Кириш Регистрация
19/12 01:30 Вильярреал 1-1 Райо Вальекано
19/12 01:30 Эспаньол 1-1 Валенсия

Қаҳрамон Асланов мақоласи: Бензема топ-ҳужумчими?

Баҳо:
+5 | -

Ўтган йилнинг октябрида худди шу ишни англиялик футбол эксперти, собиқ ҳужумчи Гари Линекер қилганди. "Менимча, Бенземага ҳаддан ортиқ юқори баҳо бериб юборилган" - деганди у - "Реал"дек кучли жамоа сафида ҳар икки ўйинда бир гол уриш у қадар катта иш эмас. Эътироф этиш мумкин, аммо қарсак чалишга арзимайди". Линекернинг бу сўзлари Бензема ҳақидаги футбол оламидаги, айниқса, журналистлар ва мухлислар орасидаги умумий фикрлардан у қадар фарқ қилмаса-да, катта резонанс берди. Чунки Бенземанинг атрофидаги футболчилар ва жуда кўп мутахассислар Линекердан бутунлай ўзгача фикрларни айтиб келадилар.

"У чемпионатдаги энг яхши ҳужумчи ва дунёдаги энг яхшилардан бири" - деганди Криштиану Роналду. Бенземанинг яна бир жамоадоши Марселонинг фикрини ўқиб кўринг: "Бизнинг ҳимоямиз Бенземадан бошланади, у биз ҳимоячиларнинг ишини осонлаштиради. Рақиб футболчилари жарима майдони яқинига келганда, уларда ҳужум қилишга куч ҳам қолмаган бўлади"

"У ҳеч қачон Криштиану каби бир йилда 60 гол урмайди. Аммо унинг жамоадошлари билан бирга ўйини ва жамоага керакли йўналишда ҳаракатланиши ажойиб" - бу Зиданнинг гапи. Холислик учун, франциялик мураббийнинг ҳали Бенземага устоз бўлмасидан олдинги фикри олинди.

Пако Айестаран ҳеч қачон Бензема билан бирга ишламаган, у ҳам франциялик ҳужумчининг устунликларини осонлик билан пайқади.

"Реал" доим Бензема майдонда эканида яхшироқ ўйнайди. У тўпни жуда яхши ушлаб тура олади, ҳужумдаги ҳар учала зонада ҳам қачон ва қандай очилишни зўр ҳис қилади. У тўпнинг у жамоадан бунисига ўтиш жараёнида беназир, шунингдек, майдоннинг ҳар бир қисмида сон бўйича устунлик ярата олади" - деб Бенземанинг ўйинидан завқ олишини яширмайда Пако.

Бенземанинг савиясидаги баҳслар шунчаки Линекернинг ақлли испанлар билан қарама қаршилиги эмас, бу янада каттароқ, футболга бўлган икки хил - мухлисона ва профессионал қарашлар ўртасидаги зиддиятдир. Бенземанинг танқидчиларга қўйидаги жавоби масалани кўпроқ ойдинлаштиради.

"Ҳаммаси сизнинг футболни қандай томоша қилишингизга боғлиқ" - деганди у, - "мен учун футбол фақат голлардан иборат эмас. Ҳужумчи жамоавий ўйинда иштирок этиши, жамоадошлари учун очиқ зоналар вужудга келтириши, узатмалар амалга ошириши ҳам керак. Биламан, мени доим уришим керак бўлганидан камроқ гол уришда айблашади - тўғри, менга гол уриш ёқади, бунга интиламан, аммо биринчи навбатда жамоага келтирадиган фойдам ҳақида қайғураман. Энг муҳими шу. Замонавий ҳужумчи жамоасига голлардан кўра кўпроқ нарсани бера олиши лозим"

Бенземанинг бу сўзлари, яъни замонавий ҳужумчи атамасига урғу бериши, албатта, 80-йилларда қолиб кетган Линекерга қаратилмаганди, аммо бу ҳолатга жуда зўр тушади. Линекер айнан ўша эски футболдаги типик эгоист ҳужумчи образига жуда мос келади. Тактик жиҳатдан бу ҳолат қўйидагича изоҳланади - эгоист ҳужумчи тўп билан ҳам, тўпсиз ҳолда ҳам жамоасини бир киши кам ҳолатда қолдиради, доим жарима майдони яқинида жойлашган ҳолда ўз вазиятини кутади ва жамоаси камроқ вазият яратган тақдирда ҳам ўша вазиятларнинг энг кўпига эга бўлади. Албатта, голлари сони ҳам кўпроқ бўлади.  

