Ўзбек футболининг энг номдор вакилларидан бири, Ўзбекистон терма жамоаси сафида 119та учрашув ўтказган Темур Кападзе футболчилик фаолиятини тугатди. Якунланган мавсумни «Локомотив» жамоаси сардори сифатида ўтказган фарғоналик футболчи ўтган йилда бўлгани каби «темирйўлчилар» сафида «олтин дубл»га эришди. У кетишга энг қулай фурсат сифатида айнан 2017 йилни танлади.
Ваҳоланки, тажрибали ярим ҳимоячи яна бир-икки йил юқори савияда ўйнай оларди, лекин бутсаларини чемпион сифатида илишга қарор қилди. Фаолиятини «Нефтчи»да бошлаган Кападзе кейинчалик навбати билан «Пахтакор», «Бунёдкор», «Инчхон Юнайтед» (Ж. Корея), «Шаржа» (БАА), «Актобе» (Қозоғистон) каби клубларда тўп сурди.
36 ёшли маҳорат соҳиби шу пайтгача 12 карра Ўзбекистон чемпиони бўлди. Тўққиз маротаба Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди. «Актобе» сафида Қозоғистон чемпионлигига эришди.
Шунингдек, миллий жамоамизда ҳам узоқ йиллар давомида барқарор ўйин намойиш этди. 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги финали Кападзе учун профессионал фаолиятидаги сўнгги ўйин бўлди.
У жамоасини сардор сифатида майдонга бошлаб тушган баҳсда «Локомотив» «Бунёдкор»ни мағлуб этиб (1:0), бош совринни қўлга киритди. Маълумот учун, Кападзе ортда қолган мавсумда олий лигада 21та учрашувда майдонга тушиб, 3та гол урди. Биз фаолиятидаги сўнгги расмий ўйинини ўтказган футболчини суҳбатга чорладик.
- Темур, футболдан кетиш ҳақидаги қарорга қачон келдингиз: мавсум аввалида режалаштирганмидингиз ёки бундай фикр чемпионат якунланиши арафасида туғилдими?
- Бу ҳақда гапириш мен учун жуда қийин. Ҳар ҳолда гап севимли машғулотим ва касбим хусусида кетяпти. Ўттиз йиллик овунчоғим десам ҳам бўлади. Футболдан кетиш ҳақида жорий мавсум стартида ўйлашни бошладим, якуний тўхтамга эса иккинчи давра охирларида келдим. Бу қанчалик қийин қарор эканлиги ёлғиз ўзимга аён.
- Бу борада ким билан маслаҳатлашдингиз?
- Юқорида айтганимдек, кетиш ҳақида қарор чиқариш осон бўлмади. Сўнгги 12 ой давомида фақат шу ҳақда ўйладим. «Яна бир мавсум ўйнаб, кейин тугатсаммикан?», деган фикр ҳам бўлди. Охир-оқибат фаолиятимни якунлаш ҳақидаги қарорга узил-кесил келганимдан сўнг бундан биринчи навбатда отамни хабардор қилдим. Икковлон узоқ маслаҳатлашдик. Бу мавзуда дўстларим билан ҳам гаплашдик. Улар «Ҳали эрта, яна бир-икки йил бемалол ўйнай оласан, бунга жисмоний ҳолатинг ҳам имкон беради», дейишди. Лекин мени тинглаганларидан сўнг улар ҳам қароримни қўллаб-қувватлашди. Аҳдим қатъий эканини тушуниб етишди.
- Дўстларингиз айтганидек, яна бир-икки йил тўп суришингиз мумкин эди. Ёки фаолиятингизни ғалабали онларда якунлашга аҳд қилдингизми?
- Худди шундай. Тўғри, ҳали бемалол ўйнашимга кўзим етарди. Бироқ фаолиятимни юқори нотада ва энг асосийси, захира ўриндиғида ўтирмаган ҳолатда тугатишни маъқул кўрдим. Қолаверса, ёшим ҳам 37га қараб кетаётганди. Яқин орада асосий таркибдан четда қолишим ҳеч гап эмасди. Ана шу омилларни инобатга олсак, қарорим тўғри ва айни вақтда қабул қилинди. Албатта, майдонни қўмсайман, 20 йил давомида ўзбек футболи ривожи учун баҳоли қудрат хизмат қилдим. Буни қанчалик уддаладим, холис баҳони мухлислар беришади.
- Ортга назар ташлаб, футболчилик фаолиятингизга умумий хулоса берсангиз.
