Жозе Моуриньо ўзининг ўта кескин қарашлари билан ҳам машҳур. Мана, «МЮ» бу мавсум АПЛда ҳам, ЧЛда ҳам ажойиб старт олгач, португалиялик мутахассис яна баралла гапира бошлади. Яъни сўнгги йилларда фақат мега-клубларни бошқарган бўлсада, катта муаммоларни енгиб ўтганига шаъма қилди. Хусусан, Манчестер жамоасини глобал қайта қуриш вақтида қабул қилиб олганини эслатди.
- Дарҳақиқат, фақат катта жамоаларни бошқаряпман. Бироқ охирги 3та клубим - «Реал», «Челси» ва «МЮ»ни олсак, мен ишга киришган вақт улардаги умумий ҳолат ўхшаш эди. Яъни ҳар учаласи муаммолар гирдобига тушиб қолганди. Мадридда ҳам, Лондон ва Манчестерда ҳам вазиятни ижобий томонга ўзгартира олганим мураббий сифатида омилкор эканлигимдан далолат, - деди Моуриньо.
Мураббий суҳбатни шу руҳда бошлагач, биринчи савол ўз-ўзидан юзага келди: «Хўш, «МЮ» бошқарувини қўлга олганингизда, клубда муаммолар қай даражада эди?» Жозе эса бунга обдон ўйлаб олганидан кейин жавоб берди: «Ҳа, клуб чиндан ҳам, буюк тарихга эга. Бироқ бу тарих узилиб қолганди. Зеро, улкан ғалабалардан сўнг «МЮ» ҳаётида мураккаб давр бошланди. Ўтмишнинг оғир юки футболчилар, мураббийлар ва клуб тизимидаги барча ходимлар зиммасига катта босим юкларди. Ҳаттоки, директорлар кенгаши аъзолари ва эҳтимолки, клуб эгалари ҳам ўзларини қандайдир чуқурликда ҳис қилишгандир. Чунки сен узоқ вақт фақат ғалаба нашидасини суришга ўрганган бўлсанг ва бу давр бирданига хотима топса, ўзингни дарҳол ўнглашинг осон эмас. Бу кучли зарба, ахир. Албатта, орқага кетишнинг сабаблари йўқ эмас. Шахсий фикримча, асосий сабаб - премьер-лига тарихидаги энг яхши мураббийнинг клубдан кетгани. Тўғри, бу энг оддий сабаб, қолганлари эса анча мураккаб эди».
Хуллас, Моунинг хулосасига кўра, «МЮ» Алекс Фергюсондан айрилиш баробарида ғолиблик руҳини ҳам йўқотганди: «Бу вақтда бошқа клубларда тараққиёт - эволюция давом этарди. Аммо «Юнайтед» ўз анъаналарини унутган ва янги юксалиш даврига қадам ташлаш ўрнига жойида қотиб қолганди. Албатта, дастлабки мавсумдаёқ барчасини, хусусан, ёндашувни тўғри йўлга буришга уриндим, аммо клубга биринчи навбатда, тетиклаштирувчи туртки зарур эди. Бошқача айтганда, қандайдир соврин ёки муваффақият. Шу боис ҳам, соврин ютишга асосий вазифа сифатида қарадим, чемпионатдаги 3 ёки 4-ўриндан Европа Лигасидаги зафарни устун кўрдим. Чунки салмоқли ғалаба жамоани олдинга, барчани жилмайишга ундашини ўз тажрибамдан яхши биламан. Қарабсизки, ички муҳит табиий равишда яхшиланади, футболчилар янада каттароқ муваффақиятни кўзлашади. Ўтган мавсум шу тактика асосида ишладим ва бу самара бериб, жамоа Чемпионлар Лигасига қайтди. Бугун эса ишлаш учун энг яхши шароитларга эгамиз - талаб даражасидаги тиббий хизмат, таҳлилчилар гуруҳи, скаутлар, медиа... Энг муҳими, аксарият йўналишларда ходимларни алмаштирмадик, яъни эски жамоа билан ёруғ йўлга чиқишни уддаладик. Ишонинг, бу катта гап. Чунки клубга келиб, ҳаммасини бир бошдан ўзгартиришингиз мумкин, аммо нималарнидир тўғрилашингиз бутунлай бошқа масала. Мана, атрофимдагилар менинг фалсафамга мослашишяпти, айнан нима хоҳлашимни англашяпти. Албатта, бу жараённи янада тезлаштиришимиз керак, зеро, яхши кайфият ижобий натижалар гаровидир».
