Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби яримҳимоячиси Хуан Мата Испаниянинг El Pais нашрига интервью бериб, Жозе Моуриньо билан муносабатлари, меҳрибон синглиси ҳамда Европа Лигасидаги ғалаба хусусида гапирди. Дастлабки дақиқаларданоқ ушбу суҳбатнинг оддий тарзда кечмаслиги аниқ бўлди.
Бу футболчи учрашувларга кечикмайди, аксарият юлдузлар сингари «Тезроқ бўлинг, шошиляпман!», демайди. Ноқулай саволларни эътиборсиз қолдирмайди, ҳамиша ўз нуқтаи назарини билдириб, жавоб қайтаради, мулойим гапиришга интилади. Яқинда «МЮ» Европа Лигаси бош совринини қўлга киритди, аммо мазкур мусоҳаба мавзуси фақат футбол билан чекланиб қолмайди.
«МОУРИНЬО БИЛАН ЎРТАМИЗДА НИЗО БЎЛМАГАН»
- Ўзингизни оддий инсон деб ҳисоблайсиз. Буни ўзига хос хушомадга йўйиш мумкинми?
- Мени қандай тарбиялашган бўлса, шундайлигимча қолганман. Айни дам «Манчестер Юнайтед»дек клубда тўп суряпман. Шу пайтгача эришган ютуқларим билан фахрланаман, аммо ҳаётимда ҳам, футболда ҳам оддийлик ҳукм суришини хоҳлаганман. Атрофдагиларга ҳурматни йўқотмай, ҳамиша инсонийликка таяниш лозим.
- Бироқ сиз музейларга борасиз, китоб ўқишни яхши кўрасиз, ижтимоий муаммоларга бефарқ қарамайсиз. Буларнинг бари футболчи учун ноодатий эмасми?
- Бундан ўзимни ноқулай сезмайман. Шу каби ҳаёт тарзи, айни турдаги қизиқишга эга ўйинчилар бисёр. Майдондаги ҳаракатларимиз яққол кўринмоқда, аммо муайян ном, аниқ либос соҳибида нима мужассамлигини англаш осон эмас. Тўғри, баъзан кишига ҳузур бағишламайдиган аксинча ҳолатлар ҳам учраб туради.
- «Челси» таркибидан жой ололмаганингиздан сўнг Моуриньо билан муносабатларингиз нечоғли ўзгарди?
- Вазият мутлақо бошқача тус олди - клуб, таркиб, ўйин услуби. Аммо ҳеч қачон португалиялик мутахассис билан муносабатларимиз ёмонлашмаган, асло низога бормаганмиз. Ҳозир ҳам яхши чиқишамиз. Шунчаки, Жозе «Челси»да қаттиқ назорат ва аниқ услубга асосланган ўйин ташкил этишни хоҳлади. «МЮ»даги футболчилар эса бошқа тоифадан, кўпроқ менинг характеристикамга мос тушади. Моуриньо иккимиз эса ҳамон аввалгидекмиз, ўзгармаганмиз.
- Сизнингиз наздингизда идеал мураббий қандай бўлиши керак?
- У яхши ва ёмон кунларда етакчиликни қўлга олиши, қўл остидаги футболчидан имкон қадар кўпроқ ижобий хислатларни чиқара билиши лозим. Буни уддалаш қийин, аммо алоҳида шахсларни бошқариш - муҳимлик бобида тактик ва жисмоний тайёргарлик масалаларидан асло қолишмайди. Футболчиларни янги марралар сари руҳлантириш, улар билан ҳамжиҳатликда иш юритиш позитивликка асосланиши лозим. Шу тариқа муҳит яхшиланаверади. Киши қачонки ўзини қулай ҳис этса, унинг очилмаган қирралари намоён бўлаверади. Мазкур ҳолат нафақат футбол, балки бошқа соҳаларга ҳам тааллуқли.
- Клубдошлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш осонми?
- Асло, йўқ. 15 хил миллатга эга 25 нафар футболчи билан бирга яшашга тўғри келади. Уларнинг ҳаммаси майдонга тушишни хоҳлайди. Табиийки, бу каби ҳолатда жиддий рақобат юзага келади. Аммо ҳақиқий дўстлар орттиришга улгурдим, уззу-кун биргаман. Мабодо, қайсидир паллада ўртада қайғуриш ҳолати учраса, билингки, бу илиқ муносабатларга асос яратади. Кўпинча бундай вазиятда танлаш имконияти қолмайди.
«МУҲИМИ - КЕРАКЛИ ПАЙТДА «ЙЎҚ» ДЕЯ ОЛИШ»
- Футбол юлдузлари ёш, бадавлат ва машҳурлар. Ушбу ҳолатда худбинликдан қандай йироқ юриш мумкин?
- Бундай паллада атрофда рўй бераётган ҳолатлар алоҳида аҳамият касб этади. Юзингизга ҳақиқатни айта оладиганларнинг гапига қулоқ тутиб, доимо реалист бўлишга интилиш лозим. Ўзинг эшитишни хоҳлаган нарсаларни таъкидлайверишлари яхшиликка етакламайди. Ҳа, чин айтилган сўзлардан сўнг ёмон жиҳатларинг ҳақида билиб оласан, аммо бу фойдали, ўзига хос сабоқ.
- Лекин инсон ўсмирлик чоғлариданоқ ҳамма нарсага эга чиқишга кўникади.
