Истеъфога чиқарилган мураббий фаолиятини ўрганишда, унинг сўнгги эмас, дастлабки қарорларини таҳлил қилиш керак. Балки у хатони энг бошида, мана шу клубни танлаётганда қилгандир?..
«Бавария» италиялик мутахассис Карло Анчелоттини истеъфога чиқарди. Доимо бундай воқеалар содир бўлганда, вазиятни клуб томонидан таҳлил қилинади ва тайинловнинг не қадар тўғри ва нотўғри бўлгани ҳақида фикрлар янграйди. Лекин ўз навбатида, ҳар қандай истеъфо мураббий учун ҳам жуда муҳим нуқтадир.
Клуб учун бош мураббий танлаш қай даражада масъулиятли ва муҳим иш бўлса, мураббий учун ҳам шунақа – ўзи учун клуб танлаётганда жуда эҳтиёткор бўлиши талаб этилади. Муваффақиятли мураббий бўлишнинг асосий калити ҳам шунда – агар мутахассис унга таклиф қилинаётган вазифанинг ўзи учун қанчалик мос ёки мос эмаслигини пайқай олса, шунга қараб қарор қабул қилади, табиийки, унинг фаолияти ҳам мана шу қарорлар устига қурилади. Доимо тўғри қарорни қабул қиладиган мураббий ҳеч қачон омадсизликка учрамайди, гўёки ишлаган ҳамма жойида ғалаба қозонгандек таассурот қолдиради, нархи ошади, топ мураббийлар сирасига кириб боради.
Доимо худди мана шундай барқарор ва ижобий натижаларнинг кафолати сифатида тилга олиниб келган Карло Анчелотти ишлаган сўнгги 4 клубидан 3тасида муддатидан олдин истеъфога чиқарилиши, албатта, бироз ғалати туюлади. Папа Карло илгаригидек эмасми ёки танловларда хато қила бошладими? Айнан танловлардаги хатоликлар унинг илгаригидек эмаслигини кўрсатмаяптими? Ёки аслида у айнан Италия жамоалари учун мос бўлган холосми?
Аслини олганда, Анчелоттини истеъфога чиқарган ўша 3 клуб ўртасидаги ўзаро ўхшашликларни топа олсак, мураббийга халақит берадиган омилни топгандек бўламиз: «Челси», «Реал» ва «Бавария».
«Челси», 2009-2011
Фото: Челси«Ювентус» ва «Милан»даги муваффақиятли йиллардан сўнг, Анчелотти 2009 йилда «Челси» бош мураббийи этиб тайинланди. Мураббий илк мавсумдаёқ «Манчестер Юнайтед»нинг 3 йиллик ҳукмронлигига барҳам берди ва «Челси»ни яна мамлакат чемпионига айлантирди. Шу билан бирга мамлакат кубоги ҳам қўлга киритилди. Аммо келаси йили, совринсиз кечган илк мавсумдаёқ у истеъфога чиқарилди. Абрамовичнинг мураббийлар билан ўзига хос муносабати янгилик эмас, лекин иккинчи мавсумда ҳам ажойиб старт намойиш этган Анчелоттига нима халақит берганди?
«Мен «Челси» кийим алмаштириш хонасида ўзимни қулай ҳис этишимнинг асосий сабаби Рэй Уилкинсдир. У менинг ёрдамчим, дўстим. Сўзларимни шунчаки таржима қилиш бошқа, эмоцияларимни ҳам қўшиб футболчиларга етказиш умуман бошқа ва жуда мураккаб ишдир. Рэйда бундай қобилият бор», – деганди илк муваффақиятли мавсумдан кейин Карло Анчелотти ўзининг ёрдамчиси ҳақида.
Нимадир бўлди-ю, кейинги мавсум бошларида, аниқроғи, ноябрь ойида Абрамович Рэй Уилкинсни бўшатиб юборди. 39 йил мана шу клуб сафида меҳнат қилган инсонни. Баъзилар бу иш Анчелотти талаби асосида бўлганини ҳам айтишди, лекин ҳақиқатда, бу ҳақида мураббий кейинроқ хабар топган. Роман Абрамович бундай муҳим қарорни қабул қилишда бош мураббий билан маслаҳатлашиб ҳам ўтирмаган.