Бундай ҳужумчиларни фақат голлари сони бўйича баҳолаш мантиқан тўғри. Лекин тан олиш керак, ундай ҳужумчиларнинг даври ўтди. Демак, ҳужумчини баҳолаш критерияларини ҳам ўзгартириш вақти келди. Мухлислар учун ҳам.

("Манчестер Юнайтед" билан боғлиқ каттароқ мисол келтирамиз, унгача, шунчаки Иброҳимович ва Лукаку ўртасидаги фарқни айтиб ўтиш мумкин. Албатта, Златанни ўша эски "тўққизлик"ларга қиёслаб бўлмайди, аммо ёши ўтиб, бироз кам ҳаракатлана бошлагач, ўтган мавсумда айнан эгоист ҳужумчи услубида тўп сурганди. Мавсумнинг шу даврида у 17 гол урган ва бу "МЮ" киритган голларининг қарийб ярмини ташкил қиларди. Кейинги ўриндаги голеадор ҳисобида 5 гол бўлган холос. Бир қараганда, Златан ўз голлари билан жамоани елкасида олиб юргандек туюлади, аммо швециялик ҳужумчининг айнан эгоист ролда экани яратилаётган вазиятларнинг аксарият қисмига эга чиқишига сабаб бўларди. Умумий ҳисобда жамоа жуда кам гол урганди.

Лукаку билан "Манчестер" ўтган йилги шу вақтга нисбатан деярли икки баробар кўп гол урди. Лукакунинг голлари сони эса, Златанникидан 2 тага кам. Голли узатмалар Лукакуда 5 та, Златанда 1 та эди. Златан "МЮ"нинг 49 фоиз голларини урган бўлса, Лукакунинг голлари 25 фоиз ҳам чиқмайди. Аммо Лукаку билан "МЮ" ўйини кучайди, гол уриш осонлашди, Масалан, ҳозирда кейинги тўпурарлар - Лингард 11, Рэшфорд 10, Марсиял 9 гол уришга улгурдилар)

Мисол учун Раулга ҳам, худди Линекер каби янги типдаги ҳужумчилар ёқмаслиги мумкин, аммо у янги трендни пайқай оладиган даражада ақлли. У бу масалани жуда нозик тушунтириб бера олганди:

"Ҳозирги футболда ажойиб ҳужумчилар анъанавий "тўққизлик" бўла олмайдилар. Албатта бу менга ёқмайди. Футбол ўзгарди. Менинг ёшлигимда ҳамма гол уришни орзу қиларди. Ҳозирги ҳужумчилар қайсидир маънода орқароққа кўпроқ қайтишга уринадилар. Ўйиндаги энг муҳим жиҳат нима қилиб бўлса ҳам, гол уриш эмас, жамоавий ўйин, шериклар билан боғламлар бўлиб қолади. Олдинда туриб олиб, яратилаётган вазиятларни голга айлантириш билан васифа чекланмаяпти, мураббийлар ҳужумчидан ўйиннинг ҳар бир жараёнида иштирок этишни талаб қилмоқдалар. Бензема - биз билган анъанавий тўққизлик эмас"    

Бенземанинг мухлисига айланиш ва уни борича қабул қилиш учун бизга эгоист ҳужумчиларнинг футбол оламида тутган ўрни ҳалақит беради. Албатта, ҳар қандай ҳолатда, кўп гол урадиган ҳужумчиларни ҳеч ким танқид қила олмайди. Голлар ҳар қандай танқидларга энг муносиб жавобдир. Жуда кўп гол урадиган ҳужумчининг жамоа ўйинига салбий таъсир кўрсатиши (Златан мисолида, масалан) доимо қабул қилинавермайди ва кулги остига олинади. Қандайдир бахонага ўхшаб қолади. Бундай ҳолатда гол ура олмайдиган Бенземанинг "Реал" ўйинини яхшироқ қилаётгани ҳақидаги гапларни қабул қилишингиз қийин, албатта.

