Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 0-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 2-0 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 2-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Нголо Канте: «Босиб ўтган йўлим ўзим учун эртак каби эмас»

Баҳо:
+ | -

Футбол мезонларига кўра, пакана ҳисобланган  Н`Голо Канте (бўйи - 169 сантиметр) кичик жуссасига мос келадиган лақабларга эга - «тақир ер» ва «генератор».

Қаранг, камтарлиги билан ажралиб турувчи бу йигит 4 йил ичида Франциянинг учинчи дивизионидан АПЛ даражасига кўтарилди ва тез орада икки карра чемпионга айланди - аввалига ўзи каби камтарин «Лестер» сафида, кейин шоҳона «Челси» билан.

Эътиборлиси, у шоҳона исмга эга, болалигида саёҳатга чиқишни хуш кўрган ва ҳисобчилик ихтисоси бўйича таҳсил олган. «Челси» вакили Франциянинг L`Equipe ҳафтаномасига берган ин-тервьюсида шу каби қизиқарли маълумотларни ҳам тақдим этди.

САЁҲАТЧИ ВА ҲИСОБЧИ БЎЛИШГА МОЙИЛЛИК

- Тўғрисини айтинг, босиб ўтган йўлингиз эртакдек туюлмаяптими?

- Йўқ, асло. Ҳарқалай, ўзим учун эртак эмас. Ахир юқорига кўтарилиш учун муайян даражада ҳаракат қилдим, тиришдим. Ҳа, тан олишим жоиз, бир неча йил аввал кимдир шундай ёрқин воқеалар ичига тушишимни айтганида, уни соф хаёлпарастга чиқариб қўйишим тайин эди. Ахир қисқа вақт ичида қуйи дивизиондан АПЛ ва Франция терма жамоаси даражасига чиқиш осон эмас - бу улкан омад ва муваффақият!

- «Ер юзасининг 70 фоизи сув билан қопланган, 30 фоизи эса худди Н~Голо Кантедек тақир ер» ёки «Н~Голо Канте электр қуввати учун ҳақ тўламайди, унинг ўзи генератор» қабилидаги ҳазилларга муносабатингиз қандай?

- Сира жаҳлим чиқмайди, ҳазилни тўғри қабул қилиш хислатидан бебаҳра қолмаганман. Дейлик, ўтган йили «Челси»да Жон Терри ва Тибо Куртуа менга асло тинчлик беришмади, аммо ҳазил қилавериб, ўзлари чарчашди, шекилли.

- Ҳа, бундай ҳазиллар ҳайратомуз жисмоний қудратингизга нишона. Мактабда ҳам барча спорт мусобақаларида ғолиб чиққан бўлсангиз керак...

- Йўқ. Масалан, югуриш бўйича энг юқори натижам - 3-ўрин. Эҳ, шунга ҳам қанча қувонганимни кўрсангиз эди (кулади). Тўғри, қандайдир қобилиятим борлигини билардим, муваффақиятлар эса асосан ички табиатимга боғлиқ. Мисол учун, майдонда ҳеч қачон кучимни тежашга уринмайман, доимо борини сарф­лайман. Мактабда ҳам, кўча футболида ҳам шундай эди, ҳозир ҳам ўзгармаганман.

- Қизиқ, болалик йиллари нимани орзу қилгансиз?

- Саёҳатчи бўлишни хоҳлагандим. Геог­рафия фанига ўзгача меҳр билан қарардим. Дейлик, бошқа қитъаларда нималар рўй бераётгани ҳақида ўқиш мароқли эди. Аммо дарсларни ўзлаштириш бобида роса қийналганман, чунки кўпроқ футбол ҳақида ўйлардим. Лицейдаги таҳсилдан сўнг ҳисобчилик ихтисоси бўйича ўқидим, негалигини ўзим ҳам билмайман. Лекин футболга муҳаббат устунлик қилиб, тез орада ўқишдан воз кечганман.

- Айтишларича, регбичи бўлишингизга сал қолган экан...

- Тўғри, мактабнинг баскетбол ва регби жамоаларида ўйнаганман. Айниқса, регбида ҳеч кимга ён бермасдим, зарбаю, йиқилишларга парво қилмасдим. Хуллас, бир куни регби секциясига таклиф этишди, бироқ ўша пайт «Сюрен» болалар мактаби аъзоси эдим.

