Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ўзбек футболига легионерлар керакми?

Баҳо:
+ | -

Замонавий футболни легионерларсиз тасаввур қилиш мушкул бўлиб қолди. Ҳарқалай, хорижлик футболчилар хизматига эҳтиёж сезмайдиган клуб қолмади, ҳисоб. Тўғри, «ёпиқ» мамлакатлар чемпионатлари учун «легионер» атамаси ҳамон мутлақо ёт ибора. Лекин ер юзида бундай давлатлар кўп эмас. Шунингдек, саноқли клублар ички трансфер сиёсати сабаб, ўз таркибига хорижлик футболчи қўшиб олишдан тийилади. Бундайлар орасида «Атлетик» (Бильбао) алоҳида ўрин тутади. Зеро, бу жамоа фақат баск миллатига мансуб ўйинчиларга таянишни маъқул кўради. Моҳиятан олганда, чет эллик спортчини хориждан жўнатилган импорт маҳсулотларига қиёслаш мумкин қайсидир маънода. Яъни футбол оламида ҳам бундай «товар»ларга талаб катта.

ЎСИШ СУРЪАТИ

Умуман олганда, профессионал клублар таркибида хорижлик футболчилар сони тобора ошиб бормоқда. Зеро, глобаллашув жараёни айниқса, жамият ҳаётининг спорт бўғинида жадал суръат олди. Мана, Европанинг кучли 5та миллий чемпионатини олайлик: 1995 йили жами футболчилардан атиги 9,1 фоизигина легионер ҳисобланган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич нақ 5 баравар кўпайди. Оддий айтганда, эндиликда Англия, Испания, Германия, Италия ва Франция олий дивизионларида ўйнаётган футболчилардан 46,7 фоизи легионер мақомига эга. Эътибор беринг, кучли лигаларда хорижликлар ва маҳаллий футболчилар нисбати деярли тенглашди. Махсус диаграммада яққол кўриниб турибди, легионерлар оқими айниқса, 1995 йилдан кейин мисли кўрилмаган даражада кучайган. Бунинг сабаби оддий: айнан ўша вақтда кучли лигаларда хорижлик футболчилар учун белгиланган қатъий чекловлар бекор қилинганди.

УМУМИЙ УЛУШ

Агар барча қитъалардаги энг кучли 37та лига бўйича ҳисоб-китоб қилинса, уларда хорижликларнинг умумий фоизи 26,6га тенгдир. Бошқача айтганда, жаҳон футболидаги рейтинги баланд 37та чемпионатда ҳар 4 нафар футболчининг бири легионердир. Бу борада Европа ва Америка миллий лигалари олдинда. Чунончи, уларда хорижликлар учун жорий қилинган лимит даражаси анча паст. Осиёда эса ҳамон қатъий чеклов мавжуд ва шунинг учун «сариқ қитъа»даги лига жамоалари таркибида легионерлар улуши анча кам. Лотин Америкасидаги умумий ҳолат эса бироз бошқача. У ердаги клублар ўз тарбияланувчиларини асосан Ғарб жамоаларига сотишни хоҳлайди. Ахир трансферлар муҳим даромад манбаи ҳисобланади. Шу боис, клубларда четдан футболчи харид қилиш эмас, балки сотишга кўпроқ эътибор қаратилади.

ЁШ ВА ПОЗИЦИЯ МАСАЛАСИ

Эътиборли ва қизиқарли факт: нисбатан катта ёшли хорижлик футболчиларга талаб катта. Жаҳондаги 37та лига бўйича олсак, 28 ёшдан катта футболчиларнинг 33,8 фоизини легионерлар ташкил этишади. 21 ёшдан кичик хорижликлар эса анча кам - атиги 13,2 фоиз. Шунингдек, алоҳида таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, миллий чемпионатлар вакиллари орасида ярим ҳимоя ва ҳужумда ўйнайдиган хорижликларга эҳтиёж кўпроқ. Айниқса, ҳужумчиларга. Ҳарқалай, клублар легионер жалб этишда, аввало, шу икки чизиқ вакилларига эътибор қаратади, кейин ҳимоячи ва дарвозабонга. Буни ҳам оддийгина изоҳлаш мумкин: мураббийлар ҳужум гуруҳида ўзгача ҳаракатланувчи ижрочиларни кўришни исташади. Хориж тажрибаси - айни муддао.

