Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Буффон: «Мадҳияга ҳуштакбозлик қилиш – ахмоқлик»

Баҳо:
+ | -

Туриннинг «Ювентус» клуби ва Италия терма жамоаси дарвозаларини ҳамон ишонч билан қўриқлаётган Жанлуижи Буффон 39 ёшга тўлди. Лекин унинг майдондаги ҳаракатлари ва «сейв»ларини кўриб, бунга ишониш қийин. Қизиқ, Буффон нега «қаримайди»? Нима сабабдан унинг ўзига нисбатан ишончи сира сусаймайди? Франциянинг L`Equipe нашри бу саволларга жавоб излаб, дарвозабон билан катта интервью уюштирди.

- Жанлуижи, фаолиятингиз бошлангандан бери шу пайтгача неч-та ўйинда майдонга тушганингизни биласизми?

- Вой-бўй (кулади)! Менимча, Италия чемпионатида олти юзтача ўйиним бордир...

- Йўқ, шу пайтгача 1007та расмий учрашувда ўйнагансиз (интервью чоп этилганда эса 1014та ўйин бўлганди).

- Йўғ-е? Ростдан-а?! Буни билмасдим!

- Хўш, энди таассуротлар қандай?

- (Жилмайиб) Биласизми, менимча, бу ерда гап ўйинларнинг сонига боғлиқ эмас. Муҳими - қилаётган ишингга, мақсадларингга бўлган ишонч.

- Мингдан ортиқ расмий ўйинлар, бунақа рекорддан кейин фаолиятингиз нақадар буюк эканини ўзингиз ҳам сезаётгандирсиз?

- Тўғрисини айтсам, фаолиятимни буюк деб баҳоламаган бўлардим. Ҳа, терма жамоа ёки «А» сериядаги илк расмий ўйинимни эслайман. Лекин ҳеч қачон қандайдир рекордлар ҳақида ўйламаганман. Бошқача айтганда, қайсидир бир омилга қаттиқ эътибор қаратмаслик керак. Акс ҳолда, бу сени ҳалокатга етаклаши мумкин.

- Айни вақт сиз учун энг мураккаб нарса нима?

- Жисмоний ҳолатимдан ташвишда эмасман: у икки йил олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Бироқ навбатдаги ҳар бир ўйинга руҳан тайёргарлик кўриш осон бўлмаяпти. Қизиғи шундаки, мен учун учрашувлар қанчалик муҳим ва мураккабдек туюлса, уларга тайёрланиш шунчалик осон кечади. Одатий ўйинларга руҳан ҳозирланиш эса борган сари қийинлашиб бормоқда.

- Иштиёқни сақлаб қолишнинг сири нимада?

- Бу ерда ҳаммаси ички туйғуларга боғлиқ. Дейлик, мен - киперман ва бу катта масъулиятни талаб этади. Шу сабабли, диққат-эътиборни мудом дарвозам хавфсизлигига қаратишга мажбурман. Бу фикр мени 90 дақиқа бир хил ушлаб туради.

- Франческо Тотти, Хавьер Занетти ва Паоло Мальдинилар узоқ йиллик фаолиятларини фақат бир клубда олиб боришган. Демак, ягона жамоага содиқ қолиш - фаолиятнинг кутилганидан кўра кўпроқ давом этишига сабаб бўлар эканда-а?!

- Ўйлашимча, бу аксинча, қийинчилик туғдиради. Негаки, айни ҳолатда сиздаги масъулият, жавобгарлик ҳисси икки баробар кучаяди. Зеро фақат бир клубда юрганингиздан кейин, атрофингиздаги муҳит ва одамларга ўзингиз истамаган ҳолда кўникиб қоласиз. Шу боис, кундалик машғулотларда иштиёқ пасайиши ҳам ҳеч гап эмас. Жамоасини тез-тез алмаштириб турадиган футболчиларда эса янгидан-янги мотивация пайдо бўлаверади.

- Нега клубингизни ҳеч алмаштирмайсиз?

- Чунки менинг ҳаётимда айрим қадрли жиҳатлар бор. Улардан бири - мен билан ажойиб муносабатда бўлаётган шу клуб, жамоадошларим ва мухлислар учун боримни бериш.

- Эҳтимол, айнан шу нарса клубга муҳаббат деб аталар?

- Балки, шундайдир. Менимча, «Ювентус» кичикроқ клуб бўлганида, мен бу ерда 20 йилдан кўпроқ қолмасдим.