ОЛТИНЧИ ДИВИЗИОН САБОҒИ

- Сиз учун профессионал футбол йўли «узоқ ва машаққатли» бўлганини тасдиқлайсизми?

- Футбол мактабида осонгина чўққига чиқдим. Бунгача футболга шунчаки, завқ олиш манбаидек қарардим. Кейин мураббийлар мени ноёб иқтидор соҳиби сифатида тан олишгач, турли академиялар кўрикларида қатнашишимга тўғри келди.

Гарчи «Ренн», «Сошо» ва «Амьен» каби клублар синовида рисоладгидек кўринсамда, биров жиддий қизиқмади. Шундан сўнг ҳали анча тер тўкишим зарурлиги, мендан-да иқтидорлироқ болалар кўплигини тушундим.

- 2012 йили «Булонь сюр Мэр» клуби сафида профессионал футболга қадам ташладингиз. Кейин навбати билан учинчи, иккинчи ва олий лигага енгилгина мослашдингиз. Айтингчи, ҳозир сиз учун дейлик, «Манчестер Сити» билан ўйин ва вақтида учинчи дивизион вакили - «Бург-Пероннас»га қарши кечган учрашув ўртасида фарқ борми?

- Бир нарса аниқ, «Бург-Перон-нас»ни енгиш осон эмасди, худди ҳозир «Сити»дан устун келиш қийин бўлгани каби. Муҳими, маҳоратимни тинмай ошириб, дивизионлар бўйлаб юқорига интилдим.

- Ҳар ҳолда, қайсидир босқич нисбатан оғирроқ кечгандир...

- 2010 йили «Булонь» ёшлар жамоаси таркибида олтинчи дивизионда тўп сурганман ва роса қийналганим эсимда. Чунки тезкор футболга илк марта дуч келгандим. Ҳаммасини жуда тез бажариш талаб этиларди. Аксига олиб, жамоа таркибига қўшилган пайт жароҳатдан тўлиқ фориғ бўлмагандим. Хуллас, қайсидир паллада ҳаттоки, иккиландим: «Йўқ, бу даражада ўйнашга қодир эмасман». Хайриятки, ўша мураккаб даврни ҳам енгиб ўтдим ва бу катта сабоқдир.

- Хўш, янги шароитга айнан ниманинг эвазига мослашиб олдингиз?

- Ўша вақтдаги мураббий ва жамоадошларимга раҳмат. Хусусан, устозим Кристоф Раймон ҳар куни бир гапни уқтиришдан чарчамасди: «Шуғуллан, шуғуллан». Эрталаб мактабга, кечқурун машғулотга. Футболдан бошқасига вақт қолмасди. Орада бошқалар машғулотини ҳам кузатиб, ниманидир ўзлаштиришга уринардим. Хуллас, тиним билмай ишладим. Ҳозир ҳам шундай. Мана, «Челси»да ажо­йиб жамоадошлар қуршовидаман: Фабрегас каби улкан тажриба соҳибларидан кўп нарса ўрганиш мумкин.

- Сиз каби таянч ярим ҳимоясида тўп суришган буюк футболчилардан нималарни ўргандингиз? Ҳозирда сизни кўпроқ Тигана ва Макелелега қиёслашади...

- Ўсмирлик чоғи интернет орқали Марадона, Роналдо ва Роналдиньо ҳаракатлари акс эттирилган роликларни томоша қилардим, гарчи улар таянч ҳудудида ўйнашмасада. Жан Тигана ижросидаги ўйинлар видеоёзувини ҳам кўрганман, албатта. Лекин баҳо беришга ёшлик қилардим. Макелелени эса термадаги ўйинлари орқали яхши биламан. Аммо ҳеч қачон кимгадир кумир сифатида қарамаганман.

ЎЗГАРИШГА МОЙИЛЛИК

- Жамоавий ўйинчи сифатида ҳар доим умумманфаатни устун қўясиз. Бироқ баъзан фидойиликни бироз ошириб юбормаяпсизми?

