Ўзбекистон терма жамоаси келаси ой БААга қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. Бу баҳс ЎФФ ва БФА ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишуви билан боғлиқ.
Учрашув аҳамияти паст эмас, айнан унинг учун терма жамоага вақтинчалик мураббий тайинланди - Рўзиқул Бердиев. Бундан норози бўлганлар истаганча топилар, аммо сал мулоҳаза юритган киши федерациянинг қарорини осон тушуниши мумкин.
Биринчидан, мураббийлик тажрибаси деярли бўлмаган Бабаян энг масъулиятли паллада термани бошқарган экан, нима учун узоқ йиллар «Насаф»да барқарор ишлаб келаётган Рўзиқул Бердиевга ишонч билдирмаслик керак? Қолаверса, бу қарор вақтинча экани эълон қилинган. Демак, ортиқча гап-сўз кўпайтириш шарт эмас.
ХОРИЖЛИК МУРАББИЙ
Ўзбекистон терма жамоасини хорижлик мутахассис бошқариши эҳтимоли ҳақида кўп эшитдик. Аммо Осиёга юқори савияли мураббий олиб келиш осон эмас. Тўғри, бу борада бизда тажриба етарли.
Масалан, «Бунёдкор»да кимсан Зико ва Сколари ишлаб кетишган. Уларнинг фойдаси кўп тегди, хусусан, Луиз Фелипе юртимизда фаолият юритган кезлари футболчиларимизда ўсиш кузатилганди. Хўш, мана шундай мураббийларни яна жалб этиш мумкинми? Албатта, мумкин.
Бизнес оламида бир гап бор - пул билан ҳал қилиб бўлмайдиган масалани катта пул ҳал қилади. Қайсидир хориж нашри томонидан хабар қилинганидек, Сколари «Бунёдкор»да ишлаб юрган вақтда дунёнинг энг кўп маош оладиган мураббийи бўлган. Шундай экан, бу ишни яна бир бор уддалаш ҳеч гап эмас.
Муҳими, зарур маблағ ажратилсин. Ўзбекистон футбол федерациясининг янги раҳбарияти қисқа муддат ичида кўп жойда бўлгани ва қатор келишувларга эришганини инобатга олсак, пул бор. Ҳар ҳолда, яқин йиллар ичида молиявий масалалар катта муаммо туғдирмаса керак.
Шу боис ҳам ЎФФ дастлаб терма жамоага янги бош мураббий фақат хориждан чақирилишини қўрқмасдан эълон қилганди. Шунга монанд матбуотда Франк де Бур ҳамда Гус Хиддинклар номи пайдо бўлганди. Очиғи, шахсан ўзим Европадан номдор мураббий келишига ҳамон ишонаман. Аммо ҳозир эмас, сал кейинроқ.
МАВРИД
Ҳар қандай ишнинг бемаврид бўлгани ёмон. Ўша узоқ кутилган «маврид» қачон келишини эса тахминан билиб олиш қийин эмас. Гап шундаки, футбол оламида пулдан ташқари бош-қа масалалар ҳам бор.
Мўмай маблағ эвазига ишлайдиган одамни топиш қийин эмас, фақат бир шарт билан - аввало, ўша юмушнинг ўзи топилиши лозим. Ўзбекистон миллий жамоасида эса ҳозир қандай иш бўлиши мумкин?
ЖЧ саралаши тугаган ва ҳатто 2019 йилда ўтадиган Осиё кубоги саралаши ҳам якунланган. Демак, икки йил бўлмаса, яқин бир ярим йил давомида термамизда қиладиган ишнинг ўзи йўқ.
Шундай экан, фақат БАА билан бўладиган ўртоқлик ўйини учун миллионларга (хорижий валютада) мутахассис олиб келинмайди-ку, тўғрими?
Биз янги мураббийни кўрамиз, аммо бунинг учун ҳеч бўлмаганда Россиядаги жаҳон чемпионати ўтиб олиши лозим. Кейин янги тўрт йиллик цикл бошланади.
Термамиз ўша босқичга бошқа мутахассис қўл остида киришиши мумкин. Ана ўшанда навбатдаги тўрт йилликнинг энг муҳим палласи келади - қарор тўғри қабул қилинса, ниҳоят, 2022 йилги мундиалга чиқамиз. Акс ҳолда...
ЎФФнинг аввалги хатоси ҳам шундан иборат бўлган, тўғри қарор қабул қила олмаган.
НОТЎҒРИ ҚАРОР