Руд ван Нистелрой - бу мавзуни очиш учун энг аниқ ўрнак. У ўз даврининг энг самарали ҳужумчилардан бири бўлган. Аммо унинг таркибда бўлиши жамоа ўйинига ва натижаларига салбий таъсир кўрсатганининг исботи ва ўша даврда у билан ишлаганларнинг эътирофлари ҳам бор қўлимизда.

"Олд Траффорд"даги 5 йилда Руд 219 ўйинда майдонга тушди ва 150 гол урди. Аммо бу мавсумлар сарф ва натижа ўлчови бўйича Алекс Фергюсон фаолиятидаги энг ёмон давр эди - жамоа беш йилда атиги бир марта Англия чемпиони бўлди. Нистелройни сотган Фергюсон кейинги беш йилда 4 чемпионлик ва бир марта Чемпионлар Лигасини ютди. Камроқ пул сарфлаган бўлса ҳам.  

Буни фақат Нистелрой билан боғлашимиз сизга ғалати туюлар ва бир қатор қарши аргументларни айтишингизга сабаб бўлар, аммо Сэр Алекснинг ўзи бу муаммони тилга олган:

"Баъзида Руд ҳаддан ташқари худбин" - деганди Фергюсон, 2002 йилда - "албатта, агар у худбин бўлмаганида бир мавсумда 36 гол ура олмасди. Аммо у доим тўпдан ажралиш учун ноқулай вақтни танлайди - бу ҳақида у билан гаплашдим. Руд агар гол урмасам, жамоага фойда келтира олмайман, деб ҳисоблайди. Гол ура олмаса, жаҳли чиқади. Аммо у ҳали ёш, керакли йўналишларда ўсиши ва ростан ҳам ажойиб ҳужумчи бўлиб етишиши мумкин"

Қизиқ, бир мавсумда 36 гол уриш Фергюсонга бир ҳужумчини ажойиб деб ҳисоблаши учун етарли эмас экан. Мураббий учун голлар сони жамоага келтираётган фойдасини ўлчашда у қадар аҳамиятли эмас экан. Эътибор беринг, Фергюсоннинг бу танқидий фикрлари Нистелрой жамоадан кетганида эмас, ҳали жамоада эканида айтилган. Яъни, кимнидир оқлаш ёки қанақадир танқидлардан ҳимояланиш учун, матбуот учун айтилган гаплар эмас.  

Ван Нистелрой Фергюсон урғу берган оддий ҳақиқатларни тушуниб етмади ва оқибатда ажойиб ҳужумчи бўлиб етишмади. "У ажойиб тўпурар бўлгандир, аммо ҳеч қачон ҳақиқий топ футболчи бўлмади" - деб ёзганди шотландиялик мураббий ўз автобиографиясида.

Ван Нистелройнинг "худбинлиги" жамоа ўйинига шу қадар салбий таъсир кўрсатганини 2006/07 мавсум сўнгидаги Фергюсоннинг интервьюси ҳам исботлайди. Ўша мавсумдан кейин жамоани тарк этган Рой Кин ва Руд ван Нистелройларга изоҳ берар экан, мураббий Ройнинг кетиши билан боғлиқ қарорни қабул қилиш осон бўлмаганини, унинг жамоадаги аҳамияти жуда катта бўлганини тан олар экан, Ван Нистелройдан воз кечиш табиий ҳол сифатида юзага келганини ва умуман муҳим қарор деб ҳисобламаганини айтганди. Бу сўзларда мураббийнинг ҳужумчидан хафсаласи буткул пир бўлгани сезилиб турарди.

Фергюсоннинг баҳоси - бироз дангал, аммо анча обьектив таҳлил хулосаси. "Рудни Луи Саа учун қурбон қилишди. Саа у қадар катта тўпурар эмасди, аммо жуда кўп қора ишларни қилар, ҳар бир тўп учун курашар, ҳужумни тезлаштирар ва очилган зоналарда доим пайдо бўларди. Руд мен бирга ўйнаган ҳужумчилар ичида энг зўрларидан бири, аммо ҳозир баҳо берсак, унинг кетиши жамоа ўйинига ижобий таъсир ўтказганди" - деб эслайди Гари Невилл.

Икки хил ҳужумчининг фарқини шундай тушунтириш мақсадга мувофиқ: Нистелрой "гол уриш мумкин бўлган ҳар қандай зоналар"га очилиб, тўпни қабул қилишга ҳаракат қилади. Бензема эса, "пайдо бўлган ҳар қандай зона"ни тўлдириш орқали, рақиб ҳимоясини қийин аҳволга солади, шерикларига янги бўш зоналар ва комбинация учун очиқ худудлар пайдо қилади.

