрган кезлари ҳам иккита ажойиб гол уришга муваффақ бўлди.

- Терма жамоага номзод ярим ҳимоячи Жалолиддин Машариповнинг «Пахтакор»дан «Локомотив»га ўтишига қандай муносабат билдирасиз?

- Бу фақат терма жамоа манфаати учун хизмат қилади. Боиси, у «Локомотив» билан ОЧЛ ўйинларида майдонга тушиб, тажрибасини янада оширади.

- Одил Аҳмедов Хитой клубига кўчиб ўтди. Бу терма жамоа сардори томонидан қабул қилинган тўғри қарор бўлдими?

- Хитой чемпионати бугунги кунда Осиёнинг энг кучли лигасига айланди, десам хато бўлмайди. Чин юрти жамоалари кўзга кўринган юлдуз футболчиларни ўз сафига қўшиб оляпти. Бундай рақобатда Одил янада кучли бўлади. Шуларни инобатга олиб, Аҳмедовнинг қарорини қўллаб-қувватлайман.

- Сервер Жепаровда муаммолар пайдо бўлибди. Бу ҳақда эшитдингизми?

- Сервернинг ўзи билан гаплашдим. Муаммолар бартараф этилди. У Эрон биринчилигида ўйнайди. Ушбу мамлакат чемпионати ҳам кучли ҳисобланади.

- ЖЧ-2018 3-саралаш босқичининг ўтган йилги Тошкентда ўтказилган ўйинларидан сўнг футболчиларимиз билан суҳбатлашганимизда, уларнинг аксарияти «Бунёдкор» стадиони майдонининг қаттиқлигидан шикоят қилишганди. Шуни инобатга олган ҳолда уй учрашувларини «Пахтакор»да ўтказишнинг иложи йўқми?

- Термамиз «Бунёдкор» ва «Пахтакор» стадионларида уй учрашувларини қабул қилиш ҳуқуқига эга. Раҳбарият «Бунёдкор» аренасида ўйинларни ўтказишимизни лозим топди. Бу суперзамонавий стадион. Ҳозирда энг кучли мутахассислар майдоннинг ҳолатини янада яхшилаш учун жалб этилган. Шу жумладан, «Пахтакор» стадиони мутахассислари ҳам. Ўйлайманки, ўйин кунига қадар майдон ҳолати идеал кўринишга келтирилади.

- Шу кунгача Тошкентда Эрон ва Кореяни мағлуб эта олмадик. Ғалабанинг калити борми? Балки сизнинг мураббийлик даврингизда бу нохуш анъанага чек қўйилар?

- Рақиб жамоа таркибидаги футболчиларнинг маҳоратини ҳам тан олиш керак. Бу икки терма билан ўйинларда йўл қўйилган хатоларни бошқалар кечириши мумкин эди, фақат Эрон ва Корея эмас. Кичик хато қимматга тушади. «Боруссия» Д. ва «Аугсбург» клуби футболчилари индивиудал ҳаракатлари эвазига Кореяга муҳим ғалабани тақдим этишди. Тан олиш керак, бизда ўша даража ва савиядаги ўйинчилар йўқ. Лекин ўйинни ташкил қилиш бўйича биз номдор рақибларга ютқазмадик.

- Эрон ва Корея термалари таркибида захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтира оладиган футболчилар бор. Ушбу масалада рақиб жамоа мураббийларига осон. Лекин биз бу борада мақтана олмаймиз. Фикримга қўшиласизми?

- Юз фоиз қўшиламан. Ҳозир терма жамоа даражасидаги 13 ёки 14 нафар футболчига эгамиз. Қолганлар деярли бир хил савиядаги ўйинчилар. Буни ҳам тан олиш керак. Қолаверса, биз ўтган йили ўтказилган учрашувларнинг ҳеч бирида оптимал таркиб билан ўйнамадик. Эрон билан муҳим баҳсда Одил Аҳмедов майдонга тушмади. Жанубий Кореяга қарши кечган учрашувда бизга сув ва ҳаводек зарур бўлган Жепаров ва Ҳайдаровнинг хизматларидан фойдалана олмадик. Ўша ўйинда айнан майдон марказида тўпни назорат қилишимиз талаб этилганди. Ўйлайманки, саралашнинг қолган 5та учрашувида бундай муаммолар бизни четлаб ўтади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:33, 04.02.2017.
Ўқилди: 15452 марта.
Фикрлар: 42 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.