Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Рауф Инилеев: "Аввал терма жамоамиз яримҳимояси кучли эди"

Баҳо:
+1 | -

Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаши доирасида Эронга қарши кечган учрашувда мағлубиятга учради. Гарчи рақиб анча кучли бўлса-да, мухлислар барибир, терма жамоамиздан ғалаба кутишганди. Аммо умидлар оқланмади. Хўш, мағлубиятга нималар сабаб бўлди? Биз ўтган вақт давомида Ўзбекистон терма жамоасини бошқарган мутахассислар билан суҳбатда бўлиб, уларнинг ўйин ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик. Мутахассислар қуйидаги уч саволга жавоб беришди:

1.     Эрон - Ўзбекистон ўйини ҳақидаги умумий фикрлар.

2.     Ўзбекистон терма жамоаси Теҳронда ўтган аввалги баҳсда Эронни мағлуб этган эди. Бу сафар нима ўзгарди - Ўзбекистон кучсизландими ёки Эрон кучайганми?

3.         Самвел Бабаян айни вақтдаги таркибни ўзбек футболи тарихидаги энг кучлиси, деб айтган эди. Аммо Эронга қарши кечган баҳсда ўзбек футболи тарихидаги энг кучсиз жамоа майдонга тушди, деган фикрга қўшиласизми?

1. Эрон - Ўзбекистон ўйинидан қолган таассурот ҳаммада бир хил бўлса керак. Учрашув бундай ўтишини кутмагандик. Терма жамоа бутун ўйин давомида керак бўлганидек ҳаракат қила олмади ва мағлубиятга учради. Энг ёмони - Ўзбекистон терма жамоасида гол уриш учун вазиятлар ҳам бўлмади. Мана шуниси энг катта муамммо. Футболчиларимиз бирор марта дарвоза томон аниқ зарба бера олишмади. Бу учрашувда нафақат ғалаба, балки дуранг учун ҳам имконият йўқ эди. Рақиб ҳар томонлама ўйинни назорат қилиб, ҳақли ғалабага эришди.

2. Эрон термаси билан сафарда бўлиб ўтган аввалги учрашувдан буён кўп нарсалар ўзгарди. Энг аввало, рақиб таркибида кучли футболчилар сони янада кўпайганини айтиш лозим. Эрон жамоасида Европада тўп сурадиган кучли ижрочилар ҳар доим бўлган. Ҳозирги таркиб ҳам бундан мустасно эмас. Оддий мисол, Сардор Азмунни оладиган бўлсак, у ёш бўлишига қарамай, ҳужум чизиғида етакчига айланиб улгурган. Боз устига, Эрон термаси ўзи учун керакли тактикани ҳам яхши ўзлаштирган.

Форслар бутун учрашув давомида ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бирдек самарали ҳаракат қилишди. Рақибнинг ўйини вертикал асосга қурилган эди, яъни тўп эгаллаб олингани ҳамоно дарҳол ҳужумга ўтилди ва хавфли вазиятлар содир этилди. Эронликлар кўп вазиятлардан фойдалана олишмади, акс ҳолда, ҳисоб янада йирикроқ кўриниш олиши ҳам ҳеч гап эмасди. Ўзбекистон терма жамоаси эса ҳар доим кучли ярим ҳимояси билан танилиб келган. Кўпинча ҳимоя ва ҳужумдаги муаммолар айнан ўрта чизиқдаги иқтидорли футболчилар туфайли бартараф этиб келинган. Аммо Эрон билан бўлган ўйинда айнан шу устунликни йўқотганимиз кўриниб қолди. Нафақат ҳужум ва ҳимоя, балки ярим ҳимояда ҳам рақибга имкониятни батамом бой бердик. Дарвоза томон бирорта зарба йўлланмади. Бу ҳам ярим ҳимоядаги муаммолар сабаб келиб чиқди, олдинга аниқ узатилган тўпни кўрмадик.

Шу билан бирга, баъзи кичик жиҳатлар ҳам ўйинга таъсир ўтказди. Масалан, Денисовнинг жароҳати натижасида чап қанот оқсаб қолди. Виталий ўзининг тезкорлиги ва шиддати билан нафақат ҳимоя, балки ҳужумда ҳам ёрдам бериб келаётганди. У майдонга туша олмагач, чап қанотда айнан шу устунликни йўқотиб қўйдик.

3. Самвел Бабаян ўзбек футболи тарихидаги энг кучли таркиб ҳақида гапирганда анча шошилган эди. Аслида бундай гаплар мураббийлик этикасига ҳам тўғри келмайди. Афтидан, Бабаян кучсиз жамоалар билан бўлган ўйинлардан хулоса чиқариб, шундай тўхтамга келган ва шошиб гапириб юборган. Ваҳоланки, ўзбек футболи тарихида бутун бошли мусобақаларда ғолиб чиққан футболчилар бўлган. Бундай гап эса уларга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Бабаян энг кучли таркиб ҳақида қитъанинг энг кучли жамоаларига қарши кечадиган ўйинлардан сўнг гапиргани маъқул эди.

Бошқа томонлама эса, мураббий бу гап билан айни вақтда терма жамоа шарафини ҳимоя қилаётган футболчилардаги ўзига бўлган ишончни кўтармоқчи бўлгандир, балки. Бу услуб қай даражада самара келтиргани эса бошқа масала.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:38, 18.06.2017.
Ўқилди: 7463 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.