Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Бабаяннинг Эронга қарши ўйиндаги хатолари (таҳлил)

Баҳо:
+8 | -

Футболимиз бир нарсага ёлчимаган – ўйинларни тактик жиҳатдан таҳлил қилиб берадиган мутахассисларга. Балки бундай мутахассислар бордур, лекин улар омма олдига чиқиб, ё ҳамкасбининг ношуд тактикасини фош қилишдан андиша қилади, ёки шунчаки чўчишади.

Миллий терма жамоамиз неча йиллардан бери мазмунсиз ўйин кўрсатиб келади. Лекин бирорта мутахассис чиқиб, видеошарҳлар, мақолалар, суҳбатлар орқали жамоа ўйинини таҳлил қилиб бермайди. Журналистлар эса Бабаян ва унинг штабини қанчалик танқид қилмасин, жамоасининг нурсиз ўйинларини мунтазам гапирмасин, улар шунчаки “сенлар футболни тушунармидинглар” қабилида кулиб қўйишдан нарига ўтишмайди. Агар мутахассисларимиз ҳам таҳлил қила бошлашганида, балки терма жамоа штаби ўз хатоларини эртароқ тан олишни бошлаган бўлармиди?!

Ҳар сафар бир хил хатолар, ортидан мухлислар ва журналистлардан кескин танқидлар. Лекин бунга реакция йўқ. Гуруҳимизда қониқарсиз ўйин ва натижа кўрсатаётган деярли барча терма жамоалар ўз мураббийларини ўзгартирди. Федерациямиз эса Бабаян штабига охиригача имкон беришга қарор қилди. Худди ҳаммаси бинойидек. Асосий таркиб футболчиларимиз ЖЧга чиқиш имкониятимиз йўқлигига ўзини ва бошқаларни ишонтириб боряпти. Бу уларнинг мураббийлар штабига, улар тузган жамоага ишончсизлигидан дарак эмасми? Демак, улар ҳам жамоада иш тўғри йўлга қўйилмаганини, таркиб ва тактика тўғри танланмаётганини жуда яхши билишади. Фақат баралла айта олишмайди. Худди шундай мутахассисларимиз ҳам, мутасаддилар ҳам билиб туришипти. Аммо улар жим.

Футбол мутахассиси эмасман. Бу соҳада назарий ёки амалий билимга ҳам эга эмасман. Бироқ бу – терма жамоамиз ўйини нотўғри қурилаётгани, таркиб ва услубдаги хатоларни кўришимга халақит қилмайди. Охирги ўйин мисолида уларнинг айримларини санаб ўтаман. Агар хато қилаётган бўлсам, жаноб мураббийлар исботлаб беришсин бундай эмаслигини.

Эрон билан ўйинда мени ҳайрон қолдирган биринчи ҳолат – Сергеевнинг чап қанотга қўйилиши бўлди. Тўғри, бу позиция у учун бегона эмас. Яхши ўйин намойиш этиб бериши ҳам мумкин эди. Дейлик, мураббийлар унинг ҳимояга ҳам ёрдам бера олиши, жисмоний фаоллигини назарда тутиб асосий таркибда майдонга туширишгандир. Эрон қанотларда кучлилигини ҳисобга олишган. Шунинг учун Машарипов-Рашидов эмас, ҳимояга кўпроқ ёрдам бера оладиган Сергеев-Шомуродов вариантида тўхталинган. Аммо ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан то охиригача Сергеевнинг майдонда олиб қолиниши юқоридаги фаразларимни йўққа чиқариб юборди. Игорнинг ўйинини алоҳида кузатдим ва у майдонда нима қилаётганини тушуна олгани ҳам йўқ кўп ҳолатларда. Унинг чап қанотни шунчаки эгаллаб туриши Шомуродовнинг бу қанотда самаралироқ ўйнаши факториниям йўққа чиқариб юборди. Бу – бир эмас, биратўла икки футболчимизни “ўйиндан чиқиб” қолганини англатади. Жиддий нуқсон бу.

Иккинчи ҳолат – Андреевга муносиб ўринбосар олиб кетилмагани. Станислав тўпга тегинишга улгурмай, жиддий жароҳат орттириб олди. Бабаян қандай қарор чиқарди? Ўнг қанот ҳимоячимизни чапга олиб (!), ўнг қанотга футболчи туширди. Акмал Шораҳмедовнинг устунлиги нимада? Қанотдан ҳужумга қўшилиш ва ўнг (!) оёғида жарима майдонига хавфли тўп узатмани амалга ошириш. Шу холос. Бабаян юқоридаги қарори билан Акмални ягона устунлигидан ҳам маҳрум қилиб қўйди. Буни ўйин давомида кўрдик – Шораҳмедов чап қанотдан ҳам бир неча бор юриш қилди, аммо жаримага тўпни ошириб беришда чап (!) оёғидан фойдаланишга мажбур бўлди. Беш-олти тўп оширишининг ҳаммаси ўта хато кетди. Унинг устун саналган ўнг оёғини Бабаян бир қарор билан “кесиб” ташлади. Даврон Ҳошимов кўрсатган ҳунарларни эса гапириб ўтириш шарт эмас. Яна икки томонлама хато. Бундай пала-партиш жой алмашишлар терма жамоа ўйинида аниқ бир механизм йўқлигидан далолат.

