Нафақат замонавий футбол, балки бутун спортни ҳам ҳомийлик шартномаларисиз тасаввур қилиш қийин бўлиб қолди.
Айниқса, халқаро спорт ташкилотларининг фаолияти бевосита ҳомийлар ва реклама келишувларига боғлиқ. Жумладан, ФИФА ҳомийларни жуда яхши кўради. Тўғри, уларни ҳамма ҳам алоҳида ардоқлайди.
Лекин айнан халқаро футбол уюшмаси сармоядорлардан катта пул ундириш баробарида ҳар доим уларга ўз сўзини ўтказиб келади.
Бошқача айтганда, футбол турнирлари ҳомийлари қаторига қўшилишни истаган ҳар бир компания ФИФА шартларини сўзсиз қабул қилишга мажбур.
Хоҳ Coca-Cola ёки McDonald’s бренди, хоҳ бошқаси бўлсин, ҳар бир ҳаракатини футболнинг олий ташкилоти розилиги билан амалга оширади. Акс ҳолда, ФИФА ҳамкорликни шундоқ тўхтатади - тамом. Аммо баъзан...
Krasava ўрнига - Telstar
Adidas келаси ёз Россияда 2та йирик лойиҳасини тугатади - миллий терма жамоа ва ЖЧ-2018. Хуллас, Россия жамоаси шундан кейин янги ҳомийга юзланади. Умуман, Германиянинг машҳур бренди нафақат терма жамоа, балки бутун рус спорти билан ҳам хайрлашади.
Дейлик, шу йил охирига қадар Adidasнинг Россиядаги 160тадан ортиқ савдо шахобчаси ёпилади. Гап шундаки, рус диёрида немис брендининг даромади йилдан-йилга сезиларли даражада пасаймоқда. «Кутилишича, турли санкциялар ва нефть баҳосининг ўзгариб туриши оқибатида Россия бозоридаги ишлар орқага кетишда давом этади.
Шунинг учун 100та дўконни ёпишга улгурдик ва йил охиригача яна 50дан ортиғи фаолиятини тўхтатади», - деди Adidas ижрочи-директори Каспер Рорштед. Боз устига, Adidas ва ФИФА ўртасидаги алоқалар ҳам яхши эмас. «Одатда ЖЧнинг махсус тўпи дизайни ва номи мундиал мезбони билан келишган ҳолда тасдиқланади, бироқ ФИФА ҳомийлари бу сафар негадир ўзбошимча иш тутишди.
Натижада ташкилий қўмита Adidasни тўп дизайни устида яхши ишламаганликда айблади. Шунингдек, унинг номи ҳам эътироз туғдирди. Чунончи, ЖЧ-70нинг расмий тўпи ҳам Telstar, деб номланган эди...» - ЖЧ-2018 ташкилий қўмитаси шундай баёнот берди. Лекин янги тўпга нисбатан эътирозлар асосан унинг дизайнига боғлиқ.
Мисол учун, аввалги мундиалларнинг расмий тўпларида мезбон мамлакат маданияти акс эттирилган. Қолаверса, 2010 йилги ЖЧ тўпига ЖАР расмий тилларидан бирининг номи танланган - Jabulani. 2014 йили эса бразилияликлар Brazuca атамасини маъқул кўришдики, бу мамлакатнинг маҳаллий шевадаги номи ҳисобланади.
Ҳаттоки, Конфедерациялар кубогида ҳам мамлакат маданияти ҳисобга олинган: Kopanya (КК-2009) ва Kafusa (КК-2013). Telstarга келсак, бу атаманинг Россияга дахли йўқ умуман. Аслида чемпионат тўпи ва тимсолига чиройли номлар ўйлаб қўйишганди - Krasava ҳамда Zabivaka. Бироқ якунда соф русча атамалар маъқул кўрилмади.
Энди ким ҳақ, ким ноҳақлигини аниқлашдан маъно йўқ. Чунки якуний қарор қабул қилинди, аммо ФИФА ва асосий ҳомийлардан бири ўртасида бошланаётган можаро - ёқимсиз ҳолат. Жанни Инфантино бу борада ҳеч қандай изоҳ берганича йўқ. Аслида ФИФА бош ҳомийлардан бирига нисбатан бироз енгил муносабатда бўлмаслиги ақлга сиғмайди.
Зеро, Adidas энг оғир дамларда ҳам ташкилотни қўллаб-қувватлаб келди. Яъни коррупцияга боғлиқ жанжаллар вақтида. «Adidas Group ўз маҳсулотларида этиканинг энг юқори стантартларига мувофиқ келувчи ҳар қандай миллий маданиятни акс эттиришга тайёр. Фақат ФИФА бу борада аниқ кўрсатмалар бериши керак.
Adidas - кенг қамровли футбол бренди ва биз турли миқёсда соҳани қўллаб-қувватлашда давом этамиз» - бу компания баёноти. Тахмин қилиш мумкинки, Инфантино Adidas билан дўстона алоқаларни сақлаб қолади, барибир. Дейлик, тўп номини ўзгартириш катта муаммо саналмайди.
Ҳозирдан ФИФА 1|8 финалдан эътиборан Telstar 18 атамаси ёнига Mechta иборасини қўшишни тасдиқлагани ҳақида хабарлар йўқ эмас. Тўғри, ЖЧ тарихида бунақаси ҳали кузатилмаган.
Қойилмақом «еттилик» ва ФИФА