Кириш Регистрация
08/11 00:45 Женоа - Комо
08/11 18:15 Бунёдкор 1-1 Металлург
09/11 00:45 Лечче - Эмполи
09/11 01:00 Райо Вальекано - Лас-Пальмас
09/11 16:00 Навбаҳор - Пахтакор
09/11 17:00 Насаф - Сўғдиёна
09/11 18:00 Реал Мадрид - Осасуна
09/11 18:15 Сурхон - Нефтчи
09/11 19:00 Венеция - Парма
09/11 20:00 Кристал Пэлас - Фулхэм
09/11 20:00 Вест Хэм - Эвертон
09/11 20:00 Вулверхэмптон - Саутгемптон
09/11 20:00 Брентфорд - Борнмут
09/11 20:15 Вильярреал - Алавес
09/11 22:00 Кальяри - Милан
09/11 22:30 Брайтон - Манчестер Сити
09/11 22:30 Эспаньол - Валенсия
10/11 00:45 Ювентус - Торино
10/11 01:00 Ливерпуль - Астон Вилла
10/11 01:00 Леганес - Севилья
10/11 16:30 Аталанта - Удинезе
10/11 17:00 Андижон - Қизилқум
10/11 18:00 Бетис - Сельта
10/11 19:00 Ман. Юнайтед - Лестер
10/11 19:00 Ноттингем Форест - Ньюкасл
10/11 19:00 Тоттенхэм - Ипсвич
10/11 19:00 Фиорентина - Верона
10/11 19:00 Рома - Болонья
10/11 20:15 Мальорка - Атлетико
10/11 21:30 Челси - Арсенал
10/11 22:00 Монца - Лацио
10/11 22:30 Хетафе - Жирона
10/11 22:30 Вальядолид - Атлетик Бильбао

Дани Алвес: "Салом! Ҳаммаси режадагидек!"

Баҳо:
+ | -

Сўнгги мавсум «Ювентус» сафида идеал даражада тўп сурган бразилиялик ҳимоячи Дани Алвес ҳозир ҳар тонгни ўта хушкайфиятда қарши олади: «Салом! Ҳаммаси режадагидек кетмоқда!» Алвес олдида Англия грандлари сафига қўшилиш вариантлари бор эди.

Хусусан, Хосеп Гвардиола собиқ шогирди билан «Манчестер Сити»да ҳам ҳамкорлик қилишни хоҳлади. Бироқ Данининг ўзи яқин келажакда Европа ЧЛда ғолиб чиқишни режалаштирган «ПСЖ» таклифига розилик билдирди.

Замонавий футболдаги энг илғор ўнг қанот ҳимоячилари қаторида таърифланаётган Алвес L~Equipe мухбири билан суҳбат жараёнида айнан фаолиятидаги кескин бурилиш ҳақида тўхталди.

«Қарорим Гвардиолага маъқул тушмагани аниқ»

- «ПСЖ» билан шартнома тузганингиздан сўнг Гвардиола билан гаплашдингизми?

- Ҳа, хотиржам мулоқот қилдик. Кўпроқ мен сўзладим, у эса жимгина тинглади. Ўйлайманки, нега айнан «ПСЖ»ни танлаганимни тушунтира олдим.

- Қизиқ, у изоҳларингизни қандай қабул қилди? Ранжимадими?

- Йўқ, бизни кўплаб ришталар боғлаб турибди. Шу боис, муносабатларимиз доимо самимий, бунда ўзаро ҳурмат биринчи даражада. Хуллас, бир-биримизни осонгина тушунамиз. Албатта, ҳозирги ҳолатда қарорим Пепга ёқмагани ўз-ўзидан маълум. Ахир олдимда бошқа таклифлар ҳам кўп эди, боз устига, ҳаммаси инглиз клубларидан тушганди.

- Хўш, нима учун айнан «ПСЖ»да ўйнашни маъқул кўрдингиз?

- Бир қатор сабабларга кўра. Биринчидан, Париж клуби лойиҳаси қизиқарли туюлди. Бу энг асосийси. Таажжубки, жамоанинг сўнгги йиллардаги натижалари футбол оламида муносиб баҳоланмади.

