Футболда ёшларга эътибор бериш муҳим омиллардан бири саналади.
Болалар ва ёшлар футболига зарур шарт-шароитларни яратиб бериш орқали келажакни белгилаш мумкин.
«Навбаҳор» футбол клубига Шавкат Абдураззоқов президент этиб тайинлангач, дастлабки ишни ёшларга эътибор қаратишдан бошлади. Айнан шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган шаҳар кенгаши негизида «Навбаҳор» ёшлар футбол академиясини очиш таклифини ўртага ташлади. Қисқа фурсат ичида керакли хужжатлар тайёрланиб, академияга асос солинди. Ёшлар жамоасини машғулотлар ўтказиши учун биринчи навбатда Наманган тумани маркази Тошбулоқдаги «Марказий» ўйингоҳ футболчилар ихтиёрига берилди. 30 июль куни Наманган туманидаги ўйингоҳда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган шаҳар негизида ташкил этилган «Навбаҳор» ёшлар футбол академияси давлат унитар корхонасини тақдимот маросими ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Х.Бозаров, Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” футбол клуби президенти Ш.Абдураззоқов, Наманган тумани ҳокими Ш.Давронов расмий меҳмон сифатида иштирок этишди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Хайрулла Бозаров сўз олди: - «Наманган футболида ўзига хос бурилиш жараёни рўй бераётганлигининг гувоҳига айланмоқдамиз. Сўнгги пайтларда ёшларга давлат томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Эътибор 2017 йилда янада кучайтирилди. Бунинг самараси ўлароқ “Камолот” ёшлар ҳаракати ўрнида ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Футболни ёшларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Олдинроқ «Навбаҳор» футбол клуби қошида академия очиш борасида режа тузгандик. Маълум сабабларга кўра бу иш амалга ошмай келаётганди. Ниҳоят бу режа амалга оширилди. Бу кунни «Навбаҳор» ёшлар футбол академиясининг ташкил этилган сана деб тарихга муҳрлаб қўйсак бўлади. Бошлаётган ишларимиз уч йилда ўз самарасини беради. Кўп ҳолларда «Навбаҳор» жамоасини «Пахтакор» ва «Нефтчи» клублари қаторида Ўзбекистон чемпионатлари ўтказила бошлангандан буён олий лигада мунтазам равишда иштирок этиб келаётганлигини эътироф этиб, фахрланиб юрамиз. Лекин, сўнгги пайтларда ўз даврида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган, бир неча бор чемпионат совриндори бўлиб, мамлакат кубогини уч бор қўлга киритган жамоанинг натижалари салмоқли бўлмай қолди. Бу борадаги энг катта камчилик ёшларга етарли даражада эътибор берилмагани бўлди. Агарда олдинроқ ёшларга эътиборни кучайтирилганида «Навбаҳор» бугунги кунда кучсизланиб қолмаган бўларди. Мақсадимиз жамоани аввалги мавқеини тиклаш ва жаҳон миқёсидаги мусобақалардаги иштирокини таъминлашдан иборат. Ёшларга эътиборни кучайтириш орқали олдимизга қўйилган вазифани уддалашимиз мумкин. Тез орада бу ишлар ўз самарасини кўрсатади деган умиддаман. Ҳар ҳолда икки миллиондан ошиқ Наманганда иқтидорларни топиш мушкул эмас. Биздан ҳам ўзбек Мессиси ва Роналдуси етишиб чиқиши мумкин. Фақат бу иқтидорларни мураббийлар ва бевосита шу ишга маъсул бўлган мутасаддилар буларни кашф эта олишмаётгандир. Академияни тузиш орқали эса кўплаб иқтидор эгаларини тарбиялаш мумкин».
Шундан сўнг «Навбаҳор» ёшлар ва аёлллар жамоаси аъзолари, «Навбаҳор- Умид» футбол мактаби, 15-сонли ихтисослаштирилган футбол лицей интернати тарбияланувчиларига спорт формалари, тўплар тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Наманган футболи фахрийларига ҳам совғалар тақдим этилди. Янги ташкил этилган ёшлар футбол академияси «Исудзу» русумидаги автобусга эга бўлди.