Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Шоҳжаҳон Эргашев: "Мен асли профессионал футболчиман" (Интервью)

Баҳо:
+ | -

Шоҳжаҳон Эргашев – бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг истеъдодли профессионал боксчиларидан бири. Аслида Шоҳжаҳон кенг омма эътиборига анча кеч тушди. Кўпчилик уни профессионал рингда рақибларини кетма-кет нокаутга учратганидан сўнг таний бошлади. Уни машғулотлар ва жангларга бағишланган интернет тармоғидаги видеороликлари машҳур қилди.

Айни пайтда Шоҳжаҳон Эргашев нафақат ўзбек бокс мухлислари балки хориждаги етук мутахассислар назарига тушган. Айрим мураббийлар мушти зўр бу йигит билан ишлаш илинжида унинг жангларига келгани ва ҳамкорлик таклиф қилгани ҳам бор гап.

Ҳозир биз Шоҳжаҳонни нокаутчи боксчи сифатида яхши таниймиз. Лекин унинг мухлислар назаридан четда қолган ва эл назарига тушгунча бўлган ҳаёти кўпчилик учун қоронғу ва айни пайтда ҳамма учун қизиқ ҳамдир. Зеро, Шоҳжаҳон бир кунда нокаутчи боксчига айланиб қолгани йўқ...

SPORTS.uz сайти таҳририятида меҳмон бўлган Шоҳжаҳон Эргашев мухлису мутахассислар учун қизиқарли бўлгани кўп фактларни очиб берди. Бугунги кунда машҳурлиги кун сари ортиб бораётган боксчимиз ҳикоясини навбатма-навбат эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Мен асли профессионал футболчиман!

Ҳа, бу айни ҳақиқат. Шоҳжаҳон бокс билан шуғулланиш билан баробар юқори даражада футбол ҳам ўйнаган. Буни бугунги кунда профессионал боксчига айланган собиқ футболчининг ўзи қуйидагича ҳикоя қилади.

- Агар мен бир-икки йил тўп тепганимда профессионал футболчиман, дейишга маънавий ҳаққим бўлмасди, - дейди Шоҳжаҳон Эргашев. – Лекин мен 2008-2013 йилгача Фарғона вилоятининг турли жамоаларида ўйнаганман.

Ўзбекистон чемпионатининг олий лигасида “Нефтчи” жамоаси шарафини ҳимоя қилганман. Ҳужум чизиғида ўйнаганим учун олий лига учрашувларида гол уришга муваффақ бўлганман. Адашмасам, биринчи голимни Фарғонада “Динамо” жамоаси дарвозасига киритган эдим. Ўйинда кўпроқ ассистентлик қилганим ҳам эсимда.

- Футболдан нега кетгансиз?

- Аслида футболни давом эттирганимда футболчилар орасида йўқолиб қолмас эдим. Бунга аминман. Чунки ўша пайтлар жамоадошларим билан тенгма-тенг ўйнардим. Қолаверса, мен улар каби бор эътиборимни футболга қаратиб, машғулотларда улар даражасида тер тўкмаганман. Лекин ўйинда бу камчилигим умуман билинмаган.

Футболдан ташқари, бокс билан жиддий шуғулланардим. Вақти келиб иккаласидан бирини танлашимга тўғри келишини билардим. Чунки, энг оммавий ҳисобланган бу икки спорт турининг талаблари умуман бир-бирига тўғри келмайди. Тарихда бир пайтни ўзида бир неча яккакураш тури билан шуғулланган ёки жамоавий ўйин турлари бўйича мусобақаларда қатнашган спортчилар кўп бўлган. Лекин ҳам футбол, хоккей, гандбол, волейбол сингари жамоавий ўйин турлари билан бокс, таэквондо, кураш каби индивидуал маҳоратга асосланган спорт йўналишларини тенг олиб бориш деярли имконсиз. Шунга мен ҳам вақти келиб, футбол ёки боксни танлашим шартлигини доим ҳис қилиб келганман.