- Мен учун асосийси - жамоадошларимнинг машғулотларда кўриб чиқилган комбинацияларни осон амалга оширишлари. Ҳужум ва ҳимоя чизиғини боғловчи ҳудуд ўйинчисиман ва вазифамни сифатли бажаришга интиламан. Демоқчиманки, ҳеч ким ўзини қурбон қилаётгани йўқ.

- Конте ҳужум чизиғига яқинроқ ҳудудда тўп суришингиз тарафдори эканлигини айтганди...

- Муҳими - тараққиётдан тўхтаб қолмаслик. Ўтган мавсумдан кўнглим тўлди, янгисида янада яхшироқ натижаларга эришиш илинжидаман. Бунинг учун гол ва самарали узатмалар сонини кўпайтиришим талаб этилади.

- Сизни аввалги мавсум АПЛнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этишди.

- Бу мақом АПЛдаги икки йиллик меҳнатларим самараси, менимча. Дастлаб битта жамоада чемпион бўлдим, кейин иккинчиси сафига қўшилиб, бўйнимга яна олтин медаль тақдим. Аслида шунчаки, ўз ўйинимни намойиш этишга интилдим. Айтишим керак, жамоадошларим ёрдамисиз бундай натижаларга эришолмасдим.

- Ажойиб парвоз, шон-шуҳрат. Кўринишидан, барчасини хотиржам қабул қиляпсиз...

- Сир эмас, ҳар қандай фаолият фақат кўтарилишлар эмас, балки омадсизликлардан ҳам иборат. Ҳаётнинг ўзи ҳаммасига нисбатан хотиржам қарашга ундайди. Ҳа, ғолиблик шукуҳи унутилмас лаҳзаларни ҳадя этади. Аммо эртага барчаси мутлақо тескари тус олиши мумкинлигини унутмаслик керак.

- Отангиз болалигингиздаёқ оламдан ўтган экан. Бу жудолик табиатингизга таъсир қилганми?

- Ҳа, албатта. Биринчи навбатда, иродамни янада кучайтирган. Тақдир олдида ҳаммамиз ожизмиз. Факт шуки, бундай айрилиқ ёки омадсизликлар билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Буни тушуниб, қийинчиликларга тик боққанча олға интилсангиз, бас.

- Шон-шуҳрат инсонни маълум даражада ўзгартиради, барибир. Бунга ўз мисолингизда амин бўл-япсизми?

- Футболчилар - турфа олам, кимдир камтарин, бошқаси бироз худбинроқ, яна бири жанжалкашроқ... Ўзимга келсак, табиатан «ёпиқ»ман ва кўзга ташланишни унча хуш кўрмайман. Аммо тан олишим керак, охирги вақтларда оз-моз ўзгаряпман, барибир. Мисол учун, эндиликда матбуот ва мухлислар билан кўпроқ мулоқотга киришяпман.

- Ҳаттоки, бод хасталигига чалинганларга кўмак берувчи жамият фаолларидан бирига айландингиз.

- Франциянинг ҳар 5 нафар фуқаросидан бири ушбу хасталикдан жабр чекади. Беморлар орасида ҳаттоки, ёш болалар ва спортчилар ҳам бор. Умид қиламанки, жамиятимиз кўпчиликка мадад қўлини чўзади.

Н~ГОЛО - ҚИРОЛ ИСМИ

- Жорий мавсум сиз учун узунроқ бўлиши аниқ - илк марта ЧЛда қатнашасиз.

- Нуфузли турнир. Унга пухта ҳозирлик кўришимиз талаб этилади. Ҳафта давомидаги учрашувлар сони кўпаяди, тикланиш учун кам вақт қолади. Демак, кучни тўғри тақсимлаш муҳим.

- Энди терма жамоадаги фаолиятингиз хусусида: қизиқ томони, охирги вақтларда сизни гоҳ таклиф этишяпти, гоҳида йўқ...

- Футболчининг қисмати шу. Ҳар қандай вазиятда мураббий қарорини ҳурмат қилиш лозим. Ахир у доимо жамоа манфаатини ўйлайди. Франция термаси аввало, ЖЧ-2018 йўлланмасини нақд қилиши керак. Шундан ке-йин бошқа масалаларни хотиржам ҳал этиш мумкин.