Моуриньони «Юнайтед»га 2015 йилнинг майида таклиф қилишди. Унинг шартномаси 3 йилга мўлжалланган. Жозенинг ишонч билан таъкидлашича, клубда ишларни тўғри йўлга қўйиш вазифаси уддаланди, ҳисоб. Унинг ҳисоб-китобига кўра, «Юнайтед»ни энг юқори даражали совринларга бемалол қўл узатадиган жамоа сифатида шакллантириш учун 3 йил кифоя қилади: «Уч ёз - бу мукаммал таркиб тузиш учун етарли муддат. Дейлик, январда бирор футболчини фақат зарурат ёки талаб тақозосига кўра, сотиб олишингиз мумкин. Унинг яхши формада келиш-келмаслиги алоҳида масала. Шу маънода айтсам, жамоанинг яқин келажакдаги юзи айнан ёзда ташкил топади. Хуллас, 3та ёзги трансферлар бозори жамоани муваффақият йўлига қайтариш учун етарли, менимча. Шунингдек, бу муддатда бошқа муҳим жиҳатларни ҳам тўғрилашга бемалол улгурасиз. Бунда жамоа ўтмишини ўзгартиришга қодир, тараққиёт учун хизмат қиладиган алоҳида футболчиларни топиш катта аҳамият касб этади. Бошқа йигитлар эса таркиб сифати ва барқарорлигини таъминлаш учун хизмат қилишади. Шунингдек, жамоадаги ортиқча футболчиларни ҳам тўғри аниқлаш муҳим. Манчестерда иш бошлаганимдаёқ бизга алоҳида - сифатли футболчилар зарурлигини тушундим. Шу тариқа Погба билан шартнома туздик - у келгуси 10 йилда бетакрор ўйинчига айланиши мумкин. Шунингдек, Ибрагимовичнинг яна 5-6 йил тўп суролмаслигини билсакда, уни ҳам сафга қўшиб олдик. Чунки буюк клуб тузиш учун шундай буюк ижрочига эҳтиёжимиз бор эди. Микки (Генрих Мхитарян) ва Эрик (Байи) савия ва сифат бобида зўр, аммо уларга айнан буюклик етишмайди. Ҳозир Миккини Фердинанд ёки Видич билан солиштириш ниятим йўғу, лекин бемалол айта оламан: у АПЛ талабларига тўлиқ жавоб берадиган ўйинчи. Skyда Анри, Рой Кин ва Кенни Далглиш каби афсоналар иштирокидаги айрим кўрсатувларни томоша қилганман. Улар ҳар сафар деярли бир хил гапни такрорлашади: «Кийиниш хонасида ягона оила бўлмаган жамоанинг катта совринларга эга чиққанини билмаймиз». Мутлақо ҳақ гап».
Моуриньонинг яна баъзи фикрлари
*** «Қачондир Матичдан яхшироқ йигитни учратмаган бўлсам керак. Умрбод ёдда қоладиган воқеа: Неманьяни ўйиннинг 45-дақиқасида захирадан майдонга туширдим, иккинчи бўлим ярмида эса уни яна алмаштирдим. Натижада жаҳли чиқди, менинг ҳам кайфиятим бузилди, чунки бу яхши ҳолат эмасди. Бутун фаолиятимда икки марта шундай бўлган, холос. Эътибор беринг, Матич эртаси куни олдимга келиб, узр сўради: «Ҳа, норозиман, лекин барчасига ўзим айбдорман. Табиийки, қарорингиз ёқмади, аммо майдонда сиз кутган даражада ўйнай олмаганим ҳам айни ҳақиқат. Шундай экан, ўз устимда ишлашда давом этаман».
*** «Бунгача биргина Линделёф билан ишлаб кўрмагандим, холос. Аммо Португалияда ҳаммаси назоратим остида - махсус ахборот марказим бор. Футболчилар фазилатлари, шахсий ва жамоат ишлари - барчасидан бохабарман. Ҳаттоки, улар билан яқиндан таниш бўлмасам ҳам».
*** «Услубимиз ҳар жабҳада глобал. Майдоннинг ҳар бир бурчагида ҳукмронлик ўрнатмас экансан, жамоангни кучайтиролмайсан. Дейлик, АПЛнинг сўнгги 2та ғолиби муваффақиятида суперҳимоя ва даҳшатли ҳужумнинг ўрни катта».
*** «Кўпинча ўзгалар ютуғи сени ғалаба сари ундайди. Аммо бизнинг ўз йўлимиз бор ва футболчилар шахсий савияларидан келиб чиққан ҳолда тўп сурадилар. Мисол учун, ҳеч қачон 5 нафар ҳимоячи ва 2 нафар таянч ҳимоячисига таяниб ўйнамаймиз».
*** «Лукаку қўл остимда ўйнаган ўша вақтда ҳали болакай эди ва «Челси»дан айнан етарли ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида кетганди. Унинг юксак савияга чиқишига ҳеч шубҳа қилган эмасман».
*** «Баъзида ёмон хотираларни қувишга ҳаракат қилиб, яхши кунларни ёдга оламиз: «Ҳой, 20тадан ортиқ соврин ютганмиз. Олға, ҳамон энг яхши жамоамиз. Олға. 4 ойгина аввал ҳам совринга эга чиқдик». Якунда бир-биримизга қараймиз ва бу биз ҳақимизда эмаслигини тушунамиз. Ҳа, бу тўлиқ бахтиёрлик учун етарли эмас».
***«Ёзда уйим - Португалияга бордим. Ўз офисимга кирдим ва деворга разм солдим: кубоклар, медаллар, футболкалар... Шунда беихтиёр ўйладим: «Оҳ-ҳо, катта ишларни бажаришга улгурибман». Аммо янги мавсум бошланяпти ва яна йўл бошидаман. Бу бир умр давом этиши мумкин. Фақат ўзинг шуни хоҳласанг, бас».