Ўрмонда шов-шув тарқалди: янги машина яратилибди.
— Биз бу машина билан ҳайвонлар ўртасидаги ўрмон чемпионатида ғолиб чиқмоқчимиз. Шунинг учун унга муносиб бирор-бир ҳайвонни танлашимиз керак.
— Бўри, — дейишди ҳайвонлар, — у қўрқмас, довюрак.
— Тулки, — деди баъзилар. — у айёр, қачон нима қилиш кераклигини билади.
Хуллас, мажлисда турли фикрлар билдирилди. Ахийри, шер мажлис тугаганлигини эълон қилди ва аъёнлари билан хосхонасига йўл олди.
— Нима қиламиз, — деди унинг лайчаси чиябўри. — Кимни бош қиламиз?
— Бошим қотиб қолди-ку. Бирор вариантинг борми?
— Агар йўқ демасангиз…
— Гапир…
— Шу жирафа оға бор-ку, юқоридаги бўйнини қаерга узатса етади. Ўша айиқполвон деган жиянини тавсия қилганди. Нима деймиз?!
— Айиқполвон, майли, оғанинг ҳурмати бор.
— Лекин ташқаридагиларга нима деймиз?
— Шуям муаммоми, эртага яна мажлис ўтказ. Ҳаммасини ўзим тушунтираман.
* * *
— Муҳтарам ҳайвонлар, — дея нутқ бошлади шер. — Биз чуқур мулоҳаза юритган ҳолда бир қарорга келдик. Янги машинамизни бу борада етарлича тажриба оширган айиқполвонга топширамиз. Биз ишонамиз, айиқ полвон, албатта, бу машинани кўзланган манзилга етказади. Бизга ишонаверинг.
Хуллас, айиқполвон машинани қабул қилиб олди ва бир ҳафтадан кейин бўладиган пойгага тайёргарлик кўра бошлади. Аммо у машинани яхши тушунмасди. Баллонларни алмаштиролмас, тормозларнинг ишлаш функциясини тушунмас, қачон тўхтатиш кераг-у, қачон тезлашиш лозимлигини билмасди. Натижада машинанинг абжағини чиқарди. Яъни маррага яқин қолганида секинлаштирувчи тормозни босиб юборди-да, борини расво қилди.
— Хўш, — деди чиябўри айиқполвонга ғазаб билан тикилиб. — Бу нимаси, машинанинг дабдаласини чиқарибсан-ку! Энди шерга нима деймиз?
— Билмасам, — деди айиқ елка қисиб.
— Менга қара, икки бочка асал ол, хушомадни тилингдан қўйма. Ора-орада жирафабойни ҳам қистириб ўт. Кейин бу сафар, албатта, ғолиб бўламан, деб ваъда бер. Тушундингми?
— Хўп…
Айиқполвоннинг асали шерни бир зумда юмшатди.
— Ҳеч қиси йўқ, — деди у асални ялаб, бошини сарак-сарак қиларкан. — Насид қилса, бу сафар ютасан, тўғрими? Машинани ҳам тузатиб оламиз. Янги баллонлар ол, тормозини алмаштир. Ҳозиргиси яроқсиз бўлиб қолди.
— Бўпти, анави ўрмон чеккасидаги дўконда янги баллонлар тайёрлашаркан, шундан олақоламан.
— Бу нима деганинг? Бизнинг доимиз мижозимиз бор. Ана, ҳув наридаги Фил бой бор-ку, ўшанинг тормоз-у баллонларидан ол. Ҳар ҳолда, қадрдон.
— Унинг баллонлари чидармикан?
— Бу ёғи билан ишинг бўлмасин, тағин бошқа жойлардан излаб юрма, хўпми? Фил оғанинг кўнглини қолдирмаслик керак. Энди борақол.
Айиқ хурсанд ҳолга ташқарига чиқди. У ҳайдовчи бўлишнинг энг зўр йўлини ўзлаштириб олганди. Энди ҳар доим Фил оғанинг баллон-у, тормозлар харид қилар, ҳар бир мусобақадан олдин эса ҳар эҳтимолга қарши бир бочка асал тайёрлаб қўярди.
— Бу сенга, — деди бир куни Шер чиябўрини ёнига чақириб. — Бу эндигина чиққан машина, ҳали ёш. Яхшилаб таъмирлаб, кучайтириш керак. Буни бошқарадиган танишларинг борми?
— Ҳа, — деди чиябўри ялтоқланиб. — Ана, айиққа ёрдам бериб юрадиган тошбақа борку, ўша. Кеча мен ҳам мустақил бирор машина бошқарсам, деганди.
— Бўпти, унда ўшанга берақол. Ўзи яхшими?
— Гап бўлиши мумкинмас. Муҳими, асални жуда яхши кўради.
Бу Шерга мойдай ёқиб тушди. Сўнг янги машинанинг калитини чиябўрига топширди-да, инига кириб кетди.
Орадан бир қанча вақт ўтиб, чиябўрининг ҳузурига тошбақа кириб келди. Ёнидаги ёшгина машинанинг абжағи чиқиб кетган, қўлида эса асал турарди…