Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа 1-2 Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас 1-5 Арсенал
21/12 22:30 Осасуна 1-2 Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе

Макарондан фақат макаронли таом пишириб бўлади (яна ўзбек футболига бағишланади)

Баҳо:
+3 | -

Мана бир ойдирки ўзбек футболи ҳақида ёзмаган одам қолмади. Битта мен қолиб кетгандим, лекин ёзмасам гапим ичимда қолиб кетмасин деб, мен ҳам ёзишга қарор қилдим.

Ёзилган ҳамма мақолаларни деярли қолдирмай ўқиб чиқдим. Ҳамма ўзи қараётган ракурсидан келиб чиқиб, бугунги кунда ўзбек футболида мавжуд барча муаммони айтиб ўтишга уриниб кўрибди. Муаммолар эса ростан ҳам талайгина. Бу муаммоларни баъзиларини таниқли журналистимиз Хайрулла Ҳамидов ўзларини мақолаларида ажойиб тарзда таҳлил қилиб ҳам бердилар. Эътиборли жиҳати шундаки, Хайрулла Ҳамидов бирор ерда бош мураббий Самвел Бабаянни ўзбек футболини бугунги муаммосини асосий омили деб қарамаганлар. Бу ҳақиқий профессионалнинг нуқтаи назари ва жуда тўғри нуқтаи назар. Лекин ижтимоий тармоқлар, сайтлардаги изоҳларда кўпчилик асосий омил деб айнан МТЖ бош муррабийси Самвел Бабаянни кўрсатишмоқда. Кимдир “Абрамов даврида терма зўр эди” деса, яна кимдир “Қосимов даврида ҳам ҳали терма жамоя тузукроқ эди” қабилида фикр қолдиришмоқда.

Ҳўш, асл муаммо нимада ёки кимда? Наҳот бутун бошли 30 миллиондан ортиқ аҳолиси бор мамлакатнинг футболини инқирозига фақат бир ёки бир нечта киши сабаб бўлиб турган бўлса?

Айсбергни кўз олдимизга келтирайлик. Бу океанда сузиб юрувчи муз бўлаги. Оддий кузатувчи уни фақат сувни ташқарисидаги қисмини кўра олади ва уни ҳажми ҳақида нодуруст тасаввурот ҳосил қилади. Мутахассислар эса бу сув усти қисми кичик ва бошқача кўринсада сув остида қандай катта қисм сузиб юрганини ҳисобга олади. Бугун мен ҳам ана ўша айсбергни сув ости қисмига назар солмоқчиман, яъни ўзбек футболини муаммосини қаърига, чуқурроғига, илдизларига назар солмоқчиман.

Фараз қилинг, рўзғорингизда макарондан бошқа ҳеч нарса йўқ. Аёлингизга “тандир кабобми, сергўшт қилиб манти қил”, - десангиз, у бориб шу макаронни бирор макаронли овқат қилиб келади. Лекин тандир кабоб билан манти қила олмайди.

Ўзбек футболи шу рўзғорга, мавжуд ўйинчилар — макарон, Бабаян эса ўша макарондан бирор овқат тайёрлашга ошхонага кирган нўноқ ошпазга ўхшайди. Ишонинг, ҳозир Бабаяндан бошқа тренерни олиб келиб қўйсак ҳам сал-пал дурустроқ таом қилар, лекин ўша овқат ҳам барибир макарон бўлади. Шашлик қилолмайди бу макаронларимиздан!

Яъни, бугунги ўзбек футболини иқтидори шу, бори шу! Ундан ортиқ бирор нарса кўрсата олмайди. Гап фақат мураббийда эмас энди. Мураббий омили айсбергни усти қисми бўлиб қолаябди. Муаммо эса сал чуқурроқда.

