«Манчестер Сити» 23 ёшли Эдерсон Мораес учун «Бенфика»га 40 миллион евро тўлади.
Бунга қадар дарвозабонлар орасида буюк Жанлуижи Буффон учун шу қадар йирик сумма сарфланганди. Ҳаттоки, Мануэль Нойер ҳам «Бавария»га 15 миллион арзонроққа тушган. Хўш, бразилиялик кипер нимаси билан «шаҳарликлар» эътиборини қозонди? Қуйида ушбу саволга жавоб топишга уринамиз.
Буффондан кейин иккинчи
Мюнхенликлар Нойерни кўндиришга икки йил сарфлашган ва ниҳоят, Мануэль таклифга кўниб, қадрдон «Шальке»ни тарк этганди. Жижи «Парма»дан «Ювентус»га ўтаётганда Италия термасининг асосий дарвозабони ҳамда УЕФА кубоги ғолиби эди. Эдерсон нима қилибдики, унга шунчалик кўп маблағ сарфланса?
У «Бенфика»нинг икки марта Португалия чемпионлиги ҳамда бир марта мамлакат кубогини қўлга киритишида кўмаклашди, евробкубокларда ёрқин таассурот қолдирди. ОАВ эътирофига сазовор бўлди, харидорлари кўпайди, Бразилия термаси мураббийлар штаби эътиборини тортди. Шунга қарамай, Мораес учун тўланган 40 миллион бироз кўпдек туюлаверяпти. Португалия термаси элит тоифадаги турнирлар сирасига кирмайди, унинг даражаси ўртамиёнадан бироз баландроқ, холос. Боз устига, Эдерсон ушбу биринчиликдаги тўртта мавсумидан фақат биттасини тўлиқ ўтказган. Шу мавсумларнинг иккитаси камтарона «Риу Аве»да ўтганини ҳам унутмаслик даркор. Афтидан, «Сити» жамғармасидаги миллионлар ёш, иқтидорли, аммо унчалик тажрибали бўлмаган дарвозабон учун бўнак сифатида ажратилганга ўхшайди.
Эдерсон Бразилияни жуда эрта - ўн беш ёшида тарк этган, шу боис юртдошлари у ҳақда кўп нарса билишмайди. Мораес Сан-Паулу яқинидаги Озаску шаҳрида вояга етган. Маҳаллий «Гремио» (Белу-Оризонти клуби билан адаштирманг) жамоасида шуғулланишни бошлаган бўлса, тез орада «Сан-Паулу» тизимига кирди. Ёш Эдерсонга «учранглилар» сафида Зетти ва Рожерио Сенининг ишини давом эттириш насиб қилмади. «Бенфика»нинг ҳар ерда ҳозиру нозир «айғоқчилари» ўспириннинг истеъдодини пайқаб, футболдаги билимини Атлантиканинг нариги томонида давом эттириш таклифи билан чиқишди. Ота-онаси эса унинг кетишига қарши чиқишмади.
«Катта дарё»даги йирик балиқ
Эдерсон «Бенфика» академиясида аъло баҳоларга ўқиди, дейиш қийин. Таълим олишни якунлаган паллада Португалиянинг энг совриндор жамоаси унга кўп ҳам умид билдирмади. Натижада ёш бразилиялик лаш-лушларини йиғиштириб, иккинчи лигадаги камтарона «Рибейрау»га йўл олди. Обрў орттириш ва шу билан бирга суперлига клубидан таклиф олиш учун бир мавсум кифоя қилди. Албатта, «Риу Аве», яъни «Катта дарё»нинг даражаси юқори эди, Эдерсон эса ўз ўйинлари билан «Бенфика»нинг у ҳақдаги қарашлари нотўғри эканини исботлашга киришди.
У 2013|2014 йиллар мавсумини «Катта дарё»нинг тўртинчи дарвозабони сифатида бошлаб, асосий кипер сифатида якунлади. Ажойиб «сейв»ларни амалга оширишдан ташқари, ҳимоя чизиғидагиларга тегишли кўрсатмалар бериб туришни ҳам ўринлатди. Деярли қадрдон бўлиб қолган «Бенфика» майдонига уюштирилган сафар Эдерсонга қувонч келтирди, дейиш қийин - «Риу Аве» жавобсиз тўртта гол қабул қилиб олди. Улардан иккитаси учрашув якунида пенальтидан урилди. Лиссабонлик «бургутлар» ҳали Ян Облакни «Атлетико»га сотишмаган, шу боис чемпионат финишида муаммолар кузатилмаётганди. Аммо барибир, ўз тарбияланувчиларига эътибор қаратишди - бир кунга яраб қолар, деган умидда.
