Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа 3-0 Кальяри
30/04 00:00 Барселона 4-2 Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

Диққат аёл ҳакам ҳуштаги янграмоқда - ёҳуд бундеслига ўйинини бошқарган биринчи аёл ҳакам

Баҳо:
+ | -

10 сентябрь. Берлин. «Герта» - «Вердер» - 1:1. Бибиана Штайнхаус Германия футболи тарихида бундеслига ўйинини бошқариб борган биринчи аёл ҳакам бўлди. Табиийки, бу воқелик омма орасида кенг муҳокама қилинди ва қилинмоқда.

Ҳушёр тортинг, футбол саҳнасида аёллар! Бундеслигада нима рўй берди?

Аёллар ва футбол - бу иборалар охирги вақтларда тобора ўзаро уй-ғунлашиб боряпти. Чунончи, нозик жинс вакиллари футбол чегараларини бузишга қаттиқ бел боғлаган кўринишади.

Мана, Фотима Самура тарихда ФИФА бош котиби лавозимини эгаллаган биринчи аёлга айланганди, Корин Диакр эса профессионал мураббий мақомини олиб, эркаклар футбол клуби - «Клермон»­га бевосита устозлик қила бошлади.

Энди «йўл очувчилар» сафи яна бир йўналиш вакиласи ҳисобига кенгайди - Бибиана Штайнхаус Германия футболи тарихига бундеслига ўйинида бош ҳакам ролини бажарган биринчи аёл сифатида кирди.

Бибиана? У ким ўзи?

Жорий йилнинг 19 май куни Германия футбол федерацияси мавсум-2017|2018да бундеслига ўйинларида хизмат кўрсатувчи ҳакамлар рўйхатини эълон қилганди. Элит гуруҳга иккинчи бундеслигадаги ишлари билан яхши таассурот қолдирган 4 нафар янги ҳакам номи киритилди.

Барча-барча улардан бири -  Бибиана Штайнхаусга алоҳида эътибор қаратгани тайин. Ахир фақат эркаклардан тузилган қайдномада аёл номи кўзга бошқача ташланиши муқаррар-да. Бибиана 38 ёшда ва Ганновер полицияси офицери ҳисобланади.

У шунинг баробарида футбол ҳаками сифатида ҳам етарлича тажриба тўплашга улгурган. Умуман, Штайнхаус хоним қизалоқлик пайтидаёқ футболга алоҳида қизиққан, бу спорт турига асосий овунчоқдек қараган.

Мисол учун, ўқиш вақтида Қуйи Саксония университети терма жамоасида ўйнаган, 1995 йилга келиб эса ҳакамлик лицензиясини олган. Орадан қандайдир 4 йил ўтгач, Бибиана аёллар ўртасидаги бундеслига ўйинларида иш бошлади. Муҳими, у бу борада тез суръатларда юксакликка кўтарилиб, тез орада энг яхши аёл ҳакам мақомига эришди. Унга ишониб топширилган муҳим ўйинлар барчасини тасдиқлаб турибди.

Аниқроқ айтсак, Штайнхаус аввалига аёллар ўртасидаги ЖЧ-2011 финал учрашуви (Япония - АҚШ - 2:2, пенальтилар бўйича - 3:1)ни бошқарди, кейин 2012 йили Лондон Олимпиадасига бориб, яна аёллар турнири ҳал қилувчи баҳси (АҚШ - Япония - 2:1)да ишлади. Бибиана ҳисобидаги элит ўйинлар рўйхатида аёллар ўртасидаги ЧЛнинг охирги финали («Лион» - «ПСЖ» - 0:0, пенальтилар бўйича - 7:6) ҳам бор.

Аммо ўзининг дадил айтишича, футболдаги бош муваффақияти - бу айнан эркаклар йўналишида ишлашга таклиф олгани. Хуллас, Штайнхаус 2007 йилнинг 21 сентябрида бу йўлда илк тарихий қадамни ташлади - иккинчи бундеслига доирасидаги «Падерборн» - «Хоффенхайм» учрашувида бош ҳакам вазифасини бажарди. Шу тариқа немис футболи солномасида мутлақо янги саҳифа очилди.