- Нега боксни танладингиз?

- Футболда ўйин тақдири учун ўн бир киши курашади. Бештаси зўр ўйнаса, қолганлари у даражада тўп сура олмайди. Яъни “аравани ҳамма тенг тортмайди”. Табиийки, бундай вазиятда ана шу зўр ўйнаган беш киши кўпинча ўз мақсадига етолмай қолади. Боксда эса аксинча. Ҳаммаси рингга чиққан боксчининг қўлида бўлади. Шунга футбол менга бегонадек туюлган. Характеримга футбол тўғри келмаган. Лекин футболни қаттиқ ушлаганимда балки мендан ҳам яхши футболчи чиқарди.

Тан олишим керак, ҳозир ҳам футболга жиддий қизиқаман. Ўзбекистонда “Бунёдкор”га мухлислик қиламан. Акром Комилов, Достонбек Ҳамдамов билан муносабатларим яхши. Хабарлашиб, гаплашиб турамиз.

Хориж жамоаларидан “Реал” ёқади. Футболчилардан Криштиану Роналду ва Серхио Рамоснинг ўйинларини мароқ билан томоша қиламан. Шу ўринда, Лионель Мессининг ҳам маҳоратини тан оламан.

Кўпинча, Криштиану Роналду ва Лионель Мессининг қай бири кучлилигини мендан ҳам сўрашади. Мен учун уларнинг иккиси ҳам зўр.

Испания, Англия, Германия футбол жамоаларидан ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп. Бу мамлакатлар жамоалари йирик ҳисобда ютқазаётган паллада ҳам вақт оз қолганига қарама, охиригача курашади. Бу боксда ҳам ўта муҳим хислат. Айрим ҳолатларда ҳисобда ортда қолаётган боксчи курашни эрта тугатади. Аксинча, жанг тугагунича ҳаракат қилиш керак. Чунки кучли зарба билан рақибни нокаут қилиб қўйиш ҳам мумкин. Ютқазган тақдирда мухлислар олдида юзи ёруғ бўлади. Мухлислар “Ютқазса ҳам охиригача курашди, балли”, дейишади. Ҳар бир спортда сўнгги сониягача ҳаракатни тўхтатмаслик керак.

Бектемир Мелиқўзиев идеал боксчи

Шоҳжаҳон билан суҳбатимиз бокс ҳақида давом этди. Пойтахтимизда ўтган Осиё чемпионати мулоқотимизни қизғин ўтишига сабаб бўлди. Шоҳжаҳоннинг айрим қарашлари шу пайтгача янграган фикрларга умуман зид бўлиб чиқди. Хусусан, мамлакатимизнинг энг кучли боксчиси ҳақидаги саволга Шоҳжаҳон Эргашев кутилмаган жавобни берди...

- Шоҳжаҳон Осиё чемпионатини томоша қилдингизми?

- Осиё чемпионатининг қатор учрашувларини “Ўзбекистон” спорт мажмуасидан томоша қилдим. Ўзбекистон терма жамоасининг айрим боксчилари билан бирга шуғулланганман. Кўпи биздан кейинги ёш авлод вакилларидир.

Умуман олганда, Осиё чемпионати давомида йигитлар ўзбек бокс мактаби қудратини намойиш эта олди. Айниқса, Рио Олимпиадасидаги ғалабалардан кейин боксчиларимизнинг нималарга қодирлигини яна бир карра исботлаб қўйиши алоҳида аҳамият касб этарди.

Эътибор берган бўлсангиз, боксчиларимизнинг аксарияти қаторисига бир нечта жангларни муддатидан олдин якунлади. Ҳаваскорлар боксида бу кўп нарсадан далолат беради. Профессионал боксдан фарқли ўлароқ, ҳаваскорлар ўртасидаги жангларда рақибни нокаут қилиш осон иш эмас. Қолаверса, мураббийлар ҳаваскор боксда бир зарбага ишониб, нокаут қилишни кутиб, жанг ўтказишни тавсия қилишмайди. Ҳозир “олимпия бокси” деб таъриф олган бу йўналишда тезкор ва аниқ зарбалар кўпроқ қадрланади.

