Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Лоренцо Инсинье: «Наполи»нинг зафари барча аламларни ёддан чиқаради»

Баҳо:
+ | -

Бу футболчи «Наполи» етакчилари қаторида, клуб эса Италия чемпионати бош соврини - скудетто учун асосий даъвогарлардан бири.

Маурицио Сарри жамоасида «эркин рассом» мақомида ўйнаётган итальян вингери France Football нашрига берган интервьюсида анча дадил гапирди.

Хусусан, унинг таъкидлашича, «Наполи»да ўйин ҳаракатлари автоматлаштирилган қурилма иши даражасига олиб чиқилган.

«Ҳамма неаполликларга«ёпишади» негадир...»

- Лоренцо, 1991 йилнинг 4 июнида туғилгансиз. Яъни буюк Марадона «Наполи» билан хайрлашганидан 2 ой ўтгач...

- Ҳа, Неаполдаги бутун болалигим Марадона билан боғлиқ - ҳар ерда унинг сурати акс эттирилган либослар, шарфлар, рамзлар... Диего шаҳарда буюкликнинг энг юқори чўққисига чиққанди.

- Умуман, Неаполда «Наполи»га муносабат ҳам ўзгача.

- Эсимда жамоа иккинчи ва учинчи дивизионларда ўйнаган вақт майдон четига чиққан тўпни қайтариб турардим. Ўшанда ҳам стадионга 60 минг мухлис кирарди.

- Айтиш мумкинки, Неаполь - давлат ичидаги алоҳида давлат. Гўёки, клуб неаполликлар учун Италия термасидан ҳам муҳимроқдек...

- Дарҳақиқат, мухлислар «Наполи»ни доимо 1-ўринга қўйишади, бироқ бу унча тўғри эмас. Дейлик, жамоамизнинг қайсидир вакили миллий жамоада ўйнаса, фанатлар алоҳида фахрланишлари керак. Аммо амалда бошқача - улар учун «Наполи»дан муҳимроқ нарсанинг ўзи йўқ.

- Фанатлар сизни чин неаполлик сифатида алоҳида қардлашади.

- Аслида мендан мудом кўпроғини кутишади, ҳарқалай, бошқаларга нисбатан яхшироқ ўйнашимни талаб қилишади. Табиийки, юксак ишончни оқлашга интиламан.

Зеро, футболга киришдан анча олдин шу клубга меҳр берганман. Қисқаси, ҳақиқий ультрасман, мени ҳаттоки, «томи бироз силжиган» фанатлар гуруҳига қўшиш мумкин.

- Бир сафар неаполликларнинг ўзлари шаҳар кўркини бузишаётганидан нолигандингиз.

- Ҳар қандай шаҳарда бўлгани каби бизда ҳам турлича ҳолатлар кузатилади. Аммо Неаполда бирор тушунмовчилик юз берсами, мамлакат ОАВ дарҳол ишга киришиб, барчасини бўрттириб кўрсатади. Ҳаттоки, Миландаги кўнгилсизлик учун ҳам неаполликларни айблашлари ҳеч гап эмас.

- Шаҳар хусусидаги бундай салбий қарашлар футболчиларни чўчитмайдими?

- Ишонинг, аслида жуда-жуда меҳмондўстмиз. Дейлик, ҳеч бир жамоадошим клубдан кетиш ҳақида ўйламаяпти. Чунки шароитлар зўр, мухлислар эътибори катта, клуб етакчилар қаторида.

Тўғри, қайсидир футболчи «Наполи» ва дейлик, «Интер», «Ювентус» ёки «Милан»дан бир вақтда таклиф олса, бизнинг фойдамизга қарор қабул қилиши қийин. Бу ачинарли ҳолат, албатта.

- Баъзида сизни Неаполь қадриятлари ташвиқотчиси сифатида тилга олишади.

- Буни эшитиш ёқимли. Хусусан, Италия термасида ҳам аввало, шаҳар обрўсини сақлашга ҳаракат қиламан.

«Ҳаммани асосан барзангилар қизиқтирарди...»