- Ўтган йилнинг 6 октябрида Испания терма жамоасига қарши кечган баҳсда қўпол хатога йўл қўйдингиз. Бу эса ёшингизга боғлиқ гап-сўзларнинг авж олишига замин яратди...

- Биласизми, ўйлашимча, ҳар қайси инсон йил давомида бир-иккита хато қилади. Мен адашсам, дарҳол бу ҳақда шов-шув кўтарилади. Ҳа, 39 ёшга кирдим ва бу ҳолатда табиийки, танқидчиларга жон киради. Лекин унутмаслик лозим, мен 30 ёшимда ҳам, 35 ёшимда ҳам янглишганман. Хатолар - ҳар бир инсоннинг ажралмас қисми. Очиғини айтсам, доим ўзимни-ўзим танқид қилиб келаман. Агар кунларнинг бирида ёшим ўтиб қолгани учунгина қўпол хатолар қилаётганимни сезсам, билингки, Буффоннинг вақти ўтибди. Бу ҳақда қарорни биринчи бўлиб мен чиқараман.

- Энг қизиғи, худди ўша ўйиндан кейин, 18 октябрда ЧЛ доирасидаги баҳсда «Лион»нинг барча ҳужумларини йўққа чиқариб, ажо-йиб ҳаракат қилдингиз. Бу танқидларга боғлиқ эмасмиди?

- Албатта, танқидлар мени руҳлантиради. Лекин яна қайтараман, қачондир футболдан кетсам, бу ишни танқидлардан чарчаганим учун эмас, балки ўзим шу қарорга келганим туфайлигина қиламан.

- Фаолиятни якунлаш ҳақида ўйламаяпсизми?

- Аввало, шуни яхшилаб тушуниб олиш лозим: ортингда 23 йиллик фаолият турганидан сўнг, якунда у 24 бўлди нима-ю, 25 бўлди нима?! Борди-ю, олтинчи ЖЧда ҳам иштирок эта олсам, бундан бениҳоя қувонардим. Мана шу - менинг асосий мақсадим.

- Демак, бутсаларингизни Россияда ўтадиган мундиалдан кейин михга иласиз?

- Бунинг эҳтимоли юқори. Ўйлашимча, худди шундай бўлади.

- 1 сентябрь куни Франция терма жамоасига қарши ўтган ўйинда баъзи мухлислар «Марсельеза» (Франция мадҳияси) ижро этилаётган вақтда ҳуштакбозлик қилишди. Сиз эса дарҳол уларни тинчлантиришга тушдингиз. Нега?

- Чунки мамлакат мадҳиясини мазах қилиш - ўз отангиз ёки онангизни камситишдек гап. Гимнлар ортида қайсидир халқнинг бегуноҳ тўкилган қони, орзу-умидлари, чеккан азоб-уқубатлари ётибди. Кимлардир бунинг учун жонини фидо қилган. Мадҳияга ҳуштакбозлик қилиш - аҳмоқлик...

- Италия мадҳияси янграганида сиз унга бемисл содиқлик билан жўр бўласиз...

- Ёшлик чоғларимда ҳиссиётлар ҳозиргидек кучли сезилмасди. Лекин бу - одатий ҳолат. Чунки инсон улғайгани сари, атрофдаги воқеа-ҳодисаларни чуқурроқ англай бошлайди. Айни пайт мен учун мадҳиянинг моҳияти улкан. Чунончи, ҳар гал таниш оҳангларни эшитганимда, аждодларим хотирасини ёдга оламан.

- Кийиниш хонасида ўзингизни «қария»дек тутмаяпсизми? Ахир, мода, мусиқа тез ўзгаради...

- Афтидан, жуда мослашувчан инсонман. Яъни ҳар қандай шароитга тезда кўникиб кетаверман. Ҳа, ҳозирги ёшларнинг диди нозикроқ, аммо мен ҳам ўз вақтида ёш бўлганман ва буни асло унутмайман. Агар ўзимни нисбатан ёши кичикроқ инсонлар даврасида қулай ҳис қилмоқчи бўлсам, муҳитга мослашишим зарурлигини яхши тушунаман.

- Дейлик, Марио Балотелли - ҳозирги ёшларнинг типик вакили. У сизнинг даврингиздаги ҳужумчилардан фарқ қиладими?

- Балотеллими?.. (ўйланиб) Ишонинг, мен Мариодек яхши инсонларни ҳаётда кўп учратмаганман. Ростдан ҳам, у - «тилла бола». Балотелли ҳақида норози оҳангда гапириш - хато, менимча. Ҳа, у ўз тенгдошларига ўхшамаслиги мумкин, лекин инсон сифатида қаралса, Марио жуда яхши йигит.