Учинчи ҳолат – Азиз Ҳайдаровнинг майдонда қолгани. Кейруш терма жамоамизга қарши тезкор қанотлар ва узун тўп оширишлардан фойдаланишга қарор қилгани ўйин бошиданоқ ойдинлашиб қолди. Бу ҳолатда майдон марказида учта таянч ярим ҳимоячиси билан ўйнашимиз тўғри қарорми? Одатда уч таянч ярим ҳимоячи кўпроқ қисқа паслар орқали комбинацион ўйин кўрсатадиган жамоаларга қарши қўлланилади. Мақсад – майдон марказида рақиб ҳужумини ривожлантиришига тўсқинлик қилиш.

Қанотлар ва ҳужум чизиғига узун тўп узатишлари орқали ҳужум ташкил этадиган жамоага қарши уч нафар “опорник” нимага керак? Рақиб тўпни бу зонада ушлаб тургани йўқ-ку?

Ўйин вақти эътибор бермаган бўлсангиз, қайтадан кўринг – Азиз Ҳайдаров деярли ишсиз юрди бутун ўйин давомида. Бу зонада “бузғунчи” ролини бажаришга Афониннинг ўзи етарли бўлди. Одил эса кўпроқ ҳужумни ривожлантиришга масъул бўлди. Азиз эса – ғирт ортиқчалик қилди бу нуқтага. Битта кам бўлиб ўйнашдан фарқсиз ҳолат.

Тўртинчиси – футболчиларнинг алмаштирилиши. Даврон Ҳошимовнинг туширилиши қанчалик тактик хатоларни келтириб чиқарганини изоҳлаб ўтдик. Кейинги ўзгартиришлар ҳам бундан кам бўлмади. Ўйинга нисбатан яхшироқ мослашиб олган ва фаолроқ бўлган Афониннинг олиниб, майдонда “ўзини топа олмаган” Ҳайдаровнинг қолдирилиши; Эрон ҳимоячиларига ташвиш туғдириб турган ягона ўйинчи - Темурхўжа Абдухолиқовнинг алмаштирилиб, майдонда “мавжуд бўлмаган” Игорь Сергеевга охиригача ишонч билдирилиши мутлақо тушунарсиз ҳолат...

Булар шунчаки бир қарашда кўзга қадалган сезиларли хатолар. Буларнинг ортида бир қанча кичик деталлар ҳам бор. Бундай ҳал қилувчи ўйинлар тақдирини ўша кичик деталлар ҳал қилиб қўяди аслида. Бизни мураббийлар эса ботмондай-ботмондай қилиб “ўтириб қўйишди”. Кейруш даражасидаги мураббий учун “болалар совғаси”дан бўлак нарса эмас бу.

Хуллас, Эрон билан баҳсга киришишимиздан аввалоқ тактик хатоларга йўл қўйдик. Мураббийларимиз бу хатоларини ўйин давомида тузатиш ўрнига, бошқа хатолар билан вазиятни оғирлаштирди.

Биринчи марта шундай ҳолга тушаётган бўлсак ҳам кўз юмиш мумкин эди. Бироқ бу деградация узоқ вақтдан бери давом этиб келяпти. Энг ёмони – буни футболчиларимиз ҳам кўриб, билиб туришипти. Улардаги ишончсизлик, бунинг ортидан бефарқлик ортиб боряпти.

Бабаян штаби таянадиган услубни ҳатто мен ҳам изоҳлаб бера оламан. Бу унчалик мураккаб схема эмас. Ўйиннинг бошларида имкон қадар рақиб ўйинини ўлдириш, баҳс охирларида Одил Аҳмедовни таянчдан ҳужум ортига чиқариш, нисбатан толиққан рақибга индивидуал устунлик (Одил, Гейнрих, Рашидов) билан зарба бериш. Деярли шу.

Энди рақибларнинг кучли мутахассислари қай даражада ўзлаштириб, қарши чора қўллашини тасаввур қилаверинг.

Самвел Бабаяннинг шахси-ю, таркибни шакллантириш борасидаги ёндашувлари мени мутлақо қизиқтирмайди. Таркибни танлаш имконияти унинг ихтиёрида. Бунга ҳаққи бор. Истаган ўйинчисини таркибга қўшсин, аммо терма жамоа бундан жабр тортмасин. У терма жамоада барқарор, кучли ўйинни ташкил эта олмади. Шу энг катта хатоси.

Нега шунча хатоларни кўра-била туриб, мураббийлар штабига яна имкон берамиз? Хитой чидолмади, Қатарни сабри тўлди, Корея ёрилди – бари мураббийларини алмаштиришди, биз эса чидашга мажбурмиз.

Бўлди. Шу ерда тўхтайман. Сўнгги сўзим: Хитой ва Кореяни ютсак, Жаҳон чемпионатига чиқамиз. Миллиардлаб аудитория назарига тушамиз. Биринчи марта. Жуда яқин йўл. Футболимизнинг анчагина савияли авлоди учун охирги имконият бу! Янги тарихни яратиш учун мутасаддиларимизга зўр имконият бу! Шундай имкониятни бой бериш сизга алам қилмайдими?

Лутфулло Турсунов

Манба: stadion.uz
Киритилди: 18:09, 15.06.2017.
Ўқилди: 17721 марта.
Фикрлар: 28 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.