11 апрель куни Германиянинг Дортмунд шаҳрида “Боруссия” ва “Монако” футбол клублари ўртасида учрашув ўтказилиши лозим эди.
Аммо шу куни “Боруссия” клуби футболчилари бўлган автобус яқинида портлаш содир этилди. Оқибатда клуб ҳимоячиси Марк Бартра яраланиб, жарроҳлик операциясини бошдан кечирди.
Ходиса юзасидан суриштирув ўтказган полиция воқеа жойи яқинидан хат топилганини маълум қилганди, лекин мактуб мазмуни ёритилмаганди.
Россия матбуотида тарқалган сўнгги хабарларга қараганда, полициячилар портлашни содир этганликда гумонланган 28 ёшли Россия фуқаросини қўлга олишган. Россия Бош прокуратураси ҳам бу маълумотни тасдиқлади.
Терговчилар дастлаб юз берган воқеани теракт, деб баҳолашган эди. Аммо кейинчалик бу фойда олиш мақсадида қилинган жиноят эканлиги аниқланди.
Қўлга олинган шахс Россия ҳамда Германия фуқароси бўлиб, ҳужумдан бир кун аввал 78 минг еврога интернет орқали клубнинг 15 минг акциясини сотиб олган. Агар акциялар баҳоси тушиб кетса, у 4 миллион евро фойда олиши мумкин эди.