Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ораховац: "Таклифлар кўп бўлса-да, айнан "Динамо"ни танладим"

Баҳо:
+ | -

Давралар оралиғидаги муҳим трансферлардан бирини «Динамо» клуби амалга оширди. Самарқанд жамоаси уч мавсумдан буён «Пахтакор» жамоасининг асосий ҳимоячиси бўлиб келаётган Аднан Ораховацни ўз сафига қўшиб олди. Яқинда футболчи билан суҳбатлашиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

«ПАХТАКОР»ДАН МИННАТДОРМАН»

- Аднан, уч йиллик фаолиятдан сўнг «Пахтакор»ни тарк этиш осон бўлмагандир…

- Бу футбол ва профессионал футболчининг ҳаёти мана шундай синовлардан иборат. Ўзбекистонга айнан «Пахтакор» сабабли келдим, уч йил ичида Тошкентга жуда ўрганиб қолдим, «Пахтакор»да ажойиб дамларни ўтказдим. «Пахтакор» футболчилари, раҳбарият, ходимлари ва мухлисларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Қарийб уч йил давомида бир оила бўлдик. Бу вақт давомида йирик ғалабалар, аламли мағлубиятларни бошдан кечирдик. «Пахтакор» сафида Чемпионлар Лигасида ўйнаганимдан, мамлакат чемпионига айланганимдан хурсандман. Бу клуб доимо юрагимда қолади.

- Ўзбекистонга келишингиз қандай рўй берган?

- Мендан олдин, 2012 йилда «Пахтакор»да амакимнинг ўғли Санибал Ораховац тўп сурганди. Аммо жароҳати боис Тошкентда кўп қолмаган. Шунга қарамай, у «Пахтакор» ва Ўзбекистон ҳақида илиқ фикрлар айтаганди. 2015 йил бошида айнан Санибалнинг таклифи билан Тошкентга келиб, «Пахтакор»нинг икки ҳафталик йиғинида иштирок этдим. Йиғиндан кейин «Пахтакор» раҳбари Самвел Бабаян жамоада олиб қолганди. Жамоанинг мақсади чемпионлик эди ва биз бунга эришдик. Чемпионлар Лигасида тўп суриб катта тажрибага эга бўлгандим. Бу жамоадан фақат ёрқин хотиралар қолди.

- Айнан нима сабаб «Пахтакор»ни тарк этдингиз?

- Жамоада янги раҳбарият, янги мураббийлар штаби иш бошлади. Мураббийлар ўз ўйин услубларига мос футболчилар билан янги марраларни кўзлашмоқда. Балки янги мураббийнинг ўйин услубига мос эмасдирман. Ҳеч кимдан хафа эмасман, буни тўғри тушунаман. Бу нормал ҳолат. «Пахтакор» янада янги марраларни эгаллашига ишонаман.

«МЕНГА БИРИНЧИ БЎЛИБ ИЛҲОМ ШАРИПОВ ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛДИ»

- «Динамо»га ўтишингиз қандай кечди?

- 2015 йилда «Пахтакор»га келганимда Илҳом Шарипов шу жамоада ишлар ва менга кўп ёрдам берганди. Айнан у киши учун «Динамо»га ўтдим. У киши билан жуда яхши муносабатда бўлганмиз. Яқинда «Пахтакор»ни тарк этганимдан кейин, менга биринчи бўлиб телефон қилган инсон Илҳом ака Шарипов бўлди. «Динамо»га ўтишни таклиф қилганида, мен уйим Черногорияга бориб келиб, бу таклифни ўйлаб кўришимни айтгандим. Олдимда Олий Лига клубларидан 2-3 та таклиф бўлсада, кўп ўтмай Илҳом акага «Динамо»га ўтишга рози эканлигимни айтдим.

- «Динамо» танловига айнан нималар сабаб бўлди?

- Сабаби, Самарқандда илк бор «Пахтакор» билан келганимда бу шаҳар менга жуда ёққанди. Қолаверса, минглаб мухлислар билан тўлган стадион менда жуда яхши таассуротлар қолдирганди. Мавсум бошида «Динамо» Тошкентда бизни мағлуб этганда, бу жамоа ўйини ҳам илиқ таассурот қолдирган. Жамоага мени ўзим жуда яхши билган Илҳом ака Шарипов таклиф қилаётгани учун қароримга таъсир қилди. Барчасини ўйлаб, ўзимга савол бердим, нега таклифни қабул қилмаслигим керак? Якунда «Динамо» билан шартнома имзоладим.

«ДИНАМО» - БИР ОИЛАГА АЙЛАНГАН»

- «Динамо» таклифини қабул қилишдан аввал кимлар билан маслаҳатлашдингиз?

