Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Паулу Фонсека: «Кўп алданганим боис, ёлғон гапирмайман»

Баҳо:
+ | -

Украинанинг амалдаги чемпиони «Шахтёр» янги мавсумни ёмон бошламади - ўтказилган 6 ўйиннинг 5тасида ғалаба ва 1 мағлубият.

Тўплар нисбати - 12-4. Хўш, жамоанинг келгусидаги режалари қандай, ўтган йилги ютуқларнинг сири нимада, нега жамоа етакчиларидан бири Александр Кучер ҳозир «Шахтёр»да эмас?

Украиналик ҳамкасбларимиз шу каби саволлар билан клубнинг португалиялик мураббийи Паулу Фонсекага мурожаат қилишди.

- Танлаш имкони берилса, кимни бир финжон қаҳвага таклиф қилган бўлардингиз?

- Мураккаб савол... Футбол одами бўлса, Гвардиолани.

- У билан мулоқот қилганмисиз?

- Йўқ. Аммо ўйин услуби менга жуда ёқади ва ишончим комилки, гаплашадиган мавзуларимиз ҳам кўп бўларди.

- Сизда Гвардиола сингари миллионлар ўйинига бирор-бир янгилик олиб кириш хоҳиши борми?

- Ўзим ишонган нарсаларни бажаришни, ғояларимга ишонишларини хоҳлайман. Футболни жуда севаман, аммо унда инқилоб қилиш ниятим йўқ.

- Кунига неча соат ишлайсиз?

- Ҳисоблаб кўринг, эрталабдан машғулот, кейин мураббийлар штабида йиғилиш бўлиши мумкин. Агар у ўтказилмаса, уйга йўл оламан - ўйинчиларнинг қандай шуғулланишганини кузатаман, рақиб ўйинларини томоша қиламан. Ҳар қайси мураббий суткасига 24 соат футбол ҳақида ўйлайди ва бундан қочиб-қутулишнинг иложи йўқ.

- Футболдан бўшаганда нима қиласиз?

- Тренажёр залига бораман. Дўстларим билан тушлик қиламан. Фильмлар кўраман, китоб ўқийман. Услубларим жуда ҳам оддий.

- Уйқуга ётишингиз ва туришингиз-чи?

- Кечки соат 2дан эрта ётган пайтларим жуда кам бўлади, аммо 7 бўлмай яна уйғонаман. Машғулотларга ҳаммадан олдин етиб боришим лозимлиги учун уйқуни енгишим шарт.

- Машғулотларда доим ёнингизда ноутбук бўлади, бошқа техникаларингиз ҳам бисёр. Жиддий аналитик бўлимингизгача бор. Рақамларга шу даражада эътиборлилик ҳаддан ортиқдай туюлмаяптими?

- Биздаги мураббийлар штаби фантастик даражада ва у ишимни сезиларли даражада енгиллаштирмоқда. Маш-ғулотларни тасвирга туширамиз, таҳлил қиламиз. Бу эса муайян режим тузиш, баҳсларга тўғри тайёрланиш, муаммоларга алоҳида эътибор қаратишда асқотади. Зеро, рақибни ўрганишда аналитиканинг ўрни беқиёс - ўз ўйин услубингни тўғри ташкил этмасдан ғалаба қозонишнинг имкони йўқ.

- Фергюсон ва ван Гал ўз китоб-ларида футболни компьютерлаштириш кўпчилик кутганидай истиқболга эга эмаслигини ёзишган. Чунки техника ўйинчининг тайёргарлиги ва қабул қилинган қарор тезлигини ҳеч қачон кўрсата олмас экан. Боз устига, мураббийлар рақамларга қанчалик кўп берилишса, ўйинчини ҳис қилиш фазилатидан айрилиб қолишаркан.

- Бу фикрларнинг кўпига қўшиламан. Футбол албатта, ҳис-ҳаяжон ва асло рақамлар эмас. Мураббий ҳам тегишли маълумотларга эга бўлиши лозим, аммо мен бундай нарсаларга катта эътибор қаратадиганлар тоифасидан эмасман. Боиси, футболда бир хиллик йўқ. Кўрсаткичлар эса бир ўйиндан иккинчисига ўтиб ўзгариши мумкин. Мен учун ўйинчиларга муносабатда уларнинг тактик, техник ва жисмоний ҳолатлари асосий ўрин тутади.

