Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Париж-2024: Тарихдаги энг чиройли ёзги Олимпиада

Баҳо:
+ | -

2024 йилда Олимпиада ниҳоят яна Европага қайтади. Бу воқеа 10 йиллик танаффусдан кейин, Ўйинларнинг Бразилияга саёҳати ва Осиё қитъасидаги уч қисмли цикл: Жанубий Корея-2018, Япония-2020 ва Хитой-2022 дан кейин рўй беради.

Қайтиш эса жуда эсда қоларли бўлиши керак. Биринчидан, Олимпиада Парижга роппа-роса 100 йилдан кейин қайтмоқда (чиройли сана — Лос-Анжелесга 2028 йилгача кутиб туриш илтимос қилинишига бош сабаб бўлган). Иккинчидан, Париж учун Ўйинлар нафақат спорт, балки урбанистик лойиҳа ҳамдир — саноат қай томон ҳаракат қилаётганини аниқлаштирмоқчи бўлганлар учун уни ўрганиш жуда муҳим.

Тежамкорлик: янги стадионлар қуришга ҳожат йўқ

Ёзги Олимпиада доимо потенциал номзодларни ўз кўлами билан чўчитиб келган: дастурда мудом янги спорт турлари пайдо бўлади, уларнинг кўпчилиги учун алоҳида стадионлар қуриш керак, энг асосийси — янги қурилганларидан кейинчалик фойдаланиш катта муаммолар келтириб чиқаради. Энг яқин олимпиада Рио-де-Жанейро мисоли кўрсатмоқдаки, инфратузилмага миллиардлаб инвестициялар бефойда сарф-харажатга айланмоқда: янги спорт турлари учун барпо этилган ареналар нафақат фойда келтирмаяпти, балки аста-секин вайрон бўлиб, мамлакат нуфузига салбий таъсир кўрсатмоқда. Париж дарҳол бундай таваккал қилмаслигини таъкидлади: объектларнинг фақат 5 фоизи нолдан барпо этилади, улар ҳам кўп функцияли ареналар бўлади ва улардан дам-бадам турнирлар учун эмас эмас, йил бўйи фойдаланилади.

Парижда жами 36 спорт объекти барпо этилади, улардан 26 таси аллақачон мавжуд (баъзилари реконструкция қилинади), 8 таси — вақтинча, 2 таси Олимпиада олдидан қурилади.

Сен-Денидаги «Стад де Франс» яқинида улкан сув спорти саройи қурилади, у ерда сузиш, сувга сакраш ва синхрон сузиш мусобақалари ўтказилади. Олимпиада вақтида сарой 15 минг кишини сиғдира олади, сўнгра у ихчамроқ спорт марказига айлантирилади — ҳам профессионаллар учун (стандарт чемпионатлар учун 2500 мухлис ўриндиғи етарди), ҳам жисмоний фаоллик етишмаётган маҳаллий аҳоли учун.

 

Иккинчи тўлақонли қурилиш — бу Берси-2. Берсидаги 80-йилларда қурилган ва 2015 йилда реконструкция қилинган асосий спорт-концерт майдончаси Олимпиадада баскетбол ўйинлари ва дзюдони қабул қилади. Иккинчи Берси мажмуаси кичикроқ бўлади (15 минг эмас, 8 минг кишилик) ва у ерда рейтинги пастроқ баскетбол ўйинлари ва кураш мусобақалари бўлиб ўтади.

Бироқ Париж мавжуд инфратузилмалардан максимал фаол фойдаланади. Янгиланган «Стад де Франс» — 1998 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатининг бош стадиони очилиш ва ёпилиш маросимини, шунингдек, енгил атлетика бўйича барча мусобақаларни қабул қилади.

 

«Ролан Гаррос» мажмуаси теннис ва бокс уйига айланади ва шу мақсадда хусусий инвесторлардан 700 миллион евро қабул қилади.

Олимпиада ташкилотчилари Евро-2016 стадионларидан ҳам фойдаланишади: футбол турнири ўйинлари Тулуза, Марсель, Бордо, Лилль, Лион, Сент-Этьен ва Ниццада бўлиб ўтади. Жанубдаги Марселда эса елканли спорт мусобақалари ҳам бўлиб ўтади, чунки ягона Сена дарёсига эга Парижда уни ташкиллаштириб бўлмайди.

 

Парижнинг тарихий жойларидаги муваққат ареналар

Париж Ўйинларининг асосий хусусияти олимпиадан кейинги салоҳияти ҳисобга олиниб, муваққат ареналардан барча спорт турларида фойдаланишдир. Бу ташқи эффектда ўз таъсирини кўрсатмаслиги учун чиройли шаҳар концепцияси ўйлаб топган: барча вақтинчалик ареналар шаҳарнинг тарихий қисмларида жойлаштирилади ва сайёҳлар ҳам, телетомошабинлар ҳам зерикиб қолишмайди.