Менимча, «ПСЖ» кўзлаган мақсади - ЧЛ кубогини қўлга киритиш ва грандлар сафига қўшилишга яқин келди. Парижликлар таркибида дўстларим кўп, жамоанинг ички муҳитидан яхши хабардорман.

Футболчилар мени клуб режалари билан таништириб, ўз ёнларига чорлашди. Иккинчи сабаб - рафиқамнинг хоҳиши. Парижда истиқомат қилиш имконияти туғилганидан унинг боши осмонда.

Дейлик, «Ювентус» билан шартнома тузиш чоғи ҳеч ким билан маслаҳатлашмагандим. Кейинчалик Италиядаги турмуш даражаси биз ўйлагандан анча фарқланиши маълум бўлди. Шуни назарда тутиб, бу сафар бамаслаҳат иш тутдим.

- Умуман, қарор қабул қилишда қийналмадингизми? Узоқ ўйлашингизга тўғри келгандир. Балки черковда Худодан сўрагандирсиз...

- Ҳа, шунақаси ҳам бўлди. Ҳар ҳолда, зудлик билан бир тўхтамга келишим керак эди. Ваҳоланки, оддийгина «Ҳа» ёки «Йўқ» жавоби кейинги тақдиримни ҳал қиларди. Хуллас, яқинларимнинг фикрларини инобатга олдим, обдон ва атрофлича ўйлаб кўрдим ва фақат Парижга жўнаш арафасидагина якуний қарорни тасдиқладим.

«Ҳаёт 100 метрли йўлак эмас, балки олис ва машаққатли йўл»

- «ПСЖ»га қай тариқа ёрдам бермоқчисиз? Клуб президенти Носир ал Хелайфи кучли иродангизни алоҳида мақтамоқда.

- Ҳа, чиндан ҳам иродам кучли. Яна иззатталабман, шунингдек, «ўзгача муҳит яратиш»га хоҳишим баланд. Доимо битта ақидага амал қиламан: аввало, кийиниш хонаси ва клуб ҳаётида талаб даражасидаги муҳитни юзага келтириш лозим. Агар шунинг уддасидан чиқсангиз, майдонда ишингиз табиий равишда юришади.

- «Ғолиблик руҳияти»ни жамоадошларингизга қандай сингдиришни мўлжаллаяпсиз?

- Бу хислатни иш жараёнида юқтириш мумкин. Ҳаммаси оддий: жамоадошларим машғулотларда қандай ишлашимни диққат билан кузатиб турсалар, бас. Шунда уларга ортиқча тушунтиришимга ҳам ҳожат қолмайди.

Футбол мен учун оддий иш. Яъни худди сиз - журналистлар ёки ҳар куни эрталаб соат 8:00да офисга кирувчи идора ходими учун бўлгани каби ҳаётий касб.

Касбини севадиган киши эса ўз вазифасига доимо профессионал сифатида ёндашади. Битта фарқли жиҳати - футболда жамоавий ҳаракатлар муҳим. Шундай экан, мудом шерикларингга ўрнак кўрсатишинг талаб этилади. Ана шунда улар сенинг ортингдан эргашадилар.

- Унаи Эмерининг Франциядаги фаолиятини нечоғли кузатгансиз?

- Ўйлашимча, биз футбол масаласидаги қарашлар бўйича яқинмиз. Дейлик, Унаи фаол ўйинни хуш кўради, мен ҳам. Асосийси шу. Муҳим масалаларни эса телефон орқали ҳал этиш ярамайди. Бунинг учун юзма-юз ўтириб, суҳбатлашиш лозим. Табиатан суҳбатдошимнинг ички қуввати, шижоатини ҳис этишга эҳтиёж сезаман. Умуман, мураббий билан тезда тил топишишга шубҳа қилмайман.

- «ПСЖ»нинг «Камп Ноу»даги шармандали мағлубияти (ЧЛ 1|8 финалида «Барселона»дан - 1:6) руҳингизни туширмайдими?