ЛОТИН АМЕРИКАСИДАГИ ҲОЛАТ

Лотин Америкаси футболи ва легионерлар муносабати ҳали унча ривожланмаган. Хусусан, иқтидорлар макони саналган Бразилияда хорижликларга талаб жуда паст. Футболчилар «фабрика»си қиёс мамлакатда клублар аввало, ўз тарбияланувчиларига имкон беришни маъқул кўради. Уругвай хусусида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Мексика эса легионер жалб этиш масаласида ҳудуд пешқадамидир. Бу юртда нақ 34,1 фоиз футболчи хорижлик эканлигини соҳа академиялари савияси анча пастлиги ва нисбатан яхшироқ молиявий имкониятлар билан изоҳлаш мумкин. Лотин Америкаси футболининг алоҳида хусусияти шуки, унда хорижлик дарвозабонлар фоизи анча баланд. Яъни мавжуд киперлардан 15,1 фоизи хориж мамлакатларидан таклиф этилган.

ОСИЁДАГИ ҲОЛАТ

Осиё футболи доимо ўзига хослиги билан ажралиб туради. Агар аксарият миллий чемпионатларда легионерларга нисбатан жиддий лимит жорий этилмаганида, балки қитъада хорижлик футболчилар сон бўйича маҳаллий тарбияланувчилардан ўзиб кетишармиди? Табиийки, ОФК ташаббуси билан амалда қўлланилаётган қатъий чекловдан мақсад битта: маҳаллий йигитларга етарли даражада ўйин амалиёти тақдим этиш ва шу орқали миллий терма жамоаларни юксалтириш. Тўғри, Осиёда ҳам бу борада анча юқори кўрсаткичга эга мамлакат йўқ эмас. Эътибор беринг, Қатар Юлдузлар лигасида ўйнаётган футболчилардан 36,6 фоизи хориждан ташриф буюрган, албатта, катта даромад илинжида. Осиёликлар ҳам бошқа ҳудудларда бўлгани каби биринчи навбатда, «импорт» ҳужумчилар таклиф этишга ҳаракат қилишади. Ўртача ҳисобда чемпионатдаги деярли ҳар 3 нафар ҳужумчидан бири легионер мақомига эга - 31,1 фоиз.

ЕВРОПАДАГИ ҲОЛАТ

«Кўҳна қитъа»нинг аксарият миллий чемпионатларида хорижлик ўйинчиларга нисбатан қўйилган чеклов анча «ёмшоқ». Футбол мутасаддилари ўтган асрнинг 90-йилларидаги ислоҳотлардан сўнг бу масалага холисона ёндаша бошладилар. Англия премьер-лигаси - алоҳида мавзу. Жаҳоннинг энг кучли биринчилигида маҳаллий футболчилардан кўра, хорижликлар кўп. Оддий айтганда, жами ўйинчилардан 66,4 фоизи легионер мақомига эга. Бундай юқори кўрсаткич бошқа ҳеч бир лигада йўқ. Бельгия, Италия, Туркия, Португалия ва Германияда эса легионерлар улуши 50 фоиздан баланд. Таҳлил учун олинган мамлакатлар орасида энг паст натижа Украинага тегишли. Бунга мамлакатдаги сиёсий беқарорлик сабабдир. Аслида 3-4 йил олдин ҳам Украина чемпионати хорижлик футболчилар учун жуда қулай саналарди. Позициялар масаласи қандай? Европада ҳам легионер-ҳужумчиларга қизиқиш кучли. Олдинги чизиқ вакиллари сон жиҳатидан маҳаллий форвардлардан устунлар. Қолган амплуаларда эса деярли тенглик сақланиб турибди.

MLSдаги ҳолат

MLS жамоаларида жорижлик футболчилар катта роль ўйнашади. Аксарият иштирокчилар таркиби асосини айнан улар ташкил этишади. Дейлик, 3та клуб ихтиёрида 15 нафардан кўп хорижлик бор. Лиганинг бош мақсади - тезроқ мухлислар эътиборини қозониш. Хусусан, хорижда ҳам машҳурликка эришиш. Америкаликлар айниқса, европалик мухлисларни ўзларига қаратмоқчилар. Шу мақсадда легионерларга нисбатан ҳеч қандай лимит жорий этишмаган. Қизиқарли факт шуки, маҳаллий ва хорижлик голкиперлар ўртасидаги нисбат анча катта. Аниқроғи, атиги 15 фоиз дарвозабон легионер ҳисобланади. Ваҳоланки, ҳужумчилар кўрсаткичи деярли 61га 39 - хорижликлар фойдасига.

Ҳа, замонавий футболда легионерлар роли катта, шубҳасиз. Биринчидан, хорижлик ўйинчилар сабаб, турли ўлкаларда лига учрашувларига қизиқиш ортади. Иккинчидан, ўз таркибида турли мактаб вакилларини жамлаган жамоалар ўйинида хилма-хиллик даражаси ошади. Шундай бўлсада, футболдаги глобаллашувни маъқуллаш ёки маъқулламаслик ҳар кимнинг ихтиёрида...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:56, 14.04.2017.
Ўқилди: 9071 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.