- Ўзбек бокс мактабининг кучи нимада?

- Дарҳақиқат, Ўзбекистон доимо кучли терма жамоага эга бўлган. Айниқса, ҳозирги жамоамиз жуда қудратли. Бугунги кунда Андижон, Фарғона, Бухоро, Хоразм, Жиззах, Тошкент вилояти ва пойтахтдан чиққан боксчиларнинг рейтинги баланд. Ўзбек бокс мактабининг қудратли бўлишини таъминлаётган омил - жойларда истеъдодли, кучли боксчиларнинг кўплигида. Ҳозир ўқув-машғулот йиғинларида терма жамоага номзод боксчилар асосий таркиб вакиллари билан бирга шуғулланади. Албатта, кучли боксчилар билан ёнма-ён шуғулланиш ва спарринг жангларида қатнашиш ҳар томонлама ўсишга ижобий таъсир қилади.

Осиё чемпионатида энг кучли боксчиларимизнинг иштирокига гувоҳ бўлдик. Уларнинг ортидан етишиб келаётган ва уларга рақобатчи бўлган йигитларнинг истеъдоди, маҳорати, имкониятлари биринчи рақамли боксчиларимиздан кам эмас. Айни пайтда, терма жамоамизга киришга номзод бўлган, ҳозирча иккинчи, учинчи, хатто тўртинчи рақамли боксчиларимизнинг аксарияти Ўзбекистон чемпионатларида олтин медаль ола билмаган. Лекин улар бошқа мамлакатларда албатта чемпионатни ютиб, терма жамоаси асосий таркибидан муқим жой олган бўларди. Чунки бизда терма жамоага номзод бўлганлар бошқа кўплаб мамлакатларнинг асосий боксчиларидан устун. Сабаби боксчиларимиз ёшлигидан кучли рақобатга дош бериб улғаймоқда.

Мен бугун ўз истеъдодини намоён қилган ҳар бир боксчи келажакда ўз имкониятига эга бўлишига ишонман.

- Шоҳжаҳон, ҳаваскорлар ўртасида идеал боксчи ким?

- Бектемир Мелиқўзиев.

- Тўғрисини айтсам, бу саволга Олимпия ўйинлари ва Осиё чемпиони, 2016 йилдаги жаҳоннинг энг кучли боксчиси, Вэл Баркер кубоги соҳиби Ҳасанбой Дўсматов, деб жавоб беришингизни кутгандим. Кўпчилик Ҳасанбойнинг зўрлигини тан олади.

- Мен ҳам Ҳасанбойнинг зўр боксчи эканини тан оламан. Лекин ҳар бир инсон каби менинг ҳам шахсий фикрим бор. Мен Ўзбекистоннинг яқин келажакдаги бокс юлдузи Бектемир Мелиқўзиев бўлишига ишонаман.

- Бу фикрингизни қандай изоҳлайсиз ва Бектемирнинг қайси хусусиятларини алоҳида кўрсатган бўлардингиз?

- Бектемирнинг устунлиги у ҳар қандай рақибни енгиш усулини билишида. Зарбалари аниқ, залворли, ҳимояси мустаҳкам. Зарбасини еган боксчи унинг кучини даров ҳис қилади. Рингда Бектемирга қарши туриш қийин.

У ҳали ёш. Демак, тажрибаси ошгани сари унинг бокси янада кучайиб бораверади. Агар Бектемир ҳозиргидай ўз устида ишлашни канда қилмаса, рингда кўп ютуқларга эришади. Ҳатто Токио Олимпиадасида олтин медаль олишга ҳам қурби етади.

- Яна қайси боксчиларимизнинг маҳоратини тилга олган бўлардингиз?

