Бугун юртимизда Рамазон ҳайити кенг нишонланмоқда. Биз шу муносабат билан Ислом динини қабул қилган футболчиларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.
Карим Бензема футбол оламида ислом динини қабул қилган футболчи сифатида танилган. Футболчининг ўзи бу ҳақда шундай дейди: “Мен, аслида, жазоирликман. Болалигимиз қийин кечган. Ота-онам оғир дамларимиз ўтиб кетишини сўраб тинимсиз илтижо қилишарди”. Ҳа, бундан кўриниб турибдики, Ислом дини Каримга болалигидан йўлдош ва нажоткорлик тимсоли бўлган. Шунингдек, Карим Бензема болалигидан айнан шу динга эътиқод қилар экан. Яъни у азалдан ислом дини вакили бўлган. Айни дамда унинг характерида муқаддас дин таъсири сезилади, у унча-бунчага жаҳлланмайди, нохуш воқеаларга аралашмайди ва ҳар хил “ишқий саргузашт”ларни бошдан кечирмайди.
Франк Риберининг ислом динини қабул қилганини кўпчилик немис клуби чемпионликни нишонлаганида билганди. Ўшанда “Бавария” ғолибликни тантана қилаётган бир пайтда немисларнинг анъанасига кўра “шампан виноси ёмғири” бошланиб кетди. Аммо Рибери бу воқеага қўшилмай, четда турганди. Бироқ шу пайт немис клуби ҳимоячиси Жером Боатенг Риберининг бошидан шампан виносини қуйди. Рибери эса унга жаҳл қилиб нималардир деб тортишиб кетди.
Бу воқеа бир зумда шов-шувга айланди. Кимдир Жеромни айблади, кимдир Риберини. Бу можарога эса Жеромнинг акаси Кевин Принс Боатенгнинг укасига айтган гапи якун ясади: “Нега бундай қилдинг, аҳмоқ, ахир Рибери мусулмон-ку!” Ҳа, айнан шу ёзувдан кейин ҳамма айб Жеромдан ўтгани маълум бўлди. Кейинчалик Риберининг айтишича, у Жеромга вино унга мумкин эмаслигини айтган, бироқ жамоадоши бунга парво қилмаган. Кейинчалик Рибери барча гиналарни унутиб, Жером билан гаплашиб кетди, ахир минг қилса ҳам мусулмон-да.
Яна бир мусулмон футболчи бу Риёз Маҳрез. “Лестер” ярим ҳимоячиси ёшлигидан Ислом дини билан таниш. Худди Бензема сингари унинг ота-онаси ҳам айнан Ислом динига сиғинган. Айни дамда унинг машҳур футболчи бўлиб етишишида ота-отасининг илтижоларининг ҳам ўрни катта бўлса ажаб эмас.