Тез орада Облак Мадридга йўл олди, «Бенфика» эса дарвозабон позициясини Жулио Сезар ҳисобига кучайтирди. Бразилиялик тажрибали посбон шу тариқа обрўсини қайтариш имконига эга бўлди - ЖЧ-2014нинг Германия термасига қарши кечган даҳшатли ярим финалида «пентакампеонлар» дарвозасини ким қўриқлагани ёдингиздадир? «Риу Аве» ҳам киперлар бригадасини янгилади - аввалги таркибдан фақат Эдерсон қолди, асосий дарвозабон сифатида эса бошқа бир бразилиялик тажрибали Кассио кўрилаётганди. Аммо биринчи давра ўрталарига келиб, бу қарор ўзини оқламагани ойдинлашди. Шу тариқа Эдерсон ҳамюртининг ўрнини эгаллаб, ажойиб ўйин кўрсатди.
Ортга қайтиш
«Бенфика»га қарши кечган уй учрашуви Эдерсоннинг тақдирини ҳал қилгандек эди. Тўғри, у бешинчи дақиқадаёқ тўп ўтказиб юборди. Аммо кейинчалик ёш кипер дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Шериклари эса астойдил уринишлари эвазига Жулио Сезарни икки марта ранжитиб, «Катта дарё»га шов-шувли ғалабани тақдим этишди. «Бургутлар» мураббийлар штаби ниҳоят, Эдерсондан воз кечиб, хатога йўл қўйишганини тушунишди. Қолаверса, ўша пайт қаҳрамонимизнинг фамилиядоши Артур Мораес Туркияга кетишга шайланаётгани боис Жулио Сезар муносиб издошга эҳтиёж сезаётганди. Мамлакатнинг энг обрўли клубидан тушган таклиф «Риу Аве»ни тўлиқ қаноатлантирди - 500 минг евро ва келишув тезда амалга ошди. Натижада ёш бразилиялик яна «Бенфика»га қайтди.
2016 йилнинг қишига қадар Эдерсон захира ўриндиғини «иситиб», Жулио Сезарнинг ўйинларини кузатди, аммо «Спортинг»га қарши кечадиган дерби арафасида фахрий кипер жароҳат олди. Ўша пайт финишгача ўнта тур қолган ва «Спортинг» «Бенфика»ни бир очкога ортда қолдираётганди. Ўйин «Жозе Алваладе»да кечди. «Да Луш»да ўтказилган баҳсда лиссабонлик «шерлар» 3:0 ҳисобида зафар қучишганди. Ўйин арафасида «Спортинг» фаворит ҳисобланар, ғалаба жамоани чемпионлик сари катта қадам қўйишига замин яратарди. Аммо Эдерсон «шерлар»нинг байрамини бузди. «Бургутлар» 1:0 ҳисобида зафар қучиб, биринчи ўринга кўтарилиб олишди. Бунинг ортидан яна 9та ғалаба ва чемпионлик ҳам келди. ЕЧЛнинг 1|8 финали ҳам шу даврга тўғри келди. Санкт-Петербургнинг «Зенит»ига қарши Лиссабонда кечган дастлабки баҳс(1:0)да «Бенфика» дарвозасини Жулио Сезар қўриқлаганди. Аммо фахрий дарвозабон Питерга келмади ва ёш Эдерсон «Петровский»даги ўйин қаҳрамонига айланиб, жамоасининг навбатдаги босқичга йўл олишига ҳисса қўшди. Кейинги раундда «бургутлар» «Бавария»га имкониятни бой беришди, аммо ёш дарвозабон Хосеп Гвардиоланинг эътиборини қозонишга улгурди ва бу кейинчалик унинг тақдирида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Жароҳатидан қутулган Жулио Сезар захира ўриндиғига жойлашди. Мураббийлар штаби ёш дарвозабон фахрий ҳамкасбидан қолишмаслиги, ҳаттоки, айрим жабҳаларда ундан устунлигини тушуниб етганди. Мисол учун, оёқ билан яхши ўйнайди, тез-тез жарима майдончасини тарк этиб, олдинга чиқади, жамоаси ҳужумларини бошлаб беради. Қолаверса, Эдерсон анча омадли чиқиб қолди, «Бенфика» бирин-кетин ғалабага эришарди. Бундан ташқари, аксарият ҳолларда тўп «бургутлар» дарвозасига йўл олиш ўрнига ё майдон четига чиқиб кетар, гоҳида тўсин ёки устунга тегарди. 2016|2017 йиллар мавсумини кўтаринки кайфиятда бошлаган Эдерсон уни жаҳоннинг энг яхши киперларидан бири сифатида якунлади, Бразилия термаси дарвозасини қўриқлашга асосий номзодга айланди. «Бенфика»дан эса мазкур ҳолатда уни сотишда тўғри қарор чиқариш талаб этиларди, холос.