Ҳар сафар Жаҳон чемпионатига чиқолмасак, бирор аламли мағлубият юз берса дарров 1994 йилги натижани эслаймиз, ёки йигирма биринчи асрни биринчи ўн йиллигидаги нисбатан кучли, мазмунли ўйин қиладиган термамизни эслаймиз. Ҳозирги ўйинчиларни ҳам ўшалардек ўйнаса бўлардику, нега ўшанақа ўйин қилмайди, нега ўшалардек ўйнай олмаябмиз,- деб ҳасратланиб қоламиз. Лекин ундақа терма энди йўқ! Биласизми, нимага сўнгги 3-4 йил ичида ўша даврдагига ўхшаш ўйинларни кўрмаябмиз? Чунки ўша термаларда ўйнаган ўйинчилардек фидоий, шижоатли, Ватан учун, миллат учун жон бериб ўйнайдиган ўйинчи қолмади. Йўқ! Қолмади! Илгари ўйинчилар аламли мағлубиятдан кейин виждони қийналиб, мухлислар кўзига кўринолмай юрарди. Ўзини миллат олдида, Ватан олдида, мухлислар олдида айбдор ҳисобларди. Ваҳоланки, улар қандайдир Сурияга нейтрал майдонда эмас, Япония ё Жанубий Кореяга меҳмонда, жанговар кечган ўйинда 0:1 ҳисобга ютқазиб келган бўларди. Шундай бўлсада уларда айбдорлик ҳисси бўларди.

Ҳозирчи? Ҳозир бунақа холатни кўрмаябмиз, ютқазса бир баҳона бор: “Ҳали имкониятларимиз бор, кейинги ўйинларда ғалаба қозониб керакли натижани қўлга киритамиз”. Барака топгур, бизга сени имкониятинг керак эмас, бизга саралаш гуруҳидан муддатидан 3 тур олдин масалани ҳал қилиб, Жаҳон чемпионатига чиқиб, у ерда ҳам ҳеч бўлмаса гуруҳ босқичида битта ўйинни ютиб, Аргентинадан сўнгги дақиқаларда Мессини жарима тўпидан урган голи эвазига мағлуб бўлиб, мағрур уйга қайтадиган терма керак! Иккинчидан, ўша сиз айтаётган “керакли натижани” номи нима? Муддатидан олдин Жаҳон чемпионатига чиқишми, ёки учинчи ўринни эгаллаб, ёмғирдан қутилиб қорга тутилиб, бир нечта плей-оффларда ўйнаб, Бахрайиндан ўтолмай мухлисларни асабини дурустчасига эговлашми?

Бир сўз билан айтганда, бугун футболимиз таназзулга юз тутгандек. Бу таназзул асарини эса “футбол” терминига тегишли ҳар бир жабҳада кўриш мумкин. Футболчилар савияси, ички чемпионатни сифати, унга бўлган қизиқиш, футболга тегишли муассаса ва федерацияни иши, етишиб чиқаётган мураббийлар савияси, хакамлик савияси, легионерлар оқими, стадионларга мухлислар ташрифи, биздан чиқиб бориб бошқа чемпионатда ўйнаётган ўйинчилар савияси... Хуллас, ҳамма ҳаммаси бундан 10 йил олдингидан бутунлай фарқ қилади. Бу холат фақат бизда кузатилаётган ҳолат эмас. Ана МДҲни истаган давлатини олинг. Россия, Украина ҳам айнан шу холатда. Россияда 11 ойдан кейин Жаҳон чемпионати бўлади. Одатда Жаҳон чемпионатига мезбон давлат вакиллари “бу биз учун мумкин тарихимиздаги ягона имконият” деб бор иқтидорни ишга солиб уйида ўтадиган Мундиалдан ўз “насибасини” узиб олади (Англия-1966, Франция-1998, Жанубий Корея-2002). Лекин Россия термасида бундай “насиба” олувчи йигитлар кўринмаябди.  Бу ўша айтиб ўтган таназзулни амалдаги кўриниши. Қаранг, худди биздаги ҳолат Россияда ҳам, яъни Жаҳон Чемпионатида битта “шашлик” қилайлик дейишса рўзғорда  “макарон”дан бошқа ҳеч нарса йўқ. Йўқ русларда ҳам ақалли Мексика, Австрия, Хорватия ўйинчилари даражасида ўйнай оладиган ўйинчиси. МДҲ давлатларига бу таназзул баравар келган!