Масалан, соҳил волейболи бўйича ўйинлар Эйфель минораси этагидаги Марс майдонида бўлиб ўтади.

Вилосипед йўналишларининг марраси Елисей майдонларида тугайди, триатлон ва очиқ сувда сузишда эса Сенадан фойдаланишади. Камондан ўқ узиш машқлари Ногиронлар Уйи олдида бўлиб ўтади, унинг ҳудудида Наполеон Бонапартнинг қабри жойлашган. Сенанинг нариги қирғоғида — Александр III кўпригидан ўтиб, Катта саройга йўл олинса, у ердаги Гран-Паледа қиличбозлик ва таэквондо мусобақалари ташкиллаштирилади.
 

От спорти эса чинакам қиролликка хос маҳобат билан ўтади, чунки барча стартлар Версалда камида 20 минг мухлис кўз ўнгида ташкиллаштирилади.

 

Ле Буржедаги шу номдаги авиасалонда жойлашган йирик кўргазма марказида ўқ отиш, бадминтон ва воллейбол бўйича мусобақалар бўлиб ўтади.

Олимпия қишлоғи — бўлажак турар-жой мажмуаси

Париж ҳукумати Олимпиадага тайёргарлик 7 миллиард евродан камроққа тушишини ваъда бермоқда. Ҳозирча режалаштирилган бюджет 6,6 миллиардлик кўрсаткичда: харажатларнинг қоқ ярми — ташкилий қўмитага, яна 3,3 миллиарди — инфратузилмага киритилувчи инвестициялар.

Иккинчи пунктнинг катта қисмини Сен-Денидаги Олимпия қишлоқчаси харажатлари эгаллайди. Бу лойиҳа Катта Парижни янгилаш лойиҳасига муштарак бўлиб, Олимпиада-2024дан сўнг спортчилар учун мўлжалланган барча турар-жойлар 3500 квартирадан иборат тўлақонли турар-жой мажмуасига айлантирилади.

Қурилиш давлат-хусусий шериклик модели асосида олиб борилади. Хусусий қурувчилар харажатларнинг катта қисми (70 фоизи)ни ўз зиммаларига олишади ва эвазига Олимпиададан кейин у ерда квартираларни сотиш ҳуқуқини қўлга киритишади. Бу ҳудудни ривожлантириш ва харажатларни қисқартириш юзасидан ҳукумат учун жуда қулай: бюджетдан фақат 160–180 миллион евро турли инфратузилма эҳтиёжлари учунгина сарфланади.

Ташкилотчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, Олимпия қишлоқчасининг Сен-Денида жойлашиши кўплаб логистик муаммолардан халос бўлишга йўл очади: спортчиларнинг 84 фоизи ўз мусобақаси ўтаётган жойга 25 дақиқадан камроқ вақт ичида етиб олди.

Қизиғи шундаки, давлат-хусусий шерикчилик Олимпиада-2024 сайловолди кампанияси даврида французлар томонидан синовдан ўтказилган. Кампаниянинг умумий бюджети 60 миллион евро бўлди, бу сумманинг тенг ярмини хусусий инвесторлар ажратишди.

 

Умумий бюджет

Оқилона молиявий режалаштириш туфайли Франция ортиқча босимдан халос бўлади: давлат ва муниципал бюджетлардан фақат 1,5 миллиард евро ажратилади (яна шунча суммани Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) беради, ҳомийлар 1,1 миллиард евро, турли фондлар ҳам 1,5 миллиард евро ажратишади).

Биринчидан, шуни тушуниш муҳимки, бу харажатларнинг ҳаммаси спорт ва ХОҚ олдидаги мажбуриятлардир — барча кенг миёқсли инфратузилмавий лойиҳалар Олимпиада-2024 доирасидан ташқарига чиқарилган. Транспорт ислоҳоти ва шаҳарнинг турли ҳудудларини реконструкция қилишни Олимпиада ўйинлари ўтказилишидан қатъи назар, барибир амалга ошириш кўзда тутилаётган эди ва бошқа йўналиш орқали молиялаштирилади.

 

Иккинчидан, бюджет ҳали хомчўт қилинган. Ёзги Олимпиада ўйинларининг сўнгги икки мезбонлари — Лондон ва Рио-де-Жанейро аввалдан белгиланган лимит чегарасидан чиқишган, шу сабабли қурилиш ишларининг қимматлашувини инкор этиб бўлмайди.