«Олтин пластилин»
Ҳа, португалияликлар адашишмади. Ярим миллионга сотиб олинган футболчини 40 миллионга пуллашди. Икки йил ичида Эдерсон 80 баробар (!) қимматлади. Албатта, Португалиянинг 36 карра чемпиони янги мавсумни ўсишга эришган дарвозабонсиз бошлайди. Аммо «Манчестер Сити» тўлаган пулга яхши посбон харид қилиш мумкин. Юқорида таъкидланганидек, «бургутлар» «айғоқчи»лари жаҳонда энг яхшилардан ҳисобланишади, «Бенфика» эса, кўпчиликка маълум, ноёб иқтидорларни топишга уста. Ўз навбатида, 38 ёшли Жулио Сезар ҳам пенсионерлар сафини тўлдирганича йўқ. Демак, лиссабонликлар ўта фойдали келишув имзолашгани, шубҳасиз. Шу ўринда яна «Манчестер Сити»нинг бироз кўпроқ сарфлаганига тўхталиш лозим. Нархни нисбатан пасайтириш мумкин эди. Аммо шайх Мансур шуни хоҳлаган экан, бизга бундан зиён борми?! «Ким ошди» савдоларига қизиқар экан - марҳамат. Боз устига, янги кипер Гвардиоланинг қистовидан сўнг сотиб олинди, испаниялик мутахассис кимни тавсия қилишни яхши билади. Дарвоза чизиғи «шаҳарликлар»нинг ожиз нуқтаси ва бош мураббий бу муаммони ҳал қилишга улгурмади, аксинча, янада жиддийлаштирди. Примерада порлаган Клаудио Браво АПЛга мослаша олмай, Пепнинг ишончини оқламади. Жо Харт Гвардиолага аввал-бошдан ёқмаган ва уни қайтариш ҳақида ўйламайди. Эдерсон эса, Браводан фарқли ўлароқ, элит тоифадаги чемпионатга тезроқ мослаша олади. Бразилиялик гўёки пластилин, ундан Англия премьер-лигасига мос тушадиган ажойиб дарвозабон «ясаб олиш» мумкин. Аммо Эдерсоннинг «Сити»да ўйини қовушиб кетишига кафолат йўқ.
Шу ўринда икки буюк дарвозабоннинг тақдири ёдга тушади. 17-18 йил муқаддам Европада келажаги порлоқ киперлар эътиборга тушди - чехиялик Петр Чех ва швециялик Андреас Исакссон. Ҳар иккиси ўз мамлакати чемпионатида юқори даражада ўйин кўрсатиб, миллий терма сафига қўшилишди. Ҳар иккиси Франциянинг «Ренн» клубида ёрқин таассурот қолдиришди. Швед ўз навбатида, «Ювентус»да малака оширди. Бироқ АПЛда уларнинг тақдири турлича кечди. Чех туманли ўлкадаги энг яхши легионер дарвозабонлар рўйхатидан жой олди. Хўш, айнан «Манчестер Сити»да ўйнаган Исакссон Англияда нима эришди? Жароҳат, узоқ муддатли даволаниш, «Мидлсбро»дан қабул қилиб олинган 8та тўп, ёш Хартга рақобатда ютқазиши. Швед «синиб» қолмади, АПЛни тарк этгач, ПСВ ҳамда Туркиянинг «Қосимпошо»сида муваффақиятли тўп сурди. Ўз мамлакати термасида ҳам кўплаб ўйинлар ўтказди. Лекин тан олайлик, Чех ва Исакссон турли даражадаги дарвозабонлар, ваҳоланки, уларнинг фаолияти бир хил тарзда бошланганди.
Мана, энди «шаҳарликлар»нинг янги посбони бу икки йўлдан қайси бирига мос тушишини кўриб оламиз - Чех каби порлайдими ёки Исакссон каби сўнадими? Пеп Гвардиолага янги чўққиларни забт этишда кўмаклашадими ёки етук мутахассиснинг Англиядаги фаолиятини омадсизлик сари бурадими? «Бразилиялик дарвозабонлар - кучсиз» деган тамғани исботлайдими ёки Таффарел, Дида ва Жулио Сезар каби энг яхшилардан бири бўладими? Бу саволларга тезда жавоб оламиз. Футболда ёз фасли жуда қисқа бўлади.
Маълумот учун
Тўлиқ исми: Эдерсон Сергунин Сантана ди Мораес
Туғилган санаси: 1993 йил 17 август (23 ёш)
Мамлакати: Бразилия
Позицияси: дарвозабон
Бўйи: 187 см., Вазни: 83 кг.
Ўйнаган клублари: «Сан-Паулу» (академия), «Бенфика» (академия), «Риберайю», «Риу Аве», «Бенфика», «Манчестер Сити».