Яна ўзимизни футболимизга қайтамиз. Ҳўш, ўша қуриб кетгур таназзулни сабаби нимада? Қандай омиллар бундай таназзулга олиб келди?  Ожизона бўлсада, сабабларни қуйидагиларда деб биламан:

1.  Бутун бошли футбол тизимимиз зудлик билан, тубдан ўтказиладиган ислоҳотларга муҳтож бўлиб қолди. Илгари таваккалдан чиқиб қоладиган иқтидорларимиз, омад, рақибларни омадсизлиги ва яна қандайдир бошқа омиллар эвазига ишониб иш тутиб келган бўлсак, бугун бу найрангимиз иш бермай қўйди. Чунки биз ўша ўша бўлганимиз билан, бошқалар ривожланаяпти, янгича иш тутаяпти ва бу ҳаракатлари самараси ўлароқ, натижага эришаяпти. Буни Эрон мисолида кўриш мумкин. Тўғри, Эрон 2014 йил Жаҳон Чемпионатида ақалли гуруҳдан чиқолмади, лекин биргина Аргентина билан ўйинни эслаб кўринг. Эслатиб ўтаман, ўша Эрон билан қарийб тенг ўйнаган Аргентина оқибатда финалгача етиб борди ва Германияга фақат қўшимча бўлимларни сўнгги дақиқасида ўтказиб юборилган гол эвазига чемпион бўлолмади. Биз ҳам, яъни бизни мутасаддилар ҳам Эронга ўхшаб қандайдир қойил қоладиган натижа кўрсатишимиз учун бир жойларини ўтирган ўрниларидан кўтариб, астойдил ишлашлари керак. Ана шунда бирор натижага эриша оламиз. Лекин бу бугун амалга ошиб шу бугун натижа берадиган иш эмас, бугун бошласак натижаси эрта ё индинга бўй кўрсатади. Бу ислоҳот эса албатта ўтказилиши керак!

2.  Янги имкониятлар яратиб янги иқтидорларни кашф қилиб, уларни даладан, пахтазордан, полизу яйловдан футбол майдонига олиб келишимиз керак. Ҳа, ҳа ўқиганингиз! Илгари футбол омма учун, ҳамма учун бирдек очиқ эди. Секцияларда жамиятни барча табақасига тегишли ёшлар машқ қилар ва ўз иқтидори эвазига оддий деҳқонни боласи ҳам катта футболга кириб кела оларди. Ҳозир ундай эмас, бор ҳақиқат шу! Ҳозир деҳқон боласини футболдаги келажагига ишонмай, “қўй болам, шу копток кетидан югурганингдан фойда йўқ”, деб уни далага олиб бораяпти. Футбол мактабларида эса пули бор, ўзига тинч оилаларни эрка болалари машқ қилаяпти. Иқтидор унчалик бўлмасада, дадасини орзуси-да, нима қилсин. Дадаси бу болаларга энг замонавий оёқ кийими, форма, рюкзак, борингки, ҳамма нарсани мухайё қилиб, машғулотга олиб бориб қўяди, машғулот тамом бўлса, машинада олиб келади. Буларни кўриб, назаримизда, футболга шундай зўр шароитлар яратилгандек, лекин аслида бу футболга бўлган имкониятни маълум бир гуруҳ одамларга, яъни потенциал иқтидорларга ёпиб қўйяпти! Футболни ҳамма учун очиб, ҳамма учун шароитни яхшилаб қўйсак, ҳатто энг чекка қишлоқлардан ҳам Олий лигада ўйнайдиган ўйинчилар чиқиб келиши мумкин. Бу, ҳам ўша ерларда қолиб кетган иқтидорларни майдонга олиб келади, ҳам ўша ердаги одамларни футболга бўлган қизиқишини оширади. Шу бола ўйнайдиган клубга ҳамқишлоқлари мухлислик қилади, стадионга томошага тушади, баҳонада ички чемпионатга файз қайтади.

