Кириш Регистрация
28/04 00:00 Астон Вилла 2-2 Челси
28/04 00:00 ПСЖ 3-3 Гавр
28/04 00:00 Атлетико 3-1 Атлетик Бильбао
28/04 13:00 Тожикистон 5-5 Ўзбекистон
28/04 15:30 Интер 2-0 Торино
28/04 16:00 Метц 1-2 Лилль
28/04 16:00 Таиланд 1-4 Эрон
28/04 17:00 Кадис 1-1 Мальорка
28/04 18:00 Тоттенхэм 2-3 Арсенал
28/04 18:00 Борнмут 3-0 Брайтон
28/04 18:00 Лорьян 1-2 Тулуза
28/04 18:00 Клермон 4-1 Реймс
28/04 18:00 Страсбур 1-3 Ницца
28/04 18:00 Болонья 1-1 Удинезе
28/04 19:00 Индонезия - Ўзбекистон
28/04 19:15 Гранада 3-0 Осасуна
28/04 20:05 Ренн 4-5 Брест
28/04 20:30 Ноттингем Форест 0-2 Манчестер Сити
28/04 21:00 Наполи 2-2 Рома
28/04 21:00 Аталанта 2-0 Эмполи
28/04 21:30 Вильярреал 3-0 Райо Вальекано
28/04 22:00 Лион 3-2 Монако
28/04 22:30 Япония - Ироқ
28/04 23:45 Фиорентина 5-1 Сассуоло
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа - Кальяри
30/04 00:00 Барселона - Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

«Жиноят» ва жазо ёки ҳакамларнинг кечирилмас хатолари

Баҳо:
+ | -

Soccer.ru ижодкорлари ҳакамлар фаолиятига боғлиқ турли воқеаларни жамлаб, мақола ёзишди.

Мана, ЖЧ-2018 саралаш ўйинларида кузатилган ва рефериларга бевосита дахлдор бўлган кутилмаган воқеликлар уларни яқин ўтмишга қараб, бу мавзуда яна бир мақола чоп этишга ундади.

Россия мундиалидан мосуво

Жозеф Лампти (Гана). Африкалик паст бўйли рефери 2016 йилнинг 12 ноябрь куни ЖЧ-2018 саралаши доирасида ЖАР ва Сенегал терма жамоалари ўртасида кечган баҳсни бошқариб борди. Ўшанда Жозеф сенегалликлар дарвозаси томон пенальти белгилади. Аслида эса тўп меҳмон жамоа ҳимоячиси Калиду Кулибалининг қўли эмас, балки тиззасига текканди. «Наполи» вакили жон ҳолатда қоидага хилоф иш тутмаганини қанчалик таъкидламасин, рефери ўз қарорини ўзгартирмади - пенальти!  Якунда ЖАР термасининг 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганини эътиборга олсак, Лампти йўл қўйган хато натижага бевосита таъсир ўтказган. ФИФАда эса ҳозир меҳрибон Йозеф Блаттер эмас, Жанни Инфантино раҳбарлик қилаётгани барчага маълум. Хуллас, футболнинг олий органи мутасаддилари мазкур воқеага жиддий ёндашишди ва махсус текширув-таҳлил ишларидан сўнг ганалик реферини умрбод ҳакамликдан четлатишди. Аммо бир нарса қизиқ, Жозеф Лампти дарҳақиқат, ЖАР термасига ёрдам берган бўлса, бунинг ортида қандай манфаат турган? Агар гап букмекерлик масаласига тақалса, ҳаммаси тушунарли. Лекин ҳакамни жанубий африкаликлар йўлдан урган бўлсалар-чи?! Унда Сенегал термасига нега 3 очко қайтариб берилмади? Ҳа, ҳақиқий «топишмоқ»...

Ҳукм: умрбод дисквалификация

Мастлик «ғолиб» чиққанида...

Сергей Шмолик (Беларусь). Табиийки, бу ҳакам кўпчилик учун нотаниш. Аммо Сергей Шмоликнинг қандай «ҳунар» кўрсатганини билиб олиш қийинчилик туғдирмайди. Дейлик, бунинг учун интернет тармоғига мурожаат қилиб, бундан 9 йил аввал «Витебск» ва «Нафтан» клублари ўртасида ўтказилган баҳс видеоёзувини қидирсангиз, бас. Гап шундаки, Сергей ўйиндан олдин озгина «хурсандчилик» қилиб олган ва бу бутун 90 дақиқа давомида яққол сезилиб қолганди. Реферининг ўзини ғалати тутаётгани ишқибозларда катта қизиқиш уйғотгани ҳам рост. Шу сабабми, ўйин лавҳалари дарҳол интернетга жойлаштирилган. Хуллас, учрашувни маст ҳолда бошқарган Шмолик бир зумда «қаҳрамон»га айланди. Аммо шуниси борки, бу «қаҳрамон»лик оқибатида унинг ҳакамлик фаолияти дарҳол тўхтатилди. Тўғри, Сергей анчагача ўзини оқлашга уринди. Дейлик, инглиз ёки немис ҳакамлари ҳам «қиттак-қиттак» қилиб туришларини таъкидлади. Аммо... Боз устига, эскпертиза ҳам Шмоликнинг ўша куни қаттиқ маст бўлганини тасдиқлади. Оқибат нима? Хайр, ҳуштак, хайр футбол...