- Бироқ унинг фаолияти кутилганидек давом этмаяпти...

- Ахир эндигина 26 ёшга кирди. Эҳтимол, Балотелли яна 10 йил юқори савияда тўп сурар? Буни ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмайди-ку, тўғрими?

- Замонавий ёшлар сизлардан нимаси билан фарқ қилади?

- Менимча, уларнинг қизиқиш доираси бизнинг даврдагидан кўра кенгроқ. Ҳозирги авлод вакиллари бир нарсадан иккинчисига тезда чалғиб кетаверишади. Ҳаттоки, эришилган ютуқлар аҳамиятини ҳам охиригача ҳис қилишмайди. Дейлик, бугун сенинг ҳисобингда кўп сонли «фолловер»лар бор, кўчада одамлар учратиб қолишса, шундай дейишади: «Эй, мен сени телевизорда кўргандим!». Бизнинг даврда бундай эмасди.

- Аммо «Твиттер»да сизнинг ҳам ўз саҳифангиз бор...

- Ҳа, бор. Бироқ мен унга бутунлай боғланиб қолмаганман. Фарқ ана шунда! Дейлик, мен - Ер аҳолисининг бир қисмиман ва шу боис, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишим мумкин. Аммо шахсий буюмларим, оилавий суратлар фақат ўзимга тегишли. Уларни ҳеч қачон омма эътиборига ҳавола қилмайман!

- Жижи, қандай қилиб дарвозабон бўлиб қолгансиз?

- (Кулади) Биласизми, аслида майдон ўйинчиси эдим. Лекин пешонамда шундай ёзилган экан, киперликни танладим. Биринчи марта дарвозада туриш хоҳиши туғилганида, отам шундай деганди: «Ўзингни янги ўринда бир йилча синаб кўр. Ёқмаса, танловни яна ўзгартираверасан». Ўшанда 12 яшарли ўсмир эдим. Бу ҳолатни жавондаги сирли қутичага ўхшатаман: қизиқиб, бир қарадингми, тамом, ундан кўз узолмайсан.

- Ўйин вақтида қувончга берилган пайтингиз бўладими?

- Қачонки, ҳакамнинг ҳуштаги чалиниб, ҳаммаси биз учун яхшилик билан тугаса, билингки, дунёда мендан бахтлироқ одам йўқ! Ўйлашимча, бу - ҳужумчилар гол урганида ҳис этадиган туйғудан кейин иккинчи ўринда турса керак. Аммо қайтараман, бу фақат бир марта - ҳакамнинг финал ҳуштаги янграганида рўй беради, холос.

- Наҳотки, антиқа «сейв»ни амалга оширгандан кейин ҳам қувонч ҳиссини туймасангиз?!

- Йўқ! Сабаби, ҳар қандай «сейв»дан сўнг бурчак зарбаси пайдо бўлади! Шундай экан, ўйин якунланмадими, демак севинишга ҳали эрта.

- Жуда кўп устозлар билан ишлагансиз. Мураббийлар учун энг муҳим жиҳат нима, сизнингча?

- Кийиниш хонасидаги салобат ва футболчилар шахсига ҳурмат билан ёндашиш. Энг муҳими - шу. Мураббий ҳар бир ўйинчининг феъл-атворини, хулқини, одатларини яхши билиши лозим.

- Хўш, унда тактика-чи?

- Тактика ғалаба учун ёрдам беради, бу аниқ. Аммо буюк футболчилар жамоага тактикадан ҳам кўпроқ нарса беришга қодирлар. Қўл остингдагиларнинг савияси қанчалик баланд бўлса, ижрочилар маҳоратига шунчалик катта ишонч билдириш мумкин.

- Бизнингча, Марко Верраттига терма жамоада унчалик аҳамият берилмаяпти. Сиз қандай фикрдасиз?

- Марко - улкан истеъдод соҳиби. Бундай футболчилар ҳар қайси терма жамоа учун ғоят муҳим. Ҳа, у вақти-вақти билан захирада қолиб кетяпти. Чунки бизда Даниэле Де Росси каби ярим ҳимоячилар бор ва улар ҳамон сафда. Лекин кунлар келиб, Верратти Италия термасининг яққол етакчисига айланишига асло шубҳа қилмайман.

- Хуллас, у сиз билан бирга Россия-2018га боради, шундайми?

- Марко навбатдаги ЖЧда қатнашади, бу юз фоиз аниқ... Умид қиламанки, мундиалда мени ҳам кўрасиз...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:55, 23.02.2017.
Ўқилди: 5674 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.