3.  Ички чемпионат савиясини кўтариш керак. Рақобатни сал бўлсада балансга олиб келиш керак. Клублар савияси, имконияти орасидаги космик фарқият чемпионатни клубларини икки қарама-қарши қутбларга улоқтириб ташлаган. Яна бир бошқа муаммо — етакчи жамоаларни тез-тез молиявий инқирози ва бошқа янги бир етакчини пайдо бўлиши. Дарахт бир жойда кўкаради дейди ҳалқимиз. Бизда бугун "Пахтакор", эртага "Бунёдкор", индинга "Локомотив".  Ўйинчилар гулзордаги капалакдек унисидан бунисига, бунисидан унисига ўтиб юришибди. Терма жамоа учун фарм клуб умуман йўқ. Бору.... пастроқда айтаман “фарм клуб” ҳақида. Инқироз деганлари ҳам мухлисни, ҳам клубни, ҳам ўйинчиларни ҳафсаласини пир қилиш билан овора. Мисол сифатида "Бунёдкор"ни кўрсатишимиз мумкин. Кечагина Сколари қўл остида Ривалдо ва ўзбек футболи юлдузлари тўп сураётган клубни бугунги ҳолатини қаранг. У клубни мухлислари ўшанда қанча эди ва ҳозир қанча қолди. Бошқа бир мисол: ўтган ўн йилликни охирига келиб пайдо бўлган ўзбек “эл-классикоси” қани энди. Эсимда, ўшанда “Ўзбекистон футбол фанатлари” сайтида мухлислар "Барселона" ва "Реал" ўйинидан кўра кўпроқ "Бунёдкор" ва "Пахтакор" ўйинини кўпроқ муҳокама қилишарди. Тортишарди, урушарди, қизиқарди. Стадион ҳам тўларди бу икки клуб ўйинида. Ҳозирчи? Йўқ у жозибали ўйинлар, шиддат ва ўша ўйинларга бўлган қизиқиш. Буни сабаби клубларнинг нобарқарорлиги. Майли, бугун клублар ўртача бўлсин, лекин барқарор бўлсин. Токи унда футболчи камида бир жамоа таркибида 4-5 йил ўйнасин, аниқ бир ўйин фалсафасига кўникма ҳосил қилсин, “кейинги мавсум қаерда тўп сураркинман” деб эмас, янги натижалар ҳақида ўйласин. Ички чемпионатга барқарорликни қайтиши стадионга мухлисларни қайтаради, мухлисларни қайтиши эсаинвесторларни, хомийларни қайтаради, хомийлар эса легионерларни қайтаради. Легионерларни қайтиши эса маҳаллий футболчиларни малакасини ошишига кўмаклашади, маҳаллий футболчиларни малакасини ошиши МТЖни кучайтиради.

4. Терма жамоа мураббийларини клубдаги лавозимдан озод қилиш керак. Мураббий ҳам термада, ҳам клубда ишлар экан, истасак-истамасак бу мураббий асосан ўзи ишлаётган клубни терма жамоага фарм клуб қилиб олади. У бошқа клубларда ўйнаётган иқтидорли ўйинчиларни рақиб сифатида кўриб ўрганган, уларга нисбатан холис бўла олмайди, улардаги иқтидорни тўлиқ  кўра олмайди ва терма жамоага ўз ўйинчиларини тиқиштиради. Бунга мисол келтиришим ҳам шарт эмас. Ҳаммасини амалда кўриб турибмиз. Иқтидорлар эса ўз клубида қолиб кетаяпти. МТЖда ўйнаш имконияти камайиб, мақсади фақат шу клуб бўлиб қолади. Ўсишдан тўхтаб ўртача статистик бир ўйинчига айланиб қолади. Стимул ўлади.  Термада эса тантиқ, эрка, ватанпарварлик ҳиссидан кўра юлдуз бўлиш орзуси кучли бўлган лаёқатсизлар сизу бизни асабларни туттек тўкиб, беномусларча йиллаб ўйнаб юраверади. Ёки бўлмаса, терма ҳам “шаҳри бедарвоза” бўлиб, ҳар сафарги муваффақиятсизликдан кейин янги ўйинчиларни таклиф қилиб, тажриба ўтказиладиган плацдармга айланиб қолаябди. Ўртоқлик ва назорат ўйинлари даражасику айтиб бўлмайдиган даражада.

