ЕЧЛнинг бу йилги баҳсларини кузата туриб, «Монако» сафидаги қоратанли нотаниш йигитчанинг ҳаракатларидан ҳайратга тушганлар кўп бўлди. Айниқса, «Манчестер Сити»га қарши кечган ҳар икки ўйинда тиниб-тинчимас йигитча «шаҳарликлар» дарвозасини ишғол қилиб, охир-оқибат жамоасининг чорак финалга йўл олишида асосий роллардан бирини бажарди. Бу каби фаоллик, табиийки, ОАВ вакилларини Килиан Мбаппе ҳақида алоҳида мақола тайёрлашга ундади.
Очиғини айтганда, Мбаппенинг иқтидори - Франция учун янгилик эмас. Чунончи, 2012 йилиёқ 14 ёшли болакайнинг уйига кимсан Зайниддин Зиданнинг шахсан ўзи ташриф буюриб, уни Мадридга олиб кетишга ҳаракат қилиб кўрган. Аммо ўшанда Килианнинг отаси Зиданга рад жавобини берганди. Шу тариқа, Мбаппе «Реал»га эмас, «Монако»га йўл олди. Эҳтимол, тез орада мадридликлар яна Килианни безовта қилишар, аммо шуниси аниқки, бу гал ўртага катта пул тикилади.
Килианнинг отаси Вилфрид - алоҳида тарих бўлиб, асли Камерун фуқароси ҳисобланади. У мураббийлик билан шуғулланиш асносида ўз юртида орзулари ушалмаслигини ҳис қилгач, Францияга кўчиб келиб, ишини шу ерда давом эттиради. Эътиборлиси, Вилфриднинг энг яхши шогирдлари унинг уйида тарбия топишди. Жумладан, оиланинг асранди ўғли Кембо-Экоко бир неча йил Франция ёшлар терма жамоасида тўп сургач, олти мавсум «Ренн» клуби шарафини ҳимоя қилди. Кейин эса араб ўлкаларида ўйнади.
Бироқ Килиан Мбаппе иқтидор борасида тутинган акасидан кўра устунроқ бўлиб чиқди. Жумладан, у ўтган йили ёзда ташкил этилган Евро-(U-19)да ўзини кўрсатиб, мухлису мутахассислар эътиборига тушди. Франция терма жамоаси якунда бош совринни қўлга киритди, Мбаппе эса кутилганидек, MVP сафидан ўрин олди.
Июль ойидан мамлакат Мбаппени Лига 1 баҳсларида кузата бошлади. Йигитча эса ўзининг ишончли ўйинлари билан тезда омма меҳрини қозонди.
Кучли томонлари
Ҳавас қиларли тезликка эга бўлган Мбаппе тўп билан енгил муомала қилиб, уни ўзига осонгина бўйсундиради. Бу эса табиийки, футболчини қанотларда жуда хавфли рақибга айлантиради. Шунингдек, Килианнинг бошланғич тезлиги ҳам ажойиб: кутилмаганда ҳар қайси ҳимоячини ортда қолдириши мумкин.
Юқорида айтилганидек, Мбаппе тўп билан ўта эҳтиёткор муомалада бўлади. Энг муҳими, коптокни катта тезлик билан кетаётган пайтида ҳам яхши назорат қилади. Килиан, шунингдек, анча дадил футболчи, таниқли ҳимоячилардан заррача ҳайиқмайди. Тўғри, ўзига ортиқча ишониши баъзи ҳолларда йигитчани уялтириб қўйиши айни ҳақиқат. Ҳечқиси йўқ, вақтлар ўтгани сайин бу камчиликни йўқотишнинг имкони бор.
Мбаппенинг ижрочилик қобилияти ҳам чакки эмас. Хусусан, унинг 74 фоиз зарбалари дарвозага тўғри боради. 30,4 фоиз ҳолатларда эса бу уринишлар гол билан якунланади. Шубҳасиз, ушбу рақамлар йигитчада ўткир ҳужумчига хос алоҳида иқтидор борлигини кўрсатади. Килианнинг эндигина 18 ёшга тўлганини инобатга олсак, ҳали унинг очилмаган қирралари кўплиги шубҳасиз.