Руднинг "гол уролмадингми, демак ёмонсан" менталитети кўпроқ Линекер тилга олган фикрга, кўпроқ мухлисона қарашга яқинроқдир. Аммо мураббий нуқтаи назаридан кескин фарқ қилади. Алекс Фергюсон Ван Нистелройдан кўра, Луи Саа ёки Дэнни Уэлбек каби ҳужумчилар билан кучлироқ, самаралироқ жамоа қуриш осонроқ эканини исботлай олди.

Қизиқ факат, "МЮ"дан кетганидан уч йил ўтиб, Руд "Реал" сафида Карим Бенземанинг илк голига асиссентлик қилди. Шу орқали яна Бензема мавзусига ўтиб оламиз.

Хўш, Бензема топ ҳужумчими?

Бензема - Ван Нистелройнинг буткул акси. Руд ван Нистелрой шунча голлари билан ҳам тўлиқ маънодаги топ футболчига айлана олмаган бўлса, Бензема учун голлар бутунлай иккинчи даражали масала. Бензема ўйинидаги пасайишлардан бирини Зидан қўйидагича изоҳлаганди:

"Карим бошқаларга гол уришда ёрдам бермоқда. Албатта, унинг ўзи ҳам кўп голлар уришини истаймиз, аммо унинг ўйинидаги энг муҳим жиҳат, бошқаларга яхшироқ ўйнашга ёрдам бераётганидир"

Бу мантиқ билан Бенземанинг топ ёки топ ҳужумчи эмаслигини ўлчаш осон. "Реал"нинг жамоавий ютуқлари. Карим Бензема билан таркибда, "Реал" сўнгги тўрт йилда уч Европа Чемпионлар Лигасини, Ла Лигани, Испания кубогини ва бир қанча суперкубоклар-у клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатларини ютиб олдими? Яна нима муаммо? Албатта, Бензема - топ ҳужумчи.

Бенземанинг муҳимлигини Карло Анчелотти ҳам жуда тўғри тушунтирганди: "Карим ўйин услубимизнинг маркази эди. Одамлар унинг ҳужумчи сифатида кўришади, лекин унда ақлли ярим ҳимоячида бўладиган барча жиҳатлар мужассам эди. У каби кенг қамровли футболчилар кўп эмас. У ўйинимизни боғлаб турарди. Унинг майдонга тушмаслиги "Реал" ўйини сифатини ва услубига жуда қаттиқ зарба бўларди"

Бенземанинг "Реал" учун идеал ҳужумчи эканини исботловчи ва шу даврда "Реал"да ишлаган Анчелотти, Зидан ва ҳатто Бенитес томонидан алоҳида эътироф этилган асосий хусусиятлари қўйидагилардир:

- орқароққа ва қанотларга ҳаракатланиш орқали, ҳимоячиларни ўз ортидан эргаштиради ва муҳими, у бу ҳаракатлар учун жуда қулай вақтни пайқай олади

- вазиятга боғлиқ ҳолда ярим ҳимоячи ёки вингер позициясига тушиб қолганда ўзини йўқотмайдиган даражада юқори техника соҳиби

- қарши ҳужумлар пайтида тўғри очилишни билади ва тезкор шерикларига очиқ зоналар ярата олади.  

- прессингда ҳам, позицион ҳимояланишда ҳам тинмай меҳнат қилади.

Мана санаб ўтилган жиҳатлар жамланмаси бўйича у дунёда энг яхшилардан биридир. Бенземанинг майдондаги вазифалари ҳақида биздан яхшироқ биладиган Зидан ҳужумчини айнан мана шу йўналишда баҳолашни, вазиятлардан фойдаланиш ёки голларнинг сонига қарамасликни маслаҳат бермоқда.