- Тақдиримдан умрбод миннатдорман. Бир футболчи эришиши мумкин бўлган совринларни қўлга киритдим. Яратганга минг шукрки, шунча йиллик меҳнатим бесамар кетмади. Фаолиятим давомида 12 марта Ўзбекистон чемпионлигини нишонладим, тўртта турли жамоалар сафида 10та кубок соҳибига айландим. «Пахтакор» таркибида МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари чемпионлари кубогида бош мукофотни қўлга киритдим. «Актобе» либосида Қозоғистон чемпиони бўлдим, айнан ўша йили Қозоғистон биринчилигининг энг яхши легионери, деб топилдим. Бу номинация ғолибини барча иштирокчи клублар бош мураббийлари аниқлашганди. Ушбу мамлакатдаги 12та жамоа сафида камида 7 нафардан хорижлик футболчи бўлганини инобатга олсак, бу мен учун катта ютуқ эди. Ўз навбатида, Жанубий Корея К-лигасида ўтган бир мавсум ҳам мен учун катта мактаб бўлди.
- Футболчилик сиз учун касбмиди ёки хобби?
- Миллионлар ўйини - севимли касбим. Агар хобби бўлганида, 37 ёшгача профессионал даражада тўп сурмасдим.
- Футболни танлаганингиздан ҳеч афсусланганмисиз?
- Асло афсус чекмаганман. Ҳа, жуда қийналган пайтларим бўлган, лекин барига сабр-қаноат қилганман. Тушкунликка тушган пайтларим астойдил тер тўкишдан, ўз устимда ишлашдан тўхтамадим. Агар иродам мустаҳкам бўлмаганида, ҳозир сиз билан бу мавзуда гаплашмасдик. Албатта, исталган соҳанинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Ҳеч нарсага осонликча эришилмайди.
- Футболдан топганларингиз деярли маълум. Аксинча, йўқотганларингиз ҳам бўлдими?
- Биласизми, агар инсон нимагадир эришаман, деб ўз олдига мақсад қўйса, жуда кўп нарсалардан воз кечишига тўғри келади. Ўз мисолимда айтсам, болалигим тенгқурларимдаги каби оддий кечмаган. Чунки бўш вақтнинг ўзи деярли бўлмасди. Ўртоқларим билан ўйнашга, мактаб ва институтда рисоладагидек таҳсил олишга, оила аъзоларим даврасида бемалол суҳбатлашиб ўтиришга имкон топилмасди. Куним ўқув-машғулот йиғинлари, назорат ва расмий учрашувлар, сафарлар, умуман, футбол билан ўтарди. Бир сўз билан айтганда, 25-30 йил давомида миллионлар ўйини билан яшадим. Бу гапларим футболдан безиганимни англатмайди. Шунчаки, нимагадир эришиш учун ўзингизга қадрли бўлган нарсалардан воз кечишингизга тўғри келар экан. Шуниси аниқки, агар ўшанда вақтимни қолган ишларга сарфлаганимда, бугунгидек ютуқларга эришолмасдим.
- Миллий жамоадаги фаолиятингиздан кўнглингиз тўлганми?
- Йўқ, умуман тўлмаган. Терма либосида 119та учрашувда майдонга тушдим. Ҳа, бу аксарият футболчилар учун орзу ҳисобланади. Лекин шунча ўйинда иштирок этган бўлсамда, амалда айтишга арзигулик ҳеч нарсага эришмадим. Мамлакат бош жамоаси сафида ҳеч бўлмаса, битта совринни қўлга киритишни жуда хоҳлардим, ният қилардим. Афсуски, орзум армонга айланди. Жаҳон чемпионати финал босқичига чиққанимизда ҳам бошқа гап эди. Бу вазифани ҳам уддалай олмадик.
- Темур Кападзе ўзининг хайрлашув шоу учрашувини ўтказадими? Агар жавобингиз «ҳа» бўлса, бу ўйинни қандай сценарий остида ташкиллашни истайсиз?
- Буни ҳар доим ўйлаганман. «Фаолиятим якунланганидан кейин хайрлашув ўйинини қай тарзда ўтказаман?», деб ўзимга кўп савол берардим. Аслида, ниятим ҳам, орзум ҳам сўнгги ўйинни терма либосида ўтказиш бўлган. Афсуски, бундай бахт менга насиб этмади. Лекин Яратганга шукрки, «Локомотив» жамоаси сафида мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказиб, футболни юқори нотада тарк этдим. Жамоамиз ғалаба қозонган кубок финалидан сўнг футбол мухлислари билан чиройли тарзда хайрлашдим. Агар ўша баҳсда ютқазганимизда, хайрлашув учрашуви ҳам татимасди. Боз устига, Ўзбекистоннинг энг чиройли ва кўркам стадионида, йигирма мингга яқин мухлис кўз ўнгида профессионал фаолиятимдаги сўнгги ўйинни ўтказдим. Менимча, бундай баҳсни сценарий асосида ҳам ташкил қилолмайсиз. Бир нарсани ҳеч иккиланишсиз айтаман, футболчилик даврим ҳар томонлама чиройли ўтди.
- Футболсиз ҳаётни қандай тасаввур қиляпсиз?