- Вақтида «Торино» ва «Интер» клублари кўригида ҳам қатнашгансиз. Демакки, бугунги  тақдирингиз бутунлай бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо бўйингиз пастлиги (163 см.)  туфайли маъқул келмаган экансиз. Айтиш мумкинки, эндиликда футболдаги «митти»лар ҳимоячисига айландингиз.

- Футболдаги асосий шарт - тўп билан муомала қилиш. Бўйингиз хоҳ 2 метр ёки 2 сантиметр бўлсин - бу иккинчи масала. Тўғри, ўша вақт кўрикларда мураббийларни асосан барзангилар қизиқтирган, уларнинг тўп билан тузукроқ муомала қилолмасликлари бировни ортиқча ўйга солмаган ҳам. Бошқа тарафдан қарасак, ҳаммаси шундай тугагани фойдамга ишлади.

Ҳарқалай, севимли клубимда ўрнимни топдим. Очиғи, масалага бундай ёндашув итальян футболининг салбий жиҳатларидан ҳисобланади.

Дейлик, Франция, Испания ва Англияда ҳеч ким бўйингизга қарамайди, ўйнашни билсангиз, бас. Боз устига, Италияда хорижлик футболчилар кўпайиб кетишган ва маҳаллий йигитлар кўпинча захирада ўтиришга мажбурлар.

- «Наполи» академиясига нисбатан кечроқ - 15 ёшда қабул қилингансиз. Футболдан ташқари, яна нима билан шуғуллангансиз?

- Намунали ўқувчи эдим. Бироқ онам мудом насиҳат қилади: «Ўқийвермасдан, ишга чиқсанг, қандайдир наф келтирармидинг».  Эрталаб бозорда савдо билан шуғулланардим, тушликдан кейин эса машғулотга борардим. Роса қийналганман, муҳими, ҳаракатларим бесамар кетмаганидан хурсандман.

- Бошқача айтганда, спорт билан шуғулланиш баробарида кўча боласи бўлиб қолгансиз, шундайми?

- Асло! Оиламиз бой эмасди, аммо ҳеч нарсадан зориқмаганмиз. Яъни ота-онам биз - 4 нафар ака-укани тўғри тарбиялашган. Ҳар ҳолда, кўча безориси бўлмаганмиз.

- Футболчи сифатида шаклланишингизда «Пескара»ни бош-қарган Зденек Земан ва «Наполи»га устозлик қилган Рафаэль Бенитес катта ўрин тутишгани маълум. Улардан биринчиси ҳужумда ўйнашни ўргатган, иккинчиси ҳимояланишни. Ҳозирги мураббий Маурицио Саррининг роли қандай?

- Унинг футбол фалсафаси бутунлай бошқача - жамоани ҳужум ёки ҳимояга осонгина мослаштиради. Клубимизда ҳужум мудофаанинг биринчи бўғини ҳисобланади. Тўп бизга тушганида эса, ўйиндан чинакамига ҳузурланамиз, ахир бир-биримизни сўзсиз тушунамиз-да.

- Мисоли автоматлаштирилган ҳаракатларга қандай эришилди?

- Энг муҳими - вақт! Мана, кўпчилигимиз 3 йилдан буён бирга тўп суряпмиз. Дейлик, тўпни қабул қилиб, олдинга интилганимда, Кальехон, Мертенс, Гамшик, Жоржиньо ёки бошқа йигитлар қайси ҳудуд томон югураётганларини аниқ биламан. Хуллас, «Наполи» ғилдираклари яхшилаб мойланган машинага ўхшайди.

- Майдонда «эркин рассом» мақомида ҳаракатланасиз.

- Мураббий ҳар сафар қайси позицияда тўп супишимни алоҳида тушунтиради. Очиқ йўл қолмаган вақтда эса қандайдир янгиликка қўл ураман. Ҳа, Сарри режа доирасидан четга чиқмасликни талаб этади. Аммо ўринли ижодкорликни қадрлашни ҳам билади.

