Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Рифат Акрамхўжаев: «NBU-Осиё»нинг ёпилиши оғриқли…»

Баҳо:
+ | -

Афсуски, футболимизда яна бир жамоа тарихга муҳрланди: бир неча мавсум давомида биринчи лигада анча муваффақиятли иштирок этган ва баъзида элита йўлланмасига ҳам даъвогарлик қилган «NBU-Осиё» фаолияти тугатилди. Хўш, нега, бунга қандай муаммо сабаб бўлди?

Шу каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида клуб бош мураббийи сифатида иш олиб борган Рифат Акрамхўжаевни махсус суҳбатга чорладик.

- Рифат ака, «NBU-Осиё» нима сабабдан бирданига ёпилгани ҳақида очиқ маълумот бера оласизми?

- Очиғи, бу масалада ўзим ҳам тўлиқ маълумотга эга эмасман. Расмий изоҳда айтилишича, «NBU-Осиё» олдига қўйилган вазифалар бажарилгани, яъни якуний мақсадга эришилгани туфайли жамоа фаолиятига нуқта қўйилибди.

- Қизиқ, «Якуний мақсадга эришилди» - бунда нима назарда тутилмоқда?

- Клуб футболни оммалаштириш, етакчи жамоалар учун профессионал ўйинчилар тарбиялаб бериш мақсадида тузилганди. Расмий хабарда таъкидланганидек, ушбу мақсадга маълум даражада эришилгани боис, бош муассис - Миллий банк «NBU-Осиё» фаолиятини тўхтатишга қарор қилди.

- Тушунарли. Келинг, энди ошкора гаплашсак: шахсан сиз жамоа бош мураббийи сифатида бу қарорга қандай қарайсиз?

- Нима дейишим мумкин? Клуб муассиси шундай тўхтамга келгач, ожизона фикрим катта аҳамият касб этмаса керак. «NBU-Осиё» футболимиз тарихида ёпилган биринчи ёки ягона клуб эмас. Дейлик, МҲСК мамлакат чемпионига айлангач, бундай қисматга юз тутганди. Вақтида ўзим ҳам шу жамоада тўп сурганман.

«NBU-Осиё»га келсак, албатта, шахсан мен клуб фаолияти давом этишини истардим. Айниқса, ҳар бир мураббий янгиланган тизимдаги чемпионатда ўз кучини синаб кўришни хоҳлайди. Ҳар ҳолда, «NBU-Осиё» учун интиладиган чўққилар йўқ эмасди.

- Клуб бошқарувида 3 йил ишладингиз. Шу қисқа даврдаги фаолиятингиздан қониқдингизми?

- Ҳа, албатта. Зеро, ортда қолган 3 йиллик тажриба ўзим учун жуда фойдали бўлди. Шу вақтга қадар бош мураббий сифатида ишлаб кўрмагандим. Демакки, «NBU-Осиё» катта мактаб вазифасини ўтади. Ҳа, клубга келишга қадар «Пахтакор» академиясида 8 йил давомида бош мураббий лавозимида ишлагандим.

Аммо профессионал клубни бошқариш бошқача, барибир. Муҳими, ёшлар терма жамоаси даражасидаги бир қатор футболчиларни тарбияладик. Айни пайт айрим тарбияланувчиларимиз олий лига клублари шарафини ҳимоя қилишяпти. Мана, бу йил икки вакилимиз - Алишер Салимов ва Шоҳруҳ Абдураҳмонов «Пахтакор» ўринбосарлари сафига қўшилишди.

Бунга қадар Собит Синдаров ва Жаҳонгир Аҳмадов ҳам айнан «Пахтакор»га ўтишганди. Шунингдек, Равшан Дўсматов «Навбаҳор»да тўп суряпти, яна бир футболчимиз Темур Усмонов эса «Цементчи»га таклиф этилди.