Бу воқеа Анчелотти ва «Челси» ўртасида девор ҳосил қилди. Гап фақат Уилкинснинг юқорида Анчелотти таърифлаб ўтган таржималарида эмас, кейинроқ маълум бўлишича, италиялик мутахассис раҳбариятнинг қўллаб қувватлашидан, айниқса, тизгинни бутунлай унинг қўлига топширишидан катта куч олар экан. Бусиз Анчелоттида ишлашга бўлган ҳафсала йўқолади. Бунинг дастлабки исботи, ўша 2011 йилда, «Челси»нинг натижалари кескин ёмонлаша бошлаганида кўринган, аммо кўпчиликнинг эътиборидан четда қолганди. Сабаби, бундай ҳодиса Анчелотти билан илк бор содир бўлаётганди.
«Реал», 2013-2015
Кейинги истеъфо ҳам бироз кутилмаган бўлди. «Реал»ни ўн йиллик танаффусдан сўнг ЕЧЛ ғолиблигига етаклаб келган ва жамоа футболчилари билан ажойиб муносабатлар ўрнатган Карло Анчелоттидан Флорентино Перес воз кечди. Томонлар бундай қарорга жуда осонлик билан келганликлари, Анчелотти ўрнига Бенитеснинг келганидан ҳам англаш мумкинки, бу ерга гап малака ёки тажриба ҳақида бормаган. Катта эҳтимол билан Перес ва Анчелотти ўртасидаги шахсий муносабатлар муҳим рол ўйнаган.
Переснинг мураббий ишига доим аралашавериши, айниқса, баъзи маркетинг учун муҳим бўлган «ёқимтой» футболчиларнинг асосий таркибдан жой беришга мураббийларни мажбурлаши сир эмас. Хаби Алонсо ва Ди Мариянинг сотиб юборилиши Анчелоттининг кескин қаршилигига қарамай содир бўлганди. Хамес Родригеснинг жамоага келишини италиялик мураббий унча истамаган. Яъни, мураббийга ўз қарашлари асосида жамоа тузишга йўл берилмаган, Перес унга ўзининг асосий таркиб вариантини таклиф этган ва шу таркибни шуғуллантириш айтилган. Эътибор беряпсизми, қайсидир маънода, ўша «Челси»даги вазиятга ўхшаб кетади – мураббийга эркинлик тақдим этилмади.
«Бавария», 2016-2017
Фото: BildАлбатта, «Бавария» бошқарув шакли ва тизими нуқтаи назаридан юқорида тилга олинган икки клубдан фарқ қилади. Бу ерда истаганини қила оладиган хўжайин йўқ. Аммо бу дегани, Мюнхендаги мураббийларнинг эркин эканини англатмайди.
«Бавария»да тинмасдан гапириб турадиган Руминигге ва Ҳёнесс каби директорлар, яна бир неча собиқ ветеранлар борки, улар «Бавария» доим энг зўр ўйинларни кўрсатиб, доим ҳаммани йирик ҳисобда ютиб юриши аниқ бўлган, шундай механизмга эга бўлган куч деб тасаввур қилишади. Клубдаги ҳар қандай воқеани изоҳлаш ўзининг бурчи деб биладиган бу инсонлар ўз вақтида Пеп Гвардиолага ҳам ўз ҳолича ишлашга қўйиб беришмаганди. Уларнинг наздида, ҳали ҳам трансфер рекорди атиги 40 миллион евролигича қолаётган ва аксарият юлдузларининг ёши ўтиб қолган «Бавария» ҳеч қачон ютқазмаслиги керак, акс ҳолда айбдор мураббийда бўлади. Тағин яна қанақадир анъаналар, немисча ўйин услублари ҳақида гап борадики, ҳатто ғалаба қозонсангиз ҳам тинч қўйишмайди.
Хуллас, бундай баёнотлар Перес ёки Абрамовичнинг қарорлари каби кескин оқибат ҳосил қилмаса-да, жамоа ичидаги ва ташқарисидаги муҳитга таъсир қилиши, энг муҳими, мураббийнинг авторитетини тушириши табиий ҳол. Аста секинлик билан таъсир қиладиган бу «бомба»лар барибир, якунда мураббийнинг истеъфосига олиб келади. Агар бу мураббий ташқи таъсирларга, бировнинг ўз ишларига аралашишига тоқатсиз бўлган Карло Анчелотти бўлса, айниқса,...
Қаҳрамон Асланов