Кириш Регистрация

Ўзбекистондаги биринчи велойўлак фойдаланишга топширилди

Баҳо:
+1 | -
Бўлим: СПОРТ

Наманган шаҳрида юртимизда биринчилардан бўлиб замонавий велойўлак тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Мазкур хайрли иш Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида барпо этилди.

Ислом Каримов шоҳкўчаси бўйлаб барпо этилган велойўлак очилиши муносабати билан унда “Шаҳримизни биргаликда обод қилайлик!” шиори остида дастлабки веломарафон ўтказилди. Мазкур акцияда парламентимиз аъзолари, экоҳаракат фаоллари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори вакиллари, кенг жамоатчилик, велоспортчилар, журналистлар иштирок этди. 

Вилоят ҳокимлигининг масъул ходими Азамат Абдураҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палтаси депутатлари Садиржон Жакбаров, Хайрулло Ғаффоров, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор сўзга чиқиб, бугунги кунда транспорт воситаси сифатида велосипеддан фойдаланишни тарғиб қилиш ва жорий этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам экологик муаммоларни камайтириш ва унинг салбий оқибатлари олдини олишга қаратилган эзгу мақсадлардан бири эканини таъкидлашди. 

Веломарафон иштирокчилари “Дўстлик” савдо-саноат комплекси майдонидан “Ёшлар боғи”гача бўлган 5 километрлик масофани босиб ўтди. Акция иштирокчиларини йўл бўйлаб аҳоли ва йўловчилар қўллаб-қувватлаб турдилар. 

Акция доирасида Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори томонидан 80 та велосипед меҳрибонлик уйи, мактаб-интернат, олий ўқув юртлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, экология, тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари каби ижтимоий муассасаларга совға қилинди.

Тадбирда Наманган шаҳридаги 26-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг мавзуга доир расмлар танлови ўтказилиб, фаол иштирокчиларга диплом, эсдалик совғалари топширилди. Таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдод соҳиблари ижросидаги концерт дастури барчага хушкайфият улашди. 

Манба: www.telegraf.uz
Киритилди: 11:43, 18.10.2017.
Ўқилди: 2790 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.