Кучсиз томонлари
Дриблинг. Бошқача айтганда, Мбаппе тўп билан қўрқмай муомала қилади-ю, аммо кўпинча ўзига ҳаддан ортиқ ишониб юбориши туфайли тез-тез хатога йўл қўяди. Шу боис, Килиан ҳар учинчи уринишдагина рақибларини алдаб ўтишни уддалайди. 34,4 фоиз - ёш французнинг дриблинг кўрсаткичлари.
Айтганча, Мбаппе ҳозирча жисмоний қуввати билан ҳам мақтанолмайди. Бироқ ёддан чиқармаслик керакки, 18 яшарли вингер учун бу оддий ҳолат саналади. Ундан тўпни тез-тез олиб қўйишларининг сабаби шунда. Йигитчанинг ҳаводаги курашлар чоғидаги устунлиги 10 фоиз эканига ҳам ҳозирча ажабланмаслик лозим.
Мбаппега хос камчиликлардан яна бири - беқарорлик. Зеро йигитча қайсидир ўйинларда порласа, баъзиларида умуман кўзга ташланмайди.
Ўйин услуби
Мбаппе - тезкор ва дадил вингер бўлиб, обрўли рақибларни асло писанд қилмайди. Шунингдек, ҳар икки қанотда, ҳужумчи ортида бирдек самарали ўйнашга қодир. Қанотлар бўйлаб олдинга ташланиб, марказга ёриб киришни хуш кўради. Имкон туғилди дегунча, дарвозани нишонга олади. Францияда Килианни Тьерри Анрига қиёслашади. Аммо бизнингча, унинг ўйинлари кўпроқ Антони Мартиалникига ўхшаб кетади. Нима бўлганда ҳам, Мбаппенинг ҳозиргача эришган ютуқлари ҳар икки ватандошиникидан кўра қадрлироқ: Анри 18 ёшида 22та ўйин ўтказиб, 3тагина гол урган бўлса, Мартиаль уч йил аввал 15 ўйинда бор-йўғи иккита тўп киритганди. 18 ёшли Мбаппе эса мавсум бошидан бери рақиблар дарвозасини 12 марта аниқ нишонга олишга улгурди. Хулоса ўзингиздан...
Фикрлар
Таниқли француз таҳлилчиси Жюльен Лорен Мбаппе иштирокидаги ёрқин ўйинларнинг биридан кейин ҳозирги Килианнинг 18 ёшли Анридан кучли эканини таъкидлади. Шунга ўхшаш фикрни аввалроқ Арсен Венгер ҳам билдирганди.
Француз 14 ёшида «Реал»га ўтишдан воз кечди. Ваҳоланки, у айнан «Қироллик клуби» мухлиси саналади. 17 ёшида эса жамоадошлари олдида «Монако» юлдузи бўлишга қасам ичди. Килиан учун дунёда футболдан кўра севимлироқ машғулотнинг ўзи йўқ, ҳисоби: у кунига беш-олтита ўйинни томоша қилиб, тажриба оширади.
Аксарият ҳолларда сўнгги қарорни Килианнинг отаси қабул қилади. Хусусан, «Манчестер Сити» томонидан Мбаппе учун «Монако»га таклиф қилинган 40 миллион фунт айнан Вилфрид сабабли рад этилди. Европа Чемпионлар Лигаси нимчорак финалида эса бу йигитча «шаҳарликлар»ни роса тер тўкишга мажбур қилди. Хуллас, Мбаппенинг нархи ўйиндан-ўйинга ошмоқда ва кузда уни бирор-бир топ-клуб сафида кўриб қолсак, асло ажабланмаймиз.
Ютуқлари
* «Монако» клуби тарихидаги энг ёш гол муаллифи;
* ЕЧЛ тарихида Бенземадан ке-йин энг ёш иккинчи гол муаллифи (француз футболчилари ўртасида);
* Евро-2016 (U-19) мусобақасининг энг яхши ярим ҳимоячиси;