Ҳукм: умрбод дисквалификация

Ўртага қимор аралашса...

Андраник Арсенян (Арманистон). Мазкур воқеа 2013 йили рўй берди. Европа Лигаси доирасида «Интер» (Финляндия) ва  «Викингур» (Фарер ороллари) клублари ўртасидаги ўйинни бошқарган Арманистон вакили атайин бир томонга ён босди. Қисқаси, у «Викингур»нинг ғалаба қозониши учун қўлидан келганича ҳаракат қилди ва якунда мақсадига эришди ҳам - Финляндия клуби мағлуб. Ке-йинроқ ўтказилган тергов-муҳокамалар давомида Арсенян ўйиннинг 3-дақиқасида йўл қўйган қўпол хатосини тан олди ва маҳаллий федерация томонидан умрбод футболдан четлатилди. Лекин УЕФА мутасаддилари бу билан тинчимадилар. Зеро, улар букмекерлик идораларида ўйин натижаси учун тикилган суммалар миқдорига қараб, ҳаммаси қиморга боғлиқ эканлинини пай-қаб қолишганди. Ахир бундай «оддий» ўйинга 300 минг евро тикилгани чиндан ҳам, шубҳа уйғотади. Якунда Арсен-ян ва унинг ёрдамчиларининг суд қора курсисида жавоб беришларига тўғри келди. Тўғри, бахтларига суд муҳокамаси Финляндияда эмас, бош-қа жойда бўлди. Акс ҳолда, бечора ҳакамлар у ердаги «шинам» қамоқхонада анча  қийналишлари ҳеч гап эмасди.

Ҳукм: умрбод дисквалификация

Германияда хорват мафияси

Роберт Хойцер (Германия). Ҳакамнинг пора олишига боғлиқ энг шов-шувли можародан бири Роберт билан юз берди. Чунончи, унинг 2005 йили иккинчи бундеслига ўйинида «буюртма» натижани таъминлаш эвазига хорватиялик фирибгарлардан 67 минг евро миқдорида пора олгани ошкор бўлди. Хойцернинг хизмат ваколатини суистеъмол қилгани аниқлангач, Германия футбол иттифоқи уни жазолашни пайсалга солмади - умрбод дисквалификация. Лекин бечора рефери шу билан қутулгани йўқ. Зеро, орадан кўп ўтмай, ҳакамлик иши юзасидан суд жараёни бошланди ва якунда Роберт 25 ой муддатга панжара ортига жўнатилди. Тўғри, у қамоқда ўзини яхши тутгани, яъни ижобий хулқ-атфори учун 14 ойдан сўнг озодликка чиқди. Лекин қамоқ - қамоқда, барибир... Дарвоқе, олғир хорватлар Хойцер воситасида чамаси 2 миллион евро фойда кўришган экан. Ҳарқалай, Ғарб ОАВда шу мазмунда хабарлар берилганди.

