Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Франция футболининг файласуфи

Баҳо:
+ | -

Шу йилнинг 29 июнида «Монпелье» клубининг  кўп йиллик президенти Луи Николлен роппа-роса 74 ёшда (туғилган кунида) ёруғ дунёни тарк этди.

Николлен нафақат футбол, балки Франция спортининг тараққиётига улкан ҳисса қўшган шахслардан бири эди. Энди шундай «наҳанг»дан биргина «Лион» соҳиби - Жан-Мишель Ола қолди.

Эътиборлиси, мсье Луи ҳатто микрофон қаршисида ҳам ўз фикрларини очиқ-ойдин изҳор қилишга одатланганди. 2012 йили унинг жамоаси ички биринчиликда ғолиб чиққач, қувончдан ўз танасига сиғмай қолган президент шундай хитоб қилганди:

«Монпелье» - чемпион! Марсель, Париж, Лион, Лилль ва Ренндек грандлар ортда қолиб кетишдими? Бундан ортиқ шармандалик бўлмаса керак!» Ҳа, кези келганда ҳеч кимни аяб ўтирмайдиган тарихий шахслар сони биттага камайди.

Тили «ўткир» мутахассис

Роже Роше. «Трубкали одам» тахаллуси билан танилган президент даврида «Сент-Этьен» 9 марта чемпионликка эришган ва бир марта ЕЧЛнинг финалида тўп сурган. Мсье Роже вақтида Лионни Сент-Этьен тасарруфидаги шаҳарчага ва Сент-Этьен паровози судраб келаётган вагонга қиёслаганди. Оқибатда полиция жамоанинг 20 млн. франклик хуфия ғазнасини фош этди. Шундан кейин президент лавозимидан четлатилиб, уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Тўғри, у атиги 4 ойни қамоқда ўтказди.

Бернар Тапи. «Марсель» билан ЕЧЛда ғолиб чиқиб, жанубликка айланган Париж фуқароси. Катта шов-шувга сабаб бўлган «ОМВА» можароси унинг фаолиятига чек қўйди. Лекин мухлислар Тапини ҳамон ҳурмат қилишади. Чунки у бир қатор тарихий ғалабаларни туҳфа этганди.

Жан Луи Трио. «Бордо»ни 21 йил давомида бошқарган шахс. 2013 йили беш нафар ширакайф йигитчалар маҳаллий циркдан Серж исмли  ламани ўғирлаб, биргаликда трамвайда сайр қилишган. Маълум муддатдан сўнг полиция уларни ҳибсга олди, жонивор эса машҳурликка эришди. Шу йилнинг мартида Трио ўз ваколатини 46 ёшли Стефан Мартенга топшириб, жамоа ва мухлислар билан хайрлашди.

Луи Николлен. Йўқни бор қилган миллионер. 1974 йили мсье Луи Франция чемпионатининг 6-лигасида тўп сураётган «Монпелье Пайяд Спорт» ҳаваскорлик клубини ўз тасурруфига олди. Ваҳоланки, жамоа 1919 йилда 1-дивизион ташкилотчиларидан бири бўлган. Шаҳар мэри Жорж Фрешенинг кўмаги билан Николлен саккиз йилда «Монпелье»ни элитага олиб чиқди. 1989 йили жамоанинг ягона акционерига айлангач, клуб номини «Монпелье Эро Спорт»га ўзгартирди. Бир йилдан сўнг Франция кубогини қўлга киритди. 2012 йили эса Николлен илк марта чемпионликка эришди.

Луи Николлен фақат футбол билан кифояланиб қолмади. 1999-2009 йилларда унинг компанияси «Безье Эро» регби клубига ҳомийлик қилди, кейин «Монпелье Эро регби»ни ўз тасарруфига олди. Шунингдек, Николлен 2000 йилдан «Пари Баскет Расинг», 2002 йилдан «Пари Гандбол» клубларига ҳам ҳомийлик қила бошлади. Мсье Луи маълум муддат Франция мусобақалар ва сувларда қутқариш федерацияси (ажабланманг, шунақа муассаса ҳам бор)га раҳбарлик қилди. Монпельедаги аёллар футбол жамоаси Марселдан 10 йил аввал ташкил этилган бўлиб, у ҳам Луи Николленнинг ташаббуси бўлган. Умуман, қитъада етакчилик қилаётган Франция аёллар футболида Николленнинг хизматлари беқиёс. Албатта, «Монпелье»нинг марҳум президенти ОАВ вакиллари билан тез-тез мулоқотда бўларди. Рўй-рост ва очиқ-ойдин шарҳлари нашрлар ва телеканаллар учун суюкли манба ҳисобланарди. 2012 йили 15 апрелда ТВга ташриф буюрган президент «Монпелье» чемпионликка эришса, соч-ларини тўқ сариқ ва кўк рангга бўяшга ваъда берганди. 24 май куни у чиндан ҳам бу ишни амалга оширди. Табиийки, бахтиёр президентнинг фотосурати барча нашрларнинг биринчи саҳифасидан ўрин олди. «Экип» эса Николленнинг 70 йиллик юбилейига бағишлаб «Николен билан Х соатида» телефильмини яратди. Мусаввир Давид Буономо эса «Монпелье» президенти ва унинг қизиқишларига оид комикслар сериясини ёзди.

Мсье Луи томонидан бутун фаолияти давомида тўпланган коллекциядаги футболкалар сони 4500 нусхадан кўпроқ. Уларнинг аксарияти машҳур юлдузларники. Бу марҳум президентга тегишли 3та музейнинг бир қисмигина, холос. Залларнинг бири спортга, жумладан, футболга ажратилган, иккинчиси велосипедларга, учинчиси автомобилларга.

Луи Николленнинг мол-мулклари вафот этганида 120 млн. еврога баҳоланди. Клуб марҳумнинг 39 ёшли ўғли Лоранга мерос бўлиб қолди. Тўнғич ўғли (42 ёш) Оливер эса оилавий бизнесни бошқарадиган бўлди. Гап чиқиндиларни ташиш ва қайта ишлашга ихтисослашган корхона ҳақида кетмоқда. 1945 йили Луининг отаси Марсель Николлен томонидан асос солинган «Николлен» фирмасида ҳозир 5000 ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Корхона Луи Николленнинг спорт оламидаги муваффақиятли фаолияти туфайли ўз соҳасида учинчи ўринга кўтарилди. Фирманинг йиллик айланма фонди 300 млн. евродан ошиб кетди.

Бундан ташқари, Камаргдаги нов­вослар фермаси, «Шурраску» тунги клуби ва «Комбе» ранчоси ҳам Луи Николленга тегишли. Мсье президент бу ёруғ оламда қанчалик завқ-шавқ билан ширин яшаган бўлса, уни шу тарзда тарк этди. Яъни, Гарон шаҳарчасидаги «Александр» ресторанида 74 ёшини нишонланаётган пайтда юрак хуружи туфайли ҳаётдан кўз юмди. Алвидо, Лулу! Сенсиз футбол олами анча зерикарли бўлиб қолди...

 

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:09, 31.07.2017.
Ўқилди: 3256 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.