Жамоамиз тўпурари Орифхўжа  Абдуҳолиқов яқинда «Металлург» сафидан жой олди. «Андижон»даги Суннат Абдуллажонов ва Миршоҳид Олимов ҳам «NBU-Осиё»дан чиқишган. Бу йигитларнинг футболчи сифатида шаклланишларида озми-кўп ҳиссам борлигидан фахрланаман.

- «NBU-Осиё» ўтган мавсум биринчи лигада узоқ вақт 2-ўринда юрди ва ҳаттоки, олий лига йўлланмаси учун кураш олиб боришинглар ҳақида гап-сўзлар урчиди. Бироқ якунда кучли учликдан жой ололмадинглар...

- Бунинг сабаблари кўп. Биринчидан, захира ўриндиғи торлик қилди. Хусусан, икки нафар футболчимиз Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ихтиёрига кетгач, анча қийналдик. Иккинчидан, орада жароҳатлар эпидемияси кузатилди. Боз устига, сариқ ва қизил карточкалар кўпайгани ҳам халақит берди.

Қолаверса, «NBU-Осиё»нинг молиявий ҳолатини унутмаслик керак. Тўғри, айрим клублардан фарқли равишда, маош ва бошқа харажатлар учун вақтида маблағ олдик. Бу борада ҳеч қандай муаммо сезилмади. Аммо «NBU-Осиё» бюджет нуқтаи назаридан элитага чиқиш учун курашадиган даражада эмасди.

- Биринчи лигада жиддий муаммолар борлиги ҳақида кўп гапирилган - майдонлар ҳолати, ҳакамлик даражаси, молиявий етишмовчилик. Бу масалада нима дея оласиз?

- Молия бўйича гапириб бўлдим, клубимиз бу масалада ортиқча муаммолардан холи эди. Яъни ҳомийлар вақтида белгиланган маблағ билан таъминлаб туришди. Бошқа клубларнинг моддий ҳолати хусусида эса гапиришим ножоиз. Аммо биринчи лигада шусиз ҳам муаммолар кўп эди.

Оддий мисол, баъзи стадионлар майдонидаги дарвозалар ҳам стандартга жавоб бермайди: кичик ёки каттароқ. Ҳаммасини қўя турайлик, битта майдондаги икки дарвозанинг бири баланд, бошқаси паст бўлгач, яна нима дейиш мумкин? Майса сифати ҳақида эса бот-бот гапирилган. Бундай шароитда футболни ривожлантириш жуда қийин, албатта.

Менимча, аввало, инфратузилмага эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Тўғри, ҳар қандай муаммо тўхтаб қолиш учун сабаб бўлмаслиги керак. Мураббий ўз ишига жиддий ёндашиб, масъулият билан ишласа, иқтидорлар бўй кўрсатаверишади, барибир.

- «NBU-Осиё» ёпилгач, бирор клубдан таклиф олдингизми? Ҳозир қандай юмуш билан бандсиз?

- Қандайдир гап-сўзлар бўлди, аммо иш аниқ таклифга қадар етиб бормади. Айни пайт болалар футболида фаолият олиб боряпман. Аниқроғи, JFL in Taschkent мактабида спорт директори лавозимида ишлаяпман.

Болалар футболи мен учун бегона эмас. Вақтида «Пахтакор» академиясида фаолият юритганман. JFL in Taschkent эса болалар футболини янги даражага олиб чиқишни мақсад қилган. Аввало, футболга нисбатан қарашни Европа даражасига кўтармоқчимиз.

Шу мақсадда Германиядан малакали мутахассис Херальд Фритц таклиф этилди ва у бир ой давомида семинар олиб борди. Ўзим эса ҳамкорлик доирасида Германияга бориб, JFL in Schlothaim мактабида амалиёт ўтаб қайтдим. Энди янги методларни ўзимизда амалга татбиқ этишим керак.

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 16:05, 29.01.2018.
Ўқилди: 3128 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.