Ҳукм:умрбод дисквалификация

Бақир-чақир ва адаштириш

Олег Орехов (Украина). Кўпчиликка маълум, Остап Сулаймон Берта Мария Бендер-бей - буюк адабий персонаж. Аммо нима бўлганда ҳам, у шунчаки, тўқима образ. Реал ҳаётда эса оқкўнгил ва меҳрибон муттаҳамни учратиш қийин. Негаки, ҳеч ким ўзидан-ўзи айбини очиқ тан олмайди. Киевлик «ишбилармон» ҳакам Олег Орехов 41 ёшга тўлган пайти осонгина пул топишни истаб, тўғри йўлдан адашди. У табиийки, қилмишини биров сезмаслигини ўйлаган, аммо ФИФАдаги тегишли мутасаддилар шубҳали ҳаракатларидан баъзи ўйинлар натижасига таъсир ўтказгани ва бу иши «қора букмекерлар»га боғлиқлигини осонгина пайқашди. Ташкилотнинг махсус қўмитаси суриштирув ишлари давомида «Орехов иши» бўйича хорватиялик гувоҳдан ташқари, виждонига қарши боролмай, ҳақиқатни айтадиган ҳакамни ҳам топди. Мазкур воқеалар рўй берган пайт, яъни 2010 йили Олег Борисовичнинг ФИФА рефериси мақомини олганига 8 йил тўлганди. Жазо анча қатъий кўриниш олди - умрбод дисквалификация. Лозанна судига жўнатилган арз-додли апелляция  эса иш бермади. Оқибатда ФИФА реферилари сони биттага камайдию, бақироқлар сафи кенгайди. Чунончи, Ореховнинг арзига қулоқ солинмагач, у Украинадаги барча клублар ҳакамларга пора бериши, Коллина эса ҳаммасидан шунчаки, кўз юмиши ҳақида тинмай айюҳаннос сола бошлади. Бироқ бари бефойда...

Ҳукм: умрбод дисквалификация

Ҳаммаси «Тобол»га қарши

Сергей Пасько (Қозоғистон). Қарангки, ҳакамга нисбатан қўлланилган умрбод жазо чораси қўшни - Қозоғистонда ҳам кузатилган. Воқеа қаҳрамони - Қозоғистон терма жамоаси собиқ аъзоси Сергей Пасько. У бутсаларини михга илгач, салоҳиятини ҳакамликда ҳам синаб кўришга аҳд қилди. Хусусан, 2012 йили «Тобол» ва «Тараз» клублари ўртасидаги баҳсни бошқарди. Эътиборлиси, Пасько учрашувда бутунлай меҳмонлар томон «ётиб олиб», аввалига мезбонлар дарвозасига пенальти белгилади, кейин «Тобол»нинг ҳаққоний голини ҳисобга олмади. Ўша вақт «Тобол»ни «Терек»нинг собиқ устози Вячеслав Грозний бошқарарди ва у ўжарлик билан ўйиндаги ҳакамликни алоҳида кўриб чиқишни талаб қилди. Натижада Пасько умрининг охиригача ҳакамлик ишларидан четга сурилди.

Ҳукм: умрбод дисквалификация

Шаҳарда «ковбой»

Габриэль Мурти (Бразилия). 2015 йили Бразилияда ҳаваскор жамоалар иштирокида ўтган ўйинни бошқарган ҳакам бутун дунёга донг таратишни  хоҳлаб қолди, шекилли. Аниқроқ айтсак, ўйин вақти футболчилар Муртининг  асабини бузишгач, у аввалига мураббийларни ҳақоратлади, кейин эса кутилмаганда кийиниш хонаси томон югуриб кетди. Энг қизиғи, ҳакам тезда ортда қайтди - қўлига тўппонча тутган ҳолда... Хуллас, важоҳат билан қайтган Габриэль тўппончани силкитганча ҳаммага ўдағайлади, бақирди. Хайриятки, лайнсменлар уни бир амаллаб тинчлантириб, тўппончадан ўқ узилишига йўл қўйишмади. Аммо мамлакат футболи раҳбарлари бундай баджаҳл реферини омма олдида ишлашга нолойиқ кўришди. Оддий айтганда, Габриэлни бутунлай четлаштиришди. Албатта, бунақаси камдан-кам ҳолда учрайди. Аммо шуни эътиборга олиш зарурки, Мурти аслида полиция ходими эди ва қайсидир маънода уни тушуниш мумкиндир. Дейлик, Бразилияда жиноятчилик даражаси жуда баланд ва маҳаллий полициячилар дарҳол кескин чора кўришга одатланиб қолишган. Бироқ футбол майдони - хавфли кўча эмас. Шу боис, Муртига терговдан сўнг руҳшуносга учраш тавсия қилинди.  

Ҳукм: умрбод дисквалификация

Ҳакамга осон эмас

Табиийки, бир умрлик дисквалификация - айбдор учун берилган муносиб жазо. Лекин баъзида бундан-да фожиалироқ мисоллар учраб туради. Дейлик, ўтган йилнинг ноябрида Мексика чемпионатида ёқимсиз ҳолат кузатилди: асабий футболчилардан бири қизил карточга олганига чидолмай, бош ҳакам юзига мушт туширди. Оқибатда бечора ҳакам кучли мия чайқалиши туфайли ҳаётдан кўз юмди. 2015 йили АҚШда ҳам шунга ўхшаш аянчли воқеа рўй берганди. Умуман, ҳакамлик дунёдаги энг машаққатли ва хавфли касблардан биридир.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:26, 11.04.2017.
Ўқилди: 21217 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.