- Бу ҳаёт, унда олға бориш учун шу каби аччиқ сабоқлар ҳам керак. Дейлик, ЖЧ-2014 ярим финалида Германия термасидан 1:7 ҳисобида енгилганимизда, ўзим ҳам шундай омадсизлик аламини тотиб кўрганман.

Муҳими - сабоқлардан тегишли хулоса чиқариш. Тўғри, кўпчилик бунинг аҳамиятини унча тушунмайди. Мисол учун, немисларга қарши кечган ўша баҳс Бразилия термасининг барча камчиликларини яққол кўрсатиб берди, лекин бутунлай йўқ қилгани йўқ.

Мана, хатолардан тўғри хулоса чиқарилди ва жамоа қайтадан шакллантирилди. Хуллас, ҳаёт 100 метрли йўлак эмас, балки олис ва машаққатли сўқмоқдир.

- Париж клубининг яқин келажакда ЧЛда ғалаба қозонишини таъкидладингиз. Бунга қандай асос бор?

- Муваффақиятнинг асосий гарови - мукаммал ҳамжиҳатлик. Сенинг ўйининг ҳам шу ҳамжиҳатликка боғлиқ. Умид қиламанки, биз мукаммалликка эришиш йўлида сўнгги уринишни талаб даражасида амалга оширамиз. Нурли чўққиларни забт этишга иштиёқим юқори. «Барселона»га шу мақсадда ўтгандим, энди «ПСЖ» сафидан жой олдим.

«Шоҳона ҳаётни ёқтирмайман»

- «Ювентус»да атиги бир мавсум тўп сурдингиз. Кьеллинининг айтишича, жамоада ўзингизни бегонадек ҳис қилгансиз. Нима, Италия футболи сиз учун «бегона»лигича қолдими?

- Чиндан ҳам, Туринда аввалига жиддий муаммоларга дуч келдим. Жамоадошларим мени сира тушунмасдилар, майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам. Мослашиш жараёни нисбатан кўп вақт олди.

Кейинчалик ҳаммаси изга туша бошлади, натижалар яхшиланди. Хусусан, жамоа муҳитига таъсир ўтказишни ҳам уддаладим. Одатда кийиниш хонасида мусиқасиз туролмайман.

Бироқ Туринда бунинг иложи йўқ эди. Ўйлашимча, жамоанинг ички муҳити барча учун бир хил, қувноқ бўлиши шарт. Ҳар ким ўз ҳолича тайёргарлик кўриши тўғри эмас. Боз устига, аввалига менга ишончсизлик билан қарадилар. Муҳими, бу иллат ҳам аста-секин барҳам топди. Натижада иккинчи давра ўйинларини рисоладагидек ўтказдим.

- Вақтида «Барселона»дан ўз хоҳишингиз билан кетдингиз. Наҳотки, Месси, Неймар ва Иньестадек юлдузлар даврасини шундай ҳолатда тарк этиш мумкин бўлса...

- Очиғи, сўнгги пайтларда бироз зерикиб қолгандим ва машҳур юлдузларсиз ҳам самарали ўйнай олишимни кўрсатмоқчи бўлдим. Умуман, «Байя» ва «Севилья» сафидан ҳам айни шу сабабга кўра, кетгандим.

- Хизматингизга муносиб баҳо берилмаётгандек туюлмаганмиди?

- Нималарга қодирлигимни аввало, ўзимга исботлашни хоҳладим. Гап «Барса»нинг олдинги чизиғида ажойиб трио тўп сурганида ҳам эмас. Албатта, жамоа таркиби суперфутболчилардан иборат эди. Лекин мен бошқаларга холис баҳо бериш баробарида ўз қадримни ҳам яхши биламан.

Кетишимнинг асосий сабаби - шоҳона ҳаётдан зерикканим. Билганим шуки, меъёридан ортиқ қулайлик маҳоратни ўтмаслаштиради. Табиатан шундай фикрлайдиган инсонман. Ана шу хислатим мени мудом изланишга ундайди.

Бундан сира нолимайман, ахир характерим туфайли янги мураббийлар, ғоялар ва жамоаларга дуч келдим.

«Салом! Ҳаммаси режадагидек кетмоқда»

- Статистикага қарасак, Месси ўз голларидан катта қисмини сиз туфайли нишонлаган. Энди Анхель ди Мария - «Реал»нинг собиқ вакилига шундай мурувват кўрсатишингиз талаб этилади.