Ўйиннинг эртасига обрўли Kicker нашри ўз муқовасини «Бир аёл ва 22 эркак» сарлавҳаси билан безади. Штайнхаус дебют ўйинида 3та сариқ карточка кўрсатган ва 2 марта майдон марказига ишора қилганди («Хоффенхайм» 2:0 кўринишида ғалаба қозонган). Бир сўз билан айтганда, хонимнинг дебюти чакки чиқмади. Шу-шу уни Германия кубоги ва бундеслига учрашувларига бош ҳакам ёрдамчиси сифатида жалб эта бошлашди.

Бундеслига тарихидагибиринчи аёл ҳакам

Умумий қараганда, Германия футбол федерациясининг май ойида берган баёноти ҳеч кимни ортиқча ажаблантирмади. Штайнхауснинг фаолият йўлини назарда тутсак, бу мантиққа мос ва мутлақо адолатли қарор эди. Хуллас, бундеслига ўйинини Бибианага қачон ишониб топширишларини кутиш қолганди, холос.

Ниҳоят, шу кун келди - тарихий воқеа учун 10 сентябрга белгиланган «Герта» - «Вердер» беллашуви муносиб кўрилди. Айтиш жоиз, Берлин жамоаси шу муносабат билан ноодатий акция ўтказди - ўйин чипталари аёлларга икки баравар арзон нархда сотилди.

Дарвоқе, 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан тугаган ўйинда Штайнхаус хоним футболчилардан бирини огоҳлантиришдан ташқари, видеоассистент ёрдамига ҳам мурожаат қилди. Тўғри, жарима майдони ичида юзага келган баҳсли ҳолатни муҳокама қилганидан сўнг пенальти белгилаш фикридан қайтди.

Унинг иши қандай баҳоланди?

Ўйиннинг барча иштирокчилари Штайнхаус олиб борган ишга нисбатан ижобий фикр билдиришди. «Бибиана Штайнхаусни фақат мақташим мумкин. Айниқса, биринчи гол урилган вазиятда жуда тўғри йўл тутди. Яъни ҳужумга ўтганимизда «Вердер» вакиллари қоидани бузишгач, ўйинни тўхтатмади. Бу унинг тажрибаси ва салоҳиятидан нишона.

Умуман, аёл бўлишига қарамай, ҳаққоний кураш борган вазиятларда ўйнашга имкон бергани ҳурматга лойиқдир»,-деди учрашувдан сўнг «Герта» бош мураббийи Пал Дардаи.

Унинг «Вердер»даги ҳамкасби Александр Нури ҳам барчасидан қониққанини таъкидлади: «Ўйиндан олдин бош ҳакам сифатида эркак ёки аёл киши ишлаши мутлақо аҳамиятсиз эканлигини айтгандим.

Муҳими - ҳакамлик сифати ва менимча, у ҳеч кимда эътироз туғдирмади». Учрашувдаги ягона сариқ карточка соҳиби - «Герта» ярим ҳимоячиси Пер Шельбреднинг гапига эътибор қаратинг: «Ҳаттоки, Пер Шельбред ҳам олдида аёл ҳакамни кўргач, оғзини юмиб туради». Ҳа, серғайрат Бибиана бундай ажойиб қўллаб-қувватланишдан сўнг янада иштиёқ билан ишласа, ажабмас.

Айтганча...

Бир сафар Бибиана Штайнхаус ва «Бавария»нинг собиқ бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўртасида қизиқарли воқеа кузатилди. Аниқроқ айтсак, мавсум-2014|2015нинг 9-турида чемпионат етакчилари - «Бавария» ҳамда Менхенгладбахнинг «Боруссия»си ўзаро тўқнаш келди.  Штайнхаус бу учрашувда тўртинчи ҳакам ролида ишлади.

Хуллас, ўйин охирлаб қолган маҳал испан мутахассиси Бибиана қўлидаги электрон таблода 3 рақами порлаб турганини кўрдию, ўрнидан сапчиб турганча у билан кўпроқ дақиқа қўшиш хусусида баҳслашиб кетди. Пеп бунда қўлини аёл рефери елкасига узатди ҳам.

Штайнхаус эса чаққонлик ва совуққонлик билан ўзини четга сурди ҳамда мураббийдан бошқа тегинмаслигини сўради...

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

Манба: www.iff.uz
Киритилди: 09:50, 21.09.2017.
Ўқилди: 3886 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.