Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 23:45 Женоа 3-0 Кальяри
30/04 00:00 Барселона 4-2 Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

Трибуна кўзгусида «Нефтчи»: «Бунёдкор»га қарши ўйин таҳлили

Баҳо:
+ | -

Суперлига ўйинларига бўлган эътибор, айниқса, ўйинларнинг тўлиқ ва жонли тарзда олиб берилиши матбуот воситалари учун ҳам қулайлик туғдиради албатта. Сайтимиз ҳам бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда, навбати билан Суперлига клубларига назар ташлаб борамиз. Бу сафар эътиборимиз марказида Фарғонанинг «Нефтчи» клуби бўлди.

Суперлиганинг 3-турида Фарғонада «Нефтчи» «Бунёдкор»ни қабул қилди. Айнан ушбу учрашув «Нефтчи»нинг бугунги кундаги салоҳиятини намойиш этиб бериши керак эди. Нега айнан шу ўйин? Сабаби, 1-турда «Насаф»га қарши ўйин мавсумнинг очилиш ўйини бўлгани учун мезбон жамоа футболчилари қўшимча куч билан бир бош баланд сакраши тайин эди. Жиззахдаги ўйинда эса об-ҳаво шароити аниқ хулосалар чиқаришга тўсқинлик қилди. 

«Нефтчи» иштирокидаги ҳар икки ўйинда ҳам ҳисоб очилмаганди. Фарғоналиклар 2 турдан кейин ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб келган лигадаги ягона жамоа бўлса-да, ўз навбатида, гол ура олмаган уч жамоадан бири бўлиб туришганди. Яъни, бу ўйиннинг бир ижобий ва бири салбий сериялардан бирига чек қўйиши кутилаётганди.

«Бунёдкор» - тенгма-тенг ўйнаса бўладиган ёш жамоа. Таниқли номларни кўрмайсиз, аммо Миржалол Қосимов жуда умидли ва асосийси тактик жиҳатдан шаклланган жамоани тақдим этмоқда. Бу ўйинда «Нефтчи» нафақат маҳорат, тактик жиҳатдан ҳам рақибига имкониятни бой берди.

ТЎЛИҚ ШАКЛЛАНТИРИЛМАГАН УСЛУБ

Жамоанинг ўйин услубини асосан ҳужумдаги ҳаракатлари асосида ўрганиш мумкин. «Нефтчи» тўпга эгалик қилганда, ниманинг ҳисобига хавфли вазиятларни яратишга уринди? Мана шу саволга жавоб бериш орқали Баҳром Ҳайдаров ўз жамоасида кўришни истаётган қадриятларга баҳо бера оламиз.

«Нефтчи» аксарият ҳолларда тўпни юқорилатиб рақиб жарима майдони яқинига ёки қанотлардан тўпни олиб бориш орқали, кросслар амалга оширишга ҳаракат қилганини кузатиш мумкин. Ўйин давомида жамоа 27 маротаба кроссни амалга оширди ва бу «Бунёдкор»га нисбатан икки баробар кўпдир. Бундай ўйин услубини биз аксарият ҳолларда инглиз жамоаларида кўришимиз мумкин.

Аммо узун паслар орқали ўйиннинг муваффақиятли чиқиши учун яна бир омил бор - «иккинчи тўплар»га («подбор») эгалик қилиш. Яъни, бундай паслардан сўнг тўпни эгаллаш ва ҳужумнинг иккинчи фазасини бошлаш учун, албатта, «иккинчи тўплар»га ҳушёр бўлиш шарт. Акс ҳолда, ҳужум илк фазадаёқ якунига етади ва рақиб учун бундай ҳужумларни қайтариш қийинчилик туғдирмайди. Айниқса, иккинчи бўлимда «Нефтчи» футболчилари бироз чарчаб қолгач, «Бунёдкор»нинг вазифаси янада енгиллашди.