- Муаммо йўқ. Бундай савияли футболчи билан ёнма-ён тўп суриш ёқимли. Умид қиламанки, Анхель билан ҳам тезда тил топишиб, ЧЛ кубогини ҳамкорликда қўлга киритамиз. Менга «кўз тегиши» мумкинлигидан хавотирга тушмайман. Чунки доимо энг юксак марраларни кўзлашга одатланганман.

- Сизни баъзан эсини йўқотиб қўядиган футболчи сифатида эътироф этишади. Чиндан ҳам шундайми?

- Билмайман. Лекин ҳаётда баъзан телбадек бўлиш ҳам фойда беради, албатта, қоидалар доирасида. Лекин умуман олганда, мулоҳазали, соғлом фикр юритадиган инсонман. Ҳа, гоҳида қандайдир кутилмаган қилғиликларга йўл қўйишим ҳам мумкиндир. Лекин ҳеч қачон бировга қасддан ёмонликни раво кўрмайман.

- Жуда таниқли футболчисиз. Лекин бир сафар машҳурликни «ортиқча чиқинди»га тенглаштиргансиз. Бу билан ўзингизни инкор этмаяпсизми?

- Машҳурликни чиқиндига қиёслашим боиси шуки, у футболчини мухлислар инсон сифатида кўришларига тўсқинлик қилади. Қолаверса, машҳурлик ҳамма қатори ҳаёт кечиришга халал беради, дейлик, кўчада оила аъзоларинг билан бемалол юролмайсан.

- Қувноқлик, кўтаринки кайфият - доимий ҳамроҳингиз. Ҳаётга бундай ёндашувни қаердан олгансиз?

- Оғир кунларни бошдан кечирдим, кейин меҳнатларим эвазига муваффақиятларга эришдим. Қуйи табақалардан юксакликка кўтарилдим. Нега энди қувноқ бўлмайин? Ҳеч кимнинг назарига тушмаган оддий инсонман.

Ҳаётга ана шу инсон назари билан қарайман. Бу ерда иззатталаблик ортиқча, аммо фахрланиш туйғуси бор. Шу боис, ҳар тонг уйғонар эканман, аввало, ўзимга хитоб қиламан: «Салом! Ҳаммаси режадагидек кетмоқда».

Маълумот учун: Даниэль Алвес ДА СИЛВА

1983 йилнинг 6 май куни Жуазейру (Бразилия) шаҳрида туғилган. Ўнг қанот ҳимоячиси. «Байя» клуби тарбияланувчиси. «Байя» (2001-2002 йиллар), «Севилья» (2002-2008 йиллар), «Барселона» (2008-2016 йиллар) ва «Ювентус» (2016-2017 йиллар) клубларида тўп сурди. 2017 йилнинг июлидан «ПСЖ»да

Испаниянинг 6 карра чемпиони, Испания кубогининг 5 карра соҳиби, Испания суперкубогининг 5 карра соҳиби, Италия чемпиони, Италия кубоги соҳиби, Франция суперкубоги соҳиби, ЧЛнинг 3 карра ғолиби, УЕФА кубогининг 2 карра соҳиби, УЕФА суперкубогининг 4 карра соҳиби, Америка кубоги ғолиби, Конфедерациялар кубогининг 2 карра ғолиби. Бразилия терма жамоаси сафида 101 марта майдонга тушиб, 7та гол урган

Дани Алвес ватандоши Неймарни «ПСЖ» сафида ўйнашга кўндириш учун алоҳида урингани ҳақидаги хабарларни инкор этди. «Бу ғирт ёлғон. Кимнидир қаёққадир ўтиш учун кўндиришдан манфаатдор эмасман. Умуман олганда, Неймар билан футбол мавзусида сира гаплашмаймиз. Бошқа исталган мавзуда чақчақлашишимиз мумкин, фақат футбол масаласида эмас..»,-деб ёзди Алвес «Твиттер»даги саҳифасида.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:20, 07.08.2017.
Ўқилди: 6679 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.