Англия Премьер Лигасининг навбатдаги турида “Суонси”дан мағлубиятга учраган Клаудио Ранери шогирдлари 18-ўринда бораётган “Халл Сити”дан атиги бир очкога олдинда бормоқда. Воқеалар ривожи шу тарзда кетадиган бўлса, “тулкилар” “шаҳарликлар”нинг тарихий анти-рекордини такрорлаши мумкин.
“Суонси” клубининг ишлари сўнгги пайтларда анча ўнгидан келмоқда. Сўнгги тўрт учрашувда 3 ғалаба қозонган “Суонси” хавфли зонадан бироз узоқлашгандек. Моусон ва Олссонларнинг киритган голлари “Лестер” устидан ғалаба қозонишга етарли бўлди. Жамоага Пол Клементнинг келиши Уэлс жамоасига ижобий таъсирини кўрсатмоқда, шекилли.
Премьер Лигада 14-мағлубиятини қабул қилиб олган “тулкилар” эса хавфли зонадан бор-йўғи 1 очко олдинда бормоқда. Шу тариқа Жейми Варди жамоадошлари кетма-кет бешинчи мағлубиятини қабул қилишди. Ўтган мавсумда эса “Лестер” атиги уч бора мағлубиятга учраганди холос.
Ранери вазиятдан чиқа оладими?
Ўтган йилги натижаларини кўрсатишга “Лестер”да ҳеч қандай имконият йўқ. Бироқ, Англиянинг амалдаги чемпионлари чемпионатда жон сақлаб қолишлари мумкин. Бундай воқеа рўй бермаса, “Лестер” “Манчестер Сити” каби чемпионликни қўлга киритгандан сўнг кейинги мавсумда Премьер Лигани тарк этган иккинчи жамоага айланиб, тарих зарварақларида қолиши мумкин.
Премьер Лигада “шаҳарликлар” бундай натижага эга ягона жамоа ҳисобланишади. “Манчестер Сити” 1937-йил майида ўз тарихида илк Премьер Лига чемпионлигини қўлга киритган бўлса, бирр йил ўтиб, 1937/1938-йилги мавсум якунига кўра 22 жамоа ичида 21-ўринни банд этган. Чемпионатнинг энг ҳужумкор жамоаси (80 гол) бўлиши ҳам «Сити»ни Премьер Лигада сақлаб қололмаган.
Ҳозирча Клаудио Ранери шогирдлари ҳужумда энг ёмон натижа кўрсатаётган учинчи жамоа ҳисобланади. Чемпионат тугашига 13 тур қолган бир пайтда, италиялик мураббий вазиятни ўнглай оладими ? Буни эса вақт кўрсатади, албатта.