- Биз футболчилар одатда таниш футболчи дўстларимиз билан ҳам маслаҳатлашамиз. Бу борада ўтган мавсум «Пахтакор»да бирга тўп сурган, ҳозирда эса «Динамо» дарвозабони бўлган Темур Жўраев билан маслаҳатлашдим. У клуб ҳақида фақат илиқ фикрлар билдирди. Шунингдек, Саиджамол Давлатжонов билан ҳам гаплашганимда у ҳам «Динамо»га келишимни, бу ерда футболчилар бир оила, ака-укадек муносабатда эканлигини айтди. Жамоага қўшилганим билан бунга ўзим ҳам амин бўлдим. Ҳеч ким бир-биридан ёрдамини аямайди. Бутун жамоа бир оилага айланиб қолган. Таркибда ажойиб футболчилар бор. Жамоа бежизга кубокда ярим финалга йўлланма олмаган. Фаолиятимни Самарқанддек тарихий шаҳар жамоаси сафида бошлаётганимдан жуда хурсандман. Барчанинг ишончини оқлаб, муносиб тўп суришга интиламан.

- Ўзбекистонга келмасингиздан аввал Самарқанд ҳақида нималарни билардингиз?

- Самарқанднинг жуда қадимий шаҳар эканлиги ҳақида эшитганман. Мусулмон бўлганлигим боис, айниқса, Ислом дунёсида машҳур бўлган Имом Ал Бухорийнинг зиёратгоҳлари, Амир Темурдек буюк инсоннинг қабри Самарқандда эканлигини билардим. Дарвоқе, акам Санибал Ораховац 2012 йилги «Пахтакор»даги фаолияти давомида вақт топиб, оиласи билан поездда бир кунга Тошкентдан Самарқандга саёҳатга келганлигини, Регистон ва қадимий жойлар унда катта таассурот қолдирганлигини айтиб ўтганди.

- Футболдаги илк қадамларингиз кўпчилик учун қизиқ…

- Черногория пойтахти Подгорица шаҳрида туғилиб ўсганман. 6 ёшимдан футбол билан ошно тутинганман. Футболчи бўлишимга оилам сабабчи. Чунки отам ҳам футболчи бўлганлиги учун барчамиз футбол мухлиси эдик. Айнан отамнинг йўл йўриқлари туфайли ёшлигимдан футбол билан ошно тутунганман. Дастлаб яримҳимояда ўйнардим, кейинчалик мураббийлар менда ҳимоячи бўлиш учун барча жиҳатлар борлигини айтишди. Қатъий тартибларга амалга қилганим учун футболчи бўлиб етишдим деб ўйлайман.

«ФИНАЛГА ЧИҚСАК, САМАРҚАНД УЧУН КАТТА БАЙРАМ БЎЛАРДИ»

- Черногорияда «Будучност»да тўп сурган экансиз, шундайми?

- Бу жамоа мамлакатнинг энг кучли клубларидан бири ҳисобланади. Улар билан мамлакат чемпионлигини ва кубогини қўлга киритганман. Ўзбекистонлик мухлисларга яхши таниш бўлган Миодраг Радулович қўл остида Черногория чемпионига айланганман. Айнан ушбу мутахассис «Пахтакор» ҳақида яхши фикрлар айтганди.

- Черногория ва Ўзбекистоннинг ўхшаш томонлари борми?

- Ўзим туғилиб ўсган шаҳарим Подгорица билан Тошкент ўртасида фарқ катта. Тошкент, Самарқанд катта шаҳарлар. Подгорица эса тоғлар бағрида жойлашган мўжазгина шаҳарча. Ҳар икки мамлакат одамлари ҳам самимийлиги, меҳмондўстлиги билан бир-бирига жуда ўхшаш. Қолаверса, иқлим шароитимиз ҳам жуда ўхшаш, катта фарқ йўқ. Ўзбекистонда бўлгани каби Черногорияда ҳам қадимий масканлар анчани ташкил этади. Турли миллат ва дин вакиллари яшашади.

- Иккинчи даврадан нималарни кутаяпсиз? Мақсад ва режалар қандай?

- Бизни жуда қизиқарли ўйин кутиб турганлиги аниқ. «Пахтакор», «Бунёдкор» ва бошқа гранд клублар кучайишга интилишди. Қолаверса, ўртамиёна жамоалар ҳам исталган етакчига жиддий қаршилик кўрсата олишларига ишонаман. Иккинчи даврада «Динамо» билан Олий Лигада имкон қадар юқори ўринларни эгаллашга интиламиз. Ўзбекистон Кубогида эса финалга чиқишга бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз. «Динамо» финалга чиқса бу бутун Самарқанд учун ажойиб байрам бўларди.

Манба: fcdinamo.uz
Киритилди: 10:33, 04.08.2017.
Ўқилди: 2846 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.