«Иккинчи тўп»га эгалик қилиш нафақат жисмоний тайёргарлик ёки индивидуал маҳорат, асосийси, футболчиларнинг жойлашишлари, маълум вазиятларда керакли зоналарни ёпишга уринишларидир. Эътибор беринг:

«Нефтчи» қанотдан ҳужум қилишга ҳаракат қилмоқда. Ҳужум тезлиги пасайгани боис, меҳмонлар ҳимояга қайтишга улгуришди ва вазият позицион ҳужумга айланди. Бу ўринда «Нефтчи» ҳужумчиларининг худди ўша тезликда керакли позицияларни эгалламаётганига эътибор беринг. «Бунёдкор»нинг таянч зонасидаги жуда катта зона «Нефтчи»нинг эътиборидан четда қолган. Мезбонларнинг ҳужумда қатнашмоқчи бўлаётган уч футболчиси ҳам жуда пассив ва «яшириниб олишган». Тўпга эгалик қилган футболчида ҳужумни ривожлантириш учун вариант деярли йўқ. Ҳатто у бир неча ҳимоячини алдаб ўтиб, вазиятни кескинлаштирган тақдирда ҳам, «Бунёдкор» сон жиҳатидан устунликни сақлаб қолган бўларди. Умуман, позицион ҳужум - яъни рақибнинг турли зоналарида сон жиҳатидан устунликни ташкил қилган ҳолда вазиятлар яратиш бўйича «Нефтчи» жуда оқсади.

2-суратда «Нефтчи»нинг узун паслар орқали рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга қаратилган ҳаракатлари акс эттирилган. Бу ерда «иккинчи тўп»га эгалик қилишга шароит яратмай туриб, фақат ҳимоячининг хатосига таяниш мумкин холос. «Нефтчи»нинг уч ҳужумчиси диққатини тўпга қаратган, аммо «Бунёдкор»нинг таянч зонаси ёпилмаган. Ҳимоячи агар иккинчи қаватда устун келса, «Бунёдкор» тўпни бемалол эгаллаб олади ва ҳатто 7 футболчи билан қарши ҳужумга чиқиб кетиши мумкин. Бу ерда «Нефтчи»нинг фақат олти футболчиси қолади холос. Яъни рақибнинг таянч нуқтасини эътиборсиз қолдириш орқали, «Нефтчи» нафақат ҳужумнинг «иккинчи фаза»сисиз қолмоқда, балки рақибга хавфли қарши ҳужум яратиш имкониятини бермоқда.

Биринчи бўлимда меҳмонларнинг бироз ҳаяжони ва мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ёрдамида «Нефтчи» тез-тез тўпни қайтариб олишга муваффақ бўлганди, аммо иккинчи бўлимда «Бунёдкор» юқоридаги суратларда акс этганидек, марказни хотиржам қўлга олгач, мезбонларга қийин бўлди. Ўз майдонидаги ўйинларда балки, «мухлислар омили» ёрдам берар, аммо сафардаги ўйинларда, тактик жиҳатдан кучли жамоаларга қарши «Нефтчи»даги камчиликлар янада яққол кўзга ташланиши шубҳасиз.

ГОЛ

«Бунедкор»нинг голи самарали қарши ҳужум ва Филипп Райовацнинг ностандарт ҳаракати натижасида юзага келгандек туюлса-да, «Нефтчи» ҳимоячиларининг жамоавий хатосини алоҳида қайд этиш керак.

Райовац тўпга эгалик қилган пайтдаги вазиятга эътибор беринг: «Нефтчи» кўпчилик бўлиб ҳимояланмоқда ва чап қанотдаги ҳужумчини эътиборга олмаса, деярли барча «бунёдкорчилар» назорат остида. Бу ерда Филиппда хавфли вазият яратиш учун имконият йўқдек.