5.  Энг охиргиси. Мураббийлар мактабини кучайтириш керак. Мураббийларга имконият бериш керак. Нима учун бу масалани энг охирига ташладим. Сабаби: агар юқоридаги ишлар амалга ошса, яхши терма учун ҳамма омиллар етарли бўлиб, гап фақат мураббийга қолганда яхши мураббийни тайинлаб унга имконият бериш керак. Германияда Йохам Лёв 11 йилдан бери ишлайди. Натижалари ҳам ёмон эмас. 11 йилда камида бир авлод тўлиқ алмашиб иккинчи авлод алмашинуви бошланди, лекин мураббийни термадаги фалсафаси давр футболини талабига қараб ўзгарсада, термада ички муҳит ўзгармаган ҳолатда керакли натижаларга эришиб келаябди.  Биз ҳам терма жамоа учун керакли барча “ингридиентлар”ни тайёрлаб берайликда, мураббийга бирор йил имконият бериб, кейин натижа талаб қилайлик. “Самвел Бабаянчи, у ҳақида нега жимсан”- дейсизми? У ҳақида бир нарса дея оламан: Бабаян бугунги термамизга, бугунги таназзулга юз тутган тизимимиз, ва бугунги мавжуд иқтидорларимизга (агар шуларни иқтидор деб бўлса), бугунги футболимизга роппа-роса мос ва лойиқ!  Бугунги футболимиз мана шу нўноқ, тактика сиз, бирор бир фалсафасиз ва мақсадсиз Самвел Бабаян тимсолида тўлиқ акс этган!

Биз учун биринчи рақамли ўйин бу футбол экан, демак айтилган ислоҳотларни амалга оширишда ҳар биримиз бетараф бўлмаслигимиз керак. Масалан, деҳқон акалар, ўғлингизда иқтидори бўлса, имкониятини қилиб уни машғулотларга беринг, ўғлингизни ёрқин келажак кутмоқда!  Имконияти бор, “қўли узун”, лекин футболчи бўладиган ўғли йўқ акалар: имконияти йўқ, лекин иқтидорли болаларни кўриб қолсангиз, ҳомийлик қилинг, самараси ҳам сизга, ҳам ўша болага ва ҳам миллатга етади. Юқоридаги мутасаддилар! Сизлар ҳам озгина бўлсада, футбол ҳақида ҳам қайғуриб қўйинг. Ўзбек футболини равнақи учун нимаики қилиш керак бўлса, қўлингиздан келганча ҳаракат қилинг, насиб бўлса, албатта уддалайсиз. Стадионларга мухлисларни, ўзбек футболига жозибани қайтаринг! Савия ва жозибани йўқ бўлишида сизларни “хизматингиз” жудаям катта! Фурсат етди, ўзингизни оқлаб қолинг. Миллионлаб ўзбек ҳалиям умиди сўнмай яшаяпти. Ҳар тўрт йилда уларни орзусини чилпарчин қилиб умидларини тўрт йил ортга улоқтириб ташласангиз ҳам, барибир ишониб, кутиб, умид қилиб келаябди. Ўзбек халқи сабрли. Лекин бу дегани сабри чексиз дегани эмас. Ҳамма жабҳада юз бераётган натижалар сингари футболда ҳам натижамиз, мақтанса арзийдиган натижамиз бўлиши керак. Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз! Ўзбекистон иқтидорлар макони! Боримиз шу деб бизни “макарон” билан бизни алдаманг!

Муаллиф: Бобомурод Умар Абдураҳмон, Тожикистон Республикаси, Хўжанд шахри

Манба: stadion.uz
Киритилди: 11:58, 20.07.2017.
Ўқилди: 14266 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.