- Сизнингча, футбол ҳаддан ортиқ механиклашиб қолганга ўхшамаяптими? Тактика ва интизомга катта эътибор қаратилмоқда, ҳақиқий плеймейкерлар ҳамда импровизация камайиб бормоқда...

- Бу ҳозирда мураббийлар орасида кенг муҳокама қилинаётган масала. «Нима учун ўйинчилар бир пайтлари Марадона қилган финтларни бажаришмаяпти?», каби саволлар барчанинг бошини қотиряпти. Бунинг сабаби эса оддий, ҳимоячилар яхшироқ ҳаракатланишяпти. Футбол эволюция даврини босиб ўтди, жамоавий ўйинларни ташкил этиш биринчи ўринга чиқди.

- Жамоада 11 нафар Криштиану Роналдунинг бўлиши - сиз учун фожиами ёки тақдир туҳфаси?

- Ўйлайманки, бунинг умуман иложи йўқ. Ҳатто бир нафарининг бўлиши ҳам. Таркибдан ўз ишини аниқ ва виждонан бажарувчи ўйинчилар жой олиши керак. Кри сўзсиз - мамлакатимиз фахри, у фантастик даражадаги футболчи, баҳс тақдирини ёлғиз ўзи ҳал қилиши мумкин. Аммо мендек мураббий учун жамоада бундай юлдузнинг бўлиши - катта муаммо.

- Бошқа мисол - Кривцов. Ўзидан ажойиб иқтидор эгасидек хулоса қолдирадиган ушбу ўйинчи «Шахтёр» даражасига мосми? Унинг интеллекти сиз учун қанчалик муҳим? Бу каби футболчилар қандайдир устунликка эга бўлишадими?

- Бизга ақлли ўйинчилар керак. Ҳозир футболчиларнинг интеллекти мен тўп сурган пайтдагига қараганда анча юқори. Чунки футбол шу даражада мураккаб ва тактик ўйинга айландики, буни тушуниб етмаганларга осон бўлмаслиги аниқ. Умуман, менинг жамоамда ўйнайдиган футболчи ўта иқтидорли бўлиши шарт. Биз ҳатто уларни ривожлантириш ҳақида ўйлаймиз, кўпроқ мушоҳадага чорлаймиз, таваккалчилик қилмай, ўйинни уқишларини истаймиз.

- Яқинда икки математик футбол мураббийлиги дунёдаги энг қийин касб, деган хулосага келишди. Уларнинг статистикасига кўра, топ-чемпионатлардаги жамоа устозлари ўртача 1 йил ёки 2 ойдан сўнг ишдан бўшатиларкан. Уларнинг 90 фоизи ўз имкониятларини 1-2 клубдагина рўёбга чиқариш имконига эгалар. Сизнингча, мураббийлик чиндан ҳам энг оғир касбми?

- Сиз айтган рақамлар ҳақиқатан жуда қизиқ, бу ҳақда тўлиқроқ маълумот олиш учун ўша статистикани ўқишни истардим. Саволингизга келсак, дунёда бундан-да оғир касблар бисёр. Мен учун футбол - муҳаббат. Ундан ташқарида ўзимни тасаввур қилолмайман.

- Доимий стресслар-чи?

- Бу ўз-ўзига ўта талабчанлик оқибати. Муваффақият қозонган тақдиримизда ҳам кўпинча ўз ишимдан қониқмайман. Аммо балансни топиш муҳим. Аксарият ҳамкасбларим юқори даражали мутахассислардир, лекин кўпинча ўз ҳаяжонларини яшира олишолмайди. Ғолиб чиқишда эса бу жуда муҳим. Мунтазам равишда ўйинчилар билан тўғри муносабатда бўлиш тўғрисида ўйлаш, уларнинг жамоага муносабатини таҳлил этиш лозим.

- Сизни кўп алдашганми?