- Исроил Мадримов жуда сабрли боксчи. Жангларини кузатсангиз, у қачон зарба бериш кераклигини билишини кўрасиз. Сўнгги бир йил ичида жуда катта ўсишга эришди. Шунингдек, Шаҳобиддин Зоиров, Элнур Абдураимов, Шаҳрам Ғиёсов ҳам ўз вазн тоифасида ўта кучли боксчилар сирасига киради.

- Сиз ҳам ҳаваскор боксда қолганингизда балки терма жамоанинг асосий таркибидан жой олган бўлардингиз. Профессионал боксга эрта ўтиб кетганман, деб афсусланмайсизми?

- Мен ўз вақтида Ўзбекистон чемпионатларида ғолиб чиққан ва терма жамоага номзод боксчилардан бўлганман. Балки профибоксга ўтмаганимда мен ҳозир терма жамоа аъзоси бўлишим ҳам мумкин эди. Лекин қарор қабул қилиб бўлганман ва бундан сира афсусланмайман. Боксчи сифатида нималарга қодирлигимни профессионал рингларда ҳам синаб кўришим мумкин.

Олдимда АҚШ рингларини забт этиш масаласи турибди

Шоҳжаҳон Эргашев билан суҳбатимизнинг учинчи қисми унинг профессионал боксдаги фаолиятига боғланди. Суҳбат жараёнида Шоҳжаҳон рингга ўзбек дўпписи билан чиқиш фикри кимга тегишли эканини ва ўз мақсадларини ошкор қилди...

- Шоҳжаҳон, профессионал бокс ҳақида гаплашсак. Кейинги пайтда профессионал боксга ўтганлар сони кўпайиб бормоқда. Бу нима билан боғлиқ?

- Умуман олганда, юртимизда истеъдодли ва кучли боксчилар кўп. Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этадиган йирик мусобақалар ўнта вазн тоифасида ўтказилади. Демак асосий таркиб ўн кишидан иборат бўлади. Лекин шу асосий таркибга номзод бўлган боксчиларнинг сони жуда кўп. Албатта, ватан шаънини ҳимоя қилиш учун энг кучли боксчиларга имконият берилади. Иккинчи ёки учинчи рақамли боксчилар ҳам айрим ҳолатларда хориждаги мусобақаларда қатнашади. Уларнинг ортидан янада кучли авлод етишиб чиқмоқда. Ҳаваскор боксдаги мураббийларда танлаш имкони жуда кенг. Лекин ҳаммага ҳам терма жамоа сафида мунтазам рингга чиқадиган боксчи мавқеига эришиш насиб этмайди.

Шунинг учун айрим боксчилар профессионал боксга ўтишни маъқул кўради. Кейинги йилларда профирингга кўтарилган ҳамюртларимиз орасида терма жамоа таркибида натижа кўрсатганлар, ҳаваскорлар боксида ўзи кўзлаган мақсадга эришолмаганлар ёки ҳали ўзини кўрсатишга имконият бўлмаган ёшларни ҳам кўришимиз мумкин.

Менимча, профессионал боксчилар сонининг ортаётгани энг аввало юртимизда яхши савиядаги боксчиларнинг кўплиги билан изоҳланади. Ҳаваскорлар орасида боксчининг келажаги кўпроқ мураббийларнинг танловига ва ўзининг мусобақаларда эришаётган ютуқларига боғлиқ. Профессионал боксда эса имконият кенгроқ.

- Профессионал боксчиларимиздан кимларнинг салоҳиятини юқори баҳолайсиз?

- Қудратилло Абдуқаҳҳоров эришаётган ғалабаларни кузатиб бораман. У иродали боксчи ва мақсад сари тинмай ҳаракат қилади. Қудратиллонинг охирги жангини ҳам кўрдим. Африкалик чемпион уни менсимай ҳаракат қилди. Қудратилло ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Дарров жанг тизгинини ўз қўлига олди ва бир зарба билан мақтанчоқ рақиб масаласини ҳал қилди.

