Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Кўникдик! ёки ўзбек футболининг бугунги манзараси ҳақида икки оғиз

Баҳо:
+ | -

Ўқиш пайтларида, яъни бундан 10-15 йил аввал, кураторимиздан футбол кўриш учун рухсат олиш азоб эди. Ҳатто миллий терма жамоа ўйинларига ҳам. “Домла, бир вақтлар сиз ҳам футбол деса, ўзингизни томдан ташлагансиз-ку”, - дея ҳазиллашсак, афт-ангори буришиб — “Сенингча бу сочлар аммамнинг бузоғи ўғирланганидан оқарганми?! Умуман, ўзимизникилардан қўл силтаганимда, сен ҳали қишлағингда таппи думалатардинг, тирранча...”, - деган қўрсгина жавоб эшитардик.

Ҳозир ўйлаб қарасам, мен ҳам устознинг “манзиллари”га эсон-омон, йўқотишларсиз етиб келибман. Буни кеча, “Бунёдкор” ва “Локомотив”нинг Осиё чемпионлар лигаси доирасидаги сўнгги ўйинларини кўрмаганимдан кейин пайқадим. “Бунёдкор”ку майли, кўргилиги қолмаган. Аммо, биргина ғалаба билан нимчорак финални ҳал қилиши мумкин бўлган жамоанинг ўйини ҳам менда заррача қизиқиш уйғотмади.

Ҳақиқий мухлис эмасманми? Ватанпарварлик йўқми менда? Кечирасизу, воҳада катта бўлганман. Аммо “Нефтчи” ёки “Дўстлик”нинг (эслатма: бир пайтлар Тошкент вилоятининг шу номдаги машҳур жамоаси бўларди) қитъа миқёсидаги бирорта ўйинини ўтказиб юборганимни билмайман. Чироқ ўчса движокка, телевизор бузилса қўшниларга мурожаат қилардик. “Палакат босиб, ютиб қўйса” (отамнинг таъбири) “юпи” ичиларди, ютқазса — кўз ёши...

Афсуски, йиллар мобайнида мендан, сиздан, биздан — миллий футбол завқини тортиб олишди. Келишилган ўйинлар, ёшдан “уриб қолиш”, носоғлом тизим, савиясиз мураббийлар, сифатсиз трансляциялар, чипта олди-соттиси, “кўтарма пули”, терма жамоалар маркази ... ва ҳоказо иллатлар кишиларни ўзбек футболидан бездирди. Энг ёмони, ҳеч ким уларга қарши курашмади. Курашмоқчи бўлганларни эса ёқаси йиртилди.

Оқибатда — кўникдик. Биз, терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқолмаслигига ҳам, клубларимизнинг шармандали мағлубиятларига, мутасаддиларнинг муаммоларга панжа ортидан қарашига, ваъдабозликка, ўйин ичидаги “ўйинлар”га, мураббийларнинг менежер ёки аксинча бўлишига, ҳокимиятлар маҳаллий клублар учун тадбиркорлардан “жизъя” ундиришига, икки пулга қиммат легионерларга, болалар футболидаги порахўрликка, ҳамма-ҳаммасига, сиртимизда тан олмасакда, ич-ичимиздан аллақачон кўникиб бўлдик!

Ҳозирги вазият шундай туюляптики, журналистдан тортиб, мутасаддиларгача ўзбек футболидан қўлини тортиб, қўлтиғига ургандек. Мамлакатда футбол ҳеч кимга керак эмасдек.

Масалан, яқинда бир қатор маҳаллий ОАВларда ва ниҳоят Терма жамоалар маркази фаолияти расман тугатилгани эълон қилинди. Шунчаки, ими-жимида “Асқар Толибжонов раҳбарлигидаги терма жамоалар маркази фаолияти тугатилди”, - дейилди холос. Яъни, ҳеч ким 2009 йилда ташкил этилган марказнинг тугатилганига расман изоҳ бермади. Гўёки, марказ ўз вазифаларини “қойиллатиб” бажариб қўйгану, аммо уставида 2017 йилда тугатилиши белгилаб қўйилгани учун ҳам ёпилган...

“Хўш, қарийб 20 нафарга яқин ходими бўлган марказ фаолияти нега тугатилди?”, “Марказ ўз олдига қўйган қайси вазифаларни бажара олмади?”, “Марказ учун кетган харажатларни ким қоплайди?”, “Ўртоқлик учрашувларини ўтказиш масъулияти энди кимнинг зиммасига юкланади?” каби саволларга, фол очасизми, Толибжоновдан сўрайсизми, ишқилиб ўзингиз жавоб топиб олаверинг.

Умуман, мутасаддиларнинг миллий терма жамоага бўлган муносабатига кўникканимизга ҳам анча бўлди. Бир йилда тахминан Иордания, Шўртан ёки Грузиянинг U-20 жамоалари билан икки-учта ўртоқлик учрашуви ташкил этилади (агар қолдирилмаса), асосий ўйинларга икки кун қолганда “асосий” футболчилар амаллаб етиб келади, “оқлар” ва “кўклар”га бўлиниб машғулот ўтказилади ва... Бабаян асос солган ҳамда фақат унгагина аён “вертикалар”-“горизонтал” тактика! Мослашдик шунга!

Бошқа янгилик йўқ. Кутмай ҳам қўйдик. Интернет сайтлари саҳифалари асосан рақибларимиз тўғрисидаги маълумотлар билан тўла: “Хитой футбол федерацияси Лёвга таклиф билан чиқди”, “ЖЧ-2018дан умидини узган БАА Аргентина терма жамоаси бош мураббийи билан шартнома имзоламоқчи”, “Эрон футболчилари мутасаддилардан норози” ва ҳоказо. Ўзимизнинг “азаматлар”га келганда эса — ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп! Тўғрида, бергулик хабарнинг ўзи бўлмаса.

Аслида, кўникишнинг ижобий томонлари ҳам бор экан. Томоқ қириб бақирмайсан, асабингни бузмайсан, “энангдан қолган тошойна” синмайди. Мазза қилиб “Ювентус” ёки “Реал”га мухлислик қилиб юраверасан. Мен эса кетдим, “Uzbek tigers”нинг навбатдаги юришини кўргани...

Ўткир Қаламтебратар

Манба: stadion.uz
Киритилди: 19:17, 12.05.2017.
Ўқилди: 10599 марта.
Фикрлар: 20 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.