- Футболчилик давримда шунақаси бўлган. Натижада, мураббийлик касбини танлагач, ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка қарор қилдим.

- У ҳолда ростини айтинг, «Янг Бойз»га ютқазиб қўйгач, жамоадан кетишингиз мумкинмиди?

- Бу ишни исталган лаҳзада қилишим мумкин. Португалияда бир гап бор: «Мураббийнинг лаш-лушлари доимо тахт туриши лозим». Агар клубдаги ишлар жойида бўлмаса, энг аввало, айнан менга: «Бўпти, кўришгунча», дейишади.

- «Шахтёр»даги фаолиятингиз бошида қўлланган 4-4-2 схемасидан кейинроқ воз кечдингиз. Бу хатомиди?

- Йўқ. Жамоа 4-2-3-1 схемасида ўйнашга одатланганлигини сезгач, дастлабки қароримни ўзгартиришга аҳд қилдим. Тўп дарвозага кирмаса, ҳамма айбни услубга ағдариш осон. Аммо «Янг Бойз»га қарши ўйин ёки бир йил олдинги суперкубок баҳсида биз 4-4-2 асосида тўп суриб, мағлуб бўлдик. Ҳамма «Шахтёр» яхши ўйнади ва ғалабага муносиб эди, деди.

- 4-4-2нинг ҳозирги схемадан фарқини тушунтириб беринг-чи?

- «Шахтёр»даги бугунги ҳолат мураббийларга қийинчилик туғдириши тайин. 80 фоиз ўйин қарама-қарши дарвозага яқин 30-40 метрда ўтади, рақибнинг 11 ўйинчиси ҳимоя­га михланади, «автобус қўйилади». Биз эса буларнинг барини ёриб ўтишимиз шарт. Тактик схема - энг муҳим нарса эмас. Аммо 4-4-2 асосида ҳаракат қилганда бизда рақиб жарима майдонига имкон қадар чуқурроқ кириб бориш имкони туғилади. Ҳозир бундай имконга эга эмасмиз, лекин майдон марказида уюшқоқликни таъминлаяпмиз. Умуман олганда, 4-4-2 биз ҳозир қўллаётган услубга жуда ўхшаш. Ҳар икки схемада вингерларнинг жойлашуви деярли бир хил. Чап қанот ҳимоячилари бир хил ҳаракат қилишади, таянч футболчиси ҳам. Ягона ўзгариш - ҳужумни ниҳоясига етказиш. Яъни, фарқ бир ўйинчида.

- Келажакда 4-4-2га қайтиш ниятингиз йўқми?

- Балки қайтарман ҳам, зеро уни мукаммаллаштирган жамоага қарши ўйнаш ўта қийин бўлади.

- Сизнинг жамоангиз Луческунинг «Шахтёр»идан яна нимаси билан фарқланади? Айтмоқчиманки, футболчиларингиз тўпни йўқотишгани заҳоти дарҳол ортга қайтишга улгуриш-япти. Буни қандай уддаладингиз?

- Жамоамизнинг асосий услубларидан бири шу, бу борада машғулотларда кўп ишлаймиз. Ўйинчилар тўпни қайтариб олиш учун 5 метр кифоя қилишини, фақат шундагина ортиқча 40 метр югуришга ҳожат қолмаслигини тушунишади. Шундай экан, тўпни қанча эрта қайтариб олсак, қарама-қарши томондаги дарвозага ҳам шунча яқин бўламиз. Боз устига, рақиб ҳимоячилари ортга қайтишга улгуришмайди. Жамоамиз жуда уюшқоқ, футболчиларимиз ва рақиб ўйнчилари ўртасида бўш ҳудуд йўқ ҳисоби ва айнан шу нарса тўп учун курашда сон жиҳатидан устунлигимизни таъминлаб бермоқда. Рақиб руҳий тушкунликка тушяпти ва тўп назоратини бой бермоқда. Луческу масаласига келсак, ўзимни унга ҳеч қачон тенгламаганман. «Шахтёр»да олиб борган меҳнатларини қадрлайман. Тўғри, биз жамоа услубини тўлиқ ўзгартирдик, аммо бу Луческу жамоасидан яхши ёки ёмонлигини айтишни хоҳламаган бўлардим.