Лимож университети қошидаги спорт ҳуқуқи ва иқтисодиёти марказининг ҳисоб-китобларига кўа, ОЎ-2024 ни ўтказишдан иқтисодий самарадорлик 10,7 миллиард еврога етиши мумкин, уларнинг 3 миллиарддан зиёди Олимпиада баҳона кўпайган сайёҳлар оқими ортидан келади. 

Олимпиада ташкилий қўмитаси аллақачон чипталар савдоси 1 миллиард евродан ортиқ маблағ келтиришини ҳисоблаб ўтирибди. Минбарларнинг ўртача 85 фоизга тўлиши, чипталарнинг ўртача нархи 117 евро бўлишини ҳам.

Олимпия мерчандайзингидан даромад яна 125 миллион евро бўлиши кутилмоқда. Энг манфаатли позициялар: текстиль — 48,6 миллион евро, эсдалик совғалари ва аксессуарлар — 17,4 миллион, ўйинчоқлар — 9,57 миллион; турли электрон ўйинлар — 8,8 миллион.

Шаҳарда ўзгариш: велоспед йўлкалари ва Сенада сузувчилар кўпаймоқда

Аввал бошдан Олимпиада-2024 учун Париж, Будепешт, Ҳамбург ва Бостон даъвогарлик қилаётган эди. Бироқ уч даъвогарда ҳам жамоатчилик фикри билан боғлик жиддий муаммолар келиб чиққан: Будапештда ўйинларга қарши петиция уюштирилиб, уни 250 минг киши имзолаган, Ҳамбургдагилар лойиҳадан референдум воситасида воз кечишган, америкаликлар эса шоша-пиша Бостонни Лос-Анжелесга алмаштиришди (бу ерда ҳам аҳоли норозилиги катта роль ўйнади). Парижда бундай муаммолар бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ: сентябрда ўтказилган ижтимоий сўров французларнинг 83 фоизи Олимпиада ўтказилишини «мамлакат учун яхши янгилик» сифатида қарши олишган.

Олимпиадагача Париж анча спортлашган шаҳарга айланади. 2020 йилга келиб велойўлаклар улуши икки мартага ошади — 1400 километр, бу Парижни Европанинг велоспиедчилар пойтахтига айлантиради.

Велойўналишларни ривожлантириш учун инвестициялар 150 миллион еврога баҳоланмоқда. Бу шаҳар муҳитини яхшилаш борасидаги дастурнинг энг асосий пунктларидан биридир: Париж ҳукумати 2020 йилга бориб шаҳарликлар жамоат транспортидан 20 фоизга кўпроқ, велосипед ва самокатлардан 10 фоизга кўпрок фойдаланишидан умидвор.

Париж мэрлигининг яна бир муҳим режаси — оммавий спортни янада ривожлантиришдан иборат. Унга кўра, спорт майдончалари ва гимнастика мажмуаларини қуриш, энг асосийси — Сенада чўмилиш ҳавзаларини кўпайтиришни тақозо этади. Дарёни тозалаб, уни сузиш учун яроқли қилиш режаси илк бор Парижнинг собиқ мэри ва Франциянинг собиқ президенти Жак Ширак томонидан таклиф қилинган эди. Режа амалга оширилмаган бўлса-да, ҳалигача мутасаддиларга тинчлик бермай келмоқда: Парижнинг амалдаги мэри Анн Идальго хоним Олимпиадагача Сенада исталган одам бемалол чўмила олишини ваъда қилган.

 

Сенада эркин чўмилиш 1923 йилда, дарёнинг кескин ифлосланиши ва инсон саломатлигига зарари туфайли тақиқлаб қўйилган. Муаммони ҳал этиш учун тўрт босқичли тозалаш тизимини ишга солиш керак, уларнинг энг асосийси ультрабинафша фильтрлар бўлади. Вазият яхши томонга ўзгараётганини экологлар ҳозирданоқ қайд этишмоқда: агар 70-йилларда Сенада балиқнинг бор-йўғи икки тури яшаган бўлса, ҳозир уларнинг тури 35 дан ошган.

«Спорт Париж трансформация учун ажойиб баҳона бўлиши мумкин, — дейди Идальго хоним. — Биз инсонларда қизиқиш уйғотиш, имкон қадар кўпроқ ҳамшаҳарларимизни фаол турмуш тарзи билан яшашга ўргатишимиз керак. Бу мамлакатимизга янги соғлом авлодни тақдим этади».

Манба: kun.uz
Киритилди: 12:50, 30.09.2017.
Ўқилди: 6081 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.