Аммо бир неча долисекундларда вазиятнинг ўрганишига баҳо беринг:

Райовац тўп билан бироз орқага ҳаракатланди, уч ҳимоячи унга ташланди. Қаранг, бироз аввал таъқиб остида бўлган барча «Бунёдкор» футболчилари ўзлари учун қулай вазият ҳосил қилиб олишган. Энди Райовацда бир неча вариантлар пайдо бўлди: у истаса товони билан тўпни чап қанотдаги бўш шеригига ошириши ёки орқага, зарба бериш учун тайёрланаётган ҳужумчига ошириши, эпласа кичик айлана ичидаги зонага етказиши мумкин. «Нефтчи»нинг етти футболчиси бир онда ўз диққатини йўқотганлиги натижасида худди шахматдаги каби, энди кўкларнинг позициясида устунлик бўлиб қолди. Бу ерда ўнг қанотда ҳам катта очиқ зона юзага келганини кўришингиз ҳам мумкин. Энди учинчи расм:

Ҳимоячилар томошабинликни давом эттирдилар ва Ғиёсов ҳам бемалол ҳаракат қилишига имконият яратиб бердилар.

«TARGETMAN»НИНГ ЙЎҚЛИГИ

Мезбонлар ўйинида кўзга ташланган яна бир жиддий муаммо юқори қаватларда яхши ҳаракат қиладиган ва якуний зарбани ижро этувчи яққол ҳужумчининг йўқлиги бўлди. «Нетфчи» рақибга қараганда икки баробар кўп зарба берди, лекин уларнинг барчаси ноаниқ кетди. Зарбани ижро этган футболчилар ҳам ҳар хил. Яъни, доим ҳимоячиларни босимда ушлаб турадиган ва бор эътиборини дарвозани ишғол қилишга қаратадиган ҳужумчи айниқса, «Нефтчи» каби узун паслар ва қанотлар орқали, рақиб ҳимоясида тартибсизликни юзага келтириш орқали вазият яратишга уринадиган жамоа учун жуда зарур.  

ДОСТОН ТУРСУНОВ

Достон Турсуновни «Қўқон», «Металлург», айниқса, яқинда Осиё чемпионига айланган ёшлар терма жамоасидаги ўйинлари орқали яхши биламиз. Ўтган 3 турда у икки марта қизил карточка олиши мумкин эди. «Бунёдкор» билан ўйинда фақат ҳакамнинг вазиятга бироз юмшоқ ёндашгани ва ҳимоячига имкон бергани қўл келди, акс ҳолда муҳим паллада «Нефтчи» қийин аҳволда қоларди. Сариқ карточкаси бўлган ҳолатда у жуда қўпол ва эҳтиётсиз ҳаракат қилди. Курашувчан, жисмоний бақувват ва енгилишни истамайдиган марказий ҳимоячи келажакда Пўлатов билан жуда яхши тандем ҳосил қилиши ва жамоа муваффақиятларида гаровга айланиши мумкин. Лекин бунинг учун у бироз совуққон бўлиши талаб этилади.

ХУЛОСА

Уч турдаги ўйиндан келиб чиқсак, «Нефтчи» ўйин борасида аутсайдер эмаслигини намоён қила олди. Ҳозирча, «Қизилқум», АГМК ёки «Сўғдиёна» каби жамоалар кучсизроқ кўринмоқда. Бундан ташқари, биринчидан, «Нефтчи» мавсумлар оралиғида 12 нафар янги футболчини ўз таркибига қўшиб олди, балки янги шаклланаётган жамоага нисбатан бу қадар талабчан бўлмаслимиз керакдир. Иккинчидан, «Нефтчи» ўз майдонидаги ўйинларни лига етакчиларига қарши ўтказди. «Истиқлол» стадионидаги муҳит ва энг асосийси футболчиларнинг кўзларидаги ўт, бошқа ўйинларда керакли ғалабаларни қўлга киритиш учун етарли бўлиши ҳам мумкин. Кузатишда давом этамиз.  

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Манба: tribuna.uz
Киритилди: 10:17, 21.03.2018.
Ўқилди: 3381 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.