Азиз Абдуғофуровни ҳам жуда кучли бокс устаси, деб биламан. Шунингдек, профессионал боксга ўтган олимпия чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров ҳам кўпчиликнинг эътиборига тушди. Яна ўзини кўрсатиши мумкин бўлган ёш боксчилар бор. Уларнинг имконияти қандай эканини вақт кўрсатади.

- Профессионал боксга қадам қўйган боксчини нималар кутади?

- Ўз мисолимда айтадиган бўлсам, профессионал бокс умуман бошқа олам. Айниқса, 12 раундлик жанглар жуда оғир бўлади. Ўзим ҳали бунча раунд бокс тушмадим. Лекин спаррингларда ўзимни синаб кўрдим. Профессионал боксчиларнинг услуби ҳам ҳар хил. Айрим рақибларни жангнинг дастлабки раундида роса урасиз. Бу боксни билмаса керак, деган фикр ҳам туғилади. Бешинчи-олтинчи раундларда вазият тенглашади. Учрашувнинг охирида эса рақиб устунлик қилади. Бирорта боксчини енгаман, деб олдиндан айтиб бўлмайди.

Бир сўз билан айтганда, ҳаваскорлар ва профессионаллар бокси бир-биридан кескин фарқ қилади. Ҳаваскорлар боксида Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ғолиби бўлган боксчилар профрингда ўзини кўрсатолмаслиги мумкин. Аксинча, ҳаваскорлар ўртасида иши юришмаган чарм қўлқоп усталарининг профессионаллар орасида дунёни ларзага солганлари кўп бўлган. Бу тарихдан маълум.

- Сиз учун энг зўр профессионал боксчи ким?

- Айни пайтда Мэнни Пакьяо энг машҳур профессионал ҳисобланади. Лекин сўнгги жангларида унинг аввалги ҳолатидан анча узоқлашгани кўриниб қолмоқда. Менимча, ҳозир Пакьяонинг номи қолган холос.

Идеал профессионал боксчи, деб Флойд Мэйвезерни тан оламан. Чунки у ғалаба қозонишни билади. Кучли боксчиларнинг деярли барчасини енгди. Шу билан бирга Флойд ҳеч қачон ўз карьерасини боши берк кўчага олиб кирмаган.

У зўр боксчи бўлишдан ташқари, уста ишбилармон ва бизнесмен ҳисобланади. Ҳозир ҳам кўпчилик у билан жанг қилишни истайди. Промоутерлар, менежерлар рингга чиқиши учун катта-катта гонорарлар ваъда қилади.

Албатта бу ҳаракатларнинг ҳаммаси Флойд Мэйвезерни кўз олдимизда тирик афсонага айлантиряпти. Агар Флойд ўзи ғалаба қозонган 49 та жангидан бирортасида ютқазганида шу даражага етармиди? Демак, ғолиб бўлишни уддалаган боксчи, ўз вақтида кетишни ҳам билиши керак.

- Енгилмас боксчи Геннадий Головкиннинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Менимча, Геннадий Головкин ҳали ўзига муносиб рақиб билан жанг қилгани йўқ. Уни олдинда бир неча муҳим жанглари бор, деб умид қиламиз.

- Шоҳжаҳон, ўз навбатида айрим мухлислар сизни ҳам ўзига муносиб рақиб билан жанг қилмаяпти, деб ҳисобламоқда. Бунга қандай қарайсиз?

- Тўғриси шу пайтгача 9 та жанг ўтказган бўлсам, турли савиядаги рақиблар билан тўқнаш келдим. Лекин охирги уч рақибим нисбатан кучли ва тажрибали эди. Хусусан, Марат Хузеев ўз вақтида рейтинги баланд боксчилардан бўлган. Айни пайтда жаҳон рейтингини бошқариб турган Сауль Алварес, машҳур боксчилар – Дмитрий Чудинов, Константин Пономарёв, Селжук Айдин, Виктор Плотников ва Рида Замзам билан жанг қилган.

