Footclub сайти кўплаб ғайриоддий чекловларни ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди.
САЛТО ОТИШ МУМКИН ЭМАС
2007 йилда «Манчестер Юнайтед» жамоасининг собиқ бош мураббийси Сер Алекс Фергюссон португалиялик ярим ҳимоячи Нанини жамоага таклиф қилади. Футболчи билан тузилган шартномага шотландиялик мутахассис кутилмаган бандни киритади, яъни Нанига голни нишонлаш вақтида салто ошишни тақиқлаб қўяди. Боиси, бош мураббийни жамоага яхшигина нархга тушган португалиялик ўйинчининг салто натижасида ерга ноқулай тушиши ва оқибатда касалхонага тушиши ташвишга соларди. Бироқ Нани бу тақиққа эътибор ҳам бермайди. Бунинг исботи тариқасида эса орадан бироз вақт ўтгач, Ирландиянинг «Гленторана» жамоасига қарши кечган матчда (3: 0) Луиш Нани кетма-кет икки марта салто ошади. Лекин Сер Алекснинг бежизга ташвишга тушмагани кейинроқ ўз исботини топди. Яъни 2013 йилда бразилиялик ҳужумчи Мауридес айнан Нанининг трюкини такрорлаб кўрмоқчи бўлди ва натижада қаттиқ жароҳат олди. Бироқ салто Нанига ҳеч қандай зарар келтирмаган.
ЧАНҒИДА УЧИШ МАН ҚИЛИНАДИ
Норвегия терма жамоасининг собиқ ёш футболчиси Стиг Инге Бернебю чанғида трамплиндан сакрашни яхши кўрарди. Спортнинг бу хавфли турига бўлган қизиқиш унга отаси Ё Бернебюдан ўтганди. Ё ўз вақтида чанғида трамплиндан сакраш билан мунтазам шуғулланган, ҳатто 1968 ва 1972 йилги қишки олимпия ўйинларининг ҳам иштирокчиси саналади. Стиг Инге бироз вақтдан сўнг Англиянинг «Ливерпул» жамоаси билан шартнома имзолайди. Унинг қизиқишидан яхшигина хабардор бўлган жамоа раҳбарияти эса футболчининг хавфсизлигини таъминлаш ва жароҳатланишининг олдини олиш мақсадида қорли ҳар қандай спорт тури билан шуғулланишни тақиқлайди.
УЗУН СОЧЛАР МАШМАШАСИ
Аргентиналик Фернандо Редондо ўзгача соч услуби билан машҳур эди. Буни қарангки, айнан ана шу соч услуби унинг терма жамоа бош мураббийси Даниэл Пассарелл билан тортишиб қолиши ва натижада терма жамоа сафини тарк этишига сабаб бўлди. Бу воқеа 1998 йилги жаҳон чемпионатида кузатилди. Гап шундаки, Аргентина терма жамоаси устози Пассарелл Фернандодан сартарошга боришни талаб қилади. «У ўзига хос қонун-қоидаларни яратарди, — деганди ўшанда Редондо. — Бир куни мендан сочимни қисқартиришимни талаб қилди. Сочимнинг футбол ўйнашга нима алоқаси бор, тушунмайман. Шу боис унинг буйруғига бўйсунмадим». Редондо кейинчалик, яъни Аргентина терма жамоасини янги мураббий бошқараётгандагина терма жамоа сафида майдонга тушади.
МОТОЦИКЛ КУШАНДАСИ
2011 йилда «Манчестер Сити» клуби раҳбарияти жамоа ҳужумчиси Марио Балотеллига мотоцикл минишни тақиқлайди. Бунга ҳужумчининг «Ҳарлей-Давидсон» маркали мотоцикли билан фалокатга йўлиққани сабаб бўлади. Бироқ бу Мариога кор қилмайди. Ўз қарорини ўзгартиришни ёқтирмайдиган, қайсар Балотелли янгидан-янги мотоцикллар сотиб олаверади ва ўз навбатида қоидани ҳам бузаверади. Буни қарангки, Балотеллининг мотоцикллари камида 27 марта жарима майдончасига олиб келинган экан.
САМО БОРАСИДАГИ ЧEКЛОВ
«Сандерленд» жамоаси раҳбариятининг тақиқи янада ғайриоддий: жамоа мутасаддилари клубнинг янги аъзоси Стефан Швартс билан тузилган шартномага қуйидагича мазмундаги бандни ҳам киритишади: «Самога учсанг, жамоадан ҳайдаласан!» Бу тақиқ бежизга эмасди, албатта. Клуб мутасаддилари ўйинчининг космосга чиқиб кетишидан хавфсирашганди. Буни «Сандерленд»нинг ўша пайтдаги бош директори Жон Фиклинг қуйидагича изоҳлайди: «Швартснинг маслаҳатчиларидан бири ростдан ҳам унинг космосга саёҳат қилиши учун чиптага буюртма берган. Биз эса бу Стефаннинг қарори эканлигини англаб, унинг саломатлигидан ташвишга тушдик. Боиси, космосга саёҳат қилиш борасидаги кўплаб ҳужжатларда бу хавфли машғулот эканлиги белгилаб қўйилган. Шунинг учун биз энг тўғри йўлни тутдик, Стефанга космосга чиқишни тақиқладик. Тўғри, мазкур банд бир қарашда кулгили, аммо бунақа ғалати бандлар бўлган шартномаларни истаганча учратиш мумкин.
ФАҚАТ ҚОРА БУТСА
Яна диққат марказимизда Алекс Фергюссон. 2010 йилда сер Алекс «Манчестер Юнайтед» ёшларига ҳар хил рангдаги бутсилар кийишни ман қилади. Бу тақиқни эса жамоанинг ўша пайтдаги ўйинчиси Жон ЎШи қуйидагича изоҳлайди: «Машғулотлар қора бутсида олиб бориларди. Чунки бу ранг эътиборингизни унчалик тортмайди. Ҳар хил ёрқин рангли бутсилар ҳам кийишингиз мумкин, фақат у сизнинг диққатингизни чалғитмаслиги керак».
ИНҚИЛОБМИ ЁКИ ҲАЛОКАТ?
Мобил телефондан фойдаланмаслик, газли ичимликлар ичмаслик, маёнез, кетчуп, американча фаст-фудлар истеъмол қилмаслик, умуман ҳазиллашмаслик ва гаплашмаслик — бу қонунлар илк бора «Сандерленд»да жорий қилинди. «Бу оммавий инқилоб, ўзгариш бўлади», деганди жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийси Пауло Ди Канио. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, бу қарорлар мураббийнинг жамоани бошқариш стсенарийсидаги инқиболий жиҳатларидек кўринганди. Аслида эса мазкур қарор зарарига хизмат қилди. Юқоридаги тақиқларга ортиқ бардош бера олмаган футболчилар италиялик мутахассисга чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйишди.