Яна саноқли кунлардан сўнг барча футбол ихлосмандлари Ўзбекистон Олий лигаси ўйинларини кузатиб бориши мумкин бўлади.
Барча жамоалар сингари "Навбаҳор" жамоаси ҳам ўз таркибини кучайтиришга эришди. Трансфер бозорида "Навбаҳор" ҳамда "Бухоро" жамоалари анча фаол бўлишди.
"Навбаҳор" жамоаси ўз сафига ўндан зиёд футболчини қўшиб олди - ўз навбатида клубни шунга яқин ўйинчилар тарк этди.
Дарвоза чизиғи нисбатан кучайтирилди. Акмал Ортиқов тўлақонли клуб аъзосига айланган бўлса, унга рақобатчи сифатида Асилбек Аманов жамоага таклиф этилди.
Ҳимоя чизиғи ҳам анча кучайтирилгани бор гап. "Нефтчи" жамоасидан собиқ "навбаҳорчилар" ортга қайтди. Жаҳонгир Меҳмонов ҳамда Алишер Саматов яна Наманганда тўп суришади.
Шунингдек, ҳимоя қўрғонига наманганлик Ғиёс Комилов ва яна бир собиқ "лочинлар" вакили Ҳасанбой Эргашевлар ҳам қўшилишган. Сербиялик Дарко Станоевич билан эса ҳимоя чизиғи янада кучайтирилди.
Ярим ҳимоя - "Навбаҳор"нинг энг кучли чизиғига айланди дейиш мумкин. "Пахтакор"дан Равшан Хурсанов, Алишер Мирзаев, Аббос Отахонов ва Тимур Толипов жамоага қўшилишган.
Бундан ташқари, "Нефтчи"дан Мансур Саидов ҳамда сўнгги вақтда хорижда тўп сурган Ойбек Қиличев ҳам "Навбаҳор"да тўп суришади.
Мирзоҳид Ғофуров ҳамда Абдулазиз Султонов яна "Навбаҳор"га қайтишди.
Ҳужум чизиғидан эса болқонлик Неманья Йованович ҳамда Рўзимбой Аҳмедов жой эгаллашди.
Ўтган йилги таркибдан жамоани Артур Парванов, Александр Корнейчук, Мурод Тўйчибоев, Азиз Мамазоитов, Акрам Баҳриддинов, Қаҳрамон Муҳаммаджонов, Алишер Маҳмудов, Ислом Исоқжонов, Владислав Нуриев, Владислав Алексин ва Абдумалик Абдуллаев тарк этишди.