Мен профессионал боксчилик фаолиятимни икки йил муқаддам бошлаган бўлсам, дарров кучли рақибларга қарши жанг уюштириш қийинчилик туғдиради. Фаолиятимнинг дастлабки йилларини рейтингимни ошириш учун сарфладим. Аслида ўтган йилнинг охирида Африка чемпиони билан титул жангини ўтказишим керак эди. Агар рақиб рад жавобини бермаганида ва мен уни енгганимда қўлимдаги соврин билан кучли рақибни жангга кўндиришим осон бўларди.

Лекин олдинга ўтиб шуни айтаманки, айни пайтда менежерим Олег Богданов мен учун нуфузли соврин қўйилган жанг ташкиллаштиришга ҳаракат қиляпти. Ҳозирча бу жанг 3 июнь куни Россиянинг Ростов шаҳрида бўлиши режалаштирилган.

Бу жангда мен билан рақобатлашиш учун ҳудди мен каби ўз олдига юксак натижаларни қўйган ва бу йўлда совринга эришишни мақсад қилган америкалик кучли боксчи таклиф этилади. Ҳозир бир неча боксчиларнинг варианти ўрганилмоқда.

Агар титулни қўлга киритсам, машғулотлар лагерини АҚШга кўчираман ва юқори рейтингли жангларда қатнашиш имкониятим ошади. Ҳозирги ҳолатимда уммонортига борадиган бўлсам, ҳаммасини яна қайтадан бошлашимга тўғри келади. Шунга бироз сабр қиламан ва тез орада фаолиятини янги босқичга кўтараман.

- Ўз-ўзидан бундан буёғига кучли рақиблар билан жанг қиласиз. Нокаутлар серияси узилиб қолиши мумкинлиги сизга босим ўтказмайдими?

- Йўқ. Мен ҳеч қачон рингга рақибимни фақат нокаут қиламан, деб тушмайман. Устозларим бу йўлдан қайтарган. Очколар ҳисобидаги ғалаба ҳам ютуқ. Демак, рақибни нокаут қилолмасам бунинг ҳеч қандай зарари ёки босими бўлмайди.

- Кейинги пайтда рингга бошда дўппи билан чиқяпсиз. Бу кимнинг ташаббуси?

- Жасур Ҳайдаров деган акам бор. Бу ғоя унга тегишли. Акам мени доимо назорат қилиб, керак вақтда ҳам маънан, ҳам моддий томондан қўллаб туради. Ғалабаларимда уларнинг ҳиссаси катта. Ҳозир акам менга бир шарт қўйди. Агар фаолиятимни АҚШда давом эттирадиган бўлсам инглиз тилини ўрганишим кераклигини уқтирди. Боксчилигимни инобатга олиб, кунига бешта сўз ёдлашимни тайинлаган. Қаерда бўлишимдан қатъий назар ҳар куни интернет орқали боғланиб, ёдлаган сўзларимни эринмай бирма-бир имтиҳон қилади.

Жасур акам менга кўп нарсани ўргатмоқда. Ҳозир ҳар қандай спортчи яхши натижа қайд этиши учун оиласи муҳим роль ўйнашини чуқур ҳис қиламан. Илгари бу нарсаларга эътибор бермасдим. Энг катта ютуғим оилам, ота-онам, яқинларимнинг хотиржамлиги экан.

- Шоҳжаҳон боксчи сифатида кучли ва нозик жиҳатларингизни ўзингиз биласизми?

- Устунлик томоним зарбам кучли ва тезлигим яхши эканини мутахассислар таъкидлашмоқда. Бунга ўзим ҳам қўшиламан. Ҳозирги даражамда битта камчилигим пайдо бўлганини сездим.