Танганинг бошқа томонини тилга олмаслик мумкин эмас. Бенземанинг бу услуби унга доимий бахонага айланмаслиги керак - гол урди, қойил, уролмади, барибир қойил, чунки яхши ҳимояланади, шерикларига имкон беради ва ҳоказо ҳоказо, дейиш ҳам нотўғри. Албатта, Каримда ҳам ўта омадсиз ўйинлар бўлади. Фақат бу омадсиз ўйинлар ўша ўйинда киритган ёки киритилмаган голлар билангина ўлчанмаслиги кераклиги айтилмоқда холос. "Реал"да ишлаган мураббийлар доимий равишда Бенземага ишониб келмоқдаларми, демак бундай ўйинлар аслида биз ўйлаган даражада кўп эмас. Бензема ўз ўйини билан жамоа ўйинини кучайтириши шубҳасиз эканини тан олган ҳолда, унинг хавфли вазиятларни голга айлантириш қобилияти ўртача ҳужумчидан ҳам пастроқ кўринаётганини қайд этамиз, албатта. Аммо Бензема "Реал"да доим иккинчи тўпурар мақомида эканини ҳамма қабул қилади - у пенальти ёки жарима тўпи тепмайди, тенг вазиятда тўп узатилиши мумкин бўлган асосий манзил эмас, шундай бўлса ҳам 256 ўйиндан 124 гол - бу "Реал"нинг барча даврлардаги иккинчи тўпурарлари ичида энг яхши кўрсаткич. Ўз жамоаларида иккинчи тўпурар бўлган замонавий ҳужумчилар ичида фақат "Барселона"даги Суареснинг натижаси яхшироқ холос.  

Эгоист ва кенг қамровли ҳужумчи ўртасидаги баҳс давом этаверади. Бугунги "Реал"га уларнинг қайси бири керак экани ҳақидаги фикрларда Бензема ҳозирча устунроқдек. Тўғри, баъзида эгоист ҳужумчилар зарур бўлган паллалар келади, масалан, жамоа ярим ҳимояда рақибни буткул енгиши ва жарима майдонидан қимирламай, ўз вазиятини пойлайдилан "овчи"лар лозим бўлиб қолиши мумкин. Аммо бундай ўйинлар камайиб бормоқда. Айниқса, эл-класиколар ҳақида гап борганида, Бензема бундай ўйинлар учун айни муддао эканини эътироф этиш керак. Унинг "Барселона"га қарши ўйинларда майдонда энг яхшилардан бўлиши тасодиф эмас. Масалан 2014 йилнинг октябридаги ўйин - Бензема ёрқин ўйини билан ҳатто Роналду ва Мессини соясида қолдириб кетган. Ёки 2015 йилнинг бахоридаги ўйинни эслаш мумкин, Бензема "Реал" таркибида энг яхши футболчи бўлган, фақат шерикларининг вазиятлардан фойдалана олмаслиги жамоа ғалабасига ҳалақит берганди. Август ойидаги суперкубок ўйинларида Бензема порлади. Жавоб ўйинида ўзи гол уриш билан бирга, ҳимояланишдаги кўрсаткичлар бўйича мавсумдаги энг зўр натижани қайд этди.

Шубҳасиз, футбол ўйинига, айниқса ҳужумчига голлар ёрдамида баҳо берадилар. Фергюсон ёки Зиданнинг фикрлари қанчалик аниқ ва мантиқли янграмасин, барибир, Бензема қулай вазиятлардан фойдалана олмас экан, "Реал"га ғалаба олиб келадиган ҳал қилувчи голларга муаллифлик қилмас экан, нариги тарафнинг асосларини ҳам қабул қилишга мажбур бўлиб қолаверамиз.

Улар бешафқат. Яқинда, "Арсенал" - "Челси" ўйинида Алваро Мората учта юз фоизли вазиятни голга айлантира олмади ва ўйин 2:2 ҳисобида тугади. Кейинроқ ижтимоий тармоқларда бир ҳазил тарқалди. "Челси" ўйинчиси Эден Азарнинг нақадар омадсиз экани таъкидланган ва унинг "Челси"даги шериги Мората, терма жамоадаги шериги Лукаку, балки бўлажак жамоасидаги шериги Бензема бўлиши мумкинлиги асос қилинган. Бечора Азар...

Мората ёки Лукакуни билмадик, аммо дунёдаги энг бахтли икки футболчидан бири айнан Азар ўйнайдиган позицияда Бензема билан 8 йилдан бери бирга тўп суриб, уч юзга яқин гол муаллифига айланганига эътибор қаратсак...

sports.ru материали асосида Қ.Асланов тайёрлади  

Манба: tribuna.uz
Киритилди: 21:22, 06.01.2018.
Ўқилди: 6278 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.