- Ўз навбатида, ихтиёрингдаги нарсалардан тўғри фойдаланишни ўрганиш лозим. Акс ҳолда, фаолиятинг давомида қийинчиликлар вужудга келади. Ўйинчилик даври узоқ давом этмаслиги, имтиёзлар аста-секин якунланишига тайёр туриш керак. Кейинчалик эса ҳаракатларинг таваккалга асосланади. Сўнгги марта Испания термаси сафига қўшилганимда бизга собиқ футболчилар ҳақида фильм кўрсатишди. Унда фаолиятнинг якуний палласи, ўша ҳолатда жамиятга фойда тегиши учун нималар қилиш кераклиги хусусида гапирилган. Бошқа томондан, маблағни тўғри тақсимлашни ҳам билиш муҳим. Пуллар йўқми, демак ҳаётда ўз ўрнингни топишга интилишда давом этишинг керак.
- Сиз йўлга қўйган хайрли ишларда иштирок этишни хоҳлаганлар кўпчиликни ташкил этадими?
- Яширмайман, жуда бисёр. Аммо муҳими - керакли пайтда «йўқ» дея олиш. Бунинг учун кўп меҳнат қилдим, ваҳоланки, дастлаб ҳамма инсонлар хайрли ишларга жиддий қарайди, деб ўйлардим. Афсуски, шунча одам сиздан фойдаланишга уринаркан. Мен ўз қадриятларимга содиқман, атрофдагиларга ёрдам беришга интиламан, шу тариқа ўзимни хотиржам сезишим мумкин. Ўйлашимча, бошқаларга кўмаклашиш кишига фақат яхшилик олиб келади.
«ҲЕЧ НАРСА ИНСОНЛАРНИ ФУТБОЛ ВА МУСИҚАЧАЛИК БИРЛАШТИРОЛМАЙДИ»
- Испаниядаги бир ташкилот ҳар гал гол урганингизда ижтимоий тамаддихоналарга 100 кг. гўшт топширар экан. Аммо аксарият юлдузлар хайрия ишларини ўз обрўлари учун, солиқ имтиёзларига эришиш мақсадида амалга оширишади...
- Ҳар ким ўзича ўйлаш ҳуқуқига эга. Мен доимо ёрдам бериш чоғидаги самимийликка ишонаман. Масалан, ҳозир амалга ошираётган лойиҳамизнинг кенг қамров касб этгани кишини қувонтиради. Чунки унга кўра, бешта қитъадаги икки миллиондан ортиқ болалар ҳар йили футбол туфайли ёрдам олишмоқда. Миллионлар ўйинига шунчаки спорт тури эмас, балки кўпчиликни бирлаштирувчи катта куч сифатида қараш керак. Ҳеч нарса инсонларни футбол ва мусиқачалик бирлаштиролмайди. Шунингдек, синглим билан Эфиопиядаги болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида футболкалар ишлаб чиқарадиган тизимга асос солдик.
- Синглингиз биланми?
- Ҳа, у ҳақиқий юлдуз! Рақобатдан кўра ҳамкорликка кўпроқ ишонадиган ажойиб аёл. Паула одамларга кўмаклашиш мақсадида жаҳоннинг турли давлатларига борган. Гап асосан қашшоқлик, эркак ва аёл ўртасидаги тенг ҳуқуқлилик таъминланмаётган мамлакатлар ҳақида бормоқда. Синглим ҳар жабҳада барчага ўрнак бўлиши мумкин.
- Шунга қарамай, кумир - сизсиз.
- Хорхе Вальдано айтганидек, футбол - буюкликка эришмаган нарсалар орасида энг буюги. Бу бор гап. Эҳтирос, ҳис-ҳаяжонни чақиришда миллионлар ўйинига етадигани йўқ. Жамоангнинг ғалаба ва мағлубиятлари кайфият ва оилавий муносабатларга таъсир ўтказади. Шифокорлар беморларга ёрдам беришмоқда, олимлар турли вакциналар кашф этишмоқда, айримлар бошқалар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўзиникидан воз кечмоқда. Аммо улардан ҳеч бири ўзи арзийдиган эътирофга сазовор бўлмаяптилар.
- Европа Лигасидаги ғалаба обрўйингизга ижобий таъсир этиши аниқ.
- Албатта, ушбу турнир биз учун улкан аҳамият касб этарди, зеро «Манчестер Юнайтед» ЕЛда ҳали ғолиб чиқмаганди. Қолаверса, мусобақада зафар қучиш орқали кейинги мавсум Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритдик. Бу ишқибозлар, хусусан, бутун Манчестер аҳли учун жуда муҳим.
Маълумот учун
Хуан МАТА
Туғилган санаси: 1988 йил 28 апрель
Туғилган жойи: Бургос (Испания)
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Фаолияти давомида «Реал Мадрид Кастилья» (2006-2007), «Валенсия» (2007-2011), «Челси» (2011-2014) ва «Манчестер Юнайтед» (2014 йилдан буён) тўп сурган. Испания чемпионатида 129та ўйинда 33та гол урган, Англияда эса 191та учрашувда рақиб жамоа дарвозаларини 45 марта ишғол қилган.
Ютуқлари: Испания (2008) ва Англия (2012, 2016) кубоги соҳиби, Европа Чемпионлар Лигаси (2012) ҳамда Европа Лигаси (2013, 2017) ғолиби. Англия лига кубоги (2017) ва суперкубоги (2016)да зафар қучган. Жаҳон (2010) ва Европа (2012) чемпиони.
Испания термасида 41та ўйинда майдонга тушиб, 10та гол урган.