Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Балки биз ҳам УЕФАга ўтармиз ёхуд Қозоғистоннинг Европадаги 15 йиллик тажрибаси

Баҳо:
+ | -

25 апрель куни Қозоғистонда миллий футбол куни кенг нишонланди.

2002 йилнинг айнан 25 апрелида Швеция пойтахти Стокҳолмда қўшни давлат Европа футбол ассоциациялари иттифоқига (УЕФА) расман қабул қилинган эди.

Қозоғистон футболини аёвсиз танқид қилишларига қарамасдан, ўз ўрнидаги ижобий вазиятларни ёдга олиш, ушбу спорт турига дахлдор барчани кичик юбилейча билан табриклаш ҳам мумкин.

УЕФАга ўтилганидан сўнг дарҳол равшанлашдики, қозоқ футболида қилинадиган ишларнинг адоғи кўринмас эди. Мамлакатдаги инфратузилма Европанинг аксарият давлатларидан жуда орқада эди.

Айни пайтда давлат инфратузилмани ривожлантириш учун маблағларни фаол ётқизмоқда. Мамлакатдаги стадионлар янгиланган, замонавий кўринишга эга бўлди, республиканинг бош аренаси — «Астана Арена» эса яқин йилларда Европа Суперкубогини қабул қилишга номзод саналади.

Бутун мамлакат бўйлаб оммавий ҳамда болалар ва ўсмирлар футболи ривожланмоқда, турли мусобақалар ташкиллаштирилмоқда. Бутун мамлакатдаги болакайлар ўзлари келажакда Смаков, Жумаскалиев, Нусербаев, Исломхонов каби футболчилар бўлишига ишонишади. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари йирик халқаро мусобақаларда иштирок этмоқда ва муваффақият қозонишмоқда. Шу йилнинг январида 18 ёшгача бўлган Қозоғистон ўсмирлар терма жамоаси Санкт-Петербургда ўтган ва 16 терма жамоа иштирок этган Валентин Гранаткин хотира турнирида кумуш медалларга сазовор бўлишди.

Қозоғистон миллий терма жамоаси халқаро майдонларда ватан шаънини муносиб ҳимоя қилмоқда. Терма жамоанинг Сербия, Нидерландия, Туркия, Чехия, Хорватия, Украина, Польша, Руминия ва бошқа кучли терма жамоаларга қарши ўйинларини эслашнинг ўзи кифоя. Европа терма жамоаларидан ҳозир ҳеч ким Қозоғистонга сафарни навбатчи уч очкони қўлга киритиш сифатида қабул қилмаяпти.

Сўнги йилларда Қозоғистонда клуб футболи Европа кубок турнирларида юқори натижалар намойиш этиб келмоқда. 2007 йилда Қўстанайнинг «Тобол» клуби Интертото кубогини ютиб, илк қалдирғоч бўлган эди. Ундан сўнг Қарағанданинг «Шахтёр»и 2013 йилда Европа лигасининг гуруҳ босқичига йўл олди. Клуб футболи тарихида энг катта натижасига пойтахтнинг «Астана» клуби эришди, улар қитъанинг энг йирик футбол турнири — УЕФА чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўл олишди. Бир неча йил аввал бунга ишониш ҳам қийин эди, чунки қозоғистонлик бу нуфузли турнирни фақат телевизор орқали кузатиб келишган. «Астана»нинг муваффақияти тасодиф эмаслиги келгуси йил ҳам исботланди, улар Европа лигаси гуруҳ босқичига йўл олишди ва унда еврокубоклардаги илк ғалаба ҳам тантана қилинди. Пойтахт клубидан Алматининг «Қайрат»и ҳам ортда қолишни истамаяпти ва у ҳам Европада сербларнинг «Црвена Звезда» ва французларнинг «Бордо» каби кучли клубларига қарши теппа тенг кураш олиб борди.

Қозоғистонлик футзалчилар ҳам мухлисларга кам қувонч бахш этишмади. Улар ўтган йили Европа чемпионатининг бронза медалини қўлга киритишди, боз устига, бу мусобақа терма жамоа учун асосий босқичдаги дебют ўйин бўлди. Қозоғистон футзал терма жамоаси Колумбияда ўтган жаҳон чемпионатида ҳам мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиб, гуруҳ босқичини омадли якунлаб, 1/8 финалга йўл олди. Бу йил футзалчилар саралаш босқичини осонгина босиб ўтишди ва келгуси йил Словенияда ўтадиган Европа чемпионатида иштирок этишади.

Қозоғистонда клуб футзали ҳақида гапириладиган бўлса, Алматининг «Қайрат» клуби Кўҳна қитъадаги энг нуфузли мукофоти — УЕФА кубогини икки бор қўлга киритган. Бундан ташқари, «Қайрат» мудом совриндорлар қаторидан ўрин олмоқда. Бу йил клуб турнирда учинчи бор зафар қучишга жуда яқин турибди. Яқин кунларда Алматида Европанинг энг кули тўрт жамоаси «Тўртликлар финали»да баҳслашишади.

Қозоғистонлик қизлар ҳам йигитлардан ортда қолишни исташмаяпти. Қозоғистон аёллар терма жамоаси ЖЧ-2019 саралаш гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритган ва асосий саралаш босқичига йўл олган. Чимкентнинг «БИИК-Казигурт» аёллар футбол жамоаси Кўҳна қитъада мамлдакат шаънини муносиб ҳимоя қилмиоқда ва улар ўтган йили илк марта Чемпионлар лигасининг 1/8 финалига йўл олишди.

Спортнинг бу турини ривожлантириш учун Қозоғистондаги бош орган Қозоғистон футбол федерацяси ҳисобланади. 2016 йилнинг сўнгида таниқли совет ва қозоқ футболчиси, Алматининг «Қайрат» клуби собиқ сардори Сеилда Байшаков футбол федерациясининг президенти этиб сайланди ва у малакатда футболни рвиожлантиришнинг аниқ сиёсатини белгилаб олди.

Европада ҚФФ нуфузи борган сари ортиб бормоқда, буни европалик ҳамкасбларнинг фикрлари ҳам исботлаб турибди. 2014 йилда Остонада УЕФАнинг XXXVIII Конгресси ўтказилди ва европалик меҳмонлар томонидан юқори баҳога эга бўлди. Бу йил Алмати футзал бўйича 2018 йилги Европа чемпионати асосий саралаш босқичини ўтказиш жойи этиб танланди. УЕФА назоратчиси бу муҳим воқеани ташкиллаштиришда ҚФФ меҳнатини юқори баҳолаб, қитъа турнирининг финал босқичини ҳам мамлакатнинг жанубий пойтахтида ўтказиш имкониятини қўллашини маълум қилди.

Шунингдек, Қозоғистон футбол федерацияси мамлакатда ҳар йили яна бир нуфузли турнир — Президент кубогини ҳам ташкиллаштирадики, унда ҳам кучли жамоалар бош соврин учун кураш олиб боришади.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 17:44, 26.04.2017.
Ўқилди: 6985 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.