-Жорий ёзда жамоа етакчиларидан бўлган Александр Кучер масаласида ҳал қилувчи қарорга келдингиз, аммо айнан унинг меҳнатлари сабаб «Шахтёр» ўтган мавсум бирорта ўйинда мағлуб бўлмаганди...

- Мен Кучерни жуда яхши кўраман ва ҳурмат қиламан - у чинданам етакчилардан бири, ғалабаларимизга улкан ҳисса қўшган. Аммо ҳар нарсанинг интиҳоси бўлади. Ўйинчилар ҳам мураббийлар каби боқий эмас. Биз эса жамоа келажаги ҳақида ўйлашимиз лозим. Хабарингиз бўлса, «Шахтёр»га қадар бирорта ҳам клубда 1 йилдан ортиқроқ фаолият кўрсатмаганман. Аниқроғи, кетишни хоҳламасамда, мен билан хайрлашишган. Кучер масаласида эса... Балки бу қарор мураббийлик фаолиятимдаги энг оғири бўлгандир. Вазиятни унга тушунтириш эса янада қийинчилик туғдирган.

- Унинг статистикасида қайси рақам ҳал қилувчи роль ўйнади?

- Ҳеч қайси. Агар рақамларга суянганимда, у жамоада қоларди. Футболчига ҳаммасини ётиғи билан тушунтирдим ва у мени тушунди.

- «Коньяспор»га қарши баҳсда Степаненко атайин «сариқ» ишлагани учун УЕФА томонидан жазоланди. Бу сизнинг фикрингиз эдими?

- Ёлғон гапиришни истамайман. Зеро, бу аввалдан ўйланган вазият эди. Шундай экан, ёлғиз мен бунинг учун жавобгарман. Ўйинчи асло айбдормас.

- Сизнингча, бу адолатданми?

- Буни сал бошқачароқ, яшириброқ амалга ошириш ҳам мумкин эди. Аммо айни ҳолатлар барча жамоаларда содир бўлади.

- Ижарага берилган футболчиларнинг «Шахтёр»га қарши ўйинларда майдонга туширилишига рухсат бермас экансиз...

- Европа топ-чемпионатларига назар солсангиз, у ерда ҳам шу ҳолатни кўрасиз. Тасаввур қилинг, бу футболчи ўзи истамаган ҳолда автогол уриб қўйса ёки пенальтига сабабчи бўлса оқибатини тасаввур қилиш оғир. Демак, биз футболчиларимизни шундай вазиятлардан ҳимоя қила билишимиз шарт.

- Салбий жиҳатлар борлиги маълум. Аммо ижобий томонлари ҳам йўқ эмас-ку...

- Яъни...

- Футболчилар айнан шундай учрашувларда ўсишади, рақибларингизнинг ҳам рақобатбардошлиги ортади.

- Мавсум давомида 1-2та учрашувда бунга эришиш мураккаб. Аммо фаолиятига нуқта қўйиш эҳтимоли юқори.

- Беришимиз шарт бўлган яна бир савол: сўнгги пайтларда ҳакамлар ишини қаттиқ танқид остига оляпсиз. Ҳатто қуйидаги сўзларни ҳам айтишдан тийилмадингиз: «Нима юз бераётгани энди яққол маълум бўлди. Мени аҳмоқ қилманглар». Бунга ойдинлик кирита оласизми?

- «Шахтёр» ғалаба қозониши учун рақибдан анчагина устун бўлиши шарт. Акс ҳолда, бунга йўл қўйишмайди. Мени алдаш қийин ва Украинадаги икки топ-клубга нисбатан қарашлар турличалигини исботловчи мисоллар етарли. Кўпчилик бундай вазиятларни сезмайди ҳам, чунки улар футболни унчалик тушунишмайди. Бошқа давлатлар билан солиштирганда, Украинада ҳар тарафлама бошқалардан қолишмайдиган ҳакамлар кўп. Бироқ уларда жасурлик етишмаслиги ҳам бор гап.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:37, 06.09.2017.
Ўқилди: 3159 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.