- Миллионлар ўйинидан кетмадим ва насиб қилса, ҳеч қачон кетмайман ҳам. Қўлимдан кеганича ўзбек футболини янада ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш йўлида астойдил хизмат қиламан. Ҳа, бу ишларни ўйинчи сифатида амалга ошира олмайман. Аммо мураббийлик соҳасида терма жамоаларимизга истеъдодли ёшларни етказиб беришга интиламан, футболчилик даврида тўплаган бой тажрибамни футболимиз тараққиётига сарфлайман. Майдонга тушмаганимга бир ҳафта бўлди, лекин ҳозирнинг ўзида уни соғина бошладим. Кўникиш бироз қийин кечса керак.
- Дўстингиз Сервер Жепаров билан бирга мураббийлик курсида таҳсил олдингиз. Бу соҳадаги фаолиятни қачон бошламоқчисиз?
- Ҳа, Сервер билан мураббийлик курсида зўр иштиёқ билан ўқидик. Иккимиз учун ҳам жуда қизиқарли жараён бўлди. Мухлисларга маълумот сифатида шуни айтишни истардимки, фаолиятимни келаси йилдан «Локомотив»да ёрдамчи мураббий сифатида бошлайман. Бу таклифни менга клуб раҳбарияти ва мурабийлар штаби беришди. Шундай ажойиб чорлов учун уларга миннатдорчилик билдираман. Қўлимдан келганича яхши ишлашга, ишончни оқлаб, юзларини ерга қаратмасликка ҳаракат қиламан.
- Болалар билан ишлайсизми ёки катталар жамоасини афзал биласизми?
- Ҳозирча «Локомотив»нинг асосий жамоасида бош мураббийга ёрдамчи бўлиб ишлайман. Кейинчалик кўрамиз, балки вақти келиб болаларни ҳам шуғуллантирарман. Шуниси аниқки, келаси йилдан мураббийликдаги фаолиятим бошланади, навбати билан ушбу соҳада таҳсил олишни давом эттираман. Бахтимга футболчилик фаолиятим давомида тажрибали мутахассислар қўл остида ўйнадим. Улардан кўп нарса ўргандим. Энди ана шу билимни амалиётга татбиқ этаман.
- Қайси мураббийларнинг иш услубини маъқул кўрасиз?
- Кўпроқ «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола, «Атлетико» устози Диего Симеоненинг услубларини қадрлайман. Шунингдек, «Реал»даги Зайниддин Зиданнинг ишлаши ҳам ёқади. Қолаверса, Жозе Моуриньодан ўрганадиган жиҳатлар бисёр. Уларга ўхшашга интиламан. Ушбу мутахассислар қўл остидаги жамоалар ўйинини мунтазам равишда кузатиб, учрашув давомида мураббийлар қўллаётган тактикаларни ён дафтарчамга ёзиб бораман.
- Фаолиятингиз давомида ўйнаган клубларингизда рақамларга алоҳида эътибор қаратганмисиз ёки бунинг сиз учун аҳамияти бўлмаганми?
- «Пахтакор»га келганимда «18»ни беришганди. Ўшандан бери у мен учун қадрли бўлиб қолган. Бошқа ўйнаган жамоларимда ҳам шу рақамни олишга ҳаракат қилганман. Термада ҳам анъанага содиқ қолдим.
- Сизнингча, Ўзбекистон миллий жамоасига хорижлик мутахассис тайинланиши керакми ёки яна маҳаллий мураббийга суянган маъқулми? Шахсан кимни тавсия қилган бўлардингиз?
- Тўғрисини айтсам, ҳозирги ҳолатда хориждан мураббий келгани маъқул. Чунки ўзимиздан тайинланса, мухлислар орасида «Яна ўзиникини тортяпти, таниш-билишчилик қиляпти», деган гап-сўзлар бошланади. Хориждан келса, бу бир томондан термага чақириладиган футболчиларга ташқаридан босим ўтказмайди.
- Легионер сифатида Қозоғистон ва Жанубий Корея клубларида ўйнадингиз. Хориждаги фаолиятингиздан кўнглингиз тўлганми?
- Албатта. Мен ҳам аксарият футболчилар сингари Европа клубларида ўйнашни хоҳлардим. Озми-кўпми Қозоғистон чемпиони - «Актобе» сафида еврокубокларда тўп сурдим. Шу жамоа таркибида мамлакат чемпиони, мавсумнинг энг яхши легионери бўлдим.
- Суҳбатимиз сўнгида қалбингизга тугиб қўйган сўзларингиз бўлса, бемалол айтишингиз мумкин...
- Авваламбор, Яратганга минг шукр. Ва албатта, ота-онамга раҳмат. Фурсатдан фойдаланиб, футболчи сифатида шаклланишимга, ўзига яраша ютуқларни қўлга киритишимга сабабчи бўлган мураббийларимга, ҳам клуб, ҳам термада елкама-елка тўп сурган дўстларим, жамоа раҳбарларига, куннинг исиғида ҳам, совуғида ҳам бизни ёлғизлатиб қўймаган мухлисларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Қолаверса, танилишимизга сабабчи бўлган журналистларга ҳам ташаккур!