«Махфий келишув йўқ»

- «Наполи» ўйинчиларининг махфий келишуви тўғрисида кўп ёзилди. Айтишларича, бу йил скудетто ютиш учун жамоадан кетмаслик ҳақида бир-бирингизга сўз бергансизлар.

- Ҳа, кўплаб футболчилар машҳур клублардан чорлов олишди. Муҳими, жамоа раҳбарияти таркиб ўзагини сақлаб қолди - ортиқча молиявий муаммоларсиз. Лекин ўртамизда махфий келишув йўқ, буни матбуотчилар ўйлаб топишган. Аслида ҳеч ким кетишни истамайди.

- Жорий мавсум ва ўтган йилги жамоа ўртасида фарқ борми?

- Асосий фарқ шуки, ўз салоҳиятимизга нисбатан ишонч кучайди. Авваллари ғалаба қозонардик, дуранг қайд этардик ёки мағлубиятга учрардик, энди фақат ютишни кўзлаяпмиз. Айни пайт бирор рақибдан чўчимаймиз.

- Аммо ЧЛда «Шахтёр»га ютқазиб, гуруҳ босқичидан чиқолмадинглар.

- Ҳа, халқаро аренада омадсизликка учрадик. Айтишим мумкинки, Италия чемпионатида ғалаба қозониш илинжида ЧЛни қурбон қилдик. Энди ЕЛда ўйнашга маҳкуммиз. Олдимизда ушбу турнирда зафар қучишга умид боғлашдан бошқа чора қолмади...

«Мураббийни танқид қилиш бефойда»

- Италия термаси мундиалдан четда қолади. Бу оғриқли эмасми?

- Очиғи, саралаш якунига ҳалигача ишонолмаяпман.

- ЖЧ-2014да захирада ўтирган эдингиз, энди эса 2022 йилни кутишга мажбурсиз. Ўшанда 31 ёшли фахрий бўласиз...

- Орада Евро-2020 борлигини унутманг. Ҳозирги вазифа - жамоани қайта тузиш. Ҳа, Иммобиле, Верратти ва Бонуччи каби мен ҳам фахрий мақомини оламан. Мана, Барцальи, Буффон, де Росси ва Кьеллини термадан кетишди.

Саралашдаги омадсизликдан сўнг улар менга қуйидаги мазмунда SMS-хабар юборишди: «Сизларнинг даврингиз келди. Италия футболини муносиб ўринга олиб чиқинглар». Ҳаракат қиламиз, албатта.

- ЖЧ-2014 саралаши «плей-офф» раунди доирасидаги 2та учрашувда атиги 15 дақиқа ўйнаганингизни эътиборга олсак, сизни танқид қилишга асос йўқ. Ваҳоланки, бутун Италия асосий таркибда майдонга тушишингизни талаб қилди, аммо бош мураббий Жан Пьеро Вентура эшитишни истамади.

- Эски яраларни тирнашдан маъно нима? Ахир вақтни ортга қайтариш имконсиз. Мураббийни танқид қилишни истамайман. Вақтида Маццарри ва Бенитес менга етарли ўйин амалиёти тақдим этишмаганида ҳам, муаммони яккама-якка суҳбатларда ҳал этишни маъқул кўрганман. Албатта, оз ўйнаганимдан хафаман, лекин энг ёмони - ЖЧ-2018га чиқолмаганимиз.

- Даниэле де Росси захирада ўтирганча ўзи эмас, сизни майдонга тушириш лозимлигини таъкидлагани ёдингиздами?

- Вентура 3 нафар футболчи - ҳимоячи, хавбек ва ҳужумчидан тайёр туришни сўраганди. Унинг ёрдамчиси эса ярим ҳимоячилар орасидан Даниэлени танлади.

Шунда у беихтиёр бақириб юборди: «Нима учун? Биз гол уришимиз керак! Лоренцо майдонга тушсин...». Рости, фахрий футболчидан бундай сўзларни эшитиш ёқимли.

- ЖЧ-2018да қайси жамоага мухлислик қиласиз?

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 16:53, 26.02.2018.
Ўқилди: 2538 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.