Рақиб менга тез мослашяпти. Буни жангларда ҳис қилганим йўқ. Лекин кучли боксчилар билан спаррингларда шуни сезиб қолдим. Яъни мен йўл қўяётган хато ҳар бир зарбани кучли йўллашга ҳаракат қилишимда экан. Мен рақибни бор кучим билан ураман. Бу дастлабки раундларда самара беради. Жангнинг иккинчи ярмида рақиб зарбаларимга мослашиб қоляпти.

- Бу камчиликнинг ечими топилдими?

- Владимир Кличко, Терри Нойс, Заур Байсангуров, Самуэль Петер, Карлос Балдомир каби машҳур спортчилар билан ҳамкорлик қилган ва Геннадий Головкин ҳамда Мурат Гассиевни чемпионлик жангларига тайёрлаган таниқли мураббий Абель Санчес бир маслаҳат берди. Унинг тавсиясига кўра, рақибни беш-олти марта ургандан кейин энг кучли зарбани кутилмаганда беришни ўрганяпман. Ҳозир мураббийим Хурсанали Мажидов билан машғулотларда шу жиҳатга ҳам эътибор қаратяпмиз.

- Сиз одатда, жангларни тез тугатяпсиз. Кўп раундли жангларга ярайсизми?

- Тўғриси кўпчилик шуни сўрайди. Рақибни нокаут қилолмай қолсам нима бўлишига қизиқишади. Мен профессионал рингда узоғи олти раунд жанг қилганман. Шу ҳам охирига етмаган. Лекин машғулотларда жисмоний ҳолатимни кучайтиришга ишлайман. Спарринг жангларда кучли боксчилар билан 14 раунд ишлайман. Узлуксиз 35 дақиқадан икки раунд спарринг тушаман. Шуларга таянган ҳолда кўп раундлик жангларда чарчаб қолмайман, деб айта оламан.

- Сиз рақибларни кўп нокаут қиласиз. Ўзингиз ҳам уларнинг ҳолатига тушган пайтингиз бўлганми?

- Ўзим нокаут бўлмаганман. Мусобақаларда бирор маротаба нокдаун ҳолатига тушмаганман. Фақат очколар бўйича ютқазганман. Лекин спарринг жангларида нокдаунлар бўлган, қўлим ва бурним синган ҳолатлар ҳам юз берган.

- Шоҳжаҳон, сизни кўчада одамлар танияптими, ўзингизни юлдуз боксчи, деб ҳисоблайсизми?

- Очиғи, бокс мухлислари танияпти. Кўчада бирга расмга тушишни таклиф қиладиганлар кўп. Осиё чемпионатини томоша қилиш учун “Ўзбекистон” мажмуасига борганимда ҳам кўп мухлислар мен билан мулоқот қилишди. Бундан хурсанд бўламан, албатта. Чунки, спорт мухлислар билан қизиқ. Мухлиси бўлмаган боксчи ўзини спортчи санамаса керак.

Ўзимни машҳур ёки юлдуз боксчиман, деб ҳисобламайман. Менимча, спортда юлдузлик касалига учраган одам у ёғига ўсишдан тўхтайди. Қолаверса,мен ҳали ўз олдимга қўйган мақсадларга етганимча йўқ. Боксда ҳали эътиборга молик чўққиларни забт этмадим. Мен оддий йигит ва ўз мақсадлари йўлида ҳаракат қилаётган боксчиман холос.

- Шоҳжаҳон, ҳар бир устозингизга ҳурмат билан муносабатда бўлишингизни биламиз. Ўзингиз ҳам мураббийлик ишини бошлашингиз мумкинми?

- Келажак учун режаларим бор. Фаолиятимни якунлаганимдан кейин ҳам Ватанимиз корига ярайдиган мутахассис сифатида ишимни давом эттиришни истайман. Лекин мен болаларга бокс тушишни ўргатолмасам керак. Лекин ҳаммасини вақт кўрсатади.

Самимий суҳбат учун раҳмат.

SPORTS.uz

Манба: sports.uz
Киритилди: 10:44, 13.05.2017.
Ўқилди: 8327 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.