- Энди терма жамоадаги фаолиятингиз хусусида: қизиқ томони, охирги вақтларда сизни гоҳ таклиф этишяпти, гоҳида йўқ...

- Футболчининг қисмати шу. Ҳар қандай вазиятда мураббий қарорини ҳурмат қилиш лозим. Ахир у доимо жамоа манфаатини ўйлайди. Франция термаси аввало, ЖЧ-2018 йўлланмасини нақд қилиши керак. Шундан кейин бошқа масалаларни хотиржам ҳал этиш мумкин.

- Футболдан ташқари, яна нималарга қизиқишингиз ҳақида айтарли маълумот йўқ.

- Умуман олганда,  спорт - жону-дилим. Хусусан, теннисга меҳрим баланд - йирик турнирларни кузатиш баробарида гоҳида ўзим ҳам ўйнаб тураман. Рожер Федерерни буюк теннисчи сифатида ҳурмат қиламан - даҳшатли узатмалар устаси. Ҳаваскорлар даражасида ҳам унингдек зарба беролмайман.

- Исмингиз - Н~Голо қандай маъно беради?

- Мали қиролларидан бирининг исми шундай бўлган. У қуйи табақа вакиллари орасидан ҳукмдор даражасига кўтарилган. Айтганча, Малига 2 марта борганман, у ерда қариндошларимиз бор.

Канте ҳақида қизиқарли фактлар

*** Болаларга хос қиёфага эга Н~Голо Канте аввалдан камтарона кийинади. Уни кўча-кўйда осонгина таниш қийин. Ёрқин мисол, футболчи «Челси» сафига ўтгач, маълум вақтдан кейин собиқ жамоадошлари билан кўришиш учун «Лестер» базасига боради. База ходими дарвоза олдида «ер чизиб» турган Кантедан сўрайди: «Ўғлим кимни кутяпсан? Онанг ичкаридами?» Ҳа, бунга ишониш жуда қийин.

*** Кантепрофессионал футболдаги дебютини 2012 йилнинг май ойида нишонлаган. Ўша вақт «Булон»нинг учинчи дивизионга тушиб кетиши ойдинлашиб улгурганди. Хуллас, жамоа мураббийлари «Монако»га қарши учрашув тугашига 11 дақиқа қолганида, Н~Голони майдонга туширишади. Илк ўйинда футболчи учун ҳам, жамоа учун ҳам айтарли эсда қоладиган воқеа кузатилмайди - «Булонь» тезкор гол урган бўлсада, якунда ютқазади. Фақат шуниси борки, ўшанда «Монако»га ғалаба келтирган голни ...дарвозабон Даниэль Субашич ўз номига ёзиб қўйганди. Яъни у жарима зарбасини мукаммал даражада ижро этган.

*** Сюрен - Париждан атиги 9 километр узоқликдаги шаҳарча. 10 ёшли Канте футболчилик фаолиятини пойтахтга энг яқин ушбу шаҳарча жамоасида бошлаган. «Сюрен» 80 йиллик тарих ва ўз анъаналарига эга клуб, аммо 9-дивизиондан юқорига кўтарилган эмас. Айни пайт ҳаваскорлар мақомидаги клубнинг кийиниш хонаси деворлари газеталарда чиққан Канте суратларию, у ҳақдаги мақолалар билан тўла. Айтганча, футболчининг аввалига «Кан», кейин «Лестер»га ўтишидан «митти» «Сюрен» тегишлича 8 минг ва 240 минг евро олган. Жамоа раҳбарияти шунча маблағни сарфлашдан олдин алоҳида йиғилиш ўтказган ва унда клуб учун 2та микроавтобус сотиб олиш ва мураббийлар штабига профессионал мутахассисларни жалб этишга қарор қилинган.

*** Жейми Варди ўз китобида Кантенинг пулга муносабатини яққол ифода қилувчи битта воқеа ҳақида ҳам ёзган: «Н~Голо бир сафар машғулотга кечикди ва ички тартиб-қоидаларга кўра, 100 фунт миқдорида жарима тўлаши лозим эди. У ўша вақт инглизчада айтарли ҳеч нарсани тушунмасди ва «Лестер» томонидан ташкиллаштирилган курсларга қатнарди. Хуллас, футболчи дарсда бўлганини тушунтиришга уринди, жаримадан қутулиш учун узоқ баҳслашди. Канте кейин ажойиб юришни амалга оширди: «Айтингчи, Африкада одамлар очликдан қийналаётган бир пайтда нега энди бекордан-бекорга 100 фунтни бу ерда қолдиришим керак?» Қисқаси, у белгиланган жаримани хайрия жамғармасига ўтказишни таклиф қилганди».

*** Канте Англия футболига қадам қўйгач, илк  кунларда машғулотларга яёв қатнай бошлаган ва автомобилга эҳтиёжи йўқлигини таъкидлаганди. Кейинчалик Жейми Варди премьер-лига вакилига бундай йўл тутиш ярашмаслигини тушунтиради. Натижада футболчи чор-ночор Mini маркали «тойчоқ» сотиб олади. «Кан»да эса барча футболчилар спорт машиналаридан фойдаланишарди, Н~Голо эса оддий скутердан. Унинг автомобилларга муносабати мажбурий ҳолда ўзгарди. Яъни онаси тузукроқ машина харид қилишини қистайвергач, Renaultни танлади.

*** Кантенинг онаси фаррош бўлиб ишлаб, 9 нафар фарзандни тарбиялаган. Отаси вафот этган вақт Н~Голо атиги 11 ёшда эди. Хуллас, меҳнатсеварлик унга айнан онасидан ўтган. Кантенинг собиқ жамоадошларидан бири шундай деганди: «Н~Голе расмий ўйинда тўлиқ вақт тўп суриб, гўёки, бор кучини сарфларди ва уйига қайтишда марафон оларди ва кейин камига кўчада дўстлари билан ҳам ўйнарди».

Вардининг ҳикояси бу фикрни тўлиқ тасдиқлайди: «Алоҳида машғулотимизда 11 киши айлана ҳосил қилиб, ўртадаги икки футболчига тўп олдирмасликка уринарди. Канте нуқул тўп узатишда хатога йўл қўйиб, ўртада «кучукча» бўларди. Кейин билсам, у тўпни атайлаб олдирар экан. Чунки ўртада тинмай югуришдан шунчаки, завқланган...».

*** Профессионаллик ва масъулият - булар Кантенинг ҳаётий ақидалари. Н~Голо билан «Сюрен»да танишган футболчилардан бири яқинда 2 ҳафтача унинг меҳмони бўлди ва хайрлашиш чоғи тарз «ёрилди»: «Кантенинг ҳаёт тарзи даҳшат: ҳеч қаерда бунчалик зерикмагандим. Қаранг, юлдуз ярим ҳимоячи фақат икки нарсани билар экан: машғулот ва ухлашни. Ҳеч қандай кўнгилхушлик ёки тунги клубларга бориш йўқ...».

*** Канте Франция миллий жамоаси таркибида илк марта 2016 йилнинг  29 марти, яъни ўзининг туғилган куни майдонга тушди. Муносиб совға: французлар Россия термасини 4:2 ҳисобида енгишди ва Н~Голо ҳаттоки, гол ҳам урди. Қизиғи, ярим ҳимоячи аввалига аждодлари юрти - Мали учун ўйнаш ҳақида ўйлаган. Фақат «Лестер» футболчилари Франция термаси таклифидан юз ўгириш аҳмоқлик эканлигини тушунтиришгач, фикрини ўзгартириб, французларга ижобий жавоб берган.

*** Н~Голо Кантени «Лестер»га скаут Стив Уэлш тавсия этган. Бироқ Клаудио Раньери футболчининг премьер-лигада ўйнаб кетишига шубҳа билан қараган. Риёд Маҳрез ва Жейми Варди каби йигитларни қуйи дивизионлардан АПЛга олиб чиқиб, Англия футболини янги юлдузлар билан бойитган скаут эса қатъий туриб, клубни шартнома тузишга кўндирган, барибир. Хуллас, итальян мутахассиси Кантени 2тагина машғулотда кўргач, Уэлш олдига бориб, очиқчасига тан олган экан: «Энди ҳеч қачон менга қулоқ солма. Гоҳида нима деяётганимни ўзим ҳам билмай қоламан».

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:50